Эрон мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 27 ноябрь куни қуролланган шахслар олим кетаётган автомобилни ўққа тутган.
Эрон Ислом Республикаси мудофаа вазирлигининг тадқиқотлар ва инновациялар бўлимига раҳбарлик қилган ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқишда фаол иштирок этган Фахризоде оғир жароҳатланди. Шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.
Эрон давлат ОАВга кўра, олим соқчилари ва ҳужумчилар ўртасида отишма бошланган. Камида учта террорчи ўлдирилган.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху 2018 йилда Эрон атом дастури ҳақида маъруза қилиб, унда Фахризоде номини ҳам айтиб ўтганди. Бундан ташқари, бош вазир эронлик физик арбобга алоҳида эътибор қаратиб, «бу номни унутмаслик»ка чақирди.
Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Джавад Зариф шов-шувли суиқасддан бироз ўтгач, қотиллик ортида Тель-Авив турибди, деб ҳисоблаш учун жиддий асослар борлигини айтди.
Шу билан бир пайтда, Нетаняху «Яқин Шарқда жиддий ҳаракатлар кузатилмоқда» деб айтди ва «кескин кунарга тайёрланиш»га чақирди.
Эронда 2010 йилдан бери 5 та машҳур олим суиқасд қурбони бўлди
Шов-шувли суиқасдлардан биринчиси 2010 йил 12 январда Теҳрон университети профессори, физик Месуд Алимухаммедийнинг ўлдирилиши бўлди.
Квант физикасига ихтисослашган олим унинг уйи яқинида турган мотоциклга жойлаштирилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Портлаш туфайли унинг хотини ҳам яраланган.
Теҳрон Исроил ва АҚШни суиқасд уюштиришда айблаган, Вашингтон айбловларни расман рад этган, Тел-Авив эса воқеа юзасидан изоҳ бермаган.
2010 йилнинг декабрида суиқасдда иштирок этган Мажид Жемали Фешини қўлга олишга муваффақ бўлинди. У сўроқ пайтида Тел-Авивда MOSSAD томонидан ўқитилгани ва суиқасдни ташкил қилгани учун 120 минг доллар олганини айтган.
2011 йил суд Фешини ўлим жазосига ҳукм қилди. Ҳукм 2012 йил Теҳрон камоқхоналаридан бирида ижро этилди.
2010 йил 29 декабрда Эрон атом датсурида иштирок этган бирданига иккита Шехид Бехешти университети профессорларига суиқасд уюштирилди.
Профессор-физик Мажид Шаҳриёрий унинг автомобилига жойлаштирилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди.
Худди шу куни яна бир физик Феридун Аббасийга суиқасд қилинди, у оғир жароҳат олсада, тирик колди.
2010 йил 23 июлда Теҳронда яна бир суиқасд уюштирилди. Суиқасдчилар физик Дарюш Ризаинежадни нишонга олишди. Мотоциклдаги номаълум шахс атомчи-физикни отиб кетди. Ризаинежаднинг хотини ва болалари ҳам яраланди.
Эрон Мажлис спикери Али Лариджаний АҚШ ва Исроилни терроризм ҳомийлари деб атади, бироқ АҚШ Давлат департаменти Техроннинг айбловини рад этди.
2012 йил 11 январда атомчи-физик Мустафа Ахмедий Рушен Теҳрон шарқида портлаш оқибатида ҳалок бўлди. Олимнинг машинасига ўрнатилган портловчи модда кўлланди. Олим билан бирга унинг ҳайдвчиси ҳам ҳалок бўлди.
Американинг Time ҳафталиги 2012 йил 13 январда чоп этган мақолада Ғарб мамлакатлари махсус хизматлардаги манбаларига таяниб, эронлик атомчи-физикларга суиқасдларда Исроилнинг ролини қайд этди.