014. Иброҳим сураси
- Пайшанба, Дек 06 2018
- 727 марта кўрилди
Иброҳим-пайғамбар номи. Иброҳим (а.с.)нинг Қудсдан Маккага келишлари, у ерда қилган дуолари ҳақида оятлар боългани учун сурага шу ном берилган. Унда асосан - тавҳид, эътиқод, қиёмат, жаннат, доъзах, ҳисобот, пайғамбарларнинг юборилишидан коъзланган мақсад ва бошқа муҳим маълумотлар мавжуд.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1 Алиф, Лом, Ро. (Эй, Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга - қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига - олиб чиқишингиз учун Сизга Биз нозил қилган Китобдир.
2 (У йўл) осмонлар ва Ердаги бор нарса Уники бўлган Аллоҳнинг (йўлидир). Қаттиқ азоб дастидан кофирлар ҳолига вой!
3 Улар дунё ҳаётини охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан қайтарадиган ва уни қинғир қилишни истайдиган кимсалардир. Улар (ҳақ йўлдан) йироқ гумроҳликдадирлар.
4 Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик. Бас, Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва (Ўзи) хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У қудратли ва ҳикматли зотдир.
5 Дарҳақиқат, Биз Мусони (Бани Исроил қавмига) оятларимиз билан юбориб (унга дедик): "Қавмингни зулматлар (куфр)дан нур (имон)га олиб чиққин ва уларга Аллоҳнинг кунлари (неъматлари)ни эслатгин! Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи киши учун аломатлар бордир".
6 Ўшанда Мусо қавмига айтди: "Аллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн зодагонларидан қутқарганимизни эслангиз. Ана ўша (иш)ларда Парвардигорингиз томонидан улкан синов бордир".
7 Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: "Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир".
8 Мусо (яна) деди: "Агар сизлар (Ўзингиз) ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсаларингиз ҳам (Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат ва ҳамд эгасидир".
9 Сизларга илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейин ўтган, фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари ҳужжатлари билан келганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: "Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарса (дин)га куфр келтирдик. Биз сизлар бизни даъват қилаётган нарсангиз (динингиз)дан шак(-шубҳа)дадирмиз".
10 Пайғамбарлари айтдилар: "Осмонлар ва Ернинг яратувчиси - Аллоҳ (борлиги ва бирлиги) хусусида шак борми?! У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) кечиктириш учун (имонга) даъват қилмоқда-ку?!" Улар дедилар: "Сизлар (ҳам) бизга ўхшаган одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар,) бизга аниқ бир ҳужжат келтиринглар-чи?!"
11 Пайғамбарлар уларга айтдилар: "(Ҳа), биз худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сизларга Аллоҳнинг иродасисиз бирор ҳужжат келтира олмаймиз. Имон келтирганлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!
12 Бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмайлик?! Албатта, биз сизлар етказган азиятларга сабр қилурмиз! Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!"
13 Куфр йўлидаги кимсалар ўз пайғамбарларига: "Албатта, биз сизларни еримиздан (ҳайдаб) чиқарурмиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтурсизлар", - дедилар. Шунда Парвардигорлари уларга ( пайғамбарларга): "Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз.
14 Улардан сўнг (шу) ерга сизларни жойлаштирурмиз. Бу (ваъда) Менинг ҳузуримда (ҳисобот учун) туришдан қўрқувчи ва Менинг огоҳлантиришимдан хавф қилувчи кишилар учундир",- деб ваҳий юборди.
15 (Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тилайдилар ва ҳар бир жабр ва саркашлик эгаси умидсиз бўлур.
16 Унинг рўпарасида жаҳаннам турар. (Жаҳаннамда) унга йиринг сувидан берилур.
17 Уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказа олмас, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўла олмас. Унинг ортида (бундан ҳам) оғир азоб бордир.
18 Парвардигорларига кофир бўлганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулдир - улар қилган амалларидан бирор нарсага эга бўла олмайдилар. Бу ўта гумроҳликдир.
19 (Эй, инсон), Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар у хоҳласа сизларни кетказиб, (ўрнингизга) янги халқни келтирур.
20 Бу (иш) Аллоҳ учун қийин эмасдир.
21 (Қиёмат кунида) барча (халойиқ) Аллоҳга рўбарў бўлур. Бечора ҳол (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (собиқ йўлбошчиларига): "Бизлар сизларга эргашувчи эдик, энди сизлар бизларни Аллоҳнинг бирор азобидан қутқара олурмисизлар?" дэганларида, улар айтадилар: "Агар Аллоҳ бизни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилганида, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) чидамсизлик қиламизми, сабр қиламизми, биз учун баробардир. Биз учун ҳеч қандай паноҳ йўқдир".
22 Қачонки, иш битгач (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон дейди: "Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен ҳам ваъда бериб, сизларни
алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай иқтидор йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақирдим. Сизлар менга ижобат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам берувчи эмассиз. Мен сизлар илгари мени (Аллоҳга) шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (кофирлар) учун аламли азоб бордир".
23 Имон келтирган ва эзгу ишлар қилганлар остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорларининг изни билан у жойда мангу қоладилар. Уларнинг (жаннатдаги) кўришишлари саломлашишдан иборатдир.
24 (Эй, инсон), Аллоҳ пок сўзга (яъни, имон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига)
ўрнашган, шохлари эса осмондадир.
25 Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур.
26 Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар.
27 Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган ишни қилур.
28 (Эй, инсон), Аллоҳнинг неъмати (имон)ни куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини ҳалокат диёрига қулатган кимсаларни кўрмадингми?!
29 (У диёр) улар тобланадиган жаҳаннамдир. Нақадар ёмон қароргоҳ!
30 Улар (одамларни) Унинг йўлидан оздириш учун Аллоҳга "тенг"ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй, Муҳаммад), айтинг: "Фойдаланиб қолинглар! Бас, албатта, ахири борадиган жойингиз дўзахдир".
31 (Эй, Муҳаммад), имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни мукаммал адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!
32 Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйин сундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин сундирди.
33 (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизларга бўйин сундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйин сундирди.
34 Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангизлар, саноғига етаолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир.
35 (Эй, Муҳаммад,) эсланг, Иброҳим айтган эди: "Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!
36 Эй, Раббим, У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (менинг динимдадир). Ким менга итоатсизлик қилса, яна Ўзинг кечиримли ва меҳрибонсан.
37 Эй, Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй, Раббимиз! (Улар) намозни мукаммал адо этсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар.
Изоҳ: Иброҳим (а.с.)нинг катта хотинлари Сора туғмагандан кейин, Ҳожарга уйланадилар. У ҳомиладор бўлгач, Сора рашк қилади. Бир ривоятда Ҳожар туғишидан олдин, бошқа ривоятда Исмоилни туққанидан кЭйин Иброҳим (а.с.) уни Макка водийсига элтиб қўядилар. Демак, Исмоил (а.с.) Қудс ёки Маккада туғилган бўладилар. Ҳар икки ривоят ҳам оятга тўғри келаверади. Ҳожар билан ёш Исмоилга биринчи навбатда сув керак эди. Ҳақ таоло ўз қудрати билан жазирама водийдан Замзам булоғини оқизиб қўйди.
38 Эй, Раббимиз! Сен бизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам билурсан. Аллоҳ учун Ерда ҳам, осмонда ҳам бирор нарса махфий эмасдир.
39 Менга кексаликда Исмоил ва Ишоқни берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Раббим дуони ешитувчидир.
40 Эй, Раббим! Мени ва зурриётимдан (бўлган фарзандларимни) намозни мукаммал адо этувчи қилгин! Эй, Раббимиз! Дуоимни қабул эт!
41 Эй, Раббимиз! Ҳисоб (-китоб) қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!"
42 (Эй, Муҳаммад,) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг! Фақат Аллоҳ уларни (жазолашни) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли) кунга қолдирмоқда, холос.
Изоҳ: Кўзлар қўрқинчдан қотиб қоладиган кун - қиёмат кунидир.
43 (У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ва (чорланган томонга) югурган ҳолда (бўлурлар). Кўзлари (қотганича) ўзларига қайтмайди. Юраклари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. Изоҳ: Юракларида қувват ва шижоат қолмас.
44 (Эй, Муҳаммад,) одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни (қиёматда) зулм қилганлар: "Эй, Раббимиз! Бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг даъватинга ижобат қилурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз", - дЭйдилар. (Уларга шундай жавоб қилинур): "Илгари (ёруғ дунёда) заволга юз тутмаслигингиз (ўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган эмасмидингиз?!
45 Сизлар ўзларига зулм қилганларнинг масканларига (ўлганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ бўлган эди. Биз сизлар учун мисоллар ҳам келтирган эдик."
46 Дарҳақиқат, улар (Макка мушриклари) ўзларининг макрларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макрлари Аллоҳ ҳузурида (маълум)дир.
47 (Эй, Муҳаммад), Аллоҳни ўз пайғамбарларига берадиган ваъдасига хилоф қилувчи, деб ҳисобламанг! Албатта, Аллоҳ қудратли ва интиқом (ўч) олувчидир.
48 Бу Ер бошқа Ерга ва осмонлар (ўзга осмонларга) алмаштириладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва ғолиб Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (қиёматда интиқом олувчи)дир. 49 (Эй,Муҳаммад,) ўша куни жиноятчиларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз.
50 Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.
51 Аллоҳ ҳар бир жонга қилмишига яраша жазо бериш учун (шундай қилур). Албатта, Аллоҳ тез ҳисоб (-китоб) қилувчидир.
52 Бу (оятлар) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир баёнотдир.