close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

005. Моида сураси

 

 

 

Моида - дастурхон демакдир. Сурада Ислом мафкурасига оид масалалар, шаръий ҳукмлар, ҳаж, умра, таҳорат, никоҳ, жиноят, жазо, ичкилик, қимор ҳукмлари, пайғамбарлар қиссаси ва бошқа муҳим маълумотлар баён этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1 Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўғилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно. Эҳром (ҳаж ибодати)да бўлганларингизда ов қилишни ҳалол деб санамагайсиз. Албатта, Аллоҳ ирода қилган нарсага ҳукм қилур.
2 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, Ҳаром ой (ҳаж ойлари)ни, қурбонликларни, (уларга тақиб қўйилган) тақинчоқларни, Парвардигорларининг фазли ва
розилигини топиш нияти билан Байтул-Ҳаром (Каъба)га борувчиларни (уларга қаршилик қилишни) ҳалол деб ҳисобламангиз!* Ҳалол (қилинган ҳолат)га чиққанларингда эса, ов қилаверингиз. Сизларни Масжидул-Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин! Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.
3 Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир. Бугунга келиб, энди кофирлар динингиз (мағлубияти)дан ноумид бўлдилар. Шунинг учун улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
4 Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Сизларга покиза нарсалар ва Аллоҳ сизларга билдирганидан сизлар ўргатган йиртқичлар (келтирган овлар) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун тутган (овлар)идан "Бисмиллоҳ"ни айтиб еяверингиз ва Аллоҳдан қўрқингизлар. Зеро, Аллоҳ ҳисоби тез зотдир.
5 Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин Китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир). Кимки, имондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.
6 Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингизлар, бошларингизга масҳ тортингизлар ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингизлар)! Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингизлар (чўмилингизлар)! Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз, ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангизу, (лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг! Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъмат(лар)ини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора шукр қилсангизлар*.
Изоҳ: Таҳорат фарзларидан саналмиш қўл ва оёқларни ювишда уларнинг қайси жойигача сув етиши шарт деган низоли масала бор. Оятда "қўлларингизни тирсакларигача, оёқларингизни тўпиқларигача" дейилган. Абу Ҳанифа (р.а.) шу "гача" қўшимчасини "билан" деб тафсир қилганлар ва тирсак ва тўпиқлар ҳам қўшиб ювилишини фарз деб ҳисоблайдилар. Имом Молик, Зуфар, Шаъбий, Ибн Жарир ат-Табарий каби олимлар эса тирсак ва тўпиқлар ювилиши фарз доирасига кирмайди, деганлар. Ҳар икки томон ҳам ўз далилларига эгадирлар. Таҳоратда ният ҳукмига келсак, Абу Ҳанифа (р.а.): "ният таҳоратда фарз эмас", - деганлар. Имом Шофеъий (р.а.) эса: "у фарз",- дейдилар. Бошга масҳ тортиш фарзида ҳам мужтаҳид уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд. Ҳанафий мазҳабида бошнинг тўртдан бирига маш тортиш фарздир. Моликий мазҳабида бошнинг ҳаммасига маш тортиш фарздир. Шофеий мазҳабида бошнинг озгина қисмига, ҳатто сочнинг уч толаси узра маш тортса ҳам фарзни адо этган ҳисобланади. Уларнинг барчалари ҳам мўътабар ва мақбул далиллар билан ўз ҳукмларини исботлаганлар. Бу оятда таяммум қилиш тўғрисида ҳам сўз юритилган. Таяммум - бу сув бўлмаганда, тоза тупроқ ёки чангга ёхуд тоза матоҳга икки қўл кафтлари билан бир зарб уриб, юзга суртиш ва яна бир зарб уриб, икки қўлнинг тирсаклари билан қўшиб силаб чиқишдир.
7 Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва "Эшитдик ва бўйин сундик" деб битишган аҳдингизни эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ кўнгиллар зоти (сири)ни билувчидир.
8 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир.
9 Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга Аллоҳ кечирим ва улкан мукофот ваъда қилди.
10 Куфрга кетган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, ана ўшалар жаҳим (дузах) аҳлидирлар.
11 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизларга (берган) неъматини эслангиз: бир қавм (кишилари) сизларга қўл кўтариш (ҳужум қилиш)ни ният қилганида, қўлларини сизлардан қайтарган эди. Аллоҳдан қўрқингиз! Мўминлар фақат Аллоҳга таваккул қилсинлар!
Изоҳ: Бу оятнинг нозил бўлишига бир неча сабаблар айтилган. Улардан бири Расулуллоҳ, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али билан Бани Қурайза қабиласига икки мусулмон хунини ундириш масаласи билан келадилар. Улар ҳийла ишлатиб, меҳмон қилиш баҳонаси билан уларни бир ерга ўтқизиб қўйгач, Амр ибн Жаҳҳош исмли бир мунофиқ катта тошни олиб, Расулуллоҳнинг бошларига урмоқчи бўлганда, Аллоҳ таоло Жаброил (а.с.) орқали Расулини огоҳ этган ва нажот берган.
12 Аллоҳ Исроил авлодидан аҳд олди ва Биз улардан ўн икки йўлбошчини юбордик. (Сўнгра) Аллоҳ деди: "Дарҳақиқат, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозни мукаммал адо этсангиз, закот берсангиз, пайғамбарларимга имон келтирсангиз ва уларни шарафлаб, мадад берсангиз ҳамда (савобли ишлар қилиб,) Аллоҳга чиройли "қарз" берсангиз, албатта, гуноҳларингизни кечаман ва остидан анҳорлар оқадиган боғлар (жаннат)га киритурман. Шундан кейин ҳам сизлардан кимки куфрга кетса, тўғри йўлдан бешак озган бўлур."
13 Ўз аҳдларини бузганликлари сабаблигина уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик. Сўзларнинг ўринларини ўзгартирадилар, уларга эслатилган нарсадан бир (катта) қисмини унутдилар. Мана, улардан бир озгинаси мустасно бўлиб, (қолганлари) хиёнат қилаётганини мудом кузатаяпсиз. Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади.
14 "Биз насронийлармиз" деганлардан (ҳам) аҳдларини олдик. Уларга эслатилган нарсадан (катта) бир қисмини унутдилар. Шундан кейин уларнинг ўрталарида қиёмат кунигача адоват ва нафрат қўзғатдик. Кейин Аллоҳ уларни ўз қилмишларидан хабардор қилажак.
15 Эй, аҳли китоблар! Сизларга расулимиз (Муҳаммад) келиб, Китобдаги кўпгина сиз яширган (оятлар)ни сизларга баён қилмоқда ва (хатоларингизнинг) кўпини афв этмоқда. Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики,
16 у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур.
17 "Марямнинг ўғли Масиҳ Аллоҳдир" деганлар куфрга кетдилар. Айтинг: "Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва Ердаги ҳамма (одамлар)ни ҳалок этишни ирода қилса, ким ҳам бирор нарсага қодир бўлар эди?!" Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. ҳоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
18 Яҳудийлар ва насронийлар: "Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз", - дейдилар. Айтинг: "(Ундай бўлса), нега гуноҳларингиз туфайли сизларни азоблайди? Йўқ! Сизлар ҳам У яратган одамлардансиз. Хоҳлаган (бандаси)ни кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик Аллоҳгагина тегишлидир ва Қайтиш ҳам фақат Унинг ҳузуригадир".
19 Эй, аҳли китоблар! Сизларнинг: "Бизларга на башоратчи ва на огоҳлантирувчи (пайғамбар) келмади" деганларинг учун сизларга Расулимиз (олдинги) пайғамбарлардан бир муддат ўтгач, баён этувчи бўлиб келди. Мана, сизларга башоратчи ҳам, огоҳлантирувчи ҳам келди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
20 Мусо ўз қавмига айтганини эсланг: " Эй, қавмим! Аллоҳнинг сизларга берган неъмати - ичингиздан пайғамбар чиқаргани, сизларни (баъзиларингизни) подшоҳ қилгани ва оламлардан ҳеч бир (кимса)га бермаганини сизларга ато этганини эслангиз!
21 Эй, қавмим! Сизлар учун Аллоҳ битиб қўйган (бу) муқаддас ер (Байтул-Мақдис)га кирингиз ва ортингизга қайтиб кетмангизки, зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз".
22 Айтдилар: " Эй, Мусо! У ерда баҳайбат (золим) қавм бор. Улар у ердан чиқмагунларича, биз у ерга сира кирмаймиз. Агар у ердан чиқсаларгина, биз кирувчилардирмиз."
23 (Ўн икки йўлбошчи ичидан Аллоҳдан) қўрқадиган ва Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлганларидан икки киши шундай деди: "Улар устига (шаҳарга) дарвозадан кирингиз. Унга кириб олишингиз билан, сизлар ғолиб бўласиз. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!"
24 Айтдилар: " Эй, Мусо! Модомики, (улар) у ерда эканлар, биз сира у ерга кирмагаймиз. Сен (ўзинг) ва Раббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверинглар. Биз эса шу ерда ўтирувчилармиз".
25 (Мусо) айтди: " Эй, Раббим! Мен фақат ўзим ва биродарим (Ҳорун)га эгалик қилурман. Бас, бизни у фосиқлар қавмидан (Ўзинг) ажрим қилгин!"
26 (Аллоҳ) деди: "Албатта, у (Байтул-Мақдис) энди улар учун қирқ йилга (кириши) тақиқлангандир. Ер (юзи) бўйлаб сарсонликда юрадилар. Сен (бу каби) фосиқлар қавми учун қайғурма!"
27 Уларга Одамнинг икки ўғли (Қобил ва Ҳобил) ҳақидаги хабарни ҳақиқати билан ўқиб беринг! Иккиси қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, унисидан эса қабул қилинмади. (Қурбонлиги қабул бўлмаган Қобил акаси Ҳобилга): "Сени, албатта, ўлдиражакман!" - деди. (Ҳобил) эса: "(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур.
28 Агар мени ўлдириш учун қўлингни мен томонга чўзсанг, мен сени ўлдириш учун Сен томонга қўлимни чўзувчи эмасман. Ахир,мен оламлар рабби - Аллоҳдан қўрқаман.
29 Мен эса, менинг гуноҳимни ҳам, ўз гуноҳингни ҳам (зиммангга) олиб кетишингни ва дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Золимларнинг жазоси шудир", - деди.
30 Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди.
31 Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари авратини (мурдасини) қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни ковловчи бир қарғани юборди. "Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим авратини (тупроққа) кўмақолай", - деди. Шу туфайли пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди.
32 Ана ўша (биринчи қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: "Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир*". Уларга расулларимиз ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир.
Изоҳ: Бу ҳукм аслида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир.
33 Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси - ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилиниш*. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик ва охиратда улар учун улкан азоб (ҳам бор)дир.
Изоҳ: Бу оят нозил бўлишининг сабаби Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, Укл ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳ одамлар келиб, Расулуллоҳ ҳузурида имон келтирадилар. Сўнгра сут сўрайдилар. Садақага келган туялар сутидан ичишга рухсат берганларида, улар бориб туякаш чўпонни ўлдиришиб, туяларни ҳайдаб олиб кетадилар. Диндан қайтган бу мунофиқлар ортидан бир гуруҳ мусулмонларни юбориб уларга жазо бериш буюрилади. Етиб бориб, уларнинг қўлоёқларини кесишиб, кўзларини ҳам ўйишади. Бу хабарни Расулуллоҳ ешитиб, кўз ўйиш, қулоқ ва бурунни кесиш каби қийноқларни Ислом динида ман этилишини эълон қиладилар.
34 Аммо, сизлар улар устидан қодир бўлишингиз (қўлга туширишларингиз)дан олдин тавба қилганлар (бундан мустасно). Билиб қўйингизки, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
35 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи толе топурсизлар.
36 Дарҳақиқат, куфрда бўлганлар қиёмат кунининг азобидан қутилиш учун (тўлашга) мабодо Ер (юзи)даги (ҳамма) нарса ва (балки) яна ўшанча (нарса)га эга бўлганларида ҳам, улардан қабул қилинмагай. Уларга аламли азоб (берилур).
37 Дўзахдан чиқишни истайдилар. Ҳолбуки, улар ундан чиқувчи эмаслар. Уларга муқим (абадий) азоб (берилур).
38 Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг - қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан азоб сифатида - қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
39 Кимки, (бу) зулмидан кейин тавба қилса ва (ўзини) тузатса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул етади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир.
40 Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хос экани, (бинобарин) хоҳлаган кишини азоблаб, хоҳлаган кишини кечиришини билмадингизми? Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
41  Эй, Расул! Оғизлари билан: "Имон келтирдик" д Эй диган, (лекин) диллари имон келтирмаганлар ва яҳудийлардан куфр сари интилаётганлари Сизни хафа қилмасин! (Улар) ёлғон (тўқиш) учун (Сизнинг гапларингизни) эшитиб олувчи ва ҳузурингизга келмаган, ўз ўринларига қўйилган сўзларни кейин ўзгартирадиган бошқа қавм (яҳудийлар) учун (гапларингизни) эшитиб олувчилардир. Айтадилар: "Агар шу (ўзгартирилган ҳукм) сизларга берилса, (қабул қилиб) олинглар. Бордию берилмаса, сақланинглар!" Кимники Аллоҳ (фитнада) синашни истаса, Сиз унинг учун Аллоҳдан ҳеч нарсага ега бўла олмайсиз. Ана ўшаларнинг қалбларини поклашни Аллоҳ ирода қилмаган. Улар учун бу дунёда шармсорлик ва улар учун охиратда улкан азоб (муқаррардир).
42 (Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ солувчилар ва ҳаромни (порани) Эй диганлардир. Агар Сизга (ҳукм сўраб) келсалар, ўрталарида ҳукм чиқаринг ёки улардан воз кечинг! Агар улардан воз кечсангиз (ҳам), Сизга сира зарар етказмайдилар. Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади.
43 Ўзларида Таврот ва унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, нечук Сизни ҳукм чиқаришга ундайдилар ва сўнгра юз ўгирадилар (ҳукмингизга амал қилмайдилар)?! Ана ўшалар асло мўмин эмаслар.
44 Дарвоқе, Биз Тавротни нозил этдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд олдирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари бунга гувоҳдирлар. Бас, ( Эй, ҳукм чиқарувчилар,) одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз! Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.
45 Биз унда (Тавротда) уларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва жароҳатларга қасос (олинур) деб, битиб қўйдик. Кимки у (қасос)ни садақа қилиб (кечиб) юборса, у (гуноҳларига) каффоратдир. Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар, ана ўшалар золимлардир.
Изоҳ: Каффоратнинг маъноси эваз, бадал, афвдир. Демак, қасос олмай хунидан кечиб юборса, қилган гуноҳларига афв ато этилар экан.
46 Уларнинг изларидан Исо ибн Марямни ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда издош қилиб юбордик ва унга Инжилни - ичида ҳидоят ва нури билан ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи) қилиб бердик.
47 Инжил эгалари ундаги Аллоҳ нозил этган нарса (оятлар) билан ҳукм қилсинлар. Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар, ана ўшалар фосиқлардир.
48 Сизга (еса, эй, Муҳаммад,) ўзидан олдинги Китоб(лар)ни тасдиқ этувчи ва у (китоблар)ни мувофиқлаштирувчи сифатида Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан нозил қилдик. Бас, улар ўртасида Аллоҳ нозил етган (оятлар) билан ҳукм қилинг. Сизга келган ҳақиқатдан (четлаб), уларнинг ҳавойи (фикрлари)га ергаша кўрманг! Ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (таъйин) қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди. Лекин, Ўзи берган нарса (шариатлар)да сизларни синаш учун (шундай қилмади). Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз! Ҳаммангизнинг қайтиб борадиган жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир. Ўшанда (У) сизларга келишолмай юрган нарсаларингиз хабарини беражак.
49 Улар ўртасида Аллоҳ нозил этган нарса (оятлар) билан ҳукм қилинг. Уларнинг ҳавойи (фикрлари)га эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил этган (ҳукмлари)нинг баъзиларидан Сизни чалғитишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга баъзи гуноҳлари туфайли мусибат етказишни истамоқда. Албатта, одамларнинг кўпчилиги фосиқ (итоатсиз)дирлар.
50 Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқ экан?!
51 Эй, имон келтирганлар! Яҳудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмангиз! (Уларнинг) баъзилари баъзилари билан дўстдирлар. Сизлардан кимки улар билан дўст тутинса, у албатта улардан (бўлиб қолур). Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят қилмагай.
Изоҳ: Ҳижратнинг учинчи йилида кечган Уҳуд жангига оид бу оятдаги тақиқ мусулмонлар учун яҳудий ва насронийларнинг дини ёки миллати туфайли эмас, балки унгача мусулмонлар билан холис алоқада бўлиб келган мазкур одамларга жанг асносида тарафдор ва иттифоқдош бўлишдан огоҳлантириш эди.
52 Дилларида "касаллик" бор кимсалар: "Бизга бирор офат етиб қолишидан қўрқамиз", - деб, улар томон интилаётганини кўрасиз. Ахир, Аллоҳ (мусулмонларга) ғалаба ато этиб ёки Ўз ҳузуридан бирор буйруқ бериб қолса, ичларида сир тутган нарсаларига пушаймон бўлувчиларга айланиб қолишлари мумкин-ку!
53 (Ана ўшанда) имон келтирганлар: "Зўр бериб, сизлар билан биргамиз деб қасам ичганлар ана шуларми?" - дегайлар. Уларнинг (савобли) ишлари елга кетди, натижада зиён кўрувчиларга айланиб қолдилар.
54 Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир.
55 Дарвоқе, сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Расули ва имон келтирганлар ҳамда намоз ўқийдиган ва рукуъ қилган ҳолларида ҳам закот берувчилардир.
Изоҳ: Бу оят Ҳазрат Али ибн Аби Толиб (р.а.) хусусида нозил қилинган. Ул зоти шариф намоз ичида рукуъда энгашиб турганларида, бир гадо келиб тиламчилик қилади. Ҳазрат Али бармоқларидан узукларини чиқариб, гадо томонга отиб юборадилар. У кишининг бу мурувватлари Аллоҳга мақбул бўлади.
56 Кимки Аллоҳни, Расулни ва имон келтирганларни дўст тутса, албатта, Аллоҳнинг (бу) ҳизби чинакам ғолиблардир.
Изоҳ: Ҳизб сўзининг луғавий маъноси гуруҳ, партия, тобе кишилар демакдир. Аллоҳнинг ҳизби деганда Пайғамбари ва имон келтирган зотларни, мусулмонларни тушуниш лозим бўлади.
57 Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдин Китоб берилганлардан динингизни мазах ва ўйин қилиб олганлар ҳамда кофирлар билан дўст тутинмангизлар. Мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингизлар!
58 (Улар) намозга азон айтсангизлар, уни (намозни) мазах ва ўйин қилиб оладилар. Бу уларнинг англамайдиган қавм эканидан (далолат)дир.
59 Айтинг: " Эй, аҳли китоблар! Аллоҳга, бизга нозил қилинган (Қуръон)га ва олдин нозил қилинган (Китоблар)га имон келтирганимиз, сизларнинг аксариятингиз эса фосиқ (итоатсиз) бўлганингиз туфайли биздан ўч оляпсизларми?"
60 Айтинг: "Аллоҳ наздида бундан ҳам ёмонроқ "савоб" (жазо) тўғрисида сизларни хабардор қилайми? Аллоҳ лаънатлаган, ғазаб қилган, улардан (баъзиларини) маймун ва чўчқаларга айлантирган ҳамда шайтонга ибодат қилганлар (учун бериладиган жазодир). Ана ўшаларнинг макони ёмон ва тўғри йўлдан кўпроқ адашган кимсалардир.
Изоҳ: Ушбу оят далолат қиладики, одам маймундан эмас, балки тарихда баъзи осий кишилардан маймун ва чўчқалар пайдо бўлган. Тафсирларда айтилишига қараганда, шанба куни балиқ овидан қайтарилган бир қабила яҳудийлари Аллоҳга ҳийла ишлатиб нофармонлик қилганлари учун Аллоҳ уларни маймун шаклига киритиш билан жазолаган. Исо (а.с.)га нозил бўлган дастурхон неъматларига ношукурчилик қилган кофирларни эса Аллоҳ таоло жазолаб, чўчқа шаклига киритиб қўйган деган ривоят бор.
61 Сизларга келиб: "Имон келтирдик", - дейишади. Ваҳоланки, куфр билан кириб, куфр билан чиқиб кетадилар. Аллоҳ улар яшириб юрган нарса (иккиюзламачиликлари)ни яхши билувчидир.
62 Уларнинг аксарияти гуноҳ, адоват ва ҳаромхўрлик сари шоша-пиша интилаётганликларини кўрасиз. Қилаётган ишлари ўта ёмон ишдир.
63 Руҳоний ва олимлари уларни гуноҳ гаплари ва ҳаромхўрликларидан қайтарсалар бўлмайдими? Қилаётган сир-синоатлари жуда ёмондир!
64 Яҳудийлар: "Аллоҳнинг "қўли" боғлиқ (бахил)", - дедилар. Ўзларининг қўллари боғланур ва (бу) гаплари сабабли лаънатланурлар. Аслида (Унинг) "икки қўли" очиқ. Қандай хоҳласа, (шундай) эҳсон қилаверади. Сизга Раббингиздан нозил этилган (Қуръон) улардан кўпларининг адашуви ва куфрини орттирди, холос. Уларнинг ораларига, то қиёмат кунигача (давом этадиган) адоват ва нафрат солиб қўйдик. Уруш оловини ёқишлари билан, уни дарҳол Аллоҳ ўчириб туради. Яна (улар) Ер юзида фасод (ишларни қилиш)га ҳаракат қиладилар. Аллоҳ (еса) бузғунчиларни яхши кўрмайди.
65 Агар аҳли китоблар имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларнинг гуноҳларини кечирган ва неъмат жаннатларига киргизган бўлур эдик.
66 Агар улар Таврот, Инжил ва Парвардигорлари томонидан уларга нозил қилинган (Қуръон)га риоя қилишганида, тепаларидан (маънавий), оёқлари остидан (моддий) таъминланган бўлур эдилар. (Дарвоқе), улар ичида мўътадил (мўмин) тоифа ҳам бор. (Лекин) улардан кўпчилигининг қилаётган ишлари ўта ёмондир.
67 Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг! Агар (буни) қилмасангиз, Унинг Рисоласини етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай.
68 Айтинг: " Эй, аҳли китоблар! Токи Таврот, Инжил ва Раббингиз томонидан сизларга нозил қилинган нарсаларни барпо этмагунингизга қадар, ҳеч бир нарса (дин)да муқим эмассизлар". Сизга Раббингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) уларнинг кўпларида фақат ҳаддан ошиш ва куфрнигина орттираётир. Бас, кофирлар қавмига (нисбатан) таассуф қилманг!
69 Албатта, имон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар) ва насронийлардан Аллоҳ ва охирги Кунга имон келтириб, савобли иш(лар)ни қилганлар учун (охиратда) хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
70 Исроил авлодининг аҳдларини олдик ва уларга пайғамбарлар юбордик. Ҳар гал бир пайғамбар уларга (ҳавойи) нафслари хуш кўрмайдиган нарса (ҳукм)ни келтирганда, бир қисмини ёлғончига чиқардилар ва (бошқа) бир қисмини эса ўлдирдилар.
71 Яна (уларга ҳеч қандай) фитна (жазо) етмайди, деб ҳисобладилар ва оқибатда "кўр ва кар" бўлиб қолдилар. Сўнгра Аллоҳ уларни кечиргандан кейин ҳам кўплари (яна) "кўр" ва "кар" бўлиб қолдилар. Аллоҳ (еса) улар қилаётган ишларни кўриб турувчидир.
72 "Аллоҳ бу - Масиҳ ибн Марям", - деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ уларга деди: " Эй, Исроил авлоди! Раббим ва Раббингиз (бўлмиш) Аллоҳга ибодат қилингиз!" Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас.
73 "Аллоҳ Учтанинг (Аллоҳ, Марям ва Исонинг ёки Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг) биридир", - деганлар (ҳам) кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар айтаётган (гап)ларидан қайтмасалар, улар орасидан кофир бўлганларига аламли азоб етиши муқаррардир.
74 Наҳот Аллоҳга тавба қилиб, Ундан кечирим сўрамайдилар?! (Ахир,) Аллоҳ кечиримли ва раҳмли-ку?!
75 Масиҳ ибн Марям фақат расул (Аллоҳ элчиси)дир. Ундан олдин (ҳам) расуллар ўтган бўлиб, Онаси сиддиқа (имонда содиқ аёл)дир. Иккиси ҳам (бошқа инсонлар каби) таом ер эдилар. Қаранг, у (одам)ларга ҳужжатларни қандай аниқ баён этаяпмиз. Сўнгра қарангки, (улар) ҳақиқатдан қаёққа қараб оғаяптилар?!
76 Айтинг: "Аллоҳ қолиб, сизларга на зарар ва на фойда (келтириш)га эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми?" Аллоҳ - У эшитувчи ва билувчидир.
77 Айтинг: " Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!"
78 Исроил авлодидан кофир бўлганлари Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди).
79 (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!
80 Уларнинг аксариятини кофирлар билан дўстлашганларини кўрасиз. Нафслари уларга орттирган нарса нақадар ёмон бўлдики, уларга (нисбатан) Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Улар шу азобда абадийдирлар.
81 Агар улар Аллоҳга, Пайғамбарга ва унга нозил қилинган нарсаларга имон келтирган бўлганларида, ўшаларни ўзларига ҳомий қилиб олмаган бўлур эдилар. Лекин, уларнинг кўплари фосиқдирлар.
82 Имон келтирганларга (нисбатан) энг ашаддий адоватда бўлувчилар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Имон келтирганларга нисбатан яқинроқ дўст - "Биз насронийлармиз" деганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби - улар ичида руҳоний ва
роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир.
83 Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаётганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар: " Эй, Раббимиз! Имон келтирдик. Бизни шаҳодат аҳли билан бирга ёзгин!
84 Аллоҳга ва бизга келган ҳақ (пайғамбар)га қандай ҳам имон келтирмайликки, ўзимиз Раббимиздан солиҳларга қўшиб (жаннатга) киритишини умид қилаётган бўлсак?!"
Изоҳ: Ҳабашистон ҳукмдори Нажоший ҳузурига бир гуруҳ мазлум мусулмонлар келиб, паноҳ сўрашган пайтда, насроний динига эътиқод қилувчи Нажоший атрофида турган мушриклар гувоҳлигида муҳожирлардан: "Китобингизда Марям тўғрисида нима дейилган?" - деб сўраган. Шунда Жаъфар ибн Аби Толиб Марям ва Тоҳо сураларидан Марям ҳақидаги оятларни ўқиб берган. Нажоший зимдан имон келтириб, кўз ёши қилган. Оятда шу воқеага ишора қилинмоқда.
85 Айтган (шу) гаплари туфайли Аллоҳ уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари билан мукофотлагай ва у ерда абадий қолурлар. Бу чиройли иш қилувчиларнинг мукофотидир.
86 Кофир бўлганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар - ана ўшалар дўзах аҳлидирлар.
87 Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангизлар ва ҳаддан ошмангизлар! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмайди.
88 Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалолу покларини тановул қилингизлар ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингизлар!
89 Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) - оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиш (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсизлар.
90 Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз.
91 Шайтон май ва қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар тийилувчимисизлар?
92 Аллоҳга итоат қилингиз ва Расулига итоат қилингиз ҳамда (ман этилган нарсалардан) сақланингиз! Агар бош тортсангиз, билиб қўйингизки, Расулимиз (зиммаси)да фақатгина аниқ етказиб қўйишлик (юклатилган)дир.
93 Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун - агар ширкдан сақланиб, имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра (май ва қимордан) сақланиб, (ҳаромни ҳаром деб) имон келтирсалар, сўнгра (барча ҳаром ва шубҳалардан) сақланиб, (одамларга) эзгулик қилсалар - еб-ичган (олдинги ҳаром) нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади.
94 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ Ўзидан ғойибона (кўрмасдан) қўрқадиганларни билиш учун сизларни (еҳромдаги ҳолларингда) қўлларингиз ва найзаларингиз етганича олинадиган нарса билан овда синайди. Шундан кейин кимки ҳаддан ошса, унга аламли азоб (бордир).
95 Эй, имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, жазо - худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробардир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингдан икки адолатли киши ҳакамлик қилур ёки (жазоси) каффорат: мискинларни овқатлантириш ёки ўша баробарида рўза тутишдир. (Буларнинг ҳаммаси) қилмиши уволини тотиб кўриши учундир. Аллоҳ ўтган (ов жиноятлари)ни кечирди. Кимки (яна овга) қайтса, Аллоҳ ундан ўч олур. Аллоҳ қудратли ва интиқом эгасидир.
96 Ўзингиз ва сайёҳ (ўткинчи)лар фойдаланиши учун сизларга денгиз ови ва таоми (балиқлари) ҳалол қилинди. Бироқ, модомики, эҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурига қайтишларингиз аниқ бўлган Аллоҳдан қўрқингиз!
97 Каъба, яъни, Байтул-Ҳаромни, шунингдек, ҳурматли ойни, қурбонликни ва (унга доир) белгиларни Аллоҳ одамлар учун (муҳим) мақом қилиб қўйди. Бу - Аллоҳнинг осмонлар ва Ердаги нарсаларни билиши ва Аллоҳ ҳар нарсада билимдон эканини билиб қўйишингиз учундир.
Изоҳ: Ҳурматли ой - ҳаж ойи, яъни, Зил-ҳижжа ойидир. Балким барча ҳурматли ойлар муроддир. Яъни Ражаб, Зил-қаъда, Зил-ҳижжа, Муҳаррам ойлари.
98 Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳнинг жазоси шиддатли ҳамда Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
99 Расул зиммасида фақат (Аллоҳ буйруқларини одамларга) етказиб қўйиш (юклатилган)дир. Аллоҳ ошкор қилган (иш)ларингиз ва яширган (иш)ларингизни билур.
100 Айтинг: "Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, нопок нарса пок нарса билан тенг бўлмайди". Аллоҳдан қўрқингизлар, эй, ақл эгалари, токи толе топурсизлар!
101 Эй, имон келтирганлар! Сизларга (жавоби) аён қилинса, сизларга хуш келмайдиган нарсалар ҳақида (савол) сўрамангизлар! Қуръон (оятлари) нозил бўлиб турган кезларда улар ҳақида сўрангиз, (жавоби,) албатта, аён қилинади. Уларни (олдинги сўраганларингизни) Аллоҳ кечирди. Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир.
102 У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра ўша нарсаларга (нисбатан) кофир бўлиб қолган эдилар.
Изоҳ: Бу ерда Исроил авлодининг қилмишларига ишорат қилинмоқда.
103 Аллоҳ на "баҳийра", на "соиба", на "васила" ва на "ҳомий" (каби одатлар)ни (қилишга амр) қилмаган. Лекин куфрдаги кишилар Аллоҳ номидан ёлғон тўқийдилар ва (уларнинг) аксарияти ақлларини ишлатмайдилар.
Изоҳ: Баҳира - туянинг эркак туғилган бешинчи боласи. Унинг қулоғини тешиб холи қўйиб юборишар эди. Уни сўйиш ҳам ман этилар эди. Соиба - сафардан саломат қайтилса ёки касалликдан фориғ бўлинса, бир туяни баҳира каби холи қўйиб юборишар еди. Шундай туяга соиба дер эдилар. Васила - Қўй етти бор туққач, еттинчиси эркак бўлса, сўйиб ер эдилар. Агар урғочи бўлса, подага қўшиб юборардилар. Шу подага қўшилган қўйнинг оти василадир. Ҳомий - ўн марта туққан чорва ҳайвонини минмасдан, юк юкламасдан, яйловга эркин қўйиб юборилар эди. Шу ҳимояланган жониворни ҳомий дер эдилар. Буларнинг ҳаммаси жоҳилият давридан қолган ношаръий асоратлар экани ҳақида Аллоҳ огоҳлантирмоқда.
104 Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Расул (ҳукми)га келинглар (ҳавола қилинглар)", - дейилса, (улар): "Ота-боболаримизни қайси нарса (одат) узра топган бўлсак, ўша бизга кифоя", - дейишади. Ота-боболари бирор (ҳақ) нарсани билмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлсалар-чи?!
105 Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизга қарангизлар! Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашганлар сизларга зарар келтира олмайди. Қайтар жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир. Ўшанда Аллоҳ сизларни қилган ишларингиздан хабардор қилур.
106 Эй, имон келтирганлар! Бирортангизга ўлим келганда, васият пайтида ўрталарингиздаги гувоҳлик: ўзларингиздан (мусулмонлардан) иккита одил киши (бўлсин!) Ер юзи бўйлаб сафарда бўлганингизда, сизларга ўлим мусибати етса, бошқа (ажнабий)лардан иккитаси (гувоҳ бўлсин!) Уларни намоздан кейин ушлаб турасизлар ва шубҳалансангизлар, улар Аллоҳ (номи) билан қасамёд қиладиларки, "агар қариндош бўлса ҳам уни (қасамни) озгина баҳога алмаштирмаймиз ва Аллоҳнинг бу гувоҳлигини яширмаймиз. Акс ҳолда, бешак, гуноҳкорлардан бўлиб қолурмиз", - деб.
107 Агар у иккисининг гуноҳ (нотўғри гувоҳлик) содир этганлари фош бўлиб қолса, уларнинг ўринларига (меросга) ҳақлилардан бошқа иккита муносиброқ киши (гувоҳликка ўтсин). (Улар ҳам) Аллоҳ (номи) билан қасамёд қиладиларки, "бизнинг гувоҳлигимиз, албатта, у иккисининг гувоҳлигидан лойиқроқдир ва (адолатдан) тажовуз қилмаймиз. Акс ҳолда биз, албатта, золимлардан бўлиб қолурмиз", - деб.
108 Ана шу - гувоҳликни ўз важҳидек (аслидек) беришларига ёки қасамлардан кейин яна қайта қасам ичилишдан қўрқишларига яқинроқ (тадбир)дир. Аллоҳдан қўрқингиз ва эшитингиз! Аллоҳ фосиқлар қавмини ҳидоят қилмагай.
109 Аллоҳ пайғамбарларни йиғиб, "Қандай жавоб олдингиз?" - деб сўрайдиган Куни (улар): "Бизда илм йўқ. Фақат Сен Ўзинг ғойиб (нарса)ларнинг алломасидирсан", - дейдилар.
110 Эсланг, Аллоҳ: " Эй, Исо ибн Марям! Сенга ва онангга берган неъматимни ёдингга ол, қайсики, Сени Руҳул-қудус (Жаброил) билан қувватладим, одамларга бешикда ва вояга етганингда гапирдинг. Сенга ёзувни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим бердим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ясадинг. Сўнгра унга дам урганингда, у Менинг изним билан (чинакам тирик) қушга айланди. Менинг изним билан кўр ва песни тузатдинг. Менинг изним билан ўликларни (қабрларидан тирик ҳолда) чиқардинг. Шунингдек, Исроил авлодига ҳужжатларни келтирганингда, сени улар (ғазаби)дан асраганимни эсла. Уларнинг кофирлари: "Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас", - деган эдилар.
111 Ҳаворийларга: "Менга ва Расулим (Исо)га имон келтиринглар", - деб ваҳий юборганимда, улар: "Имон келтирдик. Бизнинг ихлосли (мўмин) эканлигимизга Ўзинг гувоҳ бўл!" - деганларини (ҳам) ёдингизга келтиринг!
112 Ҳаворийлар: " Эй, Исо ибн Марям! Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?" - деганларида, (Исо): "Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингизлар!" - деганини (ҳам) эсланг!
113 Улар дедилар: "Биз ундан (дастурхон зиёфатидан) еб, кўнглимиз хотиржам бўлишини ва сенинг ростгўйлигингни билиб, (сўнгра) унга (дастурхонга) гувоҳлик бермоқчимиз".
114 Исо ибн Марям деди: " Эй, Раббимиз - Аллоҳ! Бизга осмондан (бир) дастурхон туширгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ҳамда Сендан (бизга) мўъжиза бўлсин. Бизни (ундан) ризқлантир! Сен ризқлантирувчиларнинг яхшисидирсан".
115 Аллоҳ деди: "Мен уни сизларга туширувчиман. (Лекин) кимки (шундан) кейин (ҳам) куфрга кетса, уни шу қадар азоблайманки, бутун оламда ҳеч кимни ундай азобламаган бўлурман".
116 Аллоҳ: " Эй, Исо ибн Марям! Одамларга, сен Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни икки илоҳ қилиб олинглар, деб айтдингми?" - деганида, (Исо) деди: " Эй, Пок зот! Ҳаққим йўқ
нарсани айтишим жоиз емасдир. Агар уни айтган бўлсам, Сен уни билган бўлардинг. Сен дилимдагини билурсан, Мен "дилингдагини" билмасман. Албатта, Сен Ўзинг ғойиб нарсаларнинг билимдонидирсан.
117 Мен уларга фақат Ўзинг буюрганларингни, яъни: "Раббим ва Раббингиз - Аллоҳга ибодат қилингиз", - деб айтдим. Улар орасида бўлган онларимда, уларга гувоҳ бўлиб турдим. Мени "вафот" эттирганингда эса, Сенинг Ўзинг улар устидан кузатувчи бўлдинг. Сен ҳар нарсага гувоҳдирсан.
Изоҳ: Бу оятдаги вафот эттиришдан мурод тирик ҳолда осмонга кўтаришдир.
118 Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларинг. Бордию уларни кечирсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат эгасидирсан".
119 Аллоҳ деди: "Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир". Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар". Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқдир.
120 Осмонлар ва Ернинг ҳамда улардаги борлиқнинг ҳукмронлиги Аллоҳга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase