close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

012. Юсуф сураси

Юсуф – пайғамбар номи.
"Гўзал қисса" деб таърифланувчи ушбу сурада асосан Яъқуб (а.с.) нинг ўғли Юсуф (а.с.) нинг бошидан кечирган воқеалари акс эттирилган. Сурада оталик ва биродарлик меҳри, ишқ-муҳаббат, аёллар макри, туш таъбири, сахийлик ва кечиримли бўлиш каби инсоний хусусиятлар ўз ифодасини топган. Бу сурадан илҳомланган шоир ва ёзувчилар қадимдан “Юсуф ва Зулайхо қиссаси” рукнида турли достонлар ижод этганлар. Улар ичида Абдураҳмон Жомий, Фузулий, Фирдавсий, Рабғузий, Дурбек, Балхий каби шоирларнинг асарлари диққатга сазовордир.
Суранинг нозил бўлиш сабаби икки хил кўрсатилган. Биринчиси – саҳобийларнинг талаб ва истаклари асосида. Иккинчиси – яҳудийлар томонидан Яъқуб (а.с.), у зотнинг фарзандлари ва Юсуф (а.с.) тўғрисида Расул (а.с.)дан синов учун сўралганда нозил қилинган (Мд. Хз.).

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбулар аниқ Китобнинг оятларидир.
2. Албатта, Биз уни (Китобни) англашингиз учун арабий Қуръон тарзида нозил қилдик.
3. Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз.
4. Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: «Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим».
5. (Отаси) айтди: «Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга* сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир**.
* Биродарларининг исмлари – Рубил, Шамъун, Яҳудо, Ловий, Забулун, Яшжар бўлиб, бу олтовлон Яъқуб (а.с.)нинг Лая деган хотини (тоғасининг катта қизи)дан туғилган. Яна Зулфа ва Балҳа деган чўриларидан тўрт ўғил – Дон, Нифтоли, Жод, Ошар. Лая вафот этгандан кейин унинг синглиси Роҳилга уйланадилар. Ундан Юсуф ва Бинямин туғилади. Ҳаммаси бўлиб Юсуфнинг 10 акаси ва бир укаси бўлган. Шу ўн икки биродарларни "Асбот" дейилади (Қр. Мд.).
** Яъқуб (а.с.) Юсуфни ақл-заковати, ҳусну сийрати, ахлоқ-одоби юқори даражада бўлганидан жуда севар эди. Бу меҳрни пайқаган биродарлари Юсуфга ҳасад қилишар эди. Шунинг учун кўрган тушини билсалар, ҳасадлари янада ошиб кетмасин, деб, уни огоҳлантириб қўйди.
6. Шу (тушингда кўрганинг) каби Раббинг сени танлаб олади, сенга гаплар (тушлар ёки илоҳий китоблар) мазмунини ўргатади ва икки боболаринг – Иброҳим ва Исҳоққа тўла бергани каби, сенга ва Яъқуб наслига (Ўзининг) неъматини тўла бахш этади. Албатта, Раббинг билим ва ҳикмат эгасидир».
7. Ҳақиқатан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир.
8.Ўшанда (акалари) айтдилар: «Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир».
9. (Кимдир деди): «Юсуфни ўлдирингиз ёки уни бирор ерга чиқариб ташлангиз, шунда отангизнинг ўзи сизларга қолар (фақат сизларга меҳр қўяр). Ундан кейин (яна) солиҳ (киши)лар қавми бўлурсиз»*.
* Бу маслаҳатни Шамъун ёки Дон ёхуд Рубил берган (Мд. Бғ. ИК. Тб.).
10. Улардан бир сўзловчи* деди: «Юсуфни ўлдирмангиз, балки агар (бирор нарса) қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқ қаърига ташлангиз, (шунда) уни баъзи йўловчилар олиб кетар!»
* Сўзловчи – Яҳудо ёки Шамъун ёхуд Рубил, деган ривоятлар бор (Лс. ИК. Хз.).
11. Дедилар: «Эй, отамиз! Нечун Сиз Юсуфни бизга ишонмайсиз? Ахир, биз унга жуда хайрихоҳмиз-ку!
12. Эртага уни биз билан бирга жўнатинг, яйраб ўйнасин! Биз унинг учун қўриқловчилармиз».
13.(Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман».
14. Айтдилар: «Биз бир тўда бўла туриб, мабодо уни бўри еб кетса, унда биз роса зиён кўрувчилар бўлиб қоламиз-ку?!»
15. Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар)* (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», – деб ваҳий қилдик.
* Юсуф (а.с.)ни қудуққа ташлаганда ёши нечада экани тўғрисида турли тахминлар бор. Масалан 6, 12, 15, 17, 18 каби. Яъқуб (а.с.) бобоси Иброҳим (а.с.)дан қолган куйлакни Юсуф (а.с.)нинг бўйнига тумор шаклида ёки қамиш найи ичига солиб осиб қўйган эди. Бу куйлак Иброҳим (а.с.)ни кийимсиз ҳолда оловга ташлаганларида Жаброил (а.с.) жаннатдан олиб чиқиб кийдириб қўйган бўлиб, уни Исҳоқ (а.с.)га қолдирган, у эса, Яъқуб (а.с.)га берган эди. Юсуфнинг куйлагини ечиб, ўзини қудуққа ташлаганда Жаброил (а.с.) келиб, унинг бўйнидаги мазкур тумор ичидан кўйлакни олиб эгнига кийдиради. Юсуф (а.с.) қудуқда уч кун қолади. Унга Жаброил (а.с.) ёки акаси Яҳудо овқат келтириб турган. Бошқа ривоятда қудуқ остидаги сув унга таом ўрнига ўтган, дейилади. Якка қолганда қўрқмаслиги учун Жаброил (а.с.) унга ўқиши учун махсус дуоларни ўргатади. Уларни ўқиганида фаришталар келиб уни овутиб турадилар.
16. Оталари ҳузурига оқшом пайтида йиғлаб келишди.
17. Айтдилар: «Эй, отамиз! Биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб қувалашиб кетсак, уни бўри еб кетибди. Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз».
18. Унинг кўйлаги узра сохта қон (қўзичоқ қони) билан келдилар. (Яъқуб) деди: «Йўқ! Сизларни (ўз) нафсингиз (бундай мудҳиш) ишга ундаган. Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир».
19. (Юсуф қудуқда уч кун ётгач) бир карвон келди. Сув келтирувчини юборган эдилар, у челагини (қудуққа) туширгач: «Хушхабар! Бу бола-ку!» – деди. Уни (бозорбоп) матоҳ сифатида сир тутдилар. Аллоҳ эса қилаётган ишларини билувчидир.
20. Уни (Миср бозорида) арзон – саноқли дирҳамларга сотдилар ва (бу ишда гўё улар) тарки дунё қилувчилардан бўлдилар.
21. Мисрда уни сотиб олган киши (Миср азизи Қитфир)* хотини (Зулайхо)га: «Унга яхши жой бер, зора бизга фойдаси тегса ёки уни ўғил қилиб олсак», – деди. Шундай қилиб, Юсуфни ерга (Мисрга) жойлаштирдик ва гаплар (тушлар ёки илоҳий китоблар) таъвили (изоҳи)ни билдиришимиз учун (шундай қилдик). Аллоҳ (Ўз) ишида ғолибдир, лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар.
* Сарой хазинабонини “Азиз” деб атаганлар. Ўзининг исми Қитфир ёки Итфир. Шоҳнинг исми Райён ибн Валид.
22. Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шу тарзда мукофотлаймиз.
23. У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайхо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: «Қани кел!» – деди. (Юсуф) деди: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар*, зотан, нажот топмаслар».
* Оятдаги "золимлар"дан мурод хоинлар ёки зинокорлардир (Мд.).
24. (Зулайхо) унга мойил, у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди*. Агар Раббининг ҳужжатини** кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди). Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир.
* Юсуфдаги мойиллик дилда ҳосил бўладиган, лекин уни ижро этиш нияти бўлмаган табиий мойиллик, Зулайходаги мойиллик эса, уни амалга ошириш нияти билан эди (Мд. Хз.).
** “Раббининг ҳужжати” – отасининг сиймоси эди, яъни мазкур мойиллик пайдо бўлган заҳоти бехос кўзларига отаси Яъқуб (а.с.) нинг бармоғини тишлаб турган қиёфаси кўриниб, гўё "бу ишдан қайт!" – дегандек туюлди. Оятдаги “ҳужжат” сўзининг бошқача тафсирлари ҳам бор (Хз.).
25. (Иккиси) эшик томон қувалашиб кетди (Юсуф қочди, у қувди) ва (Зулайхо) унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборди. Эшик олдида хожаси (эри)га йўлиқдилар. (Зулайхо) деди: «Оилангга ёмонликни раво кўрган кишининг жазоси ҳибсга олиниш ёки аламли азобдан бошқа бўлмаслиги керак».
26. (Юсуф) деди: «Унинг ўзи мендан нафсимни (жинсий яқинлик қилишимни) талаб қилди». Унинг (Зулайхонинг) қариндошларидан бири* гувоҳлик бериб: «Агар унинг кўйлаги олд (томони)дан йиртилган бўлса, у (Зулайхо) рост сўзлаган, у (Юсуф) эса ёлғончилардандир.
* Гувоҳлик берган қариндоши – ўз амакисининг ёки тоғасининг бешикдаги ўғли эди.
27. Борди-ю, кўйлаги орқа (томони)дан йиртилган бўлса, у (Зулайхо) ёлғон сўзлаган, у эса ростгўйлардандир»*.
* Олд томондан йиртилгани – эркак кишининг ўзи бу ишга ҳаракат қилгани ва аёлнинг қаршилик қилганининг белгиси. Орқа томондан йиртилгани эса, эркак бу ишдан қочганида, аёлнинг унинг ортидан қувганидан далолат, деб гувоҳлик берилган.
28. (Зулайхонинг эри Миср азизи унинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: «Албатта, бу сиз (аёллар)нинг макрингиздир. Ҳақиқатан, сизларнинг макрингиз улкандир.
29. Юсуф! Бу (иш)ни қўйгин, сен эса (эй, Зулайхо,) гуноҳинг учун кечирим сўра. Зеро, сен янглишганлардан бўлдинг», – деди.
30. Шаҳардаги аёллар: «Миср азизининг (хазинабоннинг) хотини ўз хизматкори билан ўйнашмоқчи бўлибди. Юрагидан уриб қўйибди. Албатта, биз уни аниқ гумроҳликда деб билурмиз», – дедилар.
31. Бас, (Зулайхо) уларнинг макрларини эшитгач, улар* ҳузурига (одам) юборди ва уларга суянчиқ (таом ёки мева) ҳозирлади ҳамда улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб (Юсуфга): «Улар ҳузурига чиққин!» – деди. Бас, уни кўришгач, унга маҳлиё бўлдилар ва қўлларини кесиб олдилар ҳамда : «Ё, Аллоҳ! Бу башар эмас! Бу (азизу) мукаррам фариштанинг ўзгинаси-ку!» – дедилар.
* Аёллар олдинги оятдаги таъна гаплари билан ҳийла ишлатиб, Юсуфни кўришга имкон топдилар. Зулайхо уни аёлларга кўрсатмаётган эди. Қилган ғийбатлари макр ўрнида бўлди. Аёллар беш нафар – соқий, новвой, отбоқар, зиндонбон ва дарвозабонларнинг хотинлари бўлиб, Зулайхо уларга Юсуф (а.с.)ни таърифлаб, севиб қолганини айтган эди (Мд.).
Зулайхо мазкур бешта аёлдан ташқари зиёфатга яна 35 нафар аёлни таклиф этди (Мд. Хз.).
32. (Зулайхо) деди: «Мени у тўғрида маломат қилганларинг шу (йигит) эди*. Ҳақиқатан, ундан нафси (жинсий яқинлиги)ни талаб қилганимда, у сақланди. Қасамки, агар (у) менинг буйруғимни бажармас экан, албатта, зиндонбанд қилиниб, ҳақирлардан бўлиб қолур».
* Юсуфнинг ҳусну жамоли таърифида муболағали нақллар кўп. Жумладан, у Миср кўчаларида юрганида унинг юзидан барқ уриб чиқаётган нурнинг акси кўча деворларида намоён бўлар эди. Бошқа инсонларга нисбатан унинг ҳусни бамисоли ўн тўрт кунлик тўлин ойнинг юлдузларга нисбатан ортиқлигидек эди, деб баҳо берилган (Мд.).
33. (Юсуф) деди: «Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман».
34. Бас, Рабби (дуосини) ижобат қилди ва у (аёл)ларнинг макрларини ундан бартараф этди. Албатта, У эшитувчи ва билувчидир.
35. Сўнгра уларда (Қитфир ва сарой аъёнларида жиноятга оид) аломатларни кўрганларидан сўнг уни (маълум) бир вақтгача зиндонбанд қилиб туриш (фикри) пайдо бўлди.
36. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит (туҳмат билан) тушди. Улардан бири (шоҳнинг соқийси): «Мен тушимда май тайёрлаётган эмишман», – деди. Униси (шоҳнинг новвойи) эса: «Мен бошимда нон кўтариб турган эмишман. Қушлар ундан еяётган эмиш. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб бер! Зеро, биз сени эзгу иш қилувчилардан эканингни кўриб турибмиз», – деди.
37. (Юсуф) айтди: «Мен сизларга озуқа бўладиган таом олдингизга келишидан бурун унинг (қандайлиги) таъвилини айтиб берурман. Бу Раббимнинг менга билдирган нарсаларидандир. Мен Аллоҳга имон келтирмайдиган ва охиратни инкор этувчи қавм динини тарк этдим.
38. Шунингдек, аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг динига эргашдим*. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмасдир. Бу Аллоҳнинг бизларга ва одамларга (нисбатан) фазлидир, лекин аксарият одамлар шукр қилмайдилар.
* Мазкур пайғамбарнинг дини тавҳидга асосланган ислом дини эди. Кейинги икки оятдан маълум бўлишича, Юсуф (а.с.) тавҳид динига даъват қилишни зиндонда ётган пайтидан бошлаганлар.
39. Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман «илоҳлар» яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?
40. Сизлар Уни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар (бут-санамлар)гагина сиғинаяпсиз. Уларга Аллоҳ бирор ҳужжат туширмаган бўлса?! (Ибодат ва дин тўғрисидаги) ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир. (У) Ўзидан бошқага сиғинмасликка буюрган. Тўғри дин – мана шу! Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар*.
* Демак, инсон билим олиш имкониятига эга бўла туриб, билишга ҳаракат қилмаса ва билмаганидан гуноҳ иш қилиб қўйса ҳам гуноҳ ёзилаверади. Билмаслиги узрга ўтмайди.
41. Эй, икки ҳамзиндонларим! Энди, сизларнинг бирингиз (кўрган туш)га келсак, (у озод этилиб, яна) хожасига соқийлик қилур. Униси бўлса, (дорга) осилади ва унинг бошидан қушлар (чўқиб) ейди. Сизлар жавобини сўраган иш (туш таъбири) тугади».
42. Икковидан халос топувчи деб ҳисоблаган (соқийга Юсуф): «Хожанг (Миср шоҳи)* ҳузурида менинг тўғримда гапир!» – деди. Лекин шайтон хожасига айтишни унуттирди. Натижада (Юсуф) бир неча йил** зиндонда қолди.
* Оятда “хожанг” маъносини берадиган “раббинг” сўзи ишлатилган. Муҳйиддин ибн Арабий сўзига кўра, ўша даврда Аллоҳдан бошқаларга ҳам шу сўзни ишлатиш жоиз бўлган. Зеро, “рабб” сўзи парвардигор маъноси билан бирга хожа, эга, молик маъноларини ҳам англатади.
** “Бир неча йил” тафсирларда етти йил деб кўрсатилган. Бунинг боиси зиндондан озод этилиб кетаётган соқий орқали шоҳга ўзини эслатиш ва шу сабабли озодликка чиқишни ирода этгани эди. Бу ишлари Аллоҳга хуш келмагани тўғрисида Жаброил (а.с.) келиб, Юсуф (а.с.)га айтган. Олдинги беш йил билан бу етти йил қўшилиб, ўн икки йил зиндонда ётган бўлади. Юсуф (а.с.) ўн етти ёшида харид қилинди. Миср азизи – Қитфир уйида 13 йил турди. Шоҳ уни 31 ёшида ўзига вазир қилиб олиб, барча хазиналар ихтиёрини унга топширди. 33 ёшида Аллоҳ таоло унга илму ҳикмат ато этди. 120 ёшида оламдан ўтди (Мд.).
43. Шоҳ (бир куни) деди: «Мен тушимда еттита озғин сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа (еттита) қуриган бошоқларни кўрдим. Эй, аъёнлар! Агар туш таъбирини айтувчи бўлсангиз, тушим тўғрисида фатво (жавоб) берингиз!»
44. (Аъёнлар) айтдилар: «(Бу) чалкаш тушлар. Биз (бундай) тушлар таъбирига олим эмасмиз».
45. Икки (маҳбуслар)дан озод бўлгани (соқий) бир қанча муддат (етти йил) ўтгач, (Юсуфни) эслаб деди: «Унинг таъбирини мен айтиб берурман. Мени (Юсуф ҳузурига) юборингиз!»
46. (У бориб деди): «Юсуф! Эй, ростгўй одам! Бизга еттита озғин сигир еттита семиз сигирни егани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа (етти) қуруқлари тўғрисидаги (туш) фатвоси (таъбири)ни айтиб бергин. Шояд, одамлар олдига борганимда зора, улар ҳам (буни) билиб олишса».
47. (Юсуф) айтди: «Одатларингиз бўйича етти йил зироат қилаверасиз. Олган ҳосилингизни (омборда) бошоғи билан қолдирингиз. Фақат озгина ўзингиз ейдиганингизни (янчиб олингиз!)
48. Сўнгра, ундан кейин қаттиқ етти (йил) келади ва шу (қаҳатчилик йил)лар учун ғамлаб қўйган захирангизни еб кетади. Фақат озгина асраб қўйганингиздан (қолур).
49. Сўнгра, ундан кейин бир йил келиб, одамлар унда ёмғирга сероб бўлурлар ва унда (мевалардан) шарбат олурлар».
50. Шоҳ (бу жавобларни эшитиб): «Уни ҳузуримга олиб келингиз!» – деди. Чопар унинг олдига келгач, у (Юсуф) деди: «Хожанг ҳузурига қайтиб боргин-да, ундан қўлларини кесиб олган аёллар иши нима бўлганини сўра!* Албатта, Раббим уларнинг макрларини билувчидир».
* Ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с.): “Агар мен Юсуф (а.с.) ўтирган муддат миқдорида зиндонда ўтирган бўлганимда, чопарни қайтариб юбориш ўрнига дарҳол у билан бирга озодликка чиққан бўлур эдим” деб, камтарлик билан Юсуф (а.с.)нинг сабр-бардошларига таҳсин айтган эканлар (Мд. Хз.).
Юсуф (а.с.) зиндонга тушишига сабабчи бўлган Зулайхо тўғрисида сўрамай, қўлларини кесиб олган аёллар ҳақида сўраши ҳам одоб-ахлоқининг нақадар юксаклигидан даракдир (Мд.).
Юсуф (а.с.) зиндондан чиқмай туриб, аёллар макрини фош қилиш билан бирга ўзининг ҳибсда шунча муддат сақланишига арзийдиган жиноят қилмагани ва покдомон эканини ҳам исботлаб, ёруғ юз билан чиқишга ҳаракат қилдилар (Қз.).
51. (Шоҳ аёлларни чорлаб, уларга) деди: «Юсуфдан шаҳвоний майллик талаб қилганингизда не бўлган эди?» Айтдилар: «Аллоҳ сақласин! Унда бирор ёмонлик борлигини билмадик». Азизнинг хотини (Зулайхо) деди: «Мана энди, ҳақиқат рўёбга чиқди. Ундан мен (жинсий) майллик талаб қилган эдим. У, ҳақиқатан, (сўзида) содиқлардан экан».
52. (Шундан кейингина Юсуф деди): «Буни мен (Миср азизи) ғойиблигида унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ (Зулайхо ва аёллардек) хиёнатчилар макрини раво қилмаслигини (Азиз ёки шоҳ) билиши учун (қилдим).

Ўн учинчи пора

53. Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир».
54. Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди.
55. (Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман»*.
* Пайғамбаримиз (а.с.) айтган эканлар: "Аллоҳ биродарим Юсуфни раҳмат қилсин, агар хазинабонлик лавозимини шошиб ўзи сўрамаганида ҳам бир йил ўтмасдан унга шу лавозим берилар эди". Зеро, Қитфирнинг вафоти яқин эди. Лекин Юсуф (а.с.)нинг мансаб сўраши бу ҳолатда тўғри бўлган. Зеро, бу лавозимга у зотдек адолатли одам йўқ эди (Мд.).
56. Шундай қилиб, Юсуфни (ўша) ернинг ўзи хоҳлаган жойида истиқомат қиладиган қилиб қўйдик*. Раҳматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмайдурмиз.
* Шоҳ Юсуф (а.с.)ни дабдаба билан кутиб олиб, Қитфирнинг ўрнига хазинабонликка тайинлайди. Шу йили Қитфир ўлгач, шоҳ амри билан Зулайхо Юсуф (а.с.)га никоҳ қилиниб, икки ўғил, бир қиз кўришади – Афросим, Мишо ва Айюб (а.с.)нинг хотини Раҳма (Мд. ИК.).
57. Охират мукофоти эса, имон келтирган ва тақволи бўлганлар учун яхшироқдир
58. Юсуфнинг биродарлари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузурига кирганларида, уларни таниди. Улар эса, уни танимас эдилар.
59. Уларни сармоялари билан жиҳозлагач, (Юсуф) деди: «Ўша, ота бир иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз. Ахир, мен сизларга яхши мезбонлик қилиб, (донларни) тўла ҳолда ўлчаб бераётганимни кўраяпсизми?
60. Бас, агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангиз, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун ўлчанадиган нарса йўқ ва менга яқин келмай қўя қолингиз».
61. Улар: «Отасидан уни (бизга қўшиб юборишни) сўраймиз. Албатта, бизлар (шундай) қилувчимиз», – дедилар.
62. (Юсуф ўзининг тарозибон) йигитларига: «Уларнинг, (донга алмаштириш учун) келтирган нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйингиз. Шояд, уйларига қайтган вақтларида, уларни таниб, яна қайтиб келсалар», – деди.
63. Оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: «Эй, ота, (бундан кейин) бизларга ўлчов (озиқ-овқат) берилмайдиган бўлди. Биз билан бирга инимизни (Биняминни) юборгин, шунда ўлчаб ола биламиз. Бизлар, албатта, уни муҳофаза қилувчимиз».
64. (Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга илгари акасини ишонганимдек яна ишонайинми?! Бас, Аллоҳ энг яхши асрагувчидир ва У меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир».
65. (Олиб келган) юкларини очиб кўришгач, (алмаштириб келиш учун олиб борган) нарсаларини ўзларига қайтарилганини кўриб, дедилар: «Эй, ота, мана нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди. (Яна) бизга нима керак?! (Инимизни қўшиб юборсанг), яна оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз, инимизни муҳофаза қилурмиз ва (унинг учун ҳам) бир туя юкни ортиқроқ олурмиз. Бу (Миср хазинабони учун арзимаган) озгина ўлчовдир».
66. Яъқуб айтди: «Уни (Биняминни) менинг олдимга келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васиқа келтирмагунингизга қадар (яъни Аллоҳ номига қасам ичмагунингизча) – қуршовда қолишингиз бундан мустасно – уни сира сизлар билан бирга юбормасман». Унга васиқаларини келтиришгач, (Яъқуб): «Бу айтаётган гапларимизга Аллоҳ гувоҳдир», – деди.
67. (Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: «Эй, ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз!* Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар!»
* Яъқуб (а.с.) ўғилларига ҳаммаси бир дарвозадан биргаликда кирсалар, уларга кўз тегишидан қўрққани учун шу таклифни берган. Олдинги биринчи бор кирганларида якка-якка ҳолда кирган эдилар. Бизнинг эътиқодимиз бўйича кўз тегиши бор нарса. Пайғамбаримиз (а.с.) набиралари Ҳасан билан Ҳусайнга кўз тегмасин деб қилган дуолари ҳадисларда келган. Мўътазилийлар пешволаридан Жуббоий кўз тегишини рад этган (Мд. Хз.).
68. Уларнинг оталари буюрган тарзда (Мисрга) киришлари улардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтарувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги (фарзандларига нисбатан меҳридан пайдо бўлган) бир ҳожат бўлиб, у ўшани қондирган эди, холос. Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли (чуқур) билим эгасидир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар.
69. Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у иниси (Бинямин)ни ўзига тортиб: «Мен сенинг акангман. Энди улар (яъни акаларимиз) қилаётган нарса (ҳасад ва адоватлари)дан ташвиш чекма!» – деди*.
* Юсуф (а.с.) акаларидан ҳар икки кишини бир дастурхонга ўтиришга таклиф этади. Ўнта ака-ука бешта дастурхонга ўтиргач, Бинямин ўзи якка қолиб, қани энди менинг ҳалок бўлган акам Юсуф тирик бўлганида бирга ўтирган бўлур эдим деб, йиғламсирайди. Шунда Юсуф (а.с.) унга, мени унинг ўрнига акаликка қабул қиласанми, деганида, у рози бўлади. Шундан кейин ўзини танитади (Мд. Хз.).
70. Бас, уларнинг юкларини тайёр қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир (сув ичадиган) чўмични* солиб қўйди. Сўнгра жарчи: «Эй, карвон (эгалари!) Сизлар ўғрисиз», – деб жар солди.
* Шоҳнинг тилла ёки кумуш ёхуд забаржаддан ясалган идиши бўлиб, у билан сув ичиб юрар эди. Кейинчалик уни ўлчов идиши қилиб қўйган эди. Иниси юкига яшириб қўйиши уни ўз ҳузурида олиб қолиш учун ўйлаб топган ҳийласи эди. Олдинги шариатларда тилла ёки кумуш идишларда ейиш-ичишда фойдаланиш жоиз бўлган (Лс.).
71. Улар келишгач: «Нима йўқотдингиз?» – дедилар.
72. (Жарчилардан бири) айтди: «Подшоҳнинг ўлчов идишини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга кафилман».
73. Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, бизлар бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганимизни биласиз. (Биз) ўғри эмасмиз».
74. «Агар ёлғончи бўлсангиз, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?» – сўрашди (жарчилар).
75. Улар дедилар: «Унинг жазоси, кимнинг юки орасидан топилса, шунинг ўзи унинг жазосидир. Бизлар зулм (ўғрилик) қилувчи кимсаларни худди шундай жазолаймиз»*.
* Яъқуб (а.с.) шариатида тутилган ўғрининг жазоси бир йил муддатга қулликда хизмат қилдириш эди. Шу жазо қўлланилгач, Бинямин акаси ҳузурида қолишга рози бўлди. Бундан ўша даврда Мисрда хорижлик киши жиноят қилса, унинг ўз юрти қонуни бўйича жазолаш жоиз бўлгани ҳам маълум бўлади.
76. Бас, (Юсуфнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари (Бинямин)нинг идишидан олдин уларнинг (яъни акаларининг) идишларидан бошлади. Сўнгра уни укаси идишидан «топиб» чиқарди. Биз Юсуфга мана шундай ҳийла (тадбир)ни қилдик (билдирдик). (Чунки) подшоҳнинг (жорий) ҳукми бўйича ўз биродарини – Аллоҳ хоҳламаса – (бошқа йўл билан) олиб қола олмас эди*. Биз (ўзимиз) хоҳлаган кишиларнинг даражаларини кўтарурмиз. Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим) бордир.
* Шоҳнинг жорий ҳукми ўғирланган нарсани икки баробар миқдорида ўғридан ундириб олиш эди. Агар Юсуф (а.с.) бу ҳукмни қўлламаганида укасини олиб қололмас эди. (Мд.)
77. Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (қилгандир, чунки) илгари унинг акаси ҳам ўғрилик қилган эди», – дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади ва «Сизлар ёмон (тубан) мартабада экансиз. Аллоҳ сиз тавсиф этаётган нарсани яхши билувчидир», – деди.
78. Улар дедилар: «Эй, азиз, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Бизлар сенинг эзгу ишларни қилувчи зотлардан эканингни кўриб турибмиз».
79. (Юсуф) айтди: «(Йўқотган) матоҳимизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин! Акс ҳолда биз золим кимсалардан бўлиб қолурмиз».
80. Ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб шивирлашдилар. Уларнинг тўнғичи* айтди: «Отангиз зиммангизга Аллоҳдан васиқа олиб қолганини билмай қолдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдингиз. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ мен учун (бирор) ҳукм қилмагунича мана шу ердан сира жилмайман. У (Аллоҳ) ҳукм қилувчиларнинг яхшироғидир.
* Тўнғичи Рубил ёки Яҳудо эканида ихтилоф бор.
Рубил ёш жиҳатдан катта, Яҳудо ақлу заковатда ортиқ, Шамъун эса, ҳаммасининг устидан раҳбар эди, деган тафсир ҳам бор. Шунинг учун Мисрда қолгани Рубил билан Яҳудодан бири бўлиши керак (Мд. Хз. Абс.).
81. Сизлар отангиз олдига қайтиб, (унга) айтингиз: «Эй, ота! Ўғлингиз ўғрилик қилди. Бизлар фақат билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин Юсуф ҳақида ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни келажакда нима бўлишини) эса билувчи эмас эдик.
82. Биз унда бўлиб қайтган шаҳар (аҳли)дан ва бирга кетган карвондан сўрагин. Албатта, бизлар рост сўзловчилармиз».
83. (Улар бориб Яъқубга айтишгач, у) деди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи нафсингиз (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Бас, (менинг ишим) чиройли сабрдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса. Албатта, У Билимли ва Ҳикматлидир».
84. Кейин улардан юз ўгириб: «Эсизгина Юсуф!» деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди* ва у энди маҳзундир.
* Яъқуб (а.с.) 80 йил суюкли ўғли Юсуф (а.с.)нинг фироқида кўп йиғлаганидан кўзлари оқариб, охири кўр бўлиб қолади. Бу йиғи бесабрлик йиғиси бўлмай, инсонга Аллоҳ ато этган туғма табиат бўлиб, оталик меҳридан далолатдир. Муҳаммад (а.с.) ҳам Иброҳим исмли норасида ўғиллари вафот этганида кўзларидан беихтиёр ёш тўкилгани ҳадисда бор (Мд.).
85. (Шунда ўғиллари): «Аллоҳ ҳаққи, то чала ўлик бўлиб қолгунингизча ёки (бир йўла) ҳалок бўлгунингизча, Юсуфни эслайверар экансиз-да?!» – дедилар.
86. У айтди: «Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан ва мен Аллоҳнинг (меҳрибонлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман»*.
* Яъқуб (а.с.)га тушида жон олувчи фаришта Юсуф (а.с.) нинг тирик экани тўғрисида хабар бериб, уни излаш билан бирга ушбу дуони ўргатган: “Эй, битмас-туганмас, ўзингдан бошқаси саноғига етмайдиган доимий ва абадий яхшилик эгаси! Мендан кулфатни арит!” (Мд.).
87. «Эй, ўғилларим! Борингиз-да, Юсуф ва унинг укасини излангиз ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур»*.
* Яъқуб (а.с.)нинг мазкур сўзларидан Юсуф (а.с.)нинг мусофир юртларда кўрган-кечирганлари тўғрисида маълумотга эга бўлиб турса-да, бу ҳақда ўғилларига гапирмаган. Бинямин Мисрда қолган кезлари Яъқуб (а.с.) Юсуф (а.с.)га хат ёзиб, ўзига ва боболари бошига тушган синовлар, икки ўғли фироқида қайғу чекаётгани, агар Биняминни қўйиб юбормаса, дуои бад қилишини ёзган. Шундан кейин Юсуф (а.с.) таъсирланиб, акаларига ўзини танитган (Хз.).
88. (Улар бор сармояларини олишиб, яна Миср томонга равона бўлишди). Унинг (Юсуфнинг) ҳузурига киришгач, дедилар: «Эй, азиз зот! Бизга ва аҳлу оиламизга очарчилик етди. Бизлар (бу сафар) ўтмас матоҳларни олиб келдик. Бас, бизга ўлчов (озиқ-овқат)ни тўла беравер ва бизга хайр-садақа қилгин*. Аллоҳ, албатта, садақа берувчиларни мукофотлагай».
* Олдинги пайғамбарларга садақа ейиш жоизлиги хусусида ихтилоф бор. Суфён ибн Уяйна (рҳ.)дан бошқа мужтаҳидлар жоиз эмас, деганлар. Оятдаги садақани эса, ўлчовда кенгчилик қилиш ва Биняминни қайтариб бериш билан карам кўрсатишга йўйганлар. Ҳасан Басрий (рҳ.) сўзига кўра, Аллоҳга дуо қилганда “садақа қил!”, деб бўлмайди. Балки “инъом эт, фазл қил, ато эт!” каби сўзларни қўллаш керак бўлади. Зеро, садақа савобга эга бўлиш мақсадида қилинади. Аллоҳ эса, савобга муҳтож эмас (Хз.).
89.(Юсуф) деди: «Жаҳолатда бўлган пайтингизда Юсуф ва унинг укасига нима ишлар қилганингизни биласизми?»
90. Улар: «Сен ўша Юсуфмисан?», – дедилар. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса укамдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Дарҳақиқат, кимки Аллоҳдан қўрқиб, сабр қилса, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчиларнинг мукофотини зое қилмагай», – деди.
91. (Улар) дедилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилибди. Биз эса, ҳақиқатан, хато қилувчилардан бўлдик».
92. У деди: «Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир».
93. «Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, шунда кўрадиган бўлиб қолур. Сўнг барча аҳлу оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келингиз!».
94. Карвон (Мисрдан) чиқиши билан оталари (Яъқуб ўз ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман. Мени ақлдан озганга чиқармасангиз, бас», – деди.
95. (Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сиз (ҳали ҳам) ўша эски хатойингизда турибсиз».
96. Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди. «Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибонлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим», – деди у.
97. Улар дедилар: «Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз».
98.У айтди: «Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир».
99. Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва «иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз», – деди*.
* Юсуф (а.с.) акалари орқали ота-онаси ва барча аҳлу авлодларини Мисрга олиб келиш учун икки юзта туя ва анжом-ускуналарни бериб юборган эди. Уларни кутиб олиш учун ўзи ва Миср шоҳи тўрт минг лашкари билан шаҳар ташқарисига чиқиб, чодир тикиб ўтирганда улар етиб келадилар. Меҳмонлар сони 70 дан зиёд эди (Мд. Хз.).
100. (Кейин, Мисрга кириб саройда бўлганларида) у ота-онасини ўз тахтига чиқарди ва улар (яъни ота-она ва акалари Юсуфга) сажда қилган ҳолларида (ерга) йиқилдилар. У деди: «Эй, отажон! Мана шу (кўп йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Раббим уни рост қилди. Дарҳақиқат, у менга яхшилик қилди – мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан акаларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни саҳродан (Мисрга соғ-саломат ҳолингизда) келтирди. Албатта, Раббим Ўзи хоҳлаган нарсани лутф билан амалга оширувчидир. Албатта, Унинг Ўзигина Алим (билимли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.
101. Эй, Раббим! Менга подшоҳлик ато этдинг*, яна барча гап (туш)ларнинг таъвил (таъбир)ларидан менга таълим бердинг. Эй, осмонлар ва Ерни ижод этган зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!»
* Миср шоҳи – Фиръавн (Райён) ўз тожи, тахти, муҳри, қиличини Юсуф (а.с.)га бериб, асосий подшоҳликни унга топширди. Ўзи фахрий шоҳ мақомида юрди. Охири имон келтириб, мусулмон бўлди. Юсуф (а.с.) тожни киймади.
Суранинг ушбу ва 54–56-оятларига кўра, пайғамбар ёки олим киши золим, кофир ёки фосиқ подшоҳнинг қўл остида мансаб ва лавозимларда ишлаши жоиз, деганлар. Чунончи, салафларимиз золим ҳукмдорлар қўл остида қозилик қилгани каби (Мд.).
102. (Эй, Муҳаммад!) Бу Биз Сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки Сиз Юсуфнинг акалари) макр-ҳийла билан ўзларининг ишларига келишиб, иттифоқ тузишаётган пайтларида уларнинг ҳузурларида йўқ эдингиз.
103. одамларнинг кўплари, гарчи Сиз жуда истасангиз-да, мўмин бўлмайдилар.
104. Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирор ажр (ҳақ) сўрамайсиз. У (Қуръон) фақатгина (барча) оламлар учун бир эслатмадир, холос.
105. Осмонлар ва Ерда қанчадан-қанча (Аллоҳ ва унинг сифатларига далолат қилувчи) аломатлар бор. (Лекин) улар ёнидан юз ўгирган ҳолларида (бепарво) ўтиб кетадилар.
106. Уларнинг аксарияти Аллоҳга фақат мушриклик ҳолларидагина «имон» келтирадилар (оғир пайтда Аллоҳга илтижо қиладилар).
107. Ёки улар Аллоҳнинг азоби сифатида бирор қамраб олувчи (бало) келиб қолишидан ё тўсатдан улар сезмаган ҳолларида қиёмат қойим бўлишидан хотиржаммилар?!
108. Айтинг: «Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз*. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни пок деб биламан. (Зеро) мен мушриклардан эмасман».
* Ибн Аббос (рз.) айтади: “Муҳаммад (а.с.) ва саҳобалари тўғри йўлда, рушду ҳидоятда бўлганлар. Улар илм ва имоннинг хазинаси, Раҳмоннинг аскари эдилар”. Ибн Масъуд (рз.) айтади: “Кимгадир эргашмоқчи бўлган киши Пайғамбар (а.с.)нинг саҳобалари йўлига эргашсин. Улар умматнинг сараси, қалби пок, илми чуқур, камтакаллуф кишилар бўлиб, Аллоҳ уларга Ўз пайғамбари суҳбатини насиб этган ва дин ўшалар орқали ёйилган. Улардан ахлоқ ва йўл-йўриқларни ўрганингиз, улар тўғри йўлда эдилар” (Хз.).
109. (Эй, Муҳаммад!) Биз Сиздан олдин ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган кишиларни пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир, (одамлар) ер юзида саёҳат қилиб, ўзларидан аввалги (имонсиз) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Тақволи бўлганлар учун, шубҳасиз, охират диёри (бу фоний дунёдан) яхшироқдир. (Бу тўғрида) ақл юргизмайсизми?!
110. Ҳар қачон (ўша) пайғамбарлар ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи бўлдик», – деб гумон қила бошлаганларида, уларга Бизнинг нусратимиз (ёрдамимиз) келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчилар қавмидан Бизнинг азобимиз қайтарилмас!
111. Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида* ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир.
* Пайғамбарларнинг ёки Юсуф (а.с.) билан биродарларининг қиссаларида кўп ибратли ишлар бордир. Масалан, суюкли ўғил – Юсуф (а.с.)нинг қудуққа тушиб қолиши, бўйрада ўтирган “қул”нинг тахтга эга бўлиши, сабр-тоқат, макр-ҳийла натижалари, ака-ука ўртасидаги оқибат ва бошқалар (Мд.).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase