close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

004. Нисо сураси

Бу сурада асосан оила, турмуш, мерос масалалари, етимларга муносабат, эр-хотин ҳуқуқлари, фаҳш ва зино ишларининг зарарлари ва бошқа муҳим маълумотлар ўз аксини топган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1     Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни яратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир. 2     (Вояга етган) етимларга мол-мулкларини (қайтариб) берингиз, пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз! Уларнинг молларини ўз молларингизга қўшиб ҳам емангиз! Зеро, бу катта гуноҳдир.    
3     Агар етимларга (нисбатан) адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингизлар. Бордию (улар ўртасида) одил бўла олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўрилар (билан кифояланинг). Шу (адолатдан) оғиб кетмаслигингизга яқинроқдир.
 Изоҳ: Маълумки, Муҳаммад (а.с.) пайғамбар бўлиб келмасларидан олдинги жоҳилият даврида аёллар ҳуқуқи поймол қилинар еди. Бир эрга ўнлаб аёллар чўридек тутқин эди. Унинг устига тез-тез бўлиб турадиган жангларда эркаклар қурбон бўлиб кетар, тул аёллар сони эса ортиб борар эди. Ижтимоий ҳаётдаги бу муаммони Ислом дини одилона ҳал этиш йўлини кўрсатиб берди. Имкониятига қараб, то тўрт нафаргача аёлга уйланиш мумкинлиги, улар ўртасида одиллик қилишга кўзи етмаса, биттадан ортиқ уйланмаслик зарурлиги уқтирилади. Лекин бу рухсатни суиистеъмол қилиш мутлақо дуруст эмас. Яъни имконияти моддий жиҳатдан етарли бўлишининг ўзи кўпхотинлик учун етарли шарт ўрнини боса олмайди. Балки бу ерда биринчи оила аъзоларининг ахлоқий ва маънавий жиҳатларига салбий таъсир кўрсатмаслигини ҳам эътиборга олиш керак бўлади. Бундан ташқари шариат ҳукмлари билан бирга мусулмон одам ўзи яшаб турган жамиятдаги шарт-шароитлар, давлат қонунчилиги ва бошқа маҳаллий урф ва анъаналарни ҳам риоя қилиш шартдир. Акс ҳолда, гуноҳ ва жиноятлар содир этишга банданинг ўзи сабабчи бўлиб қолиши мумкин.
4     Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингизлар.
5     (Қарамоғингиздаги) ақли норасоларга Аллоҳ сизларга (ҳаёт) туруми қилиб қўйган молларингиз (етимларнинг омонат моллари)ни бериб қўймангиз, балки ўша (моллар)дан едиринг, кийдиринг ҳамда уларга яхши гапиринг!
6     Етимларни, то балоғат ёшига етгунларича, имтиҳон қилиб (жинсий ҳолатини текшириб) туринглар: вояга етганликларини сезсангиз, (омонат) мол-мулкларини ўзларига топширинглар! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етим молидан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақиринглар. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчидир.
7     Эркаклар учун ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми фарз қилинган улушдир.
8     Мерос тақсимига узоқ қариндошлар, етимлар ва мискин (бечора ҳол)лар ҳозир бўлсалар, уларни ҳам у (мерос)дан баҳраманд қилиб, уларга яхши гапиринглар!
9     (Васийлар) мабодо заиф (норасида) фарзандларни қолдириб (вафот этсалар, ўзлари ҳам) улардан хавотир олганлари каби, (ўзга етимларнинг ҳаққини ейишда) Аллоҳдан қўрқсинлар ва (уларга) тўғри гапирсинлар.
10     Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов эган бўлурлар ва албатта, дўзахда тобланурлар.
11     Аллоҳ фарзандларингизга (мерос юзасидан) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (мерос беришни) васият қилади. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми (тегур). Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган (мерос)нинг олтидан бири (тегур). Агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бир (ҳақ) тегур. Агар (марҳумнинг) ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир (ҳақ) тегур. (Бу тақсимотлар марҳумнинг) қилган васияти ёки қарзи (адо этилган)дан сўнг (ижро етилур)*. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдалироқ эканини билмайсизлар. (Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳакимдир.
Изоҳ: Бу ерда васият биринчи навбатда ижро этиладими ёки қарзи тўланадими, дэган савол туғилиши табиийдир. Зеро, "васият ёки қарзи" дейилган. "ёки" лафзи эса мантиқ бўйича икки томондаги сўзларнинг олдин-кейинлигини ифода этмайди. Яъни, васиятни биринчи бажарадими ёки қарзини биринчи тўлайдими, ихтиёрий эканлигини билдиради. Лекин ҳадиси шарифда: "Қарз, албатта, васиятдан муқаддамдир", - дейилган. Бинобарин, шариатда қарзни муқаддам адо этишлик жорий қилинган.
12     Сизларга хотинларингиз қолдирган (мерос)дан - агар уларнинг фарзанди бўлмаса - ярми (тегур). Агар уларнинг фарзандлари бўлса, сизларга улар қолдирган (мерослари)дан тўртдан бир (ҳисса) тегур. (Бу тақсимот) у (марҳумалар) васияти ёки қарзи (адоси)дан кейин (ижро этилур). У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос)нинг - агар фарзандларингиз бўлмаса - тўртдан бир (ҳисса) тегур. Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур. (Бу тақсимот) сизлар қилган васият ёки қарз (адоси)дан кейин (ижро этилур). Агар (вафот етган) эркак ёки аёлнинг ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам бўлмай, (балки она томонидан) битта ака ёки укаси ёхуд опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир (ҳисса тегур). Агар (улар) бу (адад, яъни, битта)дан ортиқ бўлсалар, улар (мероснинг) учдан бир (ҳиссаси)да тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимот меросхўрларга) зарар етказилмасдан қилинган васият ёки қарз (адоси)дан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан (ижро қилинур). Аллоҳ билимдон ва ҳалимдир.    
13     Ана шулар Аллоҳнинг ҳудуд (чэгара)ларидир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарларига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат (боғ)ларга киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир.
14     Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир).
15     Хотинларингиздан қайсилари фоҳишалик қилса, уларга ўзларингиздан тўрт (эркак) кишини гувоҳ қилингиз. Агар гувоҳлик берсалар, то уларга ўлим келгунча ёки Аллоҳ бирор йўл қилгунча, уларни (ўз) уйларида сақлангиз.
Изоҳ: Зинокорлар тўғрисидаги ҳукмлар "Нур" сурасида батафсил баён этилган.
16     Сизлардан ўша (зинокорлик)ни қилганларнинг иккиси (еркак ва аёл)га (койиш ва таъзирларини бериш билан) азият (жазо) берингиз. Агар улар тавба қилиб, (ўзларини) тузатсалар, уларни тинч қўйинглар. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, раҳмли зотдир.
Изоҳ: Бу оят зино тўғрисида илк нозил бўлган оятлардандир. Унга кўра зинокорларни даб-дурустдан дарра уриш ёки тошбўрон қилиш билан жазоламаслик, балки биринчи марта койиб, уялтириб, огоҳлантириб қўйишга буюрилган. "Нур" сурасида эса жазонинг қатъийлиги баён этилади.
17     Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
18     Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганда, "Энди
тавба қилдим" дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз.
19     Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олишлик ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйинки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар.
20     Агар бир хотинни (қўйиб), ўрнига бошқа хотинни алмаштирмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига гарчи уюм-уюм молни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз ҳам, ундан бирор нарсани қайтариб олмангиз. Уни бўҳтон ва очиқ гуноҳ билан оласизми?!
21     Ахир, бир-бирингиз билан қовушиб, у (хотин)лар сизлардан қатъий аҳд олганларидан сўнг қандай қилиб у (маҳр)ни (қайтариб) оласизлар?!
22     Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг. Магар илгари ўтган бўлса (улар кечирилади). Албатта, бу қабиҳ, жирканч ва ёмон йўлдир.
23     Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёллар) - бу оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган "она"ларингиз, эмишган "опа-сингил"ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари - жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас - яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли зотдир.
24     Яна, эрли хотинлар (никоҳи ҳам ҳаром қилинди), магар қарамоғингиздаги жориялар(бундан мустасно)*. Бу (мазкурларнинг ҳаммаси) Аллоҳнинг битиги (фарзи)дир. Ана шулардан бошқа аёлларга зинокорона эмас, (балки) молларингиз (маҳр) билан уйланишингиз сизларга ҳалол қилинди. Улар билан (никоҳ орқали) яқинлик қилишингиз биланоқ, белгиланган маҳрларини берингиз. (Маҳр) белгилангандан кейин ўзаро келишсангиз (хотин ўз маҳридан кечса), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир.
Изоҳ: Жориясини никоҳлаб олмоқчи бўлган киши унинг иддаси чиқишини кутади. Зеро, одатда жориялар жангларда енгилган кофир эрларини ташлаб келган бўлади. Шунинг учун ҳомилали бўлишлиги эҳтимолидан иддага буюрилган.
25     Сизлардан кимда-ким озод-мўмина аёлларга уйланиш имкониятига эга бўлмаса, қўл остингиздаги мўмина жориялардан бирига (уйланаверсин). Аллоҳ имонингизни билувчироқдир. Сизлар бирингиз бирингиздандирсиз (яъни, сиз ҳам, жориялар ҳам бир инсонсиз). Бас, улардан ўзларини тутган, фоҳишалик қилмайдиган ва махфий ўйнашлари йўқларига хожаларининг рухсати билан уйланаверингиз ва маҳрларини меъёрида берингиз. Эрга текканларидан кейин, агар бузуқлик қилсалар, уларга озод аёлларга (бериладиган) жазонинг ярми (берилур). Бу (жорияларга уйланиш) қийинчилик (бузилиб кетиш)дан қўрққанларинг учундир. Агар (жорияга уйланишдан) сабр қилсангиз, ўзингиз учун яхшироқдир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
26     Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) баён қилиш, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят этиш ва тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди, Аллоҳ доно ва ҳакимдир.
27     Аллоҳ тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди, шаҳвоний ҳиссиётга тобе бўлганлар эса, (тўғри йўлдан) ўта оғиб кетишларингизни хоҳлайдилар.
28     Аллоҳ сизларга (вазифаларни) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда.
29     Эй, мўминлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангизлар! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмшафқатлидир.
30     Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда тоблармиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир.
31     Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни шинам манзил (жаннат)га киритурмиз. 32     Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангизлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
33     Ҳар бир киши учун ота-она ва қариндошлар қолдириб кетган (мерос)дан (олувчи) меросхўрлар қилиб қўйдик. Кимлар билан қасамёд (аҳду паймон) қилган бўлсангиз, улушларини берингиз*. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир.
Изоҳ: Бу ҳукм мерос ояти билан бекор қилинган. Яъни оятда белгилаб қўйилган қариндошлардан бошқа ҳеч ким мерос олишга ҳақли эмас.
34     Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб - Аллоҳ уларнинг бирлари (эркаклар)ни бирлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз молмулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари - бу (Аллоҳга) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнг (бу таъсир қилмаса,) уларни ётоқларда тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангизлар. Албатта, Аллоҳ жуда олий ва улуғ зотдир. Изоҳ: Бу ояти каримада оила тотувлиги қанчалик аҳамиятга эга эканли кўрсатилган. Фақат фавқулодда юз берадиган баъзи вазиятларда аёлни тарбия қилиш усулларидан фойдаланиш тавсия этилади. Баъзи кишилар оятда "уринглар" дейилган, деб уни суи истеъмол қилишга уринадилар. Бу айни хатодир. Ҳар қандай оилавий можарони тинчлик йўли билан оқилона ҳал қилиш мумкин.
35     Агар улар (ер-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (ер-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир.
36     Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди.
37     (Улар) ўзлари бахиллик қилиш билан бирга (бошқа) одамларни (ҳам) бахилликка буюрадиган ва Аллоҳнинг Ўз фазли билан берган (неъмат)ларини яширадиган (кимса)лардир. Кофирларга (эса) хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.    
38     Мол-мулкларини одамлар кўрсинга (риёкорлик билан) эҳсон қиладиган, (аслида эса) Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам имон келтирмайдиганларни (Аллоҳ севмайди). Кимгаки шайтон дўст бўлса, нақадар ёмон дўст у!
39     Бордию (улар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирсалар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилсалар, улар (зарари)га нима ҳам бўлар эди?! Аллоҳ уларни яхши билувчидир.
40     Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам) зулм қилмайди. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур.
41     Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад,) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!
Изоҳ: Бу ҳолат қиёмат кунида рўй бериши бошқа оятларда ҳам келтирилган. "Наҳл" сурасининг 84,89-оятлари, "Ҳаж" сурасининг 78-ояти таржималарига қаралсин.
42     Кофир бўлганлар ва пайғамбарга итоатсизлик қилганлар ўша куни ер билан яксон бўлишни орзу қиладилар. (У ерда улар) Аллоҳдан бирор гапни яшира олмайдилар.
Изоҳ: Бу дунёда эса инсон ўз айби ва гуноҳларини, шунингдек, содир етган жиноятларини турли йўллар билан яшириб, жазодан қутилиб кетиш мумкин. Лекин охиратда бу каби ҳийланайранглар фойда бермайди.
43     Эй, мўминлар! Токи гапираётган гапларингизни (ўзларингиз) биладиган бўлгунларингача, маст ҳолларингда намозга яқинлашмангизлар!* Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз). Магар сафарда бўлсангизлар (бу мустаснодир). Бордию бетоб ё сафарда бўлсангиз, ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангизу сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир.
 Изоҳ: "Бақара" сурасининг 119-ояти изоҳига қаралсин. Бу оят ҳам мансуха (ҳукми бекор қилинган) оятлар турига киради. Зеро, ундан кейин ичкилик тўғрисида қатъий оятлар нозил қилинган.
44     Китоб (Таврот)дан насибадор бўлган кишилар гумроҳликни сотиб олаётганлари ва (тўғри) йўлдан адашишларингизни хоҳлаётганларини кўрмадингизми (эй, Муҳаммад)?!
45     Аллоҳ душманларингиз (ким экани)ни яхшироқ билувчидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли дўст, Аллоҳнинг Ўзи етарли ёрдамчидир.
46     Яҳудий бўлганлар орасида шундайлари (ҳам) борки, Аллоҳнинг сўзини ўз ўрнидан ўзгартирадилар ва тилларини буриб, динга таъна етказиш ғаразида: "Эшитдик ва бўйин сунмадик. Эшитилмас (сўзлар)ни эшит ва бизни асра", - дейдилар*. Агар улар: "Тингладик ва бўйин сундик, эшит ва бизга ҳам назар қил", - дэганларида, ўзлари учун яхшироқ ва тўғрироқ бўлар эди. Лекин, уларни Аллоҳ куфрлари сабабли лаънатлади. Энди, (уларнинг) озгина (қисми)дан бошқалари имон келтирмайдилар.
Изоҳ: "Бақара сурасининг 104-ояти изоҳига қаралсин.
47     Эй, Китоб берилган кимсалар! Юзларни сидириб, тескари қилиб юборишимиздан ёки уларни худди "Шанба эгалари"ни лаънатлаганимиздек лаънатлашимиздан олдин сизлардаги нарса (Таврот)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилган Китобимиз (Қуръон)га имон келтирингиз. Аллоҳнинг амри, албатта, адо этилувчидир.
48     Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди.
49     Ўзларини "поклаётган" кимсаларни кўрмадингизми? Йўқ! Аллоҳ кимни хоҳласа (ўшани) поклайди, (уларга) хурмонинг думича ҳам зулм қилинмайди.
50 Аллоҳ (шаъни)га қандай ёлғон тўқишларини кўринг. Шу (туҳматнинг ўзи) етарли аниқ гуноҳдир.
Изоҳ: Тўқиган ёлғон ва бўҳтонларидан бири уларнинг "Биз Аллоҳнинг фарзандлари ва дўстларимиз", - дэган даъволаридир.
51 Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг "Жибт" ва "Тоғут"га* сиғинишларини ва кофирларга "Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир" дейишларини кўрмадингизми?!
Изоҳ: "Жибт" уларнинг сиғинадиган санам ва бошқа маъбудалари. "Тоғут" эса шайтондир. Бошқа тафсирларда "Жибт" ва "Тоғут"дан мурод яҳудийларнинг пешволаридан Каъб ибн Ашраф ва Ҳай ибн Ахтабдир дейилади. Улар ҳақидаги батафсил маълумотлар учун сийрат
китобларига мурожаат қилинсин.
52 Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз.
53 Ёки уларда (бирор) ҳукмронликдан улуш борми?! Мабодо, бўлганда ҳам одамларга заррача бермаган бўлар эдилар.
54 Ёки Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қиладиларми? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!
55 Бас, улар ичида унга (Муҳаммадга) имон келтирганлари ҳам, ундан юз ўгирганлари ҳам бўлди. Жаҳаннам етарли оловдир.
56 Албатта, оятларимизни инкор этувчиларни дўзахда тоблагаймиз. Азобни тотсинлар деб, терилари куйиб битиши билан ўрнига бошқа (янги) териларни алмаштириб турамиз. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.
57 Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни эса абадий яшаладиган, остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар (жаннат)га киритурмиз. Улар учун у ерда покиза жуфтлар бор ва уларни қалин сояларга киритурмиз.
58 Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир.
59 Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз! Бордию, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз, Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир.
Изоҳ:Бу оятдан Аллоҳнинг ва Унинг расулининг амрига итоат қилиш билан бирга раҳбарларга ҳам итоат қилишнинг вожиблиги маълум бўлади. Халқимизда "Подшоҳнинг амри вожиб" дэган нақлнинг ҳам манбаи шу ояти карима бўлиши керак. Модомики, раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ-маъсиятга эмас, езгуликка, фойдали ишларга буюрар эканлар, оят ва ҳадислар тақозосига кўра, уларга итоат этиш вожибдир. (Таҳовий "Ақоиди"га қаралсин). Мазкур ояти каримадан фиқҳ (Ислом ҳуқуқшунослиги)да қўлланиладиган шариат аҳкомларининг асосий тўрт манбаига ҳам ишорат мавжудлиги аниқланган. Аллоҳга итоат этишдан - Қуръон, Пайғамбарига итоат этишдан - Суннат, раҳбарларга итоат этишдан - Ижмў, низоли масалани Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилишдан Қиёс усуллари маълум бўлади.
60 Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га имон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут (шайтон) ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми? Ваҳоланки, уни инкор этишликка буюрилган эдилар. Шайтон эса, уларни (тўғри йўлдан) узоқ (муддат) адаштиришни хоҳлайди.
61 Уларга: "Аллоҳ нозил этган (Қуръон) ва Пайғамбар (сўзларини музокара қилиш)га келингизлар", - дейилса, мунофиқларнинг Сиздан (қочиб) тескари қараб кетишларини кўрасиз.
62 Ўз қилмишлари туфайли бошларига бирор мусибат тушгандан кейин, Сизга келиб: "Биз фақат яхшиликни ва ўртани ислоҳ этишни хоҳлаган эдик", - деб, Аллоҳ (номи) билан қасам ичганларида қандай (баҳона) бўларкин?!
63 Ана ўшаларнинг дилларидаги (нифоқ)ни Аллоҳ билур. Бас, Сиз улардан юз ўгиринг ва уларга насиҳат қилинг ҳамда ўзлари ҳақида етук сўз айтинг!
64 Қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун (юборганмиз). Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли топган бўлур эдилар.
65 Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар.
66 Агар Биз уларга: "Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг", - деб буюрганимизда эди, озчилигидан бошқаси уни қилмаган бўлур эдилар. Бордию, уларга айтилган насиҳатларга (амал) қилганларида эди, ўзлари учун яхшироқ ва (имонлари) мустаҳкамроқ бўлур эди.
67 Ўшанда (Биз ҳам) уларга Ўз ҳузуримиздан улкан мукофот берган бўлур эдик.
68 Шунингдек, уларни тўғри йўлга ҳидоят қилган бўлур эдик.
69 Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар - пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!
Изоҳ: Сиддиқлар дэганда илоҳий маълумотларга чин дилдан ишониб, уларни дил билан тасдиқ этувчи зотлар тушунилади. Тасаввуфда пайғамбарликдан кейинги энг юқори мартаба сиддиқлик мартабасидир. Бу мартабага биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) эришганлар. (Косоний "Силсилаи сиддиқийн" китобига қаралсин).
70 Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир.
71 Эй, имон келтирганлар! (Ёвга нисбатан) эҳтиёт чорасини кўргач, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёки ҳаммангиз жам бўлиб чиқингиз!
Изоҳ: Бу ва кейинги оятлар Мадинага кўчиб келган муҳожирлар ва ансорлардан иборат мусулмонларни душмандан огоҳлантириш, уларга зулм ўтказган Макка мушрикларига қарши ҳаракатларда иштирок этишга ундаш билан бирга ундан бош тортувчиларни танқид қилмоқда.
72 Дарҳақиқат, ичларингизда (жангга бормай) ортда қоладиган, сизларга бирор мусибат етса, "Аллоҳ ёрлақаб улар билан бирга (жангга) ҳозир бўлмадим", - дейдиганлар ҳам бор. 73 Бордию сизларга Аллоҳдан фазл (ғалаба) етса, худди сизлар билан унинг ўртасида алоқа бўлмагандек, "Кошки эди, мен ҳам улар билан бирга бўлганимда улкан ютуқ (ўлжа)га эришган бўлур эдим",- деб, айтиши ҳам аниқ.
74 Аллоҳ йўлида дунё ҳаёти эвазига охиратни сотиб оладиганлар жанг қилсинлар! Кимдаким Аллоҳ йўлида жанг қилсаю, ўлдирилса ёки ғалаба қилса, албатта, унга улкан мукофот ато этажакмиз.
75 Сизларга не бўлдики, Аллоҳ йўлида ва "Эй, Раббимиз, аҳолиси золим бўлган ушбу шаҳардан бизни чиқаргин, бизга Ўз ҳузурингдан бир дўст бергин ва бизга Ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи ато этгин!" - деяётган бечора эркак, аёл ва болалар (озодлиги) учун жанг қилмайсизлар?!
76 Имон келтирганлар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар. Кофирлар (эса) Тоғут (шайтон) йўлида жанг қиладилар. (Сизлар) шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинглар! Албатта, шайтоннинг макри заифдир.
77 "Қўлларингизни (жангдан) тийиб, (ҳозирча) намоз ўқиб, закот бериб турингиз!" дейилган (киши)ларни кўрмадингизми? Уларга жанг фарз қилингач эса, бир қисми худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам кўпроқ одамлардан қўрқа бошладилар ва айтдиларки: "Эй, Раббимиз! Нэга бизга жангни фарз қилдинг? Бизни (ажалимизни) озгина муддатга кечиктирсанг бўлмасмиди?" Айтинг: "Дунё матоси (лаззати) оздир. Тақволи кишига эса охират яхшидир. Хурмонинг думича ҳам (Аллоҳ тарафидан) зулм қилинмайсизлар".
78 Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам. Уларга бирор яхшилик етса, "Бу - Аллоҳдан", - дейдилар. Агар уларга бирор нохушлик етса, "Бу - Сиздан", - деб айтадилар. "Ҳаммаси Аллоҳдандир", - денг (уларга). Бу қавм кишиларига нима бўлдики, гапни англай олмайдилар?!
79 Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир. Сизни одамларга пайғамбар қилиб юборганмиз. Гувоҳликка (эса) Аллоҳ (Ўзи) етарлидир.
 Изоҳ: Бу оятдаги "Сизга" деб қилинаётган хитоб фақат Пайғамбар (а.с.) га эмас, балки ҳаммага тегишлидир.
80 Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ.
81 "Итоат (этамиз)" дейдилар, лекин ҳузурингиздан чиққанларида, уларнинг бир тоифаси Сиз айтган гапнинг тескарисига тил бириктирадилар. Аллоҳ (уларнинг) тил бириктиришларини ёзиб қўйган. Сиз эса, улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул қилинг. Аллоҳ вакилликка кифоядир.
82 Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўп ихтилофларни топган бўлур эдилар.
83 Уларга (жанг майдонидан) омонлик ёки хавфли иш (хабари) келса, уни ёйиб юборадилар. Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаса эди, озчиликдан ташқари, (кўпларингиз) шайтонга эргашиб кетган бўлар эдингиз.
84 Бас, Аллоҳ йўлида жанг қилинг! (Сиз) Ўзингиздан бошқалар учун жавобгар эмассиз. Мўминларни (жангга) унданг, шояд (шунда) Аллоҳ кофирларнинг шиддатини сўндирса. Аллоҳнинг шиддати энг кескин ва жазоси ашаддийдир.
85 Кимда-ким яхши шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (савоб) бўлур. Кимда-ким ёмон шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (гуноҳ) бўлур. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
86 Қачон сизларга бирор саломлашиш билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки ўша (ибора)ни қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчидир.
Изоҳ: Ҳадиси шарифда айтилганидек, салом берувчи "Ассалому алайкум" деса, "Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳ" деб алик олинади. Агар у "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ" деб салом берса, "Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ" деб алик олинади. Шундай қилинганда, оятда буюрилгандек, чиройлироқ қилиб алик олинган бўлади. Салом берувчи "ва баракотуҳ" қўшимчасини ҳам қўшса, алик олувчи ҳам ўша қўшимчадан нарига ўтмаслиги лозим. Мазкур оятда бунга ишорат бор. Салом одобларидан пиёдага сувора (уловдаги одам), кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнидан турганга юрган кишилар салом бериш кабиларга риоя этиш тавсия этилади. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса бу фазилатдир. Салом беришлик суннат, алик олишлик эса фарз эканлиги мазкур ояти карима мазмунидан олинган.
87 Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) сизларни, албатта, қиёмат кунига йиғажакким, унда шубҳа йўқдир. Ким ҳам Аллоҳдан тўғрисўзроқ экан?!
88 Сизларга не бўлдиким, мунофиқларга нисбатан икки гуруҳ (бўлиб олдингизлар)?! Ҳолбуки, Аллоҳ уларни қилмишлари туфайли (олдинги ҳолларига) қайтарди. Аллоҳ адаштирган кимсаларни ҳидоятга солмоқчимисизлар? Кимни Аллоҳ адаштирган бўлса, унга сира йўл топа олмайсиз.
Изоҳ: Бу оятнинг нозил бўлишига сабаб бир гуруҳ мунофиқларнинг Бадр жангига чиқиш учун Расулуллоҳдан рухсат олиб жанг қилиш ўрнига бориб мушриклар сафига қўшилиб кетишлари бўлган. Мусулмонлар улар тўғрисида ўзаро ихтилоф қилишиб баъзилари уларни кофир деса, бошқалари мусулмон деб турганларида, ушбу оят билан қатъий хулосага келинган.
89 Улар ўзлари кофир бўлганларидек, сизлар ҳам кофир бўлиб, (улар билан) баробар бўлишларингни истайдилар. То Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича, улардан (ҳеч кимни) дўст тутмангизлар! Агар бош тортсалар, уларни қаерда топсангиз, тутиб ўлдирингизлар! Улардан ҳеч бир дўст ва ёрдамчи тутмангиз!
90 Фақат ораларингизда аҳдлашув бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан ёхуд ўз қавми билан урушавериб, диллари танг бўлгач, ҳузурларингизга (қайтиб) келганлар (бундан мустаснодир). Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни устиларингга ҳукмрон қилиб қўйган ва улар, албатта, сизларга қарши жанг қилган бўлур эдилар. Агар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай, сулҳни таклиф қилсалар, Аллоҳ уларга қарши сизлар учун йўл бермайди.
 91 Яна (улардан) бошқа (мунофиқ)ларни ҳам учратасизларки, улар сизлардан ҳам хотиржам, ўз қавмларидан ҳам хотиржам бўлишни хоҳлайдилар. Қачон бир фитна (куфр)га буриб қўйилсалар (чақирилсалар), ўзларини унга отурлар. Агар улар сизлардан четланмасалар, сулҳни (ҳам) таклиф қилмасалар ва қўлларини ҳам (сизларга қарши урушишдан) тиймасалар, уларни тутиб, қаерда топсангиз ўлдираверингиз! Ана ўшалар устидан сизларга аниқ ҳукмронлик бериб қўйдик.
 92 Мўмин (иккинчи бир) мўминни фақат янглишибгина ўлдириб қўйиши мумкин. Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдирган бўлса, (унинг зиммасига) бир мўмин қулни озод қилиш ва у (марҳум)нинг оиласига - агар кечиб юбормасалар - хун тўлаш (фарздир). Агар (марҳум) сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, бир мўмин қулни озод қилиш (буюрилади). Агар у сизлар билан улар ўртасида сулҳ (тузилган) қавмдан бўлса, унинг оиласига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш (буюрилади). Кимда-ким (қул) топмаса, Аллоҳдан кечирим сўраб, икки ой муттасил рўза тутиш (билан кифояланади). Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир.
 Изоҳ: Яъни хун тўлаш билан бирга икки ой муттасил рўза тутади. Муттасил дэганда бир кун тутиб, иккинчи кун тутмай эмас, балки 60 кун узлуксиз тутиш бир қул озод қилганнинг ўрнига ўтади.
 93 Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай.
94 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида (жанг учун) сафарга чиқсангиз, аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган кишига бу дунё фойдасини кўзлаб: "Мўмин эмассан", - демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (мўминлигингизни сир тутадиган) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир.
Изоҳ: Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Росул алайҳис-салом қаттиқ койийдилар.
 95 Беузр бўла туриб (уйида) ўтирувчи мўминлар билан Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчилар тенг бўлмайдилар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларни (уйида) ўтирувчилардан (кўра) ортиқ даражали қилди. Ҳаммасига ҳам Аллоҳ чиройли (савоб) ваъда қилди. Аллоҳ улкан мукофот (тақсими)да ўтирувчилардан кўра мужоҳидларни буюк ажр билан афзал этди.
Изоҳ: "Ҳаж" сурасининг 39-40- оятларига мувофиқ, Макка мушрикларидан қаттиқ азият чеккан мусулмонларга, Мадинага келиб қарор топганларидан кейин улардан қасос олишга Аллоҳ томонидан рухсат этилади. Жиҳод сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жахд, cаъй-ҳаракат, ижтиҳод, кураш маъноларида ҳам келади.
96 Ундан (берилмиш) даражалар, мағфират ва раҳмат (ҳам шулар жумласидандир). Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
97 Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): "Қайси ҳолда бўлдингизлар?" - десалар, улар: "Ер юзида бечораҳол эдик", - деб айтадилар. (Фаришталар): "Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?" - дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!
98 Фақат бирор чора-тадбирга қодир бўлмаган ва (ҳижратга) йўл топа олмайдиган ночор эркак, аёл ва болалар борки,
99 айнан ўшаларни, шояд Аллоҳ афв этса. Аллоҳ афв этувчи, кечирувчи зотдир.
100     Кимда-ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер (юзи)да кўп бошпана ва кенглик топади. Ҳар ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари ҳижрат қилиб, (ўз) уйидан чиқсаю, сўнгра (йўлда) унга ўлим етса, албатта, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
101     Ер (юзи) бўйлаб сафар қилганингизда, агар кофирларнинг сизларга фитна (ҳужум) қилишидан қўрқсангиз, намозни қаср (қисқа) қилишингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Кофирлар сизларга аниқ душмандир.
 Изоҳ:Сафарга чиқувчиларга шариати Исломия қатор енгилликлар беради. Улардан бири тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъатли қилиб қисқартиришдир. Бунга "қаср" дейилади. Уч ракъатли шом намози қисқартирилмайди. Яна сафарда витр ва бомдод намозларининг суннатидан бошқа суннат намозлар ҳам ўқилмайди. Сафарда Рамазон ойининг рўзасини ҳам тутмасдан, кейин қазосини тутишга рухсат этилади.
102     Ҳар қачон Сиз (Эй, Муҳаммад), улар (саҳобаларингиз) орасида бўлиб, намозларига имомлик қилсангиз, (уларни икки қисмга бўлинг!) улардан бир қисми Сиз билан бирга (намозга) турсин! (Иккинчи қисм) қуролларини олсин (ва ёвдан мудофаа қилиб турсин). Сажда қилишгач (яъни, бир ракъат ўқишгач), ортингизга (қўриқлаш учун) бориб турсинлар. Ўқимаган қисм келиб, Сиз билан (намозни) ўқисин! Яна, эҳтиёт чораларини кўриб, қуролларини (қўлга) олсинлар. Кофирлар сизлар қурол ва анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда бирданига ҳамла қилишни хоҳлайдилар. Агар ёмғирдан азият чексангиз ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни (ечиб) қўйсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас. (Аммо) эҳтиёт чораларингизни кўриб қўйинг! Албатта, Аллоҳ кофирлар учун хорловчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
103     Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг! (Ёв хавфидан) хотиржам бўлсангиз, намозни (мукаммал) адо етингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз этиб) битилгандир.
104     Қавм (ёв)нинг изига тушишда сустлик қилмангиз! Агар (урушдан) азоб чекаётган бўлсангиз, улар ҳам худди сизлардек азоб чекмоқдалар. Сизлар Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қиласизлар*. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
Изоҳ:Улар умид қилмаган нарсалар турига шаҳидлик ва жаннат неъматлари киради.
105     Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм етишингиз учун барҳақ нозил этдик. Хоинларга эса ҳомий бўлманг!
106     Яна, Аллоҳдан кечирим сўранг. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
107     Ўзларига хиёнат қилувчилар ҳақида тортишиб ўтирманг. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди.
Изоҳ:Бу оят мадиналик Тўъма ибн Убайриқ дэган шахс хусусида нозил қилинган. У ўз қўшнисининг совутини ўғирлаб, бошқа хонадонга яшириб қўяди. Расулуллоҳ ҳузурида уни оқлаганларида уларга ишониб Тўъмани ҳимоя қилганлар. Оятда хиёнатчилар қораланиб, Пайғамбар (а.с.) орқали барча мусулмонларга хиёнатчи ва жиноятчилар ёнини олмасликка чақирилмоқда.    
108     (Жиноятларини) одамлардан яширадилар, (лекин) Аллоҳдан яшира олмайдилар. (Аллоҳ) рози бўлмайдиган гаплар режасини хуфёна тузаётганларида (ҳам) У улар билан бирга эди. Аллоҳ уларнинг қилмишларини қамраб олувчидир.
109     Эй, сизлар! (Бу) дунё ҳаётида-ку уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида уларни ким ҳимоя қилиб, ёнларини олур ёки уларга ким вакил бўлур?!
110     Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади.
111     Ҳар ким гуноҳ (иш) қилса, фақат ўзининг зарарига қилган бўлур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
112     Ҳар ким бирор хатолик ёки гуноҳ ишга қўл урса-ю, сўнгра унда бегуноҳ одамни айбласа, албатта, бўҳтон ва аниқ гуноҳни (бўйнида) кўтарган бўлур.
113     Агар Сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси Сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир.
114     Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида - агар садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёхуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса - яхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз.
115     Кимда-ким ҳидоят унга аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса, мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда тоблаймиз. Нақадар нохуш жой у!
116     Албатта, Аллоҳ Унга (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (йўлдан) жуда узоққа адашибди.
Изоҳ: "Аҳли суннат ва жамоат", яъни, биз мусулмонларнинг ақидамизга кўра, мусулмон одам каттами, кичикми гуноҳ қилса, кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Гуноҳни эса кечириш ёки кечирмаслик Аллоҳнинг ихтиёридадир. Кечирилмайдиган гуноҳ - бу ширк ва куфрдир. Мазкур оят шу ақидага асос бўла олади.
117     Улар (мушриклар) Аллоҳни қўйиб, фақат аёллар (Лот, Уззо ва Манот отли бут-санамлар)га сиғинадилар ёки исёнкор шайтонга сиғинадилар.
118     Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: "Албатта, бандаларингдан белгиланган улушимни олурман,
119     уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Буюрсам улар ҳайвонлар қулоғини кэсадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартирадилар". Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, демак, у аниқ зиён қилибди.
 Изоҳ:Аллоҳ яратган нарсани ўзгартириш дэганда эркаклик ва аёллик жинсларини, қиёфасини ўзгартириш, одамзотни бичиш кабилар киради. Аллоҳ таоло инсониятни турли миллат, хилма-хил шакл ва рангда яратган ҳамда ушбу илоҳий андоза то қиёматгача давом этишини ирода қилган. Баъзи шаккок кимсаларнинг ўз миллий хусусиятларидан воз кечишлари илоҳий таълимотга зид эканлиги мазкур оят ва унинг тафсирларида ўз ифодасини топган.
120     Уларга (шайтон) ваъда беради, уларни ҳою ҳавасга солади. Шайтон уларга ғурур (васвасаси)дан ўзга нарсани ваъда қилмайди.
121     Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Ундан халос топа олмайдилар.
122     Имон келтириб, солиҳ ишларни қилганларни (эса) остидан анҳорлар оқадиган жаннат боғларига киритурмиз - улар у ерда абадий қолиб яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳаққоний ваъдасидир. Аллоҳдан сўзи тўғрироқ кимдир?!
123     (Бу) - сизларнинг орзуларинг билан ҳам эмас, аҳли китобларнинг орзулари билан ҳам (эришадиган нарса) эмасдир. Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур. Ўзига Аллоҳдан ўзга на бирор дўст топади ва на бирор ёрдамчи.
124     Кимки, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл - мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмонинг думича ҳам зулм қилинмагай.
125     Эзгу иш қилувчи ҳолида юзи (ўзи)ни Аллоҳга бўйин сундирган ва тўғри йўл (саналмиш) Иброҳим динига ергашган кишидан бошқа кимнинг дини чиройлидир?! Аллоҳ эса, Иброҳимни дўст тутгандир.
126     Осмонлар ва Ердаги борлиқ Аллоҳникидир. Аллоҳ ҳар нарсани иҳота этувчи (қамраб олувчи)дир.
127     Сиздан (эй, Муҳаммад,) аёллар тўғрисида фатво сўрайдилар. Айтинг: "Улар тўғрисида сизларга Аллоҳ фатво берур ҳамда Китоб (Қуръон)да тиловат қилинадиган (оятлар) ҳам: етим аёллар, улар учун фарз қилинган нарса (маҳр)ни бермасдан никоҳингизга олишга қизиқишингиз, заиф болалар ва етимларга нисбатан адолатли туришингиз (ҳақида). Нимаики яхшилик қилсангиз, Аллоҳ, албатта, уни билувчидир.
128     Қайси бир хотин эридан (унга нисбатан) кўнгилсизлик ёки воз кечишдан қўрқса, иккаласи ўрталарини ислоҳ қилиб олишларида уларга гуноҳ йўқдир. Сулҳ (ажралишдан) яхшироқдир. Нафсларга бахиллик (қизғанчиқлик) битилган. Агар (хотинларингизга) яхшилик (чиройли муомала) қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
129     Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз. Бас, (бирига) бутунлай берилиб кетиб, (иккинчисини) муаллақ ҳолда ташлаб қўймангиз! Агар (улар билан муносабатингизни адолат асосида) тузатсангизлар ва тақволи бўлсангизлар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
130     Агар иккиси (ер-хотин бирор сабаб билан) ажралишиб кетса, Аллоҳ (уларнинг) ҳар бирини ўз кенглигидан (ризқи билан) таъминлаб қўяди. Аллоҳ (карами) кенг ва ҳикмат соҳибидир.
Изоҳ:Қандайдир сабаб билан турмуши бузилган эр-хотинлар учун ушбу оят тасалли беради. Зеро, Аллоҳнинг ўзи ваъда қилаяптики, шундай ҳолатга тушганларни Ўзининг фазлу карами билан моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлайди.
131     Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқинглар, деб васият қилганмиз. Агар куфрни ихтиёр этсангизлар, бас, албатта, осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир.
132     Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ етарли вакилдир.
133     Агар (У) хоҳласа, эй, инсонлар, сизларни кетказиб (йўқ қилиб), бошқаларни келтиради. Аллоҳ бунга қодирдир.
134     Кимки бу дунё савобини истаса, (билиб қўйсинки,) Аллоҳ ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг савоби бордир. Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир.
135     Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингизлар! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишларингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангизлар! Агар (тилларингизни) бурсангизлар ёки (гувоҳликдан) бош тортсангизлар, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
136     Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга имон келтирингизлар! Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва охирги Кунни инкор этса, демак, у жуда узоқ (қаттиқ) адашибди.
137     Дарҳақиқат, имон келтириб, сўнгра куфрга кетган, кейин яна имон келтириб, сўнгра яна кофир бўлган, сўнгра куфрлари ортиб борганларга (нисбатан) Аллоҳ сира мағфират этадиган ва тўғри йўлга соладиган эмасдир.
138     Мунофиқлар учун аламли азоб борлиги ҳақида уларга "башорат" бериб қўйинг!
139     (Улар) мўминларни қўйиб, кофирлар билан дўст тутинадилар. Ўша (кофир)лардан куч-қувват излайдиларми?! Бор куч-қудрат Аллоҳники-ку!
140 Аллоҳ сизларга Китобда: "Аллоҳнинг оятлари инкор этилаётгани ва мазах қилинаётганини эшитсангиз, то бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан бирга ўтирмангиз!"- деб, (оят) нозил қилган эди. Албатта, сизлар унда (бирга ўтирганда), улар билан (гуноҳда) тенгсиз. Албатта, Аллоҳ барча кофирлар ва мунофиқларни жаҳаннамга жам қилувчидир.
141 Улар сизларни кузатиб турадилар: агар сизларга Аллоҳдан фатҳу зафар (ғалаба) бўлса, "сизлар билан бирга эмасмидик? (Ўлжадан бизга ҳам беринглар)", - дейишади. Бордию (ғалабадан) кофирлар насибадор бўлишса: "Сизлардан устун турган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган биз эмасми?" - дейишади. Улар ҳақида Аллоҳнинг (Ўзи) қиёмат куни ҳукм чиқаради. Аллоҳ кофирлар учун мўминларга қарши сира йўл бермайди.
142 Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни "алдаб қўювчидир". Намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар.
143 Улар ўртада сарсондирлар: на у ёқлик эмаслар ва на бу ёқлик. Кимники Аллоҳ адаштирса, унга сира йўл (чора) топа олмайсиз.
144 Эй, имон келтирганлар! Мўминлар қолиб, кофирлар билан дўст тутинмангиз! Аллоҳга ўзингизга қарши аниқ ҳужжат пайдо қилмоқчимисиз?!
145 Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (бирор) ёрдамчи топмайсиз.
146 Илло, тавба қилиб ўзларини тузатган, Аллоҳ билан боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилганлар, айнан улар мўминлар билан бирга бўлурлар. Мўминларга эса Аллоҳ буюк мукофот ато этур.
147 Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир.
148 Аллоҳ ёмонликни сўз билан ошкора айтишликни суймайди. Зулм қилинган киши бундан мустасно*. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
Изоҳ:Яъни бировнинг қилган ёмонлигидан нолиб, уни ёмонлик қилган одамнинг ўзига ёки бошқаларга гапириб шикоят қилиш ёхуд ўч олишга уринишни Аллоҳ хуш кўрмайди. 149 Яхшиликни ошкора қилсангиз ҳам, пинҳона қилсангиз ҳам ёки ёмонликни афв этсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ афв этувчи ва қудратли зотдир.
150 Аллоҳга ва пайғамбарларига куфр келтирувчилар, Аллоҳ билан пайғамбарлари ўртасини узишни хоҳловчилар, бирига ишонамиз, бирига ишонмаймиз, деб ўртача йўл тутувчилар,
151 ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Кофирларга эса хор этувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз.
152 Аллоҳга ва пайғамбарларига имон келтирган, улардан бирортасини ажратиб қўймаганлар эса, айнан уларга мукофотларини, албатта, берур. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
153 Аҳли китоблар Сиздан осмондан китоб туширишингизни сўрайдилар. Мусодан ҳам бундан каттароқ нарсани сўраб: "Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат!" - дейишган эди. Шунда (бу) зулмлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра (аниқ) ҳужжатлар келгандан кейин бузоқни (маъбуд қилиб) олишди. Шуни ҳам кечирдик ва Мусога аниқ салтанат (ҳужжат) бердик.
154 Аҳдлари (олиниши) учун тепаларига Тур (тоғи)ни кўтариб турдик ва уларга: "Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринг", - дедик. Яна уларга: "Шанба куни (синови)да ҳаддан ошманг", - дедик ва улардан қаттиқ аҳд олдик.
155 Аҳдни бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор этганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари ва "Дилларимиз берк" дэганлари сабабли (уларни жазоладик). Йўқ! Балки, куфрлари туфайли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир. Шунинг учун озчиликдан ташқарилари имон келтирмайдилар.
156 Яна куфрлари ва Марям (шаъни)га айтган улкан бўҳтонни гапирганлари сабабли, Изоҳ:Марям шаънига улар зинокор деб туҳмат қилганлар.
157 шунингдек, Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни биз ўлдирдик, дэган гаплари туфайли (жазоладик). Ҳолбуки, уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, унинг тўғрисида баҳслашганлар у ҳақда шубҳададирлар. Уларда гумонга эргашишдан бошқа бирор (тўғри) маълумот йўқ. Аниқки, уни ўлдирмаганлар.
158 Балки, уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарди. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
159 Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, ўлимидан олдин унга имон келтирмаса. Қиёмат куни эса у (Исо) уларга қарши гувоҳ бўлади.
160 Яҳудий бўлганларнинг золимликлари ва кўп (кишилар)ни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабидан уларга (олдин) ҳалол қилинган нарсаларни* ҳаром қилиб қўйдик.
Изоҳ:Анъом сурасининг 146-оятига қаралсин.
161 (Яна бошқа) сабаблари - уларнинг устама (фоиз) олишлари ва одамларнинг мол-мулкларини ноҳақ эганларидир. Улардан кофирларига аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз.
162 Лекин, улар (яҳудийлар) орасида илмда мустаҳкам бўлганлар ҳамда Сизга нозил қилинган нарсага ва Сиздан илгари нозил қилинган нарсага имон келтирадиган мўминлар, хусусан, намозни барпо қилувчилар, закотни адо этувчилар, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчилар ҳам борки, айнан уларга, албатта, улкан мукофот ато этурмиз.
163 (Эй, Муҳаммад,) албатта, Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби Сизга ҳам ваҳий юбордик. Шунингдек, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга эса Забур бердик.
164 (Бир қатор) пайғамбарлар ҳақида қиссаларни Сизга илгари айтдик. (Айрим) пайғамбарлар қиссаларини эса айтганимиз йўқ. Аллоҳ Мусо билан (бевосита) гаплашди.
165 Пайғамбарлар (келган)дан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлмасин деб пайғамбарларни хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб (юбордик). Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
166 Лекин, Аллоҳ Сизга нозил қилган нарса (Қуръон)га Ўз илми билан гувоҳлик
беради. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳ (Ўзи) етарли гувоҳдир.
167 Албатта, кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар узоқ (қаттиқ) адашгандирлар.
168 Албатта, кофир бўлган ва золимлик қилганларни Аллоҳ кечирмайди ва (тўғри) йўлга ҳидоят қилмайди.
169 Аксинча, (уларни) жаҳаннам йўлига (равона қилур). У ерда эса абадий қолурлар. Бу (иш) Аллоҳга осондир.
170 Эй, одамлар! Пайғамбар сизларга Раббингиздан ҳақ (Ислом)ни келтирди. Бас, имон келтирингиз. (Шунда) ўзингиз учун яхши бўлур. Бордию инкор этсангиз, бас, осмонлару Ердаги нарсалар
Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
171 Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! Албатта, Исо Масиҳ ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг
Марямга ташлаган "Сўзи" ҳамда Унинг томонидан (келмиш) руҳдир, холос. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! "Учта" демангиз! Қайтингиз - ўзларингизга яхши бўлур! Албатта-албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир! У фарзандли бўлишдан покдир. Осмонлардагию Ердаги нарсалар Уникидир. Аллоҳ (Ўзи) етарли вакилдир.
172 Масиҳ Аллоҳга банда (қул) бўлишдан сира ор қилмайди, муқарраб (Аллоҳга яқин) фаришталар ҳам. Кимки Унга банда бўлишдан ор қилса ва кибрланса, (У) уларнинг барчасини, албатта, Ўз
ҳузурига жам қилажак.
173 Ана ўшанда имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга мукофотларини тўла бериш билан бирга, яна Ўз фазлидан уларга зиёдалик ато қилур. Аммо, ор қилган ва кибрли бўлганларни аламли азоб
билан жазолагай. Ўзлари учун Аллоҳдан бошқа на дўст топадилар ва на ёрдамчи.
174 Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон ) ҳам нозил этдик.
175 Аллоҳга имон келтирган ва Унга боғланганларни (У) Ўзининг раҳмати ва фазлига мушарраф этгай ва уларни тўғри йўлга йўллагай.
176 (Эй, Муҳаммад,) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: "Аллоҳ сизларга отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган одам тўғрисида (шундай) фатво беради: агар фарзандсиз бўлган бир эркак ҳалок бўлса (ўлса), агар синглиси (қолган) бўлса, қолдирган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, у (акаси) меросхўр бўлур. Агар (сингиллар) иккита бўлса, уларга (ака) қолдирган нарсанинг учдан иккиси (тегур). Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур). Янглишиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (мерос ҳукмларини Ўзи) баён этади. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase