close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳадисларни нотўғри изоҳлайдиган суратлар

  • Чоршанба, Март 13 2019
  • Муаллиф  ИсламОнлайн.Уз

Афсуски, бундай суратлар жуда кўп тарқатилади. Мен бундай суратларни ёқтирмаслигимнинг сабаби, ҳадислар остида чизиб кўрсатилган бундай суратлар ўша ҳадисларга шарҳ ва ҳадис далолатига нисбатан ҳукм ҳисобланади (яъни ҳадисни шундай тушунишинг керак дейди). Аксар ҳолларда эса бундай расмлар фуқаҳолар фатволарига мувофиқ бўлавермайди.

Сурат остида ўзбек тилида келтирилган ҳадиснинг арабча матни:

‎عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ( نَهَى عَنْ الْقَزَعِ ) قيل لنافع : ما القزع ؟ : قال : ( أن يحلق بعض رأس الصبي ويترك بعضه )

Таржимаси:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам قزع - қазаъдан қайтардилар”.
Нофеъдан сўралди: “Қазаъ нима?” Айтдилар: “Боланинг бошидан баъзисини қирдириб, баъзисини қолдириш”.

Юқоридаги ҳадис саҳиҳайн (Бухорий ва Муслим) ва бошқа ҳадис китобларида келган.

Ҳадисни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ибн Умар розияллоҳу анҳу, у зотдан эса шогирдлари ва мавлолари Имом Нофеъ ривоят қилганлар. Имом Нофеъдан ҳадисни тинглаганлардан баъзилари “қазаъ”ни тушунмай, маъносини сўрашганида, у зот юқоридача шарҳлаб берганлар (яъни, «Боланинг бошидан баъзисини қирдириб, баъзисини қолдириш»)

“Лисон-ул Араб” қомусида қазаъ сўзининг келиб чиқиши (этимологик маъноси) "булут парчаси” дейилади. Жоҳилият даври арабларида гўдаклар сочининг бир қисмини қириб, бошқасини қолдириш одати бўлган. Шундай соч булут парчасига ўхшагани учун бўлса керак, улар бу одатни қазаъ деб атаганлар.
Юқоридаги ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу одатдан қайтардилар.

Қазаъ ҳақида араб тилшунослари ва фуқаҳолар берган таърифларнинг барчаси мана шу “Лисон ул араб” қомуси ва Имом Нофеънинг шарҳлари доирасидан чиқмайди.

Баъзи замонамиз уламолари, масалан, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ сочнинг бир қисмини бошқасидан кўпроқ калталатиш (эътибор беринг, қирдириш эмас) ҳам қазаъ ҳисобланади деганлар. Шайх Баррок роҳимаҳуллоҳ “Сочнинг бир қисмини кўпроқ калталаш қаза дейилмайди, бироқ шунга ўхшайди” деганлар. Салафий уламоларнинг аксари мана шу фикрни қувватлаган.

Бироқ таъкидлаш керакки, қадимги уламолар - 4 мазҳаб фуқаҳолари ва муҳаддислар ҳамда тилшунослар мўтабар китобларида қазаъ бундай таърифланмаган. Балки барчалари қазаъ деганда бошнинг бир қисмини қирдириш дейдилар, калталаш эмас.

Замонамиз фуқаҳоларининг кўплари ҳам қазаъга мана шундай таъриф берганлар ва сочнинг бир қисмини бошқасидан кўпроқ калталаш қазаъ ҳисобланмайди ва унинг ҳукмига кирмайди деганлар (баъзилар машинкада олиш қиридириш билан бир хил кўринишда бўлса (0.1-0.2 мм масалан) мана шу ҳукмга кириб қолиши мумкин деганлар, бироқ бошқалар ҳажда машинкадан бундай олиш қирдириш эмас, калталаш ҳукмида бўлар экан, бу ҳам шундай дейишган).

Қазаънинг ҳукми нима?

Тўрт мазҳабда - ҳанафийлар, моликийлар, шофеийлар ва ҳанбалийларда қазаънинг ҳукми макруҳ, ҳаром эмас.
Имом Нававий ва бошқа баъзи уламолар қазаъ макруҳ эканига ижмо қилинганини айтган.

Юқоридаги қисқа таҳлилдан хулоса:

1. Жумҳур уламоларда қазаъ деганда сочнинг бир қисмини бошқасидан кўпроқ калталаш тушунилмайди. Бинобарин, ушбу суратдаги ҳолатларнинг аксари қазаъ ҳукмига кирмайди.
2. Уламолар ижмоси билан Қазаъ ҳаром эмас, макруҳ дейилган.

Демак, кимдир сочини ушбу расмдаги каби калталатса, уни айблашда шошмаслик керак. Афсуски, расмга қарасангиз, қаза ҳукмига калталаш ҳам кириши ҳадисда айтилган экан, деб ўйлайсиз. Яна бу ҳаром экан деган хулосага келасиз. Бу эса ҳадисни хато тушунишга олиб боради. Кейин бошқаларни ҳадисга амал қилмасликда айблаб юрадиганлар чиқади.
Яна бир муҳим нуқта: ҳадисда Имом Нофеъ сўзлари таржимасида حلق сўзи “олдириш” деб мавҳумроқ таржима қилинган, “қирдириш” деб таржима қилиниши керак эди. Сабаби олдириш десангиз, калталаш ҳам тушунилиб қолиши мумкин. Бу эса ҳадис маъносини аслидан кенгайтиришдек бўлади. Агар шуни билиб, атай шундай таржима қилган бўлсалар, қаттиқ хато бўлади.

Агар “кофирларга тақлид ҳисобланади, шунинг учун жоиз эмас” десангиз,

- биринчидан, демак, юқоридаги ҳадисни далил қилишга уринмаслик керак. Сабаби, унинг маъноси калталатиш эмас экан, қолаверса, далолати кароҳат экан, ҳаромни англатмас экан.
- иккинчидан, “кофирларга тақлид” мавзуси жуда кенг. Унинг ҳудудларини белгилаш, нималар тақлид ҳисобланиши ва нималар тақлид ҳисобланмаслиги жуда мураккаб, ихтилофли ижтиҳодий масала. Бировлар костюм -шим, галстукларни тақлидга киритиб, ўзи крассовка кийиб ёки кийишдан қайтармаса, бошқаси кофирларнинг диний бўлмаган кийимлари мутлақо тақлид мавзусига кирмайди дейдилар. Либосдан бошқа мавзулар ҳам шундай.

Шу ўринда яна бир жуда муҳим нуқта:

Баъзи уламолар фатволарда жоиз эмас, ҳаром, фисқ, куфр каби қаттиқ позицияни ушлаб олишга мойил бўладилар. Афсуски, динга янги киришган одам, хусусан, ёшлар мана шундай қаттиқликка мойил бўлганларидан шундай фатволар ва шундай фатво берувчиларни яхши кўрадилар.

Билингки, фатво берувчининг фатволарда қаттиқлиги унинг диндорроқ, тақволироқ эканини билдиравермайди. Ҳаромни ҳалол дейиш қанчалик қаттиқ адашиш бўлса, ҳалолни ҳаром дейиш ҳам шундай қаттиқ адашишдир.

Яна бир ачинарли ва мулоҳазага чорловчи ҳолат шуки, араб диёрларига, хусусан, уламолар қаттиқлиги билан машҳур ўлкаларга келсангиз, ёшларнинг аксари имкони бўла туриб соқол қўймаслиги, намоз ўқимаслиги, музика эшитиб юриши ва борган сари кўпроқ Ғарбга тақлид қилишга шўнғиб кетаётганини кўрасиз.
Университетда баъзи устозларимиз эътироф этиб айтадиларки, уламоларнинг фатволарда қаттиқроқ, оғирроқ бўлишлари ёшларни бездириб, уламолар билан улар ўртасида катта бўшлиқ пайдо бўлишига олиб келган.

Агар ҳаром экани аниқ масала бўлса, ундай ишдан узоқ бўлиш ва бошқаларни ундай ишга асло яқинлашмасликка чиройли шаклда чақириш ниҳоятда муҳим.
Бироқ ихтилофли масалаларда, хусусан, аксар уламолар ҳаром эмас деб турган бир пайтда қаттиқлик қилмаслик керак валлоҳу аълам.

Сўз охирида айтадиганим, ҳадисларни ҳеч қачон ким чизгани номаълум бўлган суратлар орқали тушуниб олманг. Ҳадислардан, хусусан, таржималардан фиқҳий ҳукмлар олманг, фуқаҳолар китобларига қайтинг.

Маҳмуд Усмон

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase