close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

006. Анъом сураси

Анъом - чорва моллари. Улар ҳақида бир неча оятлар бўлгани учун сура шу ном билан номланган. Сурада Ислом ақидаси асослари, шариат аҳкомлари, оилавий масалалар, жиҳод аҳкомлари, ғайридинларга доир кўрсатмалар, қиёмат, охират, пайғамбарлар, дунё ва ҳаёт моҳиятига тааллуқи маълумотлар ўз ифодасини топган. Сура тўлалигича Маккада нозил қилинган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1     Ҳамд осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир. Сўнгра куфрга кетганлар Парвардигорларига (сохта маъбудаларни) тенглаштирмоқдалар.
2     (У) Сизларни (Одам Атони) лойдан яратиб, сўнгра ажал (муддати)ни ҳал қилган зотдир. Белгиланган ажал (қиёмат бўлиш вақти ва бошқа ҳисоблар) ҳам Унинг ҳузуридадир. (Шундан) кейин (ҳам) сизлар шак қилмоқдасизлар.
3     У осмонларда ҳам, Ерда ҳам Аллоҳдир. Сир тутгану ошкор қилган нарсаларингизни билур. қилаётган ишларингизни (ҳам) билур.
4     Уларга (Макка мушрикларига) Парвардигорларининг далилларидан (қандай бир) далил келмасин, (барибир) ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
5.      Уларга ҳақиқат (қуръон) келиши билан уни ёлғонга чиқардилар. Уларга ўзлари мазах қилиб юрган нарса (қуръон)нинг хабарлари тез орада келиб қолур.
6     Улардан олдин неча авлодни ҳалок этганимизни кўрмадиларми?! Уларга Ерда сизларга бермаган имкониятларни бердик, устиларига осмон (ёмғир)ни ёғдирдик ва остиларидан анҳорларни оқизиб қўйдик. Сўнгра гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа авлодни келтирдик.
7     Бордию Сизга (эй, Муҳаммад,) қоғозга (ёзилган) битикни туширсагу уни қўллари билан сийпалаб кўрганларида ҳам (барибир) куфрга кетганлар: "Бу аниқ сеҳрдан бошқа (нарса) эмас", - деган бўлур эдилар.
8     Яна улар: "Унга бирор фаришта тушса эди", - дедилар. Агар фаришта туширсак, иш ҳал бўлур эди. Сўнгра уларга муҳлат бериб ўтирилмас эди.
9     Бордию уни (Пайғамбарни) фаришта қилганимизда ҳам, уни эркак (киши суратида) қилган ва уларга қоронғу (гумон) бўлган нарсани (яна) қоронғулигича қолдирган бўлар эдик.
Изоҳ: Яъни туширилган фариштани эркак суратида қилганимиздан кейин улар яна: "бу фаришта эмас", - деб қайсарлик қилган бўлур эдилар.
10     Сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам истеҳзо (мазах) қилинган. Сўнгра уларни масхара қилганларни ўша мазах қилган нарсалари (яъни, ҳақиқат) қамраб олди (ҳалок этди).
11     Айтинг: "Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқинглар. Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир-)оқибати не бўлганини кўринглар!"
12     Айтинг: "Осмонлар ва Ердаги бор нарса кимники?" Айтинг: "Аллоҳники". (У) Ўзига раҳматни (бор мавжудотга раҳм-шафқат қилишни) ёзди (ваъда қилди). Сизларни, албатта, қиёмат кунига жам қилажак. Бунда шак йўқдир. Ўзларига (нисбатан) зиёнкор бўлганлар (бунга) имон келтирмайдилар.
13     Кеча ва кундузда сокин турувчи нарсалар (ҳам) Уникидир. У эшитувчи ва билувчидир.
14     Айтинг: "Осмонлару Ерни ихтиро этган, (ўзгаларга) эдириб, Ўзи емайдиган - Аллоҳдан ўзгани дўст тутайинми?!" Айтинг: "Дарҳақиқат, мен мусулмонларнинг биринчиси бўлишга буюрилдим. Асло мушриклардан бўлмангиз! (деб ҳам)"
15     Айтинг: "Албатта, мен агар Раббимга нофармонлик қилсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқаман".
16     Ўша куни кимдан у (азоб) четлатилса, демак, (Аллоҳ) унга раҳм қилибди. Бу аниқ ютуқдир.
17     Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар (мусибат) етказса, Ундан ўзга уни бартараф этувчи йўқдир. Агар Сизга бирор хайрлик етказса, (билингки,) У ҳамма нарсага қодирдир.
18     Бандалари устидан У ғолибдир. У ҳикматли ва хабардордир.    
19     Айтинг: "Гувоҳлик бўйича қайси нарса каттароқ?" (Яна ўзингиз) айтинг: "Аллоҳ. (У) мен билан сизларнинг ўртамизда гувоҳдир. Сизларни ва (даъватим) етиб борганларни огоҳлантириш учун менга ушбу қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар (ҳам) бор, деб гувоҳлик берасизми?" Айтинг: "(Мен) гувоҳлик бермайман". Айтинг: "Дарҳақиқат, У ягона илоҳдир. Мен эса, сизлар келтираётган ширкдан безорман".
20     Биз Китоб берган (яҳудий ва насроний)лар уни (Муҳаммадни) ўз ўғилларини танигандек танийдилар. Ўзларига зиён қилганларгина (унга) имон келтирмайдилар.
21     Аллоҳ (шаъни)га ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга йўювчи кимсадан ким ҳам золимроқ экан? Албатта, золимлар толе топмаслар.
22     Уларнинг ҳаммасини йиғиб, кейин ширк келтирганларга Биз: "(Аллоҳ деб) ҳисоблаб юрган шерикларинг қани?" - дейдиган Кунни (эсланг!)
23     Сўнгра уларнинг фитнаси ("узри") фақат: "Раббимиз - Аллоҳга қасамки, (биз) мушрик бўлмаганмиз!" - дейишлари бўлур.
24     Ўзлари номидан ёлғон гапиришларини ва тўқиб юрган (сохта маъбуд)ларнинг улардан йўқолиб кетганини кўринг!
25     Улар ичида (қуръон ўқиганингизда) Сизга қулоқ соладиганлари ҳам бор. Уни фаҳмламасликлари учун қалбларига парда, қулоқларига оғирлик (пайдо) қилдик. Ҳар (турли) мўъжизани кўрсалар (ҳам) унга ишонмайдилар. Ҳаттоки, Сиз билан баҳслашгани ҳузурингизга келганларида, куфрга кетганлар: "Бу аввалгилардан қолган афсоналардан бошқа нарса эмас", - дейдилар.
26     Улар ундан (Исломдан) қайтарадилар ва ундан (ўзлари ҳам) узоқлашадилар. Сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина ҳалок қиладилар.
27     Дўзах узра тўхтатиб қўйилганда, "Оҳ, кошки эди (дунёга) қайтарилсак, Раббимиз оятларини ёлғонга чиқармай, мўминлардан бўлсак", - деганларини кўрганингизда эди!
28     Йўқ! Уларга олдиндан яшириб юрган (сир)лари фош бўлиб қолди. Бордию (дунёга) қайтарилсалар ҳам, (яна ўша) тақиқланган нарсаларга қайтган бўлур эдилар. Улар, ҳақиқатан, ёлғончилардир!
29     Яна: "Шу дунё ҳаётидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Биз (қайта) тирилтирилувчи эмасмиз", - деган бўлур эдилар.
30     Парвардигорлари ҳузурига турғизиб қўйилганларида (Аллоҳ): "Шу (қайта тирилиш) ҳақ эмас эканми?" - деганида, (улар): "Раббимиз ҳаққи, йўқ! (ҳақ экан!)" - деганларини, (Аллоҳ): "Куфрда бўлганингиз сабабли шу азобни тотингизлар!" - дейишини кўрсангиз эди!
31     Дафъатан қиёмат келиб қолганда, гуноҳларини орқаларига ортган ҳолларида: "Ё ҳасрато, унда (ёруғ дунёда) қосирлик қилган эканмиз", - деб айтадиган пайтларига қадар Аллоҳга йўлиқишни ёлғонга чиқарганлар зиён кўрадилар. қаранг, қандай ёмон нарсани орқалайдилар!
32     Бу дунё ҳаёти фақат беҳуда ўйин-кулгидир. Тақволилар учун эса охират диёри яхшидир. Ақл юритмайсизларми?!
33     Айтган гаплари Сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз. Улар, аслида, Сизни ёлғончига чиқармаяптилар, балки (бу) золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этаётирлар.
34     Сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилганлар. То уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунга қадар ёлғончига чиқарилганларига ва берилган азиятларга сабр қилдилар. Аллоҳнинг сўзлари (ваъдалари)ни ўзгартирувчи (куч) йўқдир. Сизга пайғамбарлар хабаридан (қисман) келди.
35     Агар уларнинг эътирозлари Сизга оғир ботаётган бўлса, Ерга тешик ёки осмонга нарвон излаб (бўлса ҳам) уларга бирор мўъжиза келтира олсангиз (эди). Агар Аллоҳ истаганда эди, уларни ҳидоят узра жам қилган бўлур эди. Бас, (бунинг ҳикматини билмайдиган) жоҳиллардан бўлманг!
Изоҳ: Уларнинг имондан юз ўгиришлари Пайғамбар (а.с.)га оғир ботганда, нима қилишларини билмай қолар эдилар. Оятдаги ибора ўзбекчадаги "ер қаттиқ, осмон узоқ" иборасига ўхшаб кетади. Иккинчи маъноси - мўъжиза сифатида ерни тешиш ёки осмонга кўтарилиш билан уларни лол қолдириб, ҳидоят йўлига киритмоқчи бўлишларидир.
36     Албатта, эшитадиганлар (даъватингизни) қабул қилурлар. Ўликларни эса, Аллоҳ
тирилтирур. Сўнгра Унинг ҳузурига қайтарилурлар.
Изоҳ: Ўликлар - кофирлар. Яъни улар бу дунёда эшитмаслар. Уларни Аллоҳ таоло тирилтирган куни (охиратда) эшитишга мажбур бўлурлар.
37     Айтдилар: "Унга Раббидан бирор мўъжиза туширилса эди". Айтинг: "Албатта, Аллоҳ мўъжиза туширишга қодирдир. Лекин, уларнинг аксарияти (бунинг оқибатини) билмайдилар".
38     Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар. Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз. Сўнгра (ҳамма умматлар) Парвардигорлари (ҳузури)га жамланурлар.
39     Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар зулматлар ичидаги кар ва соқовдирлар. Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштирур ва хоҳлаган кишини тўғри йўл узра (собит) қилур.
40     Айтинг: "Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?"
41     Йўқ! Унинг ўзигагина илтижо қилган бўлардингиз. У эса, хоҳласа, сўраган нарсангиз (бало)ни даф этар эди. (Бундай ҳолатда) келтириб юрган ширкларингни унутасизлар.
42     Сиздан олдинги умматларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Кейин зора (тавба-)тазарру қилсалар деб, уларни бало ва офатларга дучор қилганмиз.
Изоҳ: Яъни уларни қаҳатчилик, очлик, касаллик, ўлим, фақирлик каби мусибатлар билан синаганмиз.
43     Уларга Бизнинг баломиз келганда, (тавба-)тазарру қилсалар бўлмасмиди?! Лекин, диллари қотди ва шайтон уларга қилиб юрган ишларини зийнатли қилиб кўрсатди.
44     (Улар) эслатилган нарса (синовлар)ни унутганларида уларга ҳар нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, улар (энди) ноумиддирлар.
45     Зулм қилганлар қавмининг думи қирқилди, алҳамду лиллоҳи Раббил-оламин!
46     Айтинг: "(Ўйлаб) кўрдингизми, бордию Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса ва дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан бошқа уни (қайта жойига) келтирадиган илоҳ ким экан?" Оятларни қандай тасарруф қилаётганимизга, сўнгра уларнинг юз ўгириб кетишларига (бир) боқинг!
47     Айтинг: "Ўзларингни (бир ўйлаб) кўрдиларингми - агар Аллоҳнинг азоби бирданига ёки ошкора келса, золимлар қавмидан бошқаси ҳалок қилинармиди?!"
48     Биз элчи (пайғамбар)ларни фақат (одамларга) хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчилар сифатида юборурмиз. Кимки имон келтириб, (хатоларини) тузатса, у (каби)ларга хавф ҳам йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
49     Оятларимизни ёлғонга чиқарувчиларга эса, бузғунчилик қилганлари сабабли азоб етар.
50     Айтинг: "Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор ҳам демайман ва ғайбни ҳам билмайман. Шунингдек, сизларга: "Мен фариштаман" ҳам демайман. Мен фақат, менга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашаман". Айтинг: "Кўр билан кўрувчи тенг бўладими? Фикр юритмайсизларми?"
51     Улар учун Аллоҳдан бошқа дўст ҳам, оқловчи ҳам бўлмаган ҳолда Парвардигорлари ҳузурига жам бўлишларидан қўрқадиганларни у (ваҳий) билан огоҳлантиринг, зора тақволи бўлсалар!
52     Эртаю кеч (доимо) Парвардигорларининг "юзи"ни истаб, Унга дуо (ибодат) қилаётганларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сиз уларнинг (ишлари) ҳисоботидан бирор нарсага (масъул) эмассиз. Улар (ҳам) Сизнинг (ишларингиз) ҳисоботидан бирор нарсага (масъул) эмаслар. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолманг!
Изоҳ: Улардан мурод бу ерда Билол, Суҳайб, Аммор, Хаббоб каби ҳолати ночор, заиф мусулмонлардир. Макка зодагонлари Муҳаммад (а.с.)дан уларни ҳузурингдан ҳайдаб юборсанг, биз сен билан гаплашамиз, ёнингда паст мартабали қуллар ўтиришидан биз ор қиламиз дер эдилар.
53     "Бизларнинг ичимиздан (келиб-келиб) Аллоҳ ўшаларга неъмат ато этибдими?!" - дейишлари учун уларнинг баъзиларини баъзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Шукр қилувчилар (ким экани)ни Аллоҳ билувчироқ эмасми?!
54     Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: "Сизларга салом (саломатлик)! Раббингиз раҳмат (қилиш)ни Ўзига ёзди: сизлардан кимки жоҳилликда ёмонлик (гуноҳ иш) қилган бўлиб, сўнгра ўша (гуноҳи)дан кейин тавба қилиб, (ўзини) ислоҳ этса, бас, албатта, У кечиримли ва раҳмлидир".
55     Ана шундай (услубда) оятларимизни батафсил (баён) қилурмиз ва гуноҳкорлар йўли ойдинлашиши учун ҳам (баён қилурмиз).
56     Айтинг: "Мен Аллоҳни қўйиб, сизлар сиғинаётган (маъбуда)ларга ибодат қилишлигимдан қайтарилганман". Айтинг: "Сизларнинг хоҳишларингизга эргашмайман. Зеро, унда мен адашган бўлиб, ҳидоят топганлардан бўлмай қолурман".
57     Айтинг: "Мен Раббимдан (келмиш) ҳужжат узрадирман. Сизлар (эса) уни ёлғонга чиқардингиз. Сизлар қистаётган (азоб) менинг ҳузурим (ихтиёрим)да эмас*. Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас. (У) ҳақ (нарса)ни баён қилур. У ажрим этувчиларнинг яхшисидир".
Изоҳ: Улар қистаб сўраётган нарсалари: "Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Раббингдан сўра устимизга осмондан тош ёғдирсин!" - деган талабларидир.
58     Айтинг: "Агар сизлар қистаётган нарса менинг ҳузуримда бўлганда эди, мен билан сизлар ўртамиздаги иш (аллақачон) ҳал бўлган бўлур эди. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир".
 59     Ғайб (яширин ишлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир.
60     У тунда сизларни "вафот эттирадиган" (ухлатиб руҳингиз ихтиёрини оладиган), кундузи қилган ишларингизни биладиган зотдир. Сўнгра белгиланган муҳлат адо этилиши учун унда (кундузи) сизларни (яна) "тирилтирур" (ўйғотур). Кейин Унга қайтишлик (бор). Сўнгра сизларга қилган ишларингиз хабарини берур.
 61    У бандалари устидан (барча ишда) ғолибдир. Устингизга (савоб ва гуноҳларингизни битиб) сақловчи (фаришталар)ни юборади*. Бирорталарингизга ўлим келган пайтда, уни элчи (фаришта)ларимиз эринмай (ўз вақтида) вафот эттирурлар*.
 Изоҳ: Сақловчи фаришталар "кироман котибин" деб аталмиш малоикалардир.
 Изоҳ(а): Элчи фаришталар эса, жон олувчи малоикалардир. Уларни "малакул-мавт" дейилади. Жон олувчи фаришталар ҳақида яна "Нозиот" сурасидан ўқинг.
62    Сўнгра (улар) ҳақиқий эгалари - Аллоҳ (ҳузури)га қайтарилурлар. Ҳукм эса Уникидир. У ҳисобловчиларнинг тезкоридир.
63    Айтинг: "қуруқлик ва денгиз зулмат (даҳшат ва фалокат)ларидан - Унга ошкора ёлвориб ва хуфёна: "Агар бизга шу (хатар)дан нажот берса, қасамки, албатта, шукр қилувчилардан бўлар эдик", - деб дуо қилганларингда, ким сизларни қутқаради?"
64    Айтинг: "Сизларни улардан Аллоҳ қутқаради. Сўнгра сизлар (эса яна) ширк келтираверасизлар".
65    Айтинг: "У сизларга тепангиздан ёки оёқларингиз остидан азоб юборишга ёхуд сизларни (турли) фирқаларга айлантириб, баъзингизга баъзилар зарарини тотдиришга (ҳам) қудрати етадиган зотдир". Кўринг, англаб етсинлар деб оятларни қандай (атрофлича) баён қиламиз.
 66    қавмингиз уни (қуръонни ёки азобни) ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки, у ҳақ эди. Айтинг: "Мен сизларга муаккал (соқчи) эмасман.
67    Ҳар бир хабарнинг қарор топадиган ўрни (ва вақти) бор. Тез фурсатда билурсизлар".
68    Оятларимизга (нисбатан менсимасликка) киришаётганларни кўрсангиз, то бошқа гапга кўчмагунларигача, улардан юз ўгиринг! Агарда шайтон ёдингиздан чиқарса, (бу) еслатмадан кейин золимлар қавми билан ўтирмангиз!
69    Тақво қилувчилар зиммасида у (золимлар қавми номи)дан ҳеч қандай ҳисобот (бериш) йўқ. Лекин (шу кабилардан) сақланишлари учун (бу) эслатмадир.
70    Динларини ўйин ва беҳуда нарса қилиб олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйганларни (парво қилмай) қўяверинг! Ҳар бир жон (ўз) қилмиши сабабли ҳалок бўлиши, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир дўст ва оқловчи бўлмаслиги, бор бадални берса ҳам ундан олинмаслигини у (қуръон) орқали эслатинг! (Ўз) қилмишлари сабабли азобланадиганлар ана ўшалардир. Улар учун куфрда бўлганлари туфайли қайноқ сувдан иборат ичимлик ва аламли азоб (бордир).
71    Айтинг: "Аллоҳни қўйиб, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдиган нарсага илтижо қиламизми ва Аллоҳ бизни ҳидоят йўлига солгандан кейин (яна) ортимизга қайтариламизми?! (Унда) худди жинлар оғдириб кетгач, ерда ҳайронликда юрганда ўртоқлари: "Бизга кел!" - деб чақирган кимсага ўхшаб қоламиз-ку! Айтинг: "Аллоҳнинг ҳидоятигина (ҳақиқий) ҳидоятдир. (Биз эса) бутун оламларнинг Раббига бўйин сунишга буюрилганмиз".
72    (Бизга яна): "Намозни мукаммал адо этингиз ва Ундан қўрқингиз! У эса, ҳузурига сизлар жам бўладиган зотдир" (деб буюрилган).
73    У осмонлар ва Ерни ҳикмат билан яратган зотдир. "Бўл!" - деган куни (истагани) бўлади. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган куни (ҳам) ҳукмронлик фақат Уникидир. Яширин ва ошкора (нарсаларни) билувчидир. У ҳаким ва хабардор зотдир.
Изоҳ: Сур - ўзбекчада сурнай. Исрофил (а.с.)га қиёмат куни уни икки бор чалишга амр бўлади. Биринчисида Ер юзасидаги барча тирик жон ўлади. Иккинчисида аввалину охирин ҳамма ўтганлар тирилади.
74    Иброҳим отаси Озарга: "Санамларни илоҳ қилиб оласизми? Мен Сизни ва қавмингизни залолатда кўраяпман", - деганини эсланг!
75    Шу тарзда Иброҳимга осмонлар ва Ернинг мулку салтанати (ажойиботлари)ни кўрсатурмиз. Чинакам ишонувчилардан бўлиши учун (шундай қилдик).
76    Тун зулмати уни қоплаганда юлдузни кўриб: "Мана шу - раббим", - деди. (У) ботиб кетганда эса: "Ботиб кетувчиларни ёқтирмайман", - деди.
77    Чиқаётган ойни кўриб: "Мана шу - раббим", - деди. Ботиб кетганда эса: "Агарда Раббим мени ҳидоятга солмаса, албатта, адашганлар қавмидан бўлиб қолурман", - деди.
78    Чиқаётган қуёшни кўриб: "Мана шу - раббим. Шу каттароқ-ку!" - деди. Ботиб кетганда эса: "Эй, қавмим, албатта, мен сизлар келтираётган ширкдан безордирман.
Изоҳ: Иброҳим (а.с.) улуғ пайғамбарлардан бўлиб туриб нечун қуёш, ой, юлдузларни раббим деди, деган савол туғилиши табиий. Жавобига муфассирлар айтмишларки, Халилуллоҳ бу сўзларни чин диллари билан эътиқодан айтганлари йўқ, балки уларга сиғинадиган мушрикларни масхара қилиб, "шу ҳам парвардигор бўлдими, ботиб кетишини қаранглар"- демоқчи бўлганлар.
79    Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни ихтиро этган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман", - деди.
80    қавми у билан баҳслашди. (Шунда) у деди: "Мен билан Аллоҳ ҳақида баҳслашасизларми? Ахир, (У) мени ҳидоятга йўллаган бўлса?! Мен сизлар келтирган ширкдан қўрқмайман. Илло, Раббим бирор нарсани хоҳласа (ўша бўлур). Раббим илм жиҳатидан ҳар нарсани қамраб олган. (Буни) еслаб кўрмайсизларми?
81    Сизлар келтирган ширкдан қандай ҳам қўрқайинки, сизларга бирор ҳужжат қилиб туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтиришдан қўрқмаётган бўлсаларинг?!" (Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишликка ҳақлироқдир? Биладиган бўлсангиз (айтинг!)
82    Имон келтирган ва имонларини зулм (ширк) билан қориштирмаганлар - айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар тўғри йўл топганлардир.
83    Иброҳимга қавми устидан берган ҳужжатимиз ана шудир. Хоҳлаган кишимизни даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Раббингиз ҳикмат ва илм соҳибидир.
84    Унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни ато этдик. Ҳаммасини ҳидоятга йўлладик. Олдин Нуҳни ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик). Чиройли иш қилувчиларни мана шундай тақдирлаймиз.
85 Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир.
86    Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаларини оламлар узра афзал қилдик.
87    Шунингдек, уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва ака-укаларидан (баъзиларини ҳам афзал қилдик). Уларни танлаб олиб, Тўғри йўлга равона қилдик.
88    Аллоҳнинг ҳидояти шудир. У билан хоҳлаган бандаларини йўлга солади. Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди.
89    Ана ўшалар Биз Китоб, ҳукм (Ҳикмат) ва пайғамбарлик берган зотлардир. Агар уларни ана улар (Макка мушриклари) инкор этсалар, уларни инкор этмайдиган қавмни уларга вакил қилиб қўйганмиз.
Изоҳ: Яъни пайғамбарни вакил қилиб қўйишимиз мумкин. Иккинчи тафсири - барча мўмин-мусулмонларга, учинчи тафсири - араб бўлмаган халқларга, тўртинчи тафсири - фаришталарга ваколат берурмиз, сўнгра улар ўз ишларини қилурлар.
 90    Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятига мушарраф бўлган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг! Айтинг: "Сизлардан унинг (пайғамбарлик хизмати) учун ҳақ сўрамайман. У фақат оламлар учун эслатмадир".
91    Аллоҳни қадрига лойиқ қадрламадилар, дедиларки: "Аллоҳ башар (зоти)га ҳеч нарса нозил қилган эмас"*. Айтинг: "Одамлар учун нур ва ҳидоят сифатида Мусо келтирган, сизлар уни саҳифа-саҳифа қилиб олиб (бир қисмини) ошкора, кўпини эса махфий тутган ва (унда) ўзларингиз ва ота-боболарингиз билмаган (илм)ларни билдирилган Китоб (Таврот)ни ким нозил қилган эди?" (Яна ўзингиз:) "Аллоҳ (нозил қилган эди)", - деб айтинг! Сўнгра уларни ўз равишларига қўйиб беринг - ўйнаб (адашиб) юраверсинлар. Изоҳ: Бу оятнинг нозил бўлиши сабабларидан бири, тафсирларда айтилишича, Муҳаммад (а.с.)нинг ҳузурига Молик ибн ас-Сайф деган бир яҳудий динининг пешвоси келиб, аҳмоқона баҳс бошлайди. Расул (а.с.): "Тавротда Аллоҳ таоло семиз уламони ёқтирмайди, дейилмаганми?" - деб сўрайдилар. У: "(Ҳа, шундай) дейилган", - деб жавоб беради. Расул (а.с.): "Унда сен нечун бунча семизсан?" - деганларида, у дарғазаб бўлиб: "Аллоҳ ҳеч бир инсонга (шу жумладан Мусога ҳам) илоҳий китоб (Таврот) туширган эмас", - деб ҳатто ўз динига ҳам шаккоклик қилган экан.
92    Бу (қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи, Уммулқуро* (деб аталмиш Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун Биз нозил қилган Китобдир. Охиратга имон келтирадиганлар унга (ҳам) имон келтирадилар ва улар намозларини муҳофаза қиладилар (давоматли ўқийдилар).
Изоҳ: "Уммулқуро" - шаҳарлар онаси.
93    Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган, ҳеч нарса ваҳий қилинмаган бўлса-да, "Менга ваҳий қилинди", - деган, шунингдек, "Аллоҳ нозил этган каби (мен ҳам оятларни) нозил қиламан", - деган кимсалардан ким ҳам золимроқдир? Бу золимларни ўлим исканжасида (қолганларида) фаришталар қўлларини (уларга) чўзиб: "Жонларингни чиқаринглар! Бугун Аллоҳ шаънига ноҳақ (нолойиқ сифатлар)ни гапирганингиз ва Унинг оятларига (амал қилишдан) кибрланганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланасизлар", - деб турган ҳолатларини (бир) кўрсангиз эди!
94    Аллоҳ қиёмат куни айтур: "Ҳузуримизга сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Сизларга (мулк қилиб) берган (бойлик)ларни ортингизда қолдирдингиз. Ораларингизда (Аллоҳга) шерик деб гумон қилиб юрган шафоатчи (оқловчи)ларингизни сизлар билан бирга кўрмаяпмиз. Орангиз узилиб қолибди. (Оқлайди деб) ўйлаб юрган (бут)ларингиз (эса) сизлардан ғойиб бўлибди".
95    Аллоҳ дон ва уруғларни ёрувчи (ва ундирувчи)дир. Ўликдан тирикни чиқаради ва (У) тирикдан ўликни чиқарувчидир. Ана ўша Аллоҳдир. Бас, қаёққа оғиб кетаяпсизлар?
96    (У) тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, қуёш ва ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу қудратли ва доно зотнинг ўлчовидир.
97    У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни кенг баён қилдик.
98    У сизларни бир жон (Одам Ато)дан пайдо қилган зотдир. Демак, (инсон учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонатгоҳ (экан). Фаҳмлайдиган қавм учун оятлар тафсилотини бердик.
99    У осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имонли қавмлар учун аломатлар бордир.
100     Аллоҳга жинларни шерик қилдилар. Ваҳоланки, уларни (Ўзи) яратган. Билмаган ҳолда Унга ўғил ва қизларни тўқиб чиқардилар. У (Аллоҳ) булар тавсиф этаётган (сифат)лардан пок ва аълодир.
101     (У) осмонлар ва Ернинг ихтирочисидир. Унинг ёри (жуфти) бўлмаган бўлса, қаёқдан унга фарзанд бўлсин?! Ҳамма нарсани яратди. У ҳамма нарсанинг билимдонидир.
102     Ана ўша Аллоҳ Раббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилингизлар! У ҳар нарса узра вакил (кузатувчи)дир.
103     Кўзлар Уни идрок этмас. Кўзларни У идрок этар. У дақиқ нарсаларни билувчи ва (ҳамма ишдан) хабардордир.
104     Раббингиздан сизларга дилкаш далиллар келди. Кимки (қалб кўзи билан) кўра олса, ўзига (яхши). Кимки кўрлик қилса, ўзига (ёмон)дир. Мен устиларингизда қўриқчи эмасман.
105     Сизга (олдинги илоҳий китоблардан) дарс олиб ўргангандирсан, дейишлари учун ва билувчи қавмга баён қилиб беришимиз учун (бу) оятларни мана шундай тасарруф қилмоқдамиз.
106     Раббингиздан Сизга ваҳий этилган нарса (оят)ларга эргашинг. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мушриклардан (эса) четланинг!
107     Агар Аллоҳ истаса, (улар) ширк келтирмаган бўлур эдилар. Сизни эса улар устидан қўриқчи қилиб қўйганимиз йўқ. Сиз уларга муаккал (бириктирилган) ҳам эмассиз.
108     Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганлар (бутлари)ни сўкмангиз! Акс ҳолда, улар ҳаддан ошиб, билмасдан Аллоҳни сўкиб юборадилар. Шунга ўхшаб ҳар бир уммат ишини ўзига чиройли кўрсатиб қўйдик. Сўнгра қайтар жойлари Парвардигорлари ҳузуригадир. Ана ўшанда уларга қилган ишларининг хабарини берур.
109     Агар уларга оят келса, албатта, имон келтиришлари ҳақида жидду жаҳд билан Аллоҳга қасам ичадилар. "Оятлар Аллоҳнинг ҳузуридадир", - деб айтинг! қайдан ҳам билурсизлар, (оятлар) келганда ҳам, балки имон келтирмаслар.
110     Биринчи марта унга имон келтирмаганларидек, диллари ва кўзларини тескари қилиб қўямиз ва ўз туғёнларида гангиб юрган ҳолларида уларни тарк этурмиз.
111     Мабодо, Биз уларга фаришталарни туширсак ва ўликлар (тирилиб) уларга гапирса ҳамда ҳамма нарсани кафил сифатида уларга (уларнинг муқобилига) жам қилганимизда ҳам Аллоҳ хоҳлаганидан бошқалари имон келтирмаган бўлар эдилар. Лекин, уларнинг аксарияти (буни) билмайдилар.
112     Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар алдаш мақсадида сохта хушсуханлик билан бир-бирларига васваса қиладилар. Агар Раббингиз хоҳласа, (бундай) қилмаган бўлур эдилар. Уларни тўқиётган (бўҳтон)лари билан бирга қўяверинг.
113     У (сохта сўзлар)дан охиратга ишонмайдиганларнинг диллари таъсирланиши ва у билан қаноатланиб, қиладиган нарса (гуноҳ)ларини қилишлари учун (васваса қилдилар).   
114     (Уларга айтинг): "Аллоҳдан бошқа ҳакам излайинми, ҳолбуки, У сизларга Китоб (қуръон)ни батафсил нозил қилган зотдир". Биз Китоб берган (Аҳли Китоб)лар у (қуръон)нинг ҳақиқатан Раббингиздан нозил қилинганлигини биладилар. Бас, асло шак қилувчилардан бўлманг!
115     Раббингиз сўзи ростлик ва адолатда камолига етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У эшитувчи ва билувчидир.
116     Ер (юзи)даги кўп кишилар (сўзи)га итоат қиладиган бўлсангиз, Сизни Аллоҳ йўлидан янглиштирадилар. (Улар) фақат гумонга бериладилар ва фақат ёлғончилик қиладилар.
117     Албатта, Раббингиз (Унинг) йўлидан янглишган кимсани ҳам яхши билувчи ва У
ҳидоят топганларни ҳам яхши билувчидир.
118     Бас, агар Унинг оятларига имон келтирувчи бўлсангизлар, (сўйишда) Аллоҳнинг номи айтилган нарса (маълум ҳайвонлар гўшти)дан еяверингизлар.
119     Сизларга не бўлдики, Аллоҳнинг номи айтилган нарса (ҳайвон гўштлари)дан емайсизлар?! Ваҳоланки, (У) сизларга ҳаром қилган нарсаларни, зарурат ҳолатингиз мустаснолигини батафсил баён қилган эди. Албатта, кўпчилик ўз ҳавою хоҳишлари туфайли билмасдан (ўзларини) янглиштирадилар. Албатта, Раббингиз тажовузкорларни билувчироқдир.
120     Гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам тарк этингизлар! Албатта, гуноҳ қилганлар қилмишлари туфайли жазоланурлар.
121     Аллоҳнинг номи айтилмаган нарсалардан емангизлар! Зеро, у фосиқликдир. Шайтонлар эса, ўз дўстлари (мушриклар)ни сизлар билан баҳслашиш учун васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, албатта, сизлар (ҳам) мушрикдирсизлар.
122     Ўлик (кофир) бўлган одамни (имон билан) тирилтириб, унга одамлар ичида у сабабли юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин зулматлар ичида (қолиб,) у (ер)дан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?! Шунга ўхшаш, кофирларга ўз ишлари зийнатли (кўринадиган) қилиб қўйилди.
123     Шунингдек, ҳар бир қишлоқда, унинг йирик жиноятчиларини у ерда макр қиладиган этиб қўйдик. (Ўзлари) сезмаган ҳолда (улар) фақат ўзларигагина макр қиладилар.
124     Уларга бирор оят (ёки мўъжиза) келса, айтадилар: "Бизга Аллоҳнинг (бошқа) пайғамбарларига берилгани каби оят (ёки мўъжиза)лар берилмагунча, сира имон келтирмаймиз". Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир. Жиноят қилганларга макр қилганлари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва шиддатли азоб муҳайёдир.
125     Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўрар.
Изоҳ: Бу ояти каримадаги "кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек тор ва сиқиқ қилиб қўяди" - деган жумла қуръони каримнинг энг юксак илоҳий мўжиза эканлигига далолат қилади. Зеро, кўкка кўтарилган сайин ҳавонинг сийраклашуви назарияси физика ва астрономия фанида ҳали у даврда кашф қилинмаган эди.
126     Раббингизнинг тўғри йўли шудир. Эслатма олувчи қавм учун оятларни батафсил баён етдик.
127     Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир.
128     Уларнинг ҳаммасини жам этадиган Кунда (айтамиз): "Эй, жинлар тўдаси! Инсонлардан (сиз чалғитганлар сонини) кўпайтирдингиз-ку?" (Шунда) уларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: "Эй, Раббимиз! (Биз шунчаки) бир-биримиздан фойдаландик ва биз учун Ўзинг белгилаган ажалимизга етиб келдик", - деганларида, (Аллоҳ) айтади: "Жойингиз - дўзах, у ерда мангу қолурсизлар, илло Аллоҳ хоҳлаган (вақтлар) бундан мустаснодир. Албатта, Раббингиз ҳикмат ва илм соҳибидир."
129     Шундай қилиб, золимларнинг қилмишлари сабабли бирини бирига яқин (рўбарў) қилиб қўямиз.
130     Эй, жинлар ва инсонлар жамоаси! Сизларга Ўзларинг (ўз жинсларингиз)дан пайғамбарлар келиб, сизларга оятларимни айтиб, ушбу Кунингизга йўлиқишингиздан огоҳлантирган эмасмидилар? Улар (жавоб бериб): "Ўзимизга қарши гувоҳлик берамиз", - дейдилар. Уларни (шу) дунё ҳаёти алдаб қўйган. (Натижада) ўзларининг зарарига, кофир бўлганлари бўйича гувоҳлик бердилар.
131     Бу (ишимизнинг боиси) Раббингизнинг аҳолиси ғофил (огоҳлантирилмаган) қишлоқларни зулман ҳалок қилувчи эмаслигидир.
132     Ҳар (ким) учун қилган амалларидан (келиб чиқиб белгиланган) даража (мақом)лар бор. Раббингиз (уларнинг қилаётган амал (иш)ларидан ғофил эмасдир.
133     Раббингиз бой ва марҳаматлидир. Агар хоҳласа, сизларни кетказиб (йўқ қилиб), сизлардан кейин (ўрнингизга) сизларни бошқа қавм зурриётидан пайдо қилгани каби Ўзи хоҳлаган (авлод)ни келтиради.
134     Албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса (охиратдаги ишлар) келувчидир. Сизлар (ўлиб кетиш билан бизни) ожиз қолдирувчи эмассизлар.
135     Айтинг (ей, Муҳаммад!): "Ей, қавмим! Маконингизда (ўз ақидангизда) туриб, амал қилаверинг. Мен (ҳам), албатта, амал қилувчиман. Диёр (охират)нинг оқибати кимга бўлишини билажаксизлар. Албатта, золимлар толе топмагайлар".
136     (Мушриклар У) яратган экин ва чорвалардан Аллоҳга улуш ажратиб(ўз ақидалари бўйича): "Бу Аллоҳ учун, буниси шерик (бут)ларимиз учун", - дейдилар. Бас, бутлари учун бўлгани Аллоҳга етиб бормайди. Аллоҳ учун бўлгани шерик (бут)ларига "етиб" боради. қилган ҳукмлари нақадар ёмон!
137     Шундай қилиб, кўп мушрикларга ўз шерик (бут)лари уларни ҳалокатга учратиш ва динларини чалкаштириб юбориш учун ўз болаларини ўлдириш (каби нохуш ишлар)ни чиройли (маъқул) кўрсатиб қўйдилар. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, буни қилмаган бўлур эдилар. Уларни ўз бўҳтонлари билан (ўз ҳолларига) қўяверинг.
138     Улар ўз (ақида)ларича: "Бу чорва ва экинлар ҳаром. Уларни фақат биз раво кўрганларгина ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган. (Сўйишда) Аллоҳнинг номи айтилмайдиган ҳайвонлар ҳам бор", - деб, У (Аллоҳ)нинг шаънига бўҳтон тўқийдилар. Тўқиган бўҳтонлари сабабли (У) уларни жазолагай.
139     Яна айтадиларки: "Бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир. Хотинларимизга эса ҳаром қилингандир". Агар (қориндаги нарса) ўлик бўлса, ҳаммалари (эру хотинлар) шерик эмиш. Бу васфларига (яраша Аллоҳ уларни) жазолагай. Албатта, У ҳикмат ва илм соҳибидир.
140     Ўз болаларини илмсизлик қилиб жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар.
141     У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан енгизлар. Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) беринглар* ва исроф қилмангизлар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди. Изоҳ: "Ушр" ва "Хирож" ҳақида шаръий ҳукмларда кўп зикр этилади. Ушр - бу олинадиган ҳосилнинг ўндан бирини Аллоҳ йўлига садақа сифатида бериш. Хирож эса, ушрдан кўпроқ, ҳатто ҳосилнинг ярмигача бериш. Фиқҳ китобларга мурожаат қилинсин.
142     Ҳайвонлардан эса, юк кўтарадиган ва (сўйиш учун) ётқизиладиганларини (пайдо қилди). Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берганларидан енглар. Шайтон изларидан эргашмангизлар. Албатта, у сизларга аниқ душмандир.
143     Саккиз жуфт (ҳайвонлар) - қўйдан икки (жинс) ва эчкидан (икки жинс)ни (яратди). Айтинг: "Шу икки эркагини ҳаром қилганми ёки икки урғочисиними ёхуд иккала урғочи бачадонларидаги (ҳомила)ними? Агар ростгўй бўлсангиз, илм (ҳужжат) билан менга хабар берингиз!"
144     Шунингдек, туядан икки (жинс), қора молдан икки (жинсни) яратди. Айтинг: "Шу икки эркагини ҳаром қилганми ёки икки урғочисиними ёхуд иккала урғочи бачадонларидаги (ҳомила)ними? Ёки Аллоҳ шу (ҳукм)ни буюраётганига гувоҳмисизлар? Одамларни адаштириш учун илмсизлик билан Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!" Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмагай.
145     Айтинг: "Менга ваҳий қилинган нарса (қуръон)да ейдиган кишига ўлимтик, тўкилган қон, чўчқа гўшти - у, албатта, палид - ва (сўйишда) Аллоҳдан ўзганинг номи аталган "фисқ" (ҳайвон)дан бошқа ейиш ҳаром қилинган нарсани топмаяпман". Бас, кимки заруратда қолиб, (бошқага) зулм қилмаган ва (зарурат) ҳаддидан ошмаган ҳолда (уларни эса), албатта, Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир.
146     Яҳудий бўлмиш кимсаларга барча туёқли (ҳайвон)ларни ҳаром қилдик. Сигир ва қўйлардан ёғларини уларга ҳаром қилдик. Илло, биқинларидаги ё ичларидаги ёки суякка қотишган нарса (ёғлар)ни (ҳаром қилмадик). Бу уларнинг тажовузкорликлари сабабли жазолаганимиздир. Биз, албатта, ростгўйдирмиз.
147     Агар Сизни ёлғончига чиқарсалар, айтинг: "Раббингиз раҳмати кенгдир. Унинг азоби (эса) жиноятчилар қавмидан қайтарилмайди".
148     Мушрик бўлмиш кимсалар: "Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам мушрик бўлмаган ва бирор (ҳалол) нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик", - дейишади. Улардан олдингилар ҳам, то азобимизни тотмагунларича, (пайғамбарларни) худди шундай ёлғончига чиқарганлар. Айтинг: "Сизларда бизга чиқарадиган (кўрсатадиган) илм (ҳужжат) борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз".
149     Айтинг: "Етук ҳужжат фақат Аллоҳникидир. Агар хоҳлаганда эди, ҳаммаларингизни (ҳидоятга) йўллаган бўлур эди".
150     Айтинг: "Мана шу (нарсалар)ни Аллоҳ ҳаром қилганлигига гувоҳлик берувчи гувоҳларингизни келтирингиз!" Агар гувоҳлик берсалар, (Сиз) улар билан бирга гувоҳлик берманг. Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг ҳавойи (нафс)ларига эргашманг! Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштираётирлар.
151     Айтинг: "Келинглар, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: - У зотга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз - Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз - фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган (жон)ни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юргизишларингиз учун (Аллоҳ) ҳукм қилгани шу(лар)дир.
152     То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (бўлса дуруст). Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинг! Аллоҳнинг (олган) аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир.
153     Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингизлар! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишларингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир".
154     Сўнгра, чиройли (савобли) амал қилган(лар)га (неъматларимизни) мукаммал бериш ва барча нарса тафсилоти учун ҳамда ҳидоят ва раҳмат бўлиши учун Мусога Китоб (Таврот)ни бердик, токи улар (Исроил авлоди) Парвардигорлари билан мулоқотда бўлишларига имон келтирсинлар.    
155     Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсизлар.
156     "Биздан олдинги икки тоифага китоб нозил қилинган эди. Биз эса уларни ўрганишдан ғофилмиз", - дейишларингиз
157     ёки: "Агар бизга (ҳам) китоб нозил қилинганда эди, биз улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик", - дейишларингиз (Бизга маълум бўлгани учун қуръонни нозил этдик). Албатта, сизларга Раббингиздан ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Бас, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгиргандан кўра ким золимроқ экан?! Оятларимиздан юз ўгирганларни, юз ўгириб юрганлари туфайли ёмон азоб билан жазолагаймиз.
158     Улар фақат (жон олувчи) фаришталар келишини ё Раббингиз (азоби) келишини ёки Раббингиз белгилари (қиёмат аломатлари)дан баъзиси келишинигина кутмоқдалар. Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди. Айтинг: "Кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз".
159     Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур.
160     Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга зулм қилинмагай.
161     Айтинг: "Раббим мени Тўғри йўлга, рост динга, (ҳақ йўлда) барқарор Иброҳимнинг динига йўллади. (У) мушриклардан эмас эди".
162     Айтинг: "Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби Аллоҳ учундир.
163     Унинг шериги йўқдир. Мана шу(ақида)га буюрилганман ва мен (Аллоҳнинг
буйруқларига) таслим этувчиларнинг аввалиман."
 Изоҳ: Яъни ўзим даъват қилаётган динга ўзим биринчи бўлиб кирганман.
164     Айтинг: "Аллоҳдан ўзга парвардигор қидирайинми, ваҳоланки, У ҳар нарсанинг Рабби бўлса?!" Ҳар бир жон (егаси) фақат ўзи учун иш қилади. (Ҳеч бир) кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (жон)нинг юки (гуноҳи)ни кўтармайди. Сўнгра қайтиш жойингиз Аллоҳ ҳузуридир. Ўшанда сизларга келиша олмай юрган (иш)ларингиздан хабар берур.
165     У сизларни Ернинг халифалари қилиб қўйган ва ато этган (неъмат)ларида сизларни синаш учун баъзиларингизни баъзиларингиздан (юқори) даражаларга кўтарган зотдир. Албатта, Раббингиз жазода тезкор ва У кечиримли ва раҳмлидир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase