Бугунги кунда дунёда Олтой тил оиласига мансуб, туркий гуруҳга мансуб бўлган 35 миллионга яқин озарбайжонлар бор. Энг қизиғи, озарбайжонларнинг катта қисми Озарбайжоннинг ўзида (10,1 млн. киши) эмас, балки Эронда яшайди, бу ерда уларнинг сони 15-30 млн. кишидан ортиқ (Эрон умумий аҳолисининг 30% га яқини). Нима сабабдан Озарбайжоннинг ўзидан кўра, қўшни Эронда яшовчи озарбайжонлар кўпроқ?
Озарбайжон халқи 15-ва 16-асрлар оралиғида, туркий кўчманчилар ва маҳаллий форс аҳолисининг ўзлаштирилиши ассимиляцияси натижасида ташкил топган. Худди шу даврда Темурийлар империяси қулагандан кейин Исмоил I ҳокимият тепасига келди, шу тариқа Сафавийлар сулоласи вужудга келиб, шу номдаги империяни ташкил қилди. Сафавийлар давлатининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, унда иккита етакчи ва давлат ташкил этувчи этник гуруҳлар: озарбайжонлар ва форслар (эронликлар) бор эди. XVIII ва XIX асрлар оралиғида Форс давлати заифлашиб, шимолий қўшниси Россия билан урушларда мағлуб бўлади. Хусусан, 1804-1813-йиллардаги рус-форс уруши даврида Форс давлати Гулистон шартномасини имзолаб, ушбу шартномага кўра ўзининг шимолий ҳудудларини (Шарқий Арманистон, Шарқий Грузия, Доғистон ва Шимолий Озарбайжон) Россияга беради. 1828-1829-йиллардаги рус-форс урушидан сўнг Форс давлати ўзининг яна бир қатор шимолий ҳудудларини йўқотиб, чегараларни янгидан қайта тақсимлаш бошланади. Туркманчой шартномасига кўра, икки империя ўртасидаги чегара Аракс дарёси бўйлаб ўтган, бу бўлиниш натижасида Шимолий Озарбайжон (асосан озарбайжонлар яшайдиган) Россия таркибига кирган, Жанубий Озарбайжон эса Форс давлатида қолган. Шундай қилиб, бир миллат, озарбайжон халқи икки давлат ўртасида бўлинди.
Бир пайтлар бирлашган халқ бўлган миллат икки юз йил давомида нафақат икки давлат ўртасида, балки икки цивилизация ўртасида ҳам бўлинди. Хусусан, Шимолий Озарбайжон ёки Кавказ Озарбайжони Россия насроний цивилизацияси таъсири остида қолди. Совет даврида Озарбайжон дунёвий республикага айланди, бу эса Эрондан кўра Туркияга ўхшаш бўлган Озарбайжон жамиятининг менталитетида акс этган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг, мустақил Озарбайжон қўшни Эрон билан иттифоқини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди, аммо бу сиёсат кўплаб объектив ва субъектив сабабларга кўра муваффақиятли бўлмади.
Гап шундаки, 1925 йил Эронда Қажарлар сулоласи қулаганидан сўнг Паҳлавийлар сулоласи вужудга келиб, у пан-Эрон ва форс миллатчилик сиёсатини юрита бошлади. Соддароқ қилиб айтганда, озарбайжонлар Эронда таъқиб қилина бошланди, уларга ўз она тилида сўзлашиш ман этилди ва туркий халқни бутунлай эронлаштиришга ҳаракат қилинди. Бунга сабаб сепаратизмдан ва Эрон Жанубий Озарбайжонининг Совет Озарбайжони томонидан қўшиб олинишидан қўрқиш бўлди. Бу қўрқувлар асоссиз эмасди, чунки СССР ҳар томонлама коммунистик ғояларни тарғиб қилди, натижада Эрон Озарбайжонида миллий озодлик ҳаракатлари бошланди. Аммо Совет раҳбариятининг Жанубий Озарбайжонни Кавказ Озарбайжони билан бирлаштириш йўлидаги барча уринишлари бенуқсон бўлиб чиқди, чунки иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан сўнг Эрон ҳукумати Эрон озарбайжонларига нисбатан камситиш сиёсатини янада кучайтирди. 1979 йил Эронда Ислом инқилоби юз бериб, янги ҳукумат Эрон озарбайжонларига нисбатан енгилроқ сиёсат юрита бошлади, боз устига, диний инқилобчиларнинг катта қисми келиб чиқиши туркийлардан эди. Буларнинг барчаси охир-оқибат 1980-йилларда Эроннинг Жанубий Озарбайжонда янги миллий озодлик ҳаракатлари жонлана бошлаганига олиб келди.
1991 йилда Жанубий Озарбайжон сепаратистик ташкилоти (САМАН) ўз чўққисига чиқди, озарбайжонларнинг ҳуқуқлари, уларнинг тили ва маданиятини ҳимоя қилиш йўлида оммавий ҳаракатлар бошланди. Тан олиш керак, Президент Элчубей бошчилигидаги Озарбайжоннинг биринчи ҳукумати Жанубий Озарбайжонни мустақил Озарбайжон билан бирлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлади. Бироқ 1993 йилда Озарбайжон Республикасида ҳокимият тепасига келган Ҳайдар Алиев Эрон билан муносабатларни бузмади, Туркия билан иқтисодий ва ҳарбий интеграция йўлини танлади. Ўз навбатида, Эрон озарбайжон сепаратистлари раҳбарларининг танобини торта бошлади. Эрон раҳбарияти Тоғли Қорабоғдаги биринчи уруш пайтида озарбайжонлик қочқинларга ёрдам бермади ва Арман-Озарбайжон можаросида Арманистонни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Айни пайтда Эрон раҳбарияти Озарбайжон сепаратизмига қарши курашни давом эттирмоқда ва Эрон-Озарбайжон чегараси устидан тўлиқ назорат олиб бормоқда. Айниқса, эронликлар Туркия ва Озарбайжоннинг ташқи сиёсати турк пантуркизмининг Жанубий Озарбайжонга тарқалишига олиб келишидан қўрққанлари боис 2020 йилнинг кузида Тоғли Қорабоғда янги можаро яна авж олган дамлар вазият кескинлашди.
Шундай қилиб, яқин келажакда Кавказ Озарбайжони ва Жанубий Озарбайжонни бирлаштириш масаласи эҳтимолдан жуда йироқ. Чунки Озарбайжонларнинг бирлашиши Эрон давлатининг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солади. Бундан ташқари, бўлинган Озарбайжон халқининг менталитетида ўтган 200 йил давомида жуда катта фарқ пайдо бўлди. Демак, дунёвий Озарбайжон аҳолиси Эрон Озарбайжонларидан кўра туркларни тушуниши осонроқ бўлади. Эрон озарбайжонларнинг кўпчилиги эса ягона диний Эронда форслар билан яшашни афзал кўради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Жигалина О. И. Этносоциальная эволюция иранского общества. — М.: «Восточная литература» РАН, 1996.— 264с.
Сумбатзаде А. С. Азербайджанцы, этногенез и формирование народа.— «Элм», 1990.— С. 247—248.—ISBN 5806601773, 9785806601774.
Кавказ ва Эрон озарбайжонлари бирлаша оладими?
Россияликларнинг кўпчилиги озарбайжонларнинг аксарияти Озарбайжоннинг ўзида эмас, балки қўшни Эронда яшашини билишмайди. Бугун бир Озарбайжон миллатининг икки давлат ўртасида қандай бўлингани ва бирлаша олиши эҳтимоли ҳақида сўз юритамиз.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|
Калит сўзлар
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Байден ҲЖС қароридан норози бўлди, аммо бунга қарши ҳеч нарса қилмади
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди