close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

013. Раъд сураси

Раъд - момақалдироқ. Бу ном берилишига сабаб сурада ҳамма мавжудот, ҳатто момақалдироқ ҳам Аллоҳнинг шаънини улуғлаб, Унга тасбеҳ айтиб туриши ҳақида оят борлигидир. Сурада имон - эътиқод, ҳақиқат билан ботиллик ўртасидаги кураш, ҳаёт ва мамот, қиёмат ҳисоботи ва бошқа илоҳий кўрсатмалар мисоллар билан баён этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1 Алиф, Лом, Мим, Ро. Ушбу (сура оятлари) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй, Муҳаммад!) Сизга нозил қилинган бу нарса (Қуръон) ҳақиқатдир, лекин одамларнинг аксарияти имон келтирмайдилар.
2 Аллоҳ осмонларни, кўриб турганингиздек устунсиз кўтариб қўйган, сўнгра Арш узра муставий бўлган ҳамда қуёш ва ойни (Ўз амрига) бўйин сундирган зотдир. Ҳар бири муайян муддатгача (яъни, қиёмат қойим бўлгунича) жараёнда бўлур. (Аллоҳ барча) ишнинг тадбирини қилур ва сизлар (қиёмат кунида) Раббингизга рўбарў бўлишга имон келтиришингиз учун оятларни муфассал баён қилур.
3 У Ерни ёйиб қўйган ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган зотдир. У Ердаги ҳар мевани иккитадан - жуфт-жуфт (яъни, эркак урғочи) қилиб яратди. У кеча билан кундузни қоплайди. Албатта, бу (мисоллар)да фикр юритадиган қавм учун аломатлар бордир.
4 Ерда бир-бирига ёнма-ён, бўлак-бўлак (унумдор ва унумсиз) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, (ҳаммаси) бир сув билан суғорилур. Биз уларнинг биридан бирининг таъмини тотлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда англайдиган қавм учун аломатлар бордир.
5 Агар ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): "Тупроқ бўлиб кетгач, яна янгитдан яратиламизми?" - деган гаплари ажабланарлироқдир. Ана ўшалар Парвардигорларини инкор этганлардир. (Қиёмат кунида) ана ўшаларнинг бўйинларида занжирлар бўлур. Ана ўшалар дўзах аҳли бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар.
6 Улар Сиздан яхшилик (Аллоҳ раҳмати)дан аввал ёмонлик (азоби)ни талаб қиладилар. Улардан олдин ҳам бундай мисоллар ўтгандир. Албатта, Раббингиз одамларга (улар) зулм қилувчи бўлсалар ҳам мағфиратлидир. Албатта, Раббингиз азоби қаттиқ зотдир.
7 Кофир бўлганлар: "Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирор мўъжиза нозил қилинса еди", - дейдилар. Сиз эса фақат огоҳлантирувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун ҳидоят қилувчи (пайғамбар) бордир.
8 Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг ҳомиласини, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган (бола)ни ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган (бола)ни ҳам билур. Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
 Изоҳ: Ҳомиланинг биринчи куниданоқ ўғил-қизлиги, шакл-шамойили, бўйи-басти ва бошқа хусусиятини фақат яратувчи Аллоҳнинг Ўзи билур.
9     (У) махфий ва ошкора (нарса)ни билувчи буюк ва юксак зотдир.
10 Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи (ошкора) юрувчи ҳам (Унинг учун) баробардир.
11     Унинг (инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарса (яхши ҳолат)ни ўзгартирмагунларича, улардаги нарса (ҳолат)ни ўзгартирмас. Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни раво кўрса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир.
Изоҳ: Ҳар бир халқ аввало ўзидаги камчилик ва нуқсонларни бартараф қилиши, ундан кейин Аллоҳдан яхшилик томонига ўзгаришни кутиши лозим. Охират мукофоти учун амали солиҳ керак бўлганидек, дунёвий бахтсаодатга эришиш учун ҳам унга сазовор бўлгудек саъй-ҳаракат ва покланиш даркор.
12     У сизларга (момоқалдироқ овозидан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатадиган ва оғир булутларни пайдо қиладиган зотдир.
13     Момақалдироқ (ҳам) Унга ҳамд билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (тасбеҳ айтурлар). Чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни - улар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У қаттиқ тадбирли зотдир.
14     Ҳақиқий дуо фақат Унга (қилинур). Ундан ўзга - (мушриклар) дуо қилаётган (бутлар) уларнинг бирорта дуосини мустажоб қилмас. Илло, улар кафтларини сувга чўзиб, у сув оғзига етишини кутиб турган бир кимсага ўхшайдилар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етувчи эмасдир. Кофирларнинг дуолари мутлақо зоедир.
15     Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Сажда ояти.)
Изоҳ: Ҳар бир инсоннинг сояси Аллоҳга сажда қилади. Мўминнинг сояси ўз хоҳиши билан, кофирники эса мажбуран сажда қилади. Эртаю кеч иборасини келтирилишига боис, соя эртадан кечгача бир қисқариб, бир узайиб боради. Шу ҳаракатлар сажда маъносини беради.
16     (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?", "Аллоҳ", - деб жавоб қилинг! "Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?" - денг! Яна айтинг: "Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?" Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилишиб олгану, улар ҳам яратганлар, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими? Айтинг: "Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У танҳо ва ғолибдир".
17     (Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар миқдори билан оқиб, (бу) сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна (ясаш) учун ёқадиган (олов)лардан ҳам шунга ўхшаш (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни (мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.
18     Парвардигорлари (даъвати)га ижобат этганлар учун гўзал мукофот (жаннат) бордир. Унга ижобат қилмаганлар эса, мабодо ердаги бор нарса (яна) икки баробар (кўпайиб) уларники бўлса, уни (Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган булур эдилар. Улар учун ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг (борар) жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!
19     (Эй, Муҳаммад,) ахир, Сизга Раббингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган киши (қалб кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
20     Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ (ваъда)ни бузмайдиганлардир.   
21     Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва ҳисоб-китобнинг нохуш бўлишидан
чўчийдилар.
22     Парвардигорларининг "юзини" истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини тўкис адо етган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар - айнан ўшалар учун охират диёри (бордир).
23     (У абадий) туриладиган жаннатлар бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар):
24     "(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!"
25     Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кЭйин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир.
26     Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу дунё ҳаёти билан шодмон бўлдилар, ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида фақат (бир арзимас) матодир.
27     Куфрда бўлганлар: "Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирор оят (мўъжиза) нозил қилинса эди", - дейдилар. Айтинг: "Албатта, Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаганларни адаштирур ва (Аллоҳга) қайтган кишиларни ҳидоят қилур".
28     Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур.
29     Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат (жаннат) бордир.
30     (Эй, Муҳаммад,) шундай қилиб, Сизни (кўпдан-кўп) умматлардан кЭйин келган бир умматга - улар Меҳрибон (Аллоҳ)ни инкор қилиб турган ҳолларида - (Биз) Сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: "У менинг Раббимдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унгагина таваккул қилдим ва тавбам Унгагинадир".
31     Бордию бир Қуръон бўлиб, унинг (кучи) билан тоғлар (жойидан) жилдирилса ё унинг (кучи) билан Ер ёрилса ёки унинг (кучи) билан ўликлар тилга киритилганда ҳам (кофирлар имон келтирмайдилар). Аксинча, барча иш Аллоҳ (изми)дадир. Имон келтирганлар Аллоҳнинг, агар хоҳласа, барча одамларни албатта ҳидоят қилишини билмадиларми? То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка фатҳ қилингунча), куфрдаги кимсаларга ўзларининг қилмишлари сабабли турли балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (офат) тушар (ва уларни нотинч қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.
32     (Эй, Муҳаммад,) Сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинганида, (Мен) ўша куфр йўлида бўлган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Бас, (уларга берган) жазоларим қандай бўлди?!
33     Ҳар бир жоннинг қилган амали устидан (кузатиб) турувчи Зот (ҳис-туйғусиз бут-санамларга ўхшайдими?!) Улар (турли нарсаларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Уларга) айтинг: "У бутларингизнинг номларини (ва қила оладиган ишларини) айтинглар-чи? Балки, (Аллоҳга) Ер юзидаги билмайдиган бирор нарсадан хабар берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (сўзларига ишониб, сиғиниб, юраверасизларми?)" Йўқ! Куфрда бўлган кимсаларга ўзларининг макрлари чиройли кўрсатилди ва улар (ҳақиқий) Йўлдан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирор ҳидоят қилувчи бўлмас.
34     Улар учун дунё ҳаётида азоб бўлур. Охират азоби эса оғирроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи (куч) йўқдир.
35     Тақволилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: унинг остидан анҳорлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир.
36     Биз Китоб (Таврот, Инжил) ато этган кишилар Сизга нозил қилинган нарса (Қуръон) сабабли шодланадилар. (Яҳудий ва насронийлардан иборат) гуруҳлар орасида (Қуръоннинг) бир қисмини инкор этадиганлар ҳам бордир. (Уларга) айтинг: "Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга (бировни) шерик қилмасликка буюрилганман. Ўша зотгагина (ибодат қилишга) даъват этурман ва қайтишим (ҳам) Унинг ҳузуригадир".
37     Шунингдек, Биз уни (Қуръонни) арабий ҳукм сифатида нозил қилдик. Қасамки, агар Сизга келган (шу) билимдан сўнг уларнинг ҳаво (хоҳиш)ларига эргашсангиз, Сиз учун Аллоҳ (томони)дан бирор дўст ҳам, ҳимоячи ҳам йўқдир.
38     Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар учун Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириш мумкин эмас. Ҳар бир вақт учун (муносиб) китоб (ҳукм) бордир.
39     Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) барқарор қилур. Она Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) Унинг ҳузуридадир.
40     Агар Сизга (улар учун) ваъда қилган баъзи нарсаларни (яъни, азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки Сизни (олдинроқ) вафот қилдирсак ҳам, албатта, Сизнинг зиммангизда (динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб(-китоб) қилиш бордир.
41     (Макка мушриклари) Биз ер(лари)га келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни (фатҳ қилиниб келаётганини) кўрмадиларми?! Аллоҳ ҳукм қилур - Унинг ҳукмини таъқиб этувчи бўлмас. У тез ҳисоб(-китоб) қилувчидир.
42     Улардан илгариги кимсалар ҳам (ўзларининг пайғамбарларига нисбатан) макр қилганлар. Бас, макрнинг ҳаммаси Аллоҳникидир. У ҳар бир жоннинг қилаётган ишини билур. Яқинда кофирлар диёр (охират) оқибати кимники эканини билажаклар.
Изоҳ: Аллоҳга макр сифатини нисбат бериш мажозий бўлиб, уларнинг макрига жавобан бериладиган жазо ёки кўриладиган тадбир деб билмоқ керак.
43     Кофир бўлган кимсалар (сизга): "Пайғамбар эмассан", - дейдилар. Айтинг: "Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб (Қуръон) илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳликка кифоя қилур".

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase