015. Ҳижр сураси
- Пайшанба, Авг 04 2022
- 186 марта кўрилди
Ҳижр – Мадина билан Шом ўртасидаги водийлардан бири.
Сурада пайғамбарларга мухолифлик қилган умматларнинг ҳалокати, Еру осмон, қуёш, ой, шамол, сув каби неъматларнинг ҳаммаси инсон хизматида экани, Одам (а.с.)нинг лойдан ясалганига таъна қилиб, оловдан яратилган шайтоннинг унга сажда қилишдан бош тортгани, Иброҳим, Лут, Шуайб, Солиҳ (а.с.)ларнинг қиссалари ва бошқа маълумотлар баён этилган.
Ўн тўртинчи пора
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оят)лар Китоб (Таврот, Инжил) ва аниқ Қуръон оятларидир.
2. Кофир бўлганлар (дунёда) мусулмон бўлмаганлари учун (қиёматда) армонда бўлурлар.
3. (Эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар.
4. Бирор шаҳар (аҳолиси)ни унинг учун маълум муддат ўтмагунча ҳалок қилмаганмиз.
5. Бирор уммат ўз ажалидан илгари кета олмайди ва (ундан) кечикмайди ҳам.
6. Улар (Макка кофирлари Муҳаммадга) айтадилар: «Эй, зикр (Қуръон) нозил қилинган киши, дарҳақиқат, сен мажнунсан.
7. Агар (даъвоингда) ростгўйлардан бўлсанг, бизга (гувоҳ) фаришталарни келтир!»
8. Биз эса, фаришталарни фақат ҳақ (ҳикмат) билангина туширурмиз ва бу ҳолда улар (кофирлар)ни кутиб турилмас (ҳалок қилинурлар).
9. Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз.
10. Биз Сиздан олдин, аввалги тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз.
11. Улар ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилмасдан қўймас эдилар.
12. Шунингдек, уни (масхара қилиш истагини) барча жиноятчиларнинг дилларига солиб қўюрмиз.
13. (Улар) унга (Қуръонга) имон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг йўллари (тажрибадан) ўтган эди.
14. Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам,
15. «шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз», – деган бўлур эдилар.
16. (Биз) осмонда буржлар* яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб қўйдик.
* Осмоннинг ўн икки буржи – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут бўлиб, қуёш уларни 360 даража билан бир йил мобайнида кесиб ўтади. Ойнинг ҳам шу каби ўн икки буржи мавжуд.
Осмон буржларидан мурод улардаги ўн икки қаср бўлиб, у ерда қўриқчи фаришталар туради, деган тафсир ҳам бор (Хз.).
17. Яна уни (осмонни) барча қувғин этилган шайтонлардан муҳофаза қилдик*.
* Ибн Аббос (рз.) айтади: “Жин ва шайтонлар учун осмон эшиклари очиқ эди. Улар фаришталардан кўп хабарларни эшитиб олиб, ердаги коҳин, фолбинларга етказиб турар эдилар. Исо (а.с.) туғилганида учта осмон, Муҳаммад (а.с.) туғилганларида барча осмонлардан тўсилиб қолишди. Иблисга бу ҳақда шикоят қилишганда, Ерда бирор ҳодиса рўй бергандир, дейди. Ерга тушиб қарашса, Муҳаммад (а.с.) Қуръон ўқиб ўтирган эканлар” (Мд. Хз.).
18. Илло (у жинлардан) бирортаси (малоикаларнинг сўзини) яширинча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (ҳалок этар).
19. Ерни эса, уни ёйдик ва унга тоғларни ўрнатдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мос турли нарсаларни (ўсимлик ва меваларни) ундирдик.
20. Яна унда (ерда) сизлар учун ҳам, сизлар ризқлантирувчиси саналмайдиганлар* учун ҳам тирикчилик (ризқу-насибалар)ни яратиб қўйдик.
* Яъни аҳлу аёлларингиз, хизматкорларингиз, чорваларингиз учун ҳам аслида Биз ризқ ато этамиз (Мд.).
21. Ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни маълум ўлчов билан (сизларга) туширурмиз.
22. Биз шамолларни (булутларга) «ҳомиладор» бўлган ҳолида юбордик, сўнгра осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Сизлар уни ғамлаб олувчи эмассиз.
23. Албатта, Биз (барча жонзотни) тирилтирурмиз ва ўлдирурмиз. Биз – ворислардирмиз.
24. Биз сизлардан илгари ўтганларни билдик. Биз яна кейин келувчиларни ҳам билдик.
25. Албатта, Раббингизнинг Ўзи (қиёмат куни) уларни тўплагай. Албатта, У ҳикмат ва билим соҳибидир.
26. Биз инсонни (Одамни) қора балчиқдан (олиб) қуритилган лойдан яратганмиз.
27. Жин (яъни Иблис)ни эса (Одамдан) илгари алангали оловдан яратган эдик*.
* Иблисга Аллоҳ таоло кўп илмларни билдирган эди.
28. (Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Раббингиз фаришталарга: «Мен (асли) қора балчиқдан (олиб) қуритилган лойдан инсон яратувчиман.
29. Бас, уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) руҳимдан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» – деди.
30. Барча фаришталар жам бўлиб, унга (Одамга) сажда қилдилар.
31. Фақат Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.
32. (Шунда Аллоҳ) деди: «Эй, Иблис! Сенга не бўлдики, сажда қилувчилар билан бирга бўлмадинг?»
33. (У) айтди: «Мен қора балчиқдан олиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган башарга сажда қилувчи эмасман».
34. (Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (жаннатдан)* чиқ! Энди сен, (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан.
* Эҳтимолки, осмондан ёки фаришталар ичидан чиқ, деган бўлса (Мд.).
35. То жазо куни (қиёмат)гача сенга лаънат бўлур».
36. (У) деди: «Эй, Раббим! У ҳолда менга (улар) қайта тириладиган кунгача (қиёматгача) муҳлат бергин!»
37. (Аллоҳ) деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан
38. маълум вақт (қиёмат) кунигача».
39. (Иблис) айтди: «Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман.
40. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир).
41. (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги тўғри йўл шуки,
42. Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)».
43. Уларнинг (кофир ва гумроҳларнинг) барчаси учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир.
44. Унинг етти дарвозаси бўлиб*, ҳар бир дарвоза учун уларнинг бир тўдаси тақсим (тайин) этилгандир.
* Дўзах ёки жаҳаннамнинг етти дарвозаси деганда, унинг етти қават экани тушунилиши лозим. Биринчи қаватига вақтинча тушган гуноҳкор мўминлар, иккинчисига Муҳаммад (а.с.)га имон келтирмаган яҳудийлар, учинчисига шу каби насронийлар, тўртинчисига собиинлар, бешинчисига мажусийлар, олтинчисига мушриклар, еттинчисига мунофиқлар тушгай (Мд.).
45. Тақводорлар эса, албатта, (жаннатдаги) боғлар ва булоқлардадирлар.
46. «У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!» (дейилур).
47. Биз (жаннатдаги) сўриларда биродар бўлиб, бир-бирларига юзма-юз ўтирганларнинг дилларидаги гина (ва адоватлар)ни чиқариб ташлагаймиз.
48. У жойда уларга чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар.
49. (Эй, Муҳаммад!) Бандаларимга билдириб қўйингки, албатта, Ғафур (кечиримли) ва Раҳим (раҳмли зот) Менинг ўзимдирман.
50. Шунингдек, Менинг азобим ҳам энг аламли азобдир.
51. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмон(лар)и ҳақида хабар беринг!
52. Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб: «Салом!» – дедилар. (Таомга қўл чўзишмагач) у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз (кимсизлар ўзи?)» – деди.
53. Улар дедилар: «Қўрқмагин! (Биз фаришталармиз) Биз сенга бир доно ўғил (яъни Исҳоқни) хушхабарини етказурмиз».
54. У деди: «Менга кексалик етган пайтида (фарзанд кўришим ҳақида) хушхабар келтирдингизми? Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини берурсиз?»
55. Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг) хушхабарини келтирдик. Бас, сен умидсизлардан бўлмагин!»
56. У деди: «Парвардигорининг раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар».
57. (Сўнгра, уларга қараб) деди: «Эй, элчилар! Арзингиз не?»
58. Улар дедилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (Лут қавмига, уларни ҳалок қилиш учун) юборилганмиз.
59. Лекин биз Лутнинг бутун оиласини қутқарувчидирмиз.
60. Фақат унинг хотинига (нажот йўқдир)». (Чунки Биз – Аллоҳ) унинг (азоб-уқубатда) қолувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз.
61. Қачонки, Лут оиласига элчиларимиз келгач,
62. У (Лут) деди: «Сизлар нотаниш қавмсиз».
63. (Улар) дедилар: «Йўқ! (аксинча, биз) сенга улар (яъни, қавминг) шак қилаётган нарсани (Аллоҳнинг азобини) келтирдик.
64. Биз ҳақиқатан сенга (азобни) келтирдик. Биз, албатта, ростгўйдирмиз.
65. Энди сен туннинг бир қисмида оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортида юр! Сизлардан ҳеч ким атрофга алангламасдан буюрилган тарафга қараб кетаверингиз!»*
* Чиқиб кетишга буюрилган тараф Шом, Миср ёки Урдун (Иордания) томони эди (Хз. Мд.)
66. Биз унга (Лутга) тонг пайтида ана ўшалар (кофирлар)нинг думи қирқилиши (ҳалок бўлиши) ҳақидаги мана шу фармонни ваҳий қилдик.
67. Шаҳар* аҳолиси (меҳмонларни эшитиб) хурсанд бўлган ҳолларида келдилар (чунки улар баччабозлик қилишга одатланган эдилар).
* Лут (а.с.) қавми яшаган шаҳарнинг номи Садум эди.
68. (Шунда Лут) деди: «Бу (йигит)лар менинг меҳмонларимдир. Мени (улар олдида) шарманда қилмангиз.
69. Аллоҳдан қўрқингиз! Мени (уялтириб) расво қилмангиз!»*
* Яъни меҳмонларимни ножўя қилиқларингиз билан хафа қилишингиз гўё мени хафа қилганингиз бўлади (Мд.).
70. Айтдилар: «Биз сени барча оламдан (одамлар ҳимоясидан) қайтармаганмидик?!»
71.(Лут) деди: «Агар (алоқа) қилувчи бўлсангиз, ана – қизларим. (Ўшаларни никоҳларингизга олаверингиз!)»
72. (Эй, Муҳаммад!) Умрингизга қасамки, улар ўз «мастликларида» гангиб юрар эдилар.
73. Тонг пайтида (тўсатдан) уларни даҳшатли қичқириқ тутди*.
* Жаброил (а.с.) наъра тортиб, бир қичқирганида унинг товушидан ҳалок бўлдилар.
74. Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан (ясалган) тош ёғдирдик.
75. Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир.
76. Дарвоқе, у (аҳолиси ҳалок этилган шаҳар) доимий йўл устидадир*.
* Яъни Ҳижоз (ҳозирги Саудия)дан Шом (Сурия) томонга қараб ўтган йўл бўйидадир. Унинг асоратларини йўловчилар кўриб, ибрат олишлари мумкин (Хз.).
77. Албатта, бунда мўминлар учун аломатлар бордир.
78. Шубҳасиз, Айка (ўрмон) эгалари (Шуайб қавми) ҳам золим (кофир) бўлган эдилар.
79. Бас, (Биз) улардан интиқом олдик. Дарвоқе, уларнинг (яъни Лут ва Шуайб қавмларининг шаҳарлари) иккиси ҳам аниқ йўл устидадир.
80. Аниқки, Ҳижр (водий) эгалари (Самуд қавми) ҳам пайғамбарларни, (хусусан, Солиҳни) ёлғончига чиқарган эдилар.
81. Биз уларга Ўз оятларимизни келтирган эдик, лекин улардан юз ўгирувчи бўлдилар.
82. (Улар) тоғлардан йўниб, уй ясаб хавфсиз юрар эдилар.
83. Бас, уларни тонг палласида даҳшатли қичқириқ тутди.
84. Уларга қилиб юрган нарсалари (тошдан ясалган қалъалари) фойда бермади.
85. (Биз) осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ (ҳикмат) билан яратдик. Қиёмат ҳам, шаксиз, келувчидир. Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг!
86. Албатта, Раббингизнинг ўзигина Халлоқ (яратувчи) ва Алим (билимдон)дир.
87. Дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчи (етти оятли «Фотиҳа» сураси)ни ва улуғ Қуръонни ато этдик.
88. Кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (уларнинг бойликларига) тикманг!* Уларнинг (имонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни қуйи тутинг (камтар бўлинг)!
* Яъни куфр аҳлининг бу дунёда моддий жиҳатдан фаровон яшаётганини кўриб, уларга Сиз ҳавас кўзи билан боқманг!
89. (Уларга) айтинг: «Албатта, мен (сизларга Аллоҳнинг азобидан) ошкора огоҳлантирувчидирман».
90. (Бу) худди тақсимлаб олувчиларга (аҳли китобларга) нозил қилганимиз кабидир.
91. Улар Қуръонни (ўзларича) бўлак-бўлак қилиб олган эдилар*.
* Яъни оятларнинг баъзисига имон келтириб, баъзисини инкор этган эдилар.
92. Раббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроқ қилгайман
93. қилган ишлари тўғрисида.
94. Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъватни) ошкора қилинг ва мушриклардан (ҳозирча) юз ўгиринг!
95. Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларни (жазолаш учун) кифоя қилурмиз.
96. (Улар) Аллоҳга бошқа «илоҳ»ни (шерик) қилурлар. Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар.
97. Шаксиз, Биз уларнинг (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзларидан юрагингиз сиқилаётганини билиб турибмиз.
98. Бас, Сиз Раббингизга ҳамд билан Унга тасбеҳ айтинг ва сажда қилувчилардан бўлинг!
99. (Шунингдек) Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Раббингизга ибодат қилаверинг!