Россия Фанлар академияси Сибирь бўлимининг Қуёш-Ер физикаси институти олимларининг таъкидлашларича, улар 2010 йили коинотда саксонга яқин ғаройиб жисмларни аниқлашган ҳамда уларни РОКОСлар деб номлашган. Бу жисмлар кўринишидан юлдузга ўхшаса ҳам, бироқ аслида улар юлдуз эмас экан.
Институт ходими Григорий Бескиннинг тахминича, “Булар қудратли тамаддунлар (цивилизациялар) томонидан ўзларининг қандайдир мақсадлари учун қўйган маёқлари эмиш”. Яна бир олим Сергей Язев ҳамкасбининг сўзларига қуйидагиларни қўшимча қилди: “Йигирма йилларча олдин ташқи дунёдаги тамаддунларнинг Қуёш системаси таркибига аралашуви ҳақида фикр юритган олим ўз обрўсини хавф остига қўйган бўларди.
Аммо далиллар билан тортишиб бўлмайди. Айтайлик, биз Қуёш тизимини “четдан туриб”, юлдузлар тизимининг биридан ўрганяпмиз. У ҳолда ўзимиздаги кўплаб “ғайритабиий қонуниятлар”ни кўриб, қандай хаёлга борса бўлади?” Фалакшунослар бундай ғайритабиийликларга анчадан буён эътибор қаратиб келишяпти.
Маълум бўлишича, Қуёш системасининг сайёрамиз бўлмиш Ер жойлашган қисмидаги дақиқ ўлчамлар ҳаёт кечириш учун шарт-шароит яратишга ҳайратланарли даражада аниқ даражада “уйғунлаштириб” қўйилган экан. Булар Ернинг айланиш тезлиги, унинг оғиш бурчаги, Қуёшгача бўлган масофаси, Ой ва унинг массаси мавжудлиги ҳамда унинг яқинидаги улкан Юпитернинг ўз массаси ёрдамида ёндан учиб ўтаётган учарюлдуз (комета) ва астероидларни тутиб қолишидир...
МИЛЛИАРДДАН БИТТАСИ
Бироқ Ерда ҳам бу каби мўъжизалар кам эмаслиги маълум бўлди. Биологик объектларни ўрганишда аниқ фанлар услубларининг (хусусан физика, эҳтимоллик назарияси, информатика) қўлланиши кўз кўриб, қулоқ эшитмаган натижаларни берди. Олимлар эҳтимоллик даражасини ҳисоблаб чиқиб, сайёрамизда ҳаёт пайдо бўлишининг тасодифийлигига миллиарддан битта ҳам имконият бўлмаган, деган хулосага келишди.
1978 йили ташқи дунё тамаддунлари билан алоқа муаммоларига бағишланган Халқаро анжуманда келтирилган маълумотлар афтидан даҳрийлар устидан қуйиб юборилган илк совуқ сув бўлди. Унда космологлар Коинотда ҳаёт пайдо бўлиши муаммоларини фаол муҳокама қилишган эди.
Оддий оқсил юзга яқин аминокислоталар деб аталувчи таркибий қисмлардан ташкил топиши мумкин. Уларнинг орасида йигирматаси ҳаёт учун зарурдир. Шунинг учун юзта аминокислотадан таркиб топган оқсил молекуласини пайдо қилиш учун уларнинг тегишли тартибда тасодифий бирлашуви эҳтимоли 20-100 га ёки 10-130 га тенг бўлади.
Олимлар Коинотдаги барча элементар зарралар унинг бутун мавжудлик даври мобайнида сониясига миллиард мартадан ўзаро ҳаракатга киришиб ҳам ушбу оқсилни ярата олмаслигини ҳисоблаб чиқишди. Бундан ҳам ҳайратланарлироқ рақам бор: ферментларнинг тасодифий пайдо бўлиши учун зарур бўлган комбинациялар сони 10-40000 га тенг бўлади.
Анчагина машҳур космолог, Кардифф университетининг (Уэльс) амалий математика ва фалакшунослик профессори Н. Ч. Викрамасингхе “Фалакшуноснинг биология ҳақидаги фикр-мулоҳазалари” мақоласида буни шундай шарҳлайди: “Ҳаётнинг тасодифий жараёнлар натижасида ўз қисмларидан пайдо бўлишидан кўра, эски самолётлар қабристони узра ўтган бўроннинг металл парчаларидан янги замонавий ҳаво кемасини йиға олиши ишонарлироқдир”.
Лекин олимлар бу ҳайратланарли хулосага қандай қилиб келганларини тушунтириш учун ушбу масаланинг тарихига кичикроқ саёҳат қилишга тўғри келади.
ЎЛИКЛАР ТУҒМАЙДИ
Узоқ давр мобайнида Ерда ҳаёт пайдо бўлишининг учта назарияси машҳур бўлиб келди: 1) Худо оламни ва ундаги барча мавжудотларни олти кунда яратди, деган Инжил башорати; 2) ўн тўққизинчи асрда Г. Рихтер томонидан илгари сурилган ҳаёт сайёрамизга коинотдан олиб кирилган, деган “панспермия” фарази; 3) Ердаги ҳаёт миллионларча йиллар олдин бирламчи уммонда ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган, деган А. Опарин фарази.
Айнан А. Опариннинг “Ҳаётнинг пайдо бўлиши” (1924 й.) тадқиқотини узоқ пайт мобайнида даҳрийлар моддиюнчилик (материализм) томонидан ҳаётнинг пайдо бўлиши Худонинг ёки Онгнинг яратувчилик қудратига натижасидир, деб таъкидлаб келган художўйлик ва руҳоният фалсафасига берилган ҳалокатли зарба (нокаут) бўлди, деб талқин қилиб келинди.
Даҳрийларнинг бунда севинишлари табиий эди. Уларнинг художўйлар билан аёвсиз кураши ўрта аср олимларининг ҳаёт бизнинг геологик давримизда ҳам ўзича пайдо бўлиши мумкин, деган гўлларча тахминларидан бошланган эди (Масалан, белгиялик алкимёгар Я. Гельмонт буғдой уни, чанг ва чордоқдаги эски латталарни бир-бирига аралаштирганда сичқон пайдо бўлишига ишонарди).
Шундан кейин даҳрийлар узоқ йўл босишди, айниқса айрим тажрибалар борасида маълум натижаларга эришишди ҳам. Аммо ҳамма нарсани қамраб олувчи мантиқли бир назарияни ярата олишмади.
“Панспермия” фарази даҳрийларни маълум маънода шармандаликдан қутқарган нажот қайиғи бўлди. Бу тахминга кўра, “ҳаёт куртаклари”ни (энг жўн микротаначаларни) Еримизга учар юлдузлар (метеоритлар) ёки қуёш шамоли олиб келган эмиш.
Қизиғи шундаки, моддиюнчилик олдинига панспермияга тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Ваҳоланки, моддиюнчилик Ерда ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб боши берк кўчага кириб қолганида айнан панспермия уни бу ҳолатдан қутқарган эди.
Кейинчалик моддиюнчилик буни тушунди ва сайёрамиздаги ҳаёт ўзининг бутун ранг-баранглиги билан ўзича пайдо бўлганини исботлайман деб ҳар гал боши берк кўчага кириб қолганида бу фаразга яна бир неча мартадан қайтди. Шунинг учун ҳам бир қарашда изчил бўлиб кўринган Опарин назарияси бу кўҳна саволга узоқ кутилган жавобга ўхшаб кўринди.
Бунинг қисқача моҳияти бундай эди: Ерни ўраб турган қайноқ бирламчи уммонда кўплаб углерод бирикмалари мавжуд бўлиб, улардан “коацерватив томчилар” деб номланган органик полимерлар пайдо бўлган. Бу томчилар ўзини ўраб турган қоришмадан энергияга бой моддаларни ютиб, ҳажм ва оғирлик жиҳатидан катталаш борган. Миллион йиллар мобайнида улар аста-секин тадрижийлашиб (эволюция натижасида) олдинига протобионтларга (органик моддалардан иборат система қоришмасидан ажраб чиққанларга), кейин эса жўнгина ҳужайраларга, яъни энди тириклик хусусиятига эга проҳужайраларга айланади.
Аввалига бу тажрибалар назарияни тасдиқлагандек бўлди. Опарин ўз ходимлари ёрдамида органик суюқликда коацерват томчилар ҳосил қилишга муваффақ бўлди. Бунинг устига улар турли моддаларни ютиб, ҳажм жиҳатидан катталаша бордики, натижада бу моддаларнинг тури ва ютилиш тезлиги томчиларнинг миқдори ва уларнинг маконий таркиби билан аниқланадиган бўлди. Қойил, бу атроф муҳитдан ҳамма нарсани бирваракайига эмас, ҳар бири ўзи танлаганини ютадиган биологик системанинг ўзгинаси-ку!
Аммо шу билан мос келишлар тамом бўлди. Кўплаб мамлакатлардаги жуда кўп олимлар ўнлаб йиллар мобайнида турли жараёнда ҳар хил масаллиқлар билан Опариннинг ана шу “шўрва”сини қайнатиб юришди ва уни турли нарсалар билан безайверишди...
Натижа ҳамиша қайсарона бир хил чиқаверарди: коацерватив томчилар пайдо бўлар, катталашар, лекин... кўпайишни мутлақо рад этишар эди. Бошқача сўз билан айтганда, олдиндан белгиланган алгоритм асосида фаолиятга киришиб, маълум шароитларда пайдо бўладиган ва бу хусусиятини навбатдаги авлодига узатадиган модда яратиш назарияси чиппакка чиққан эди.
Опарин хаёлий нарсани воқеъликка айлантирмоқчи бўлган эди. Балки у ўзининг илмий ишини “Ҳаётнинг пайдо бўлиши” деб эмас, “Ҳаёт учун зарур шарт-шароитларнинг пайдо бўлиши” деб номлаганида тўғрироқ бўлармиди?! Чунки у табиатдаги тадрижийликнинг (эволюциянинг) физикавий-кимёвий босқичдан қандай қилиб биологик босқичга ўтганини барибир тушунтириб бера олмади.
Жонли ва жонсиз нарсалар ўртасидаги асосий жиддий фарқлар – улар қандай қилиб ўзаро ахборот айрбошлашларидаги фарқлар қай тарзда пайдо бўлди? Унинг моҳиятини қуйидаги мисол орқали намойиш қилишимиз мумкин: Масалан, сайёранинг маълум бир минтақасида ҳарорат аста-секин тушиб кетса, кўллардаги сувлар ҳам ўта совиб кетади ва охири музга айланиши ҳам мумкин. Яъни, ҳарорат пасайиши кўринишидаги ахборот келиб тушиши натижасида сув бошқа бир агрегат ҳолатига ўтади, яъни ҳарорат ва босим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатга келади.
Бу минтақада яшаётган тирик мавжудотлар эса бунга бошқачароқ жавоб қайтаради – ё иссиқ юртларга кўчиб кетади, ёки иқлим аста-секинлик билан ўзгариб борса, бунга мослашади, масалан жун билан қопланади ёхуд тансига ёғ йиғади. Ва шуниси муҳимки, улар бу хусусиятларини зурриётларига ҳам ўтказади. Бордию бугундан эртага ўтар кечаси ҳарорат нолдан тепага кўтарилиб кетса – сув яна суюқ ҳолига келади, бироқ энди жонзотлар совуқдан ҳимоя сифатида аждодларидан қабул қилган хусусиятидан зумда воз кечолмайди – дарров ёғидан ажрамайди ёки жунини тўкмайди.
Эҳтимол, бу ўхшатиш масалани жуда жўнлаштириб юборгандай туюлар, лекин барибир умумий тарзда ўша материя тадрижийлик жараёнида бартараф этиши керак бўлган жонли ва жонсизлар ўртасидаги ахборот айрбошлашнинг сезиларли фарқлари ҳақида тасаввур пайдо қилади. Оқибатда натижалари мавжуд ҳодисада қайд қилинган бу кескин ўзгариш фақат жонли нарсага, яъни ирсиятга хос экан. Бироқ бу кескин ўзгариш айнан қандай содир бўлди – бу борада моддиюнчиларнинг аниқ-равшан жавоблари йўқ.
ДАРВИНГА МАЪЛУМОТ ЕТИШМАДИ
Сайёрамиздаги жонли табиатнинг яна бир ғоятда ажойиб хусусияти – унинг ранг-баранглиги ҳам ирсият билан боғлиқдир. Моддиюнчилар руҳонийлар ва художўйлар билан баҳсга киришишар экан, ҳамиша Ч. Дарвиннинг табиий танланиш назариясига, генетика (ирсиятни ўрганиш фани) асосчиси Г. Мендел кашфиётига ва уларнинг издошларига таянишади.
Барча жонли нарсалар табиатнинг боқиш имкониятига қараганда кўпроқ зурриёт қолдириш имконига эга. Бунинг устига бу зурриётнинг бир қисми ирсий аломатларнинг стандарт мажмуасидан четга чиқиб кетади, яъни ирси айнийди. Улардан айнишлари атроф муҳитдаги ўзгаришларга мос тушганлари яшаб кетиш борасида маълум афзалликка эришади. Қолганлари ҳалок бўлади. Бошқача сўз билан айтганда, табиий танланиш жараёнида шароитга камроқ мослашганлар яшашга яроқсиз бўлиб қолади.
Кейинчалик, ХХ аср бошларида Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши якка “тирик ҳужайра”нинг тасодифан шаклланиши натижасидир, деган фараз жуда оммалашиб кетди. Эмишки, унинг таркибига ҳаётнинг келгуси ривожланишининг барча режалари жойланган экан. 1953 йили Ж. Уотсон ва Ф. Крик ирсият механизмини жорий қилишда рибонуклеин кислотасининг аҳамиятини кашф қилишди. Барча жонли мавжудот “жонли ҳужайра” айланиб қолган биргина оддий ҳужайрадан яралган деган фаразни энди ҳужайра даражасида исботлаш мумкинлиги аён бўлиб қолди.
Спиралга ўхшаш дезоксирибонуклеин кислотаси ҳужайралари (ДНК) ўзида биологик маълумотларни сақлайди. Тирик ҳужайра бўлиниш йўли билан кўпайганда репликация содир бўлади, яъни ДНК спираллари икки бараварга кўпаяди. Янги ҳосил бўлган ҳар икки ҳужайра эса ирсий маълумот ҳақидаги ахборотни тўлиқ мерос қилиб олади. Ирсий айнишлар (мутациялар) эса, репликация жараёнидаги хатолар натижасида пайдо бўлади. Яъни, ДНК спираллари икки бараварга кўпаётган вақтда дезоксирибонуклеин кислотаси ҳужайраларининг таркибий қисми қайта жойлашади.
Жонли махлуқларнинг ҳозиргача мавжуд турларининг тадрижий такомилашуви ҳақида сўз борганида юқорида тилга олинган фикрлар ишонарли кўринади. Аммо ҳаётнинг умуман ранг-баранг манзараларига келсак, у ҳолда ҳаётнинг айнан шу тарзда пайдо бўлгани ўта шубҳали туюлади.
Яна Викрамасингхенинг мақоласидан иқтибос келтирамиз: “Битта оддийгина бактерия ташиган ахборотни репликация йўли билан сайёрамизни макон тутган одам ва бошқа барча жонзотлар пайдо бўлгунича ривожлантириш мумкинлигига ишониш ғирт бемаъниликдир. Бундай “соғлом фикр” деганлари Кўҳна Аҳд китобининг (Инжилнинг) биринчи саҳифасини миллиард-миллиард марталаб қайта кўчириб чиққанда бу нарса репликация хатоларининг етарли миқдордагисининг тўпланишига олиб келади ва ўз-ўзидан тўла Инжилнинг бутунисича ёки жаҳон кутубхоналарида асралаётган жилд-жилд китобларнинг пайдо бўлиши учун етарли хилма-хилликнинг туғилишига тенг, деган тахминлар билан баравардир. Бу иккала хулоса ҳам бирдай бемаъни. Ирсий айниш ва табиий танланиш жараёнлари ҳаётга фақат арзимас таъсиринигина кўрсатиши мумкин, бунда у бутун тадрижийликнинг қандайдир “аниқ устқурмаси” вазифасини бажаради, холос. Ҳаёт учун энг аввало вақт борасида барча геологик даврларни қамраб олган ахборотларнинг доимий келиб тушиши ўта зарурдир”.
Ахборот тизимлари эса (ҳаётнинг барча шакллари ҳам шундай тизимлардир) янги ахборот келиб тушмаса, ривожлана олмайди. Агар Ердаги жонли мавжудотлар репликация натижасидаги хатоларни тўплайверишганида, бу улардаги ахборотнинг таназзулига олиб келган бўлар эди. Бошқача қилиб айтганда, Ерда мавжуд бўлган барча турлар (бунга одам ҳам киради) миллиардлаб йиллар мобайнида юқорида тилга олингандай биргина ўта жўн ҳаёт шаклидан ривожланган деган даъволар ахборот назарияси нуқтаи назаридан мутлақо асоссиздир.
МАЙМУНЛАРГА ФОРТЕПИАНО НИМАГА КЕРАК?
Инсон онги – моддиюнчилик ишонарлироқ тушунтириб бера олмаган яна бир ҳодисадир. Моддиюнчи олимларнинг инсоннинг фикрлаши – унинг миясидаги биокимёвий жараёнларнинг (реакцияларнинг) ҳосиласидир, деган иддаолари жиддийроқ қараганда ҳеч нарсани англатмайди.
Маймуннинг миясида ҳам биокимёвий жараёнлар содир бўлиб туради. Бироқ шимпанзе маймуни ва одамнинг ирсий ахбороти атиги уч фоизгина мос келмагани ҳолда нима учун бу жараёнларнинг натижалари бунчалик тубдан фарқланади?
Ҳиндистонда маймунни қандай овлашлари ипидан-игнасигача тўлиқ баён этилган: пўртахолни бир яшиққа солиб, яшиқ деворига маймуннинг қўли аранг сиғадиган тешик очиб қўйишади. Пўртахолга қўл чўзган маймун тор тешикдан қўлини тортиб ололмай қолади. У бунинг учун қанчалаб машаққатли уринишлар қилмасин, пўртахолни қўлидан қўйиб юбормайди. Яъни, маймуннинг фикрлаш даражаси шунчалар пастки, воқеъликдан оддийгина (лекин ҳаёти учун ўта муҳим) хулоса қилишга қодир эмас.
У ҳолда маймуннинг яқин “қариндоши” саналган одам нега очиқ кўриниб турган нарсага зид, бироқ воқеъликка мувофиқ келадиган хулоса ясаш имконига эгалик даъвосини қилади? Масалан, Магелланнинг дунё бўйлаб сайёҳатидан олдин Ернинг думалоқ экани ҳақида хулоса чиқаришган ва коинотга парвоз қилишдан олдин ҳам Ернинг Қуёш атрофида (лекин аксинча эмас) айланишини билишган.
Ёки математик теоремаларни ишлаб чиқиш, мусиқавий ва адабий асарларни ижод қилиш учун зарур бўлган инсон генлари қанақасига маймун генларидан тасодифан пайдо бўлиб қолиши мумкин? Ваҳоланки, табиий танланиш жараёнида худди шу вақтда яшаб қолиш учун зарур бўлган нарсаларгина танлаб олинади-ку! Қачон ва қайси чангалзорда шимпанзе ёки орангутанг маймунларининг яшаб қолиш мақсадида фортепианода куй чалиш имконини бериш учун зурриётларига ирсий белгиларни топширишлари керак бўлган?
Худди шу маънода сунъий салоҳият (интеллект) яратиш йўлидаги кўп сонли бефойда уринишлар ҳам эътиборга моликдир. Бу вазифа унинг қўйилиши вақтида маълум маънода ғирт бемаъниликка ўхшайди: инсон онги ўзининг нима эканига етарли баҳо бермай туриб ўзини ўзи ясашга уринаётган кўринади.
Ва яна бир савол туғилади: агар инсон табиий тараққиёт меваси бўлмай, яратиш қудратининг маҳсули бўлган ҳолатда қачонлардир мустақил равишда шундай баҳони бера олармикин? Биохимик М. Бехе “Дарвиннинг қора қутиси” номли китобида биологик объектлар ахборий тизим сифатида шунчалик аниқ ишларканки, кимдир уларни математик йўл билан юзага келтирган, деган тасаввур пайдо бўлишига эътиборни қаратди. Ва у онгли ижод йўналишини илгари сурдики, “Дастурчи бўлмаса, дастур ҳам бўлмайди” деган аксиома унинг ғояси бўлди.
Бунга суянган математик У. Дембовски шундай услуб ишлаб чиқдики, унинг ёрдамида сунъий ясалган объектларни аниқлаш мумкин эди. Дембовски “текшириб кўрган” одам эса, сунъий яратилганлар рўйхатига тушиб қолди...
ИЛМ ИЙМОН УСТУНИГА АЙЛАНМОҚДА
Физика-математика ва биология илмлари узоқ давр мобайнида бир-бири билан деярли тўқнашмаган ҳолда параллел равишда ривожланди. Уларнинг бир-бирига яқинлашуви эса юқорида тилга олинган ҳайратланарли натижалар келтириб чиқарди. Ва бу нарса олимларнинг дунёқарашига ҳам кескин таъсирини ўтказди.
ХХ аср бошларида даҳрийлик илм аҳли даврасида мустаҳкам мавқега эга бўлиб, Худога ишониш эса салкам калтабинлик саналарди. ХХІ аср бўсағасида эса вазият бутунлай ўзгариб кетди. Олимларнинг ўзлари билдирган кўпсонли фикр-мулоҳазаларга кўра, оламни англаш кучайгани сайин улар орасида моддиюнчиликнинг обрўси тобора тушиб кетяпти. У ўзининг ўрнини энг тубан маърифат ва салоҳият даражасида оддийгина Худо деб номланган борлиқнинг ягона Яратувчиси мавжудлиги ҳақидаги далилларга бўшатиб беряпти.
Абу Муслим, "Исломият" китобидан