close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

003. Оли Имрон сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1 Алиф, Лом, Мим.
2 Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У тирик ва абадий турувчидир.
3 (У) Сизга (эй, Муҳаммад,) Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилди. Таврот ва Инжилни олдин нозил қилиши эса,
4 одамларга ҳидоят (манбаи) бўлиши учун эди. (Энди эса) ҳақ билан ноҳақликни ажрим этувчи (Қуръон)ни нозил қилди. Шубҳасиз, Аллоҳнинг оятларини инкор этувчиларга шиддатли азоб бордир. Аллоҳ қудрат ва интиқом соҳибидир.
5 Дарҳақиқат, на Ерда ва на осмонда бирор нарса Аллоҳга махфий (номаълум) эмасдир.
6 У сизларга бачадонларда бўлган пайтингизда хоҳлаган шаклни берадиган зотдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У қудратли ва ҳикматлидир.
7 У Сизга Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг "онаси" саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) бошқа муташобиҳ (маъноси Ўзидан ўзгага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо, дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвили (асл маъноси)ни фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса дейдилар: "Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир". (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
Изоҳ:Дарҳақиқат, Қуръони каримда маъноси аниқ ва равшан оятлар билан бир қаторда баъзан "муташобиҳ" - иштибоҳли оятлар, яъни, зоҳирий ва луғавий маъносини айтиш мумкин бўлмайдиган мураккаб оятлар ҳам мавжуд. Масалан, Тоҳо сурасининг 5-оятида: "Раҳмон бўлмиш зот Арш узра муставий бўлди", -дейилади. Бу ердаги "муставий бўлди" иборасини тик бўлди, тўғри бўлди, ўрнашди, эгаллади каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлса-да, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлигини фақат Аллоҳнинг ўзи билади. Бу каби оятларни фақат уларга имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйиш учун нозил қилган. Уларни туб моҳиятига етиб бориб, ҳаётга татбиқ этишга буюрилмайди.
8 "Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен (барча неъматларни) ато этувчидирсан.
9 Эй, Раббимиз, албатта, Сен одамларни бешак (келадиган) Кун (қиёмат)га йиғувчидирсан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмагай".
10 Кофир бўлганларнинг мол-мулклари ҳам, фарзандлари ҳам уларни асло Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмаслар. Дўзахнинг ёнилғиси ўшалардир.
11 (Уларнинг ҳоли) худди Фиръавн зодагонлари ва улардан олдин ўтган (кофир)лар ҳоли кабидир: улар оятларимизни ёлғонга чиқаришгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) туфайли жазолаган эди. Аллоҳ жазоси шиддатли зотдир.
12 Кофир бўлганларга айтинг: "Сизлар (бу дунёда) мағлуб бўлурсизлар ва (охиратда) жаҳаннамга жам қилинурсизлар. Нақадар ёмон жой у!"
13 Сизлар учун (эй, Макка мушриклари,) икки тўқнашган гуруҳ (воқеаси)да ибрат бор. Қайсики, улардан бири Аллоҳ йўлида жанг қилувчи, иккинчиси эса кофир эди. Улар (мушриклар) кўзига улар (мусулмонлар) икки баробар кўп бўлиб кўринди. Аллоҳ хоҳлаган кишиларни Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бунда кўз эгалари учун ибрат бордир.
 Изоҳ:Сўз Бадр жанги тўғрисида кетмоқда. Бу жангда мусулмонлар сони Макка мушрикларидан кам бўлишига қарамасдан ғалаба қозонганлар.
14 Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бундан) чиройли жой (жаннат) бордир.
15 Айтинг (эй, Муҳаммад): "Сизларга булардан ҳам яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган боғлар, пок хотинлар ва Аллоҳнинг ризоси бор. Аллоҳ бандаларни кўриб (кузатиб) турувчидир".
16 (Улар): "Эй, Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!" - дейдилар.
17 (Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиганлардир.
18 Адолатда (барқарор) туриб, Аллоҳ гувоҳлик беради: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир". Фаришталар ва илм эгалари ҳам (буни таъкидладилар). (Албатта,) қудратли ва ҳикматли Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир.
19 Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)га маълумот (тавҳид ва Муҳаммад тўғрисидаги ваҳий) келгандан кейин ҳасад юзасидан ўзаро ихтилоф (инкор) қилишга ўтдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор этса, (билиб қўйсинки,) Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир.
20 Агар Сиз билан (дин ҳақида) баҳслашсалар, "(Мен) ва менга эргашганлар ўзимизни Аллоҳга бўйин сундирдик", - деб айтинг! Сўнг, аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) саводсиз (мушрик араблар)дан: "Исломга кирдингизми?" - деб сўранг. Агар Исломга кирсалар, демак, тўғри йўлни топибдилар. Агар бош тортсалар, бас, Сизнинг бурчингиз, фақат (уларга ҳақиқатни) етказиб қўйишдир. Аллоҳ бандаларни кўриб (кузатиб) турувчидир.
21 Аллоҳнинг оятларини инкор этадиган, пайғамбарларни ноҳақ қатл қиладиган ва адолатга чақирувчи кишиларни ўлдирадиган кимсаларга аламли азоб ҳақида "башорат" беринг!
22 Қилган амаллари бу дунё ва охиратда беҳуда кетадиган ва уларга ёрдамчилар ҳам бўлмайдиган кимсалар ана ўшалардир.
23 Кўрмадингизми (эй, Муҳаммад,) Китоб (Таврот илми)дан насиба берилган кимсалар ўз ораларида ҳакамлик қилиш учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларидан кейин уларнинг бир гуруҳи юз ўгириб кетдилар?!
24 Бу (юз ўгиришлари)нинг сабаби - "Бизга дўзах ўти фақат саноқли кунлардагина тегади", - деган гапларидир. Ўзлари тўқиган уйдирма гаплари уларни динда алдаб қўйди.
Изоҳ:Уларнинг бузуқ эътиқодларига биноан, улар дўзахда 40 кун ёки 7 кун жазоланар эмишлар.
25 Уларни шубҳасиз (келадиган) Кун (қиёмат)га тўплаганимизда ва ҳар бир жонга зулм қилинмаган ҳолда ўз амалларига яраша тўла жазо ва мукофот берилганда, (ҳоллари) не кечар?!
26 Айтинг: "Эй, ҳукмронлик эгаси - Аллоҳ, Сен хоҳлаган кишига ҳукмронлик ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан ҳукмронликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва хоҳлаган кишингни хор этурсан. Яхшилик Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳамма нарсага қодирсан.
27 Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан. Ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан".
Изоҳ:Ўликдан тирикни чиқариш деганда бир томчи жонсиз шаҳват сувидан жонзотни яратиши, тухумдан жўжа чиқариши ёки кофирдан мўмин фарзандни пайдо қилиши, шунингдек, тирикдан ўликни чиқариш деганда мазкурларнинг аксини тушуниш керак бўлади.
28 Мўминлар турганида мўминлар кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, Аллоҳга ҳеч қандай дахли қолмас. Магар, улардан эҳтиёт бўлиш учун (юзаки муомала қилсангиз) мумкиндир. Аллоҳ сизларни "Ўзидан" огоҳлантиради. Аллоҳ (ҳузури)га, албатта, қайтиш бордир.
29 Айтинг: "Кўксингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ уни билур. Осмонлару Ердаги нарсаларни (ҳам У) билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
30 Ҳар бир жон ўзи қилган яхши ва ёмон амаллари (кўз ўнгида) ҳозир қилинган Кун (қиёмат)да улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади. Аллоҳ сизларни "Ўзидан" огоҳлантиради. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.
31 Айтинг (эй, Муҳаммад): "Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир".
32 Айтинг: "Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этингиз!" Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас.
33 Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон авлодларини оламлар узра (пайғамбарлик учун) танлади
34 (уларни) бир-бирларидан зурриёт этиб. Аллоҳ эшитувчи ва билимдон зотдир.
Изоҳ: Яъни уларнинг ота-боболари бир наслдан тарқалган сулоладир. Масалан, Мусо билан Ҳорун Имрондан, Имрон Яшардан, Яшар Қоҳасдан, Қоҳас Ловайдан, Ловай Яъқубдан, Яъқуб Исҳоқдан. Шунингдек, Исо Марямдан, Марям Имрондан, Имрон Мосондан, Мосон Яҳудога бориб етади, Яҳудо эса Яъқуб ўғилларидандир. Уларнинг ҳаммаси Иброҳим Халилуллоҳга зурриётдир. Шунингдек, Муҳаммад (а.с.) ҳам Иброҳим (а.с.)нинг Исмоил номли ўғилларига зурриётдирлар. Иккинчи тафсири шуки, улар бир-бирларига дин юзасидан зурриёт саналадилар. Зеро, ҳаммасининг дини ҳам тавҳидга асосланган илоҳий диндир.
35 Эсланг (эй, Муҳаммад,) Имроннинг хотини: "Эй, Раббим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. (Уни) мендан қабул эт! Албатта, Сен эшитувчи ва билимдон зотдирсан", - деб дуо қилди.
36 Кўзи ёригач, дэди: "Эй, Раббим, мен қиз туғдим", - ваҳоланки, Аллоҳ унинг нима туққанини яхшироқ биларди. Ахир, (у кутган) ўғил бу қиздек (хислатли) бўлмасди. - "Мен унга Марям деб исм қўйдим ва унга ҳамда зурриётига қувғин этилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан сўрайман".
37 Бас, Парвардигори уни (Марямни назрликка) ҳусни қабул этиб, яхши парвариш қилди ва Закариё қарамоғига топширди. Ҳар гал Закариё (Марямнинг) олдига - меҳробга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: "Эй, Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?" - деб сўраса, (Марям): "Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур", - деб жавоб берар эди.
38 Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилди: "Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан".
39 Сўнгра, меҳробда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилдилар: "Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини берур ва у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)".
40 (У дэди): "Раббим, ўзим кексайган, хотиним эса туғмас бўлса, менга ўғил қаёқдан бўлсин?" (Аллоҳ) дэди: "Шундай, (лекин) Аллоҳ хоҳлаган ишини қилур".
41 (У) дэди: "Раббим, менга (ҳомиладан дарак берувчи) бирор белги бергин". (Аллоҳ) айтди: "Сенга белги шуки, уч кун имо-ишорадан ташқари одамларга гапира олмайсан. Раббинг зикрини кўп қил ва эртаю кеч тасбеҳ айт!"
Изоҳ:Унинг тили Аллоҳга зикр ва тасбеҳ айтишга бемалол келар, одамлар билан гаплашишга эса соқов бўлиб қолар эди.
42 Фаришталар: "Эй, Марям, Аллоҳ сени (фазли учун) танлаб олди ва (ёмон ишлардан) поклади ҳамда сени бутун олам аёлларидан мумтоз этди.
43 Эй, Марям, Раббингга итоат эт, сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қил!" - деганларини эсланг!
44 (Эй, Муҳаммад,) ғайб хабарларидан бўлмиш бу (қисса)ни Сизга ваҳий қилмоқдамиз. Зеро, Марямга қайсилари кафил бўлсин (аниқлаш) учун қаламларини (қуръа ниятида) ташлаганларида улар ҳузурида бўлмагансиз, (шу хусусда) низолашганда ҳам улар ҳузурида бўлмагансиз.
45 Эсланг, фаришталар: "Эй, Марям, Аллоҳ сенга Ўзининг "калимаси" хушхабарини берадиким, унинг исми Исо Масиҳ ибн Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳга) яқинлардандир.
46 Одамларга гўдаклик чоғида ҳам, вояга етганда ҳам гапирадиган, солиҳ бандалардан бўлур", - дэдилар.
Изоҳ:Исо Масиҳнинг қиёматга яқин осмондан Ерга тушиб одамлар билан гаплашишига шу оятни далил сифатида келтирадилар.
47 (Марям) дэди: "Раббим, менга инсон (қўли) тегмаган бўлса, қаёқдан менга фарзанд бўлсин?" Аллоҳ айтди: "Шундай, (лекин) Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (хоҳлаган тарзда) яратаверади. Қачон бирор ишни ирода қилса, фақатгина унга "Бўл!" дэса, бас, у бўлаверади".
Изоҳ:Исо (а.с.)нинг бир номи "Аллоҳнинг калимаси"дир. Зеро, ул зот Аллоҳнинг бир калимаси, яъни "Бўл!" - деган сўзи билан пайдо бўлганлар.
48 Унга (Исога Аллоҳ) ёзишни, (илму) ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим беради.
49 Шунингдек, уни Исроил авлодига пайғамбар (қилиб юборади ва у айтади): "Мен сизларга Раббингиз ҳузуридан (пайғамбарлигимга далолат қилувчи) мўъжиза билан келдим; мен сизларга лойдан қуш шаклини ясаб, унга дам урсам, у Аллоҳнинг изни билан (ростакам) қуш бўлади. Кўр ва песни тузатаман. Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларнинг еяётган ва захирада сақлаётган нарсаларингизни айтиб бераман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта, бу ишларда сизлар учун аломат бордир.
50 (Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим. Яна, сизларга Раббингиздан ҳужжат келтирдим. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!
51 Дарҳақиқат, Аллоҳ менинг Раббим ва сизнинг ҳам Раббингиздир. Унга ибодат қилингиз! Тўғри йўл шудир."
52 Исо улардан куфрни сезгач, айтди: "Аллоҳ сари (боришимда) менга ёрдамчилар ким?" Ҳаворийлар айтдилар: "Биз Аллоҳ (динининг) ёрдамчиларимиз. Аллоҳга имон келтирдик ва Аллоҳга (бўйин сунувчи) мусулмон эканимизга гувоҳ бўлгин (эй, Исо!)
53 Эй, Раббимиз, нозил қилган нарсангга имон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни шаҳодат келтирувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!"
54 Улар (яҳудий кофирлари Исонинг қатли борасида) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам "макр" қилди. Аллоҳ маккорларнинг яхшисидир. Изоҳ:Аллоҳнинг "макри" бу ерда уларнинг макри муқобилига берадиган жазосидир. Зеро, Аллоҳни маккор деб сифатлаш жоиз бўлмаган бўлур эди.
 55 Аллоҳ айтди: "Эй, Исо! Мен сени вафот эттирувчи*, ҳузуримга кўтарувчи, инкор этганлардан сени покловчи (халос этувчи) ҳамда сенга эргашганларни қиёмат кунигача кофирлардан юқори қўювчидирман.* Сўнгра, Менга қайтурсизлар. Ўшанда сизлар ихтилоф қилган (келиша олмаган) нарсалар борасида ўртангизда ҳакамлик қилурман. Изоҳ:Бу оятдаги "вафот эттирувчи" иборасини турли хил тафсир қилганлар. Бинобарин, Исо (а.с.)ни Аллоҳ ўз ҳузурига тиригича кўтарганми ёки ҳақиқатан ҳам вафот эттириб, сўнг кўтарганми деган саволга тадқиқотчи уламоларнинг баъзилари: "Бу ердаги вафот сўзи уйқу маъносидадир. Уни олдин ухлатиб қўйиб, сўнг кўтарган ёки вафот эттириши осмонга чиққанларидан кейиндир" - дэсалар, бошқа тафсир соҳиблари жонсиз ҳолда кўтарилганлар деб таъкидлайдилар. Биз - ҳанафийларнинг ақидамиз бўйича, Исо (а.с.) тирик ҳолда кўтарилганлар, деймиз. Оятни эса: "Эй, Исо! Мен сени ўз ажалинг билан вафот эттирувчиман, уларнинг қатли билан эмас", - деб таъвил қиламиз. Изоҳ(а): Ушбу оятда насроний дини ҳам қиёмат кунигача боқий қолишига ишорат бордир.
56 Бас, кофир бўлганларни дунё ва охиратда шиддатли азоб билан азоблайман. Улар учун ёрдамчилар бўлмас.
57 Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга эса (Аллоҳ) мукофотни мукаммал берур. Аллоҳ золимларни ёқтирмас".
58 Бу Сизга тиловат қилаётганимиз оятлар ва ҳикматли зикрлардандир.
59 Албатта, Исонинг (отасиз туғилиш) мисоли, Аллоҳ наздида бамисоли Одам (Ато) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга "Бўл!" дэди, бас, (у) бўлди.
 60 (Бу) Ҳақ (Сўз) Раббингиздандир. Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг!
61 Сизга келган шу (ҳаққоний) билимдан кейин (насронийлардан) ким Сиз билан (Исо) тўғрисида баҳслашмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: "Келинглар, ўғилларимиз билан ўғилларингизни, хотинларимиз билан хотинларингизни, ўзимиз билан ўзларингизни чорлаб, сўнг (биргаликда) илтижо қиламиз, бас, ёлғончиларга Аллоҳ лаънатини тилаймиз".
 Изоҳ:"Мадорик" тафсирида айтилишича, Нижрон қабиласининг епископи Оқиб бошчилигида насронийлар учрашув белгиланган жойга яқинлашганларида пайғамбаримиз набиралари - Ҳасан, Ҳусан ва Фотима қизлари билан келаётганини кўришади. Шунда Оқиб ўз издошларига: "Эй, насронийлар жамоаси! Ортингизга қайтаверингиз! Мен биз билан баҳслашиш учун келаётган шундай зотларни кўраяпманки, улар агар Аллоҳдан тоғни кўчиришни сўрасалар ҳам ижобат бўлур", - деб қайтиб кетишган экан.
62 Албатта, бу рост қиссадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир.
63 (Шунда ҳам) агар юз ўгирсалар, албатта, Аллоҳ бузғунчиларни (яхши) билувчидир.
 64 Айтинг (эй, Муҳаммад): "Эй, китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар), биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз - ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик!" Агар (бу таклифдан) юз ўгирсалар, (сизлар уларга): "Гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлармиз", - деб айтингиз!
65 Эй, аҳли китоблар, нима учун Иброҳим ҳақида (у бизнинг динимизда бўлган деб) баҳслашасизлар? Ахир, Таврот билан Инжил ундан кейин нозил бўлган-ку! Ақлни ишлатмайсизми?!
66 Эй, сиз (аҳли китоблар) - ўзингиз биладиган нарсалар (Мусо ва Исо) ҳақида (билиб-билмай) баҳслашдингиз. Нега энди билмаган нарсангиз (Иброҳим дини) ҳақида баҳслашасиз? Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар.
 67 Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, балки тўғри йўлдан тоймаган (ҳаниф) мусулмон бўлган ва мушриклардан бўлмаган.
68 Одамлар ичида Иброҳимга яқинроғи - унга эргашганлар, ушбу пайғамбар (Муҳаммад) ва мўминлардир. Аллоҳ (эса) мўминларнинг дўстидир.
69 Аҳли китоблардан бир тоифаси сизларни (тўғри йўлдан) янглиштиришни истайдилар. Лекин, ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларинигина янглиштирадилар.
 70 Эй, аҳли китоблар, нима учун Аллоҳнинг (Тавротдаги Муҳаммад ҳақида келган) оятларини инкор этасиз, ваҳоланки, ўзларингиз унга гувоҳсизлар?!
71 Эй, аҳли китоблар, нима учун ўзингиз била туриб ҳақни ноҳақликка аралаштирасиз ва ҳақиқатни яширасиз?!
72 Аҳли китоблардан бир тоифаси (бир-бирларига шундай) дейишди: "Мўминларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га куннинг бошида имон келтириб, охирида уни инкор этинглар, шояд (шунда) улар (ҳам имонларидан) қайтсалар.
Изоҳ:Яъни сизларга тақлид қилиб улар ҳам ўз динларидан қайтсалар ажаб эмас, деган маънода бир-бирларига тавсия этдилар. Бу қибланинг Каъба томонга ўзгариши хусусида эди. Аҳли китоблар шу услуб билан мусулмонларни чалғитмоқчи бўлганлар.
73 Динингизга эргашганлардан бошқаларга ишонмангизлар". Айтинг (эй, Муҳаммад): "Тўғри йўл - бу Аллоҳнинг йўли". (Аҳли китоблар давом этиб дэдилар): "Токи бирор кишига сизларга берилган маълумот берилмасин ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашиб юрмасин". Айтинг: "Албатта, фазл Аллоҳнинг "қўли"дадир. Уни хоҳлаган кишиларига берур. Аллоҳ фазли кенг, билимдон зотдир.
74 Раҳматини (пайғамбарлик ёки Исломни) Ўзи хоҳлаган кишига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.
75 Аҳли китоблар орасида шундайи (ҳам) борки, унга катта миқдордаги пулни омонат берсанг, сенга (хиёнатсиз яна) қайтаради. Лекин, шундайи (ҳам) борки, унга бир динор (пул)ни омонат берсанг, то устида қаттиқ туриб олмагунинггача, сенга қайтариб бермайди. Бунинг сабаби: "Омийлар (араб мусулмонлар)га бизга (даражамизга етишга)ча йўл бўлсин", - дейишларидир. Улар била туриб, Аллоҳ ҳақида ёлғон гапирадилар.
Изоҳ:Бу оят омонатга хиёнат қилмайдиган, кейинроқ Исломга кирган яҳудий Абдуллоҳ ибн Салом ҳамда хиёнаткор Фанҳос ибн Озуро ҳақида нозил бўлган.
76 Аслида эса ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ тақводорларни севади.
77 Аллоҳга берган аҳдлари ва қасамларини озгина баҳога алмаштирадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. (Қиёмат кунида) Аллоҳ уларга гапирмайди, (раҳмат назари билан) боқмайди ва уларни оқламайди ҳам. Улар учун аламли азоб бордир.
78 Улар (Аҳли китоблар)нинг яна бир гуруҳи сизлар Китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашларингиз учун Китобни тилларини бураб (ўзгартириб) ўқийдилар ҳамда уни "Аллоҳ ҳузуридан" дейдилар. Аслида эса у - Аллоҳ ҳузуридан эмас. Улар била туриб, Аллоҳ номидан ёлғон сўзлайдилар.
79 Ҳеч бир инсонга Аллоҳ Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан кейин унинг одамларга: "Аллоҳни қўйиб, менга банда бўлинглар!" - дейиши мумкин эмас, балки уларга "Китобдан таълим берадиган ва ўзингиз ҳам ўрганадиган раббоний (Парвардигорга сиғинувчи) кишилардан бўлингиз!" (дейиши жоиздир.)
80 (Ўша пайғамбар) сизларга фаришталар ва пайғамбарларни маъбуд қилиб олишингизни ҳам буюрмайди. Ахир, мусулмон бўлганингиздан кейин сизларга куфрга қайтишингизни буюрармиди?!
81 Эсланг (эй, аҳли китоблар,) Аллоҳ (пайғамбарлардан) аҳд олган: "Мен сизларга Китоб ва Ҳикмат берган бўлсам, сизлардаги (Китоб)ни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга имон келтирасиз ва ёрдам берасиз!" (Аллоҳ): "Тан олдингизми ва мазкур аҳдномани шу шарт билан қабул қиласизми?" - деганида, улар: "Тан олдик",- деб жавоб бердилар. Аллоҳ дэди: "Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳлардандирман".
 82 Бас, ким шундан (аҳдидан) кейин юз ўгирса, ана ўшалар фосиқдирлар.
83 Аллоҳнинг (ҳақ) динидан ўзга динни истайдиларми?! Ваҳоланки, осмонлару Ердаги барча зотлар (фаришталар, инсу жинлар) хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий Унга бўйин сунгандир ва Унинг ҳузурига қайтарилурлар.
84 Айтинг (эй, Муҳаммад): "Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз".
85 Кимки Исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.
86 Имон келтириб, Пайғамбарнинг барҳақлигига гувоҳлик берганларидан ва уларга ҳужжатлар келганидан кейин кофир бўлганларни Аллоҳ қандай (қилиб) ҳидоятга йўлласин?! Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоятга йўлламайди.
87 Ана ўшаларнинг жазоси - Аллоҳ, фаришталар ва барча одамларнинг уларга лаънат айтишидир.
88 Улар унда (лаънат ёки дўзахда) абадий қолувчилардир, уларнинг азоблари енгиллаштирилмас ва кечга ҳам сурилмас.
89 Илло, шундан (куфрдан) кейин тавба қилиб, (хатоларини) тузатсалар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
90 Албатта, имон келтирганларидан кейин (яна) куфрга кетган, сўнгра куфрда мустаҳкамланган кимсаларнинг тавбалари сира қабул қилинмас. Ана ўшалар адашган (гумроҳ)лардир.
91 Албатта, кофир бўлган ва кофирликларича ўлганларнинг бирортаси агар ер юзи тўла олтинни бадал сифатида берса ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бору, ёрдамчилар йўқдир.
92 Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшилик (жаннат)га ета олмайсизлар. Нимаики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир.
Изоҳ:Оятдаги яхшилик сўзини ҳақиқий яхшилик, савоб, жаннат ёки ҳақиқий тақво мақоми каби мазмунда тушуниш лозим бўлади.
93 Таврот нозил бўлмай туриб, Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туя гўшти билан сути)дан бошқа барча таомлар Исроил авлодига ҳалол эди. "Агар ўзларингизни (буни инкор этишда) ростгўй деб билсангиз, Тавротни келтириб, ўқиб кўрингиз", - деб айтинг.
Изоҳ:Бу мусулмонлар туя гўшти ва сутини истеъмол қилганлари туфайли яҳудийларнинг қилган таъналарига жавобан нозил бўлган оятдир. Исроил (Яъқуб) пайғамбар фақат ўзлари учун истисно сифатида туя гўшти ва сутини ҳаром қилганлар. Бунга икки сабаб кўрсатилган. Биринчиси - Яъқуб (а.с.) бир оғир касалликка учраганларида, "Агар соғайиб кетсам, ўзимга энг ёқимли бўлмиш туя гўшти ва сутини истеъмол қилмаслик йўли билан нафсимни қийнайман", - деб назр қилганлар. Назр эса қасамни бир тури. Иккинчиси - мазкур оғир касалликдан фориғ бўлиш учун табиблар шу хилдаги парҳезга буюришган.
94 Шундан кейин ҳам кимки Аллоҳга ёлғон тўқиса, ана ўшалар золимлардир.
95 "Аллоҳ рост сўзлар. Бас, ҳақ йўлда собит бўлмиш Иброҳимнинг динига эргашинглар! У мушриклардан бўлмаган", - деб айтинг.
96 Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй - Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир.
97 Унда аниқ аломатлар - "Мақоми Иброҳим" бордир*. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир*. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.
Изоҳ:Дарҳақиқат, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Зам-зам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо, Марва каби осори атиқалар мавжудким, улар узоқ ўтмиш аломатлари ҳисобланади. Изоҳ(а): Ҳаж ибодатининг Аллоҳ томонидан фарз қилинганига ушбу оят далилдир.
 98 Айтинг: "Эй, аҳли китоблар! Аллоҳ қилаётган кирдикорларингизга гувоҳ бўлатуриб, нега Аллоҳнинг оятларини инкор этасиз?"
99 Айтинг: "Эй, аҳли китоблар! Нега имон келтирганларни Аллоҳ йўлидан тўсасиз ва ўзингиз гувоҳ бўла туриб, уни (йўлни) қинғирлаштиришга интиласиз? Қилаётган ишларингиздан Аллоҳ ғофил эмас-ку!"
100 Эй, имон келтирганлар! Агар Китоб берилганларнинг бирор гуруҳига бўйин сунсангиз, имон келтирганингиздан кейин сизларни (яна) кофирликка қайтарадилар. Изоҳ:Шос ибн Қайс исмли бир яҳудий Мадинадаги Авс ва Хазраж қабилаларидан имон келтирган бир гуруҳ мусулмонлар ёнидан ўта туриб бир йигитга: "Уларга олдинги ўрталарида ўтган қабила жангини бир эслатиб қўй", - дейди. У эслатгандан сўнг икки қабила кишилари бир-бирлари билан жанжаллашиб, ҳатто қилич яланғочлашгача борадилар. Бу хабар Расулуллоҳга этгач, ул зот: "Мен ҳали ораларингда туриб, сизлар яна жоҳилият даврига қайтмоқчимисизлар?!" - деб танбеҳ берадилар. Шундан кейин улар шайтон йўлидан қайтиб, яна ярашиб оладилар.
101 Аллоҳнинг оятлари сизларга ўқиб турилган, ораларингизда Унинг пайғамбари турган бир пайтда қандай қилиб (динни) инкор этасиз?! Ким Аллоҳ (дини)ни маҳкам тутса, демак, у тўғри йўлга йўлланибди.
102 Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!
103 Ҳаммангиз Аллоҳнинг "арқони" (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ва ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади.
104 Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳий мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар, толе топувчилардир.
Изоҳ:Бу ердаги "сизлардан" сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни, сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб ҳам тушуниш мумкин. Яна, сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлинглар, деган буйруқни олиш ҳам жоиз. Деярли ҳамма тафсирларда шу икки хил тафсир баён этилган. Лекин муфассирларнинг аксарияти иккинчи тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Улар жумласидан Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ҳам "Таъвилоти Аҳлис-сунна" номли тафсир китобларида шу суранинг 110-, Моида сурасининг 79-оятлари ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига вожиб қилинган, деб таъкидлайдилар. Бинобарин, баъзи бир диний оқимларнинг мазкур 104-оят асосида турли ҳизб ва гуруҳлар тузиб, жамоатдан ажралиб олишларининг илоҳий
кўрсатмаларга тўла мос эмаслиги маълум бўлади.
105 Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир.
106 Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган Кун (қиёмат)ни эсланг: юзи қорайганларга: "Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизларми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди", - дейилур.
107 Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати)дадирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир.
108 Бу Аллоҳнинг оятларидир. Уларни Сизга ҳаққоний равишда ўқиб бермоқдамиз. Аллоҳ оламларга зулмни раво кўрмас.
109 Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир ва (барча) ишлар Аллоҳга қайтарилур (Аллоҳ ҳукмига оширилур).
110 Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз (эй, мусулмонлар! Зеро, сиз) амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз. Агар аҳли китоблар (ҳам) имон келтирганларида эди, ўзлари учун яхши бўлур эди. Улар орасида мўминлари ҳам бор, кўпчилиги эса фосиқлардир.
111 Улар сизларга (бироз) озор беришдан бошқа зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, чекиниб қочурлар. Сўнг, уларга ёрдам берилмас.
112 Аллоҳ ва (мусулмон) одамлар ҳимоясига олинмаган тақдирда, (улар) қаерда бўлишларидан қатъий назар, хорликка маҳкумдирлар. Улар Аллоҳнинг ғазабига учрадилар ва мискинликка маҳкум бўлдилар. Бунга сабаб - Аллоҳ оятларини инкор этишлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришлари, итоатсизликлари ва тажовузкорликларидир.
Изоҳ:Мусулмон мамлакатлари ҳимоясида яшайдиган ғайридинлар зиммийлар деб аталади. Уларнинг ҳуқуқлари белгиланган қоидалар билан ҳимоя етилади.
113 Уларнинг ҳаммаси баробар эмас. Аҳли китоблар орасида туни билан сажда қилган ҳолда Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор.
114 (Улар) Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадилар, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва хайрли ишлар сари шошиладилар. Айнан улар солиҳ кишилардандир.
115 Нимаики яхшилик қилган бўлсалар, (унинг савобидан) маҳрум бўлмайдилар. Аллоҳ тақводорларни (яхши) билувчидир.
116 Кофир бўлганларни (ҳеч қачон) молдунёлари ва фарзандлари Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмайди. Ана ўшалар дўзах аҳлидир ва улар у ерда абадий қолувчилардир.
117 Уларнинг бу дунёда (риёкорлик билан) қилган эҳсонлари изғиринга ўхшайди: ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилур. Уларга Аллоҳ зулм қилмади, балки (улар) ўзларига зулм қилмоқдалар.
118 Эй, имон келтирганлар! Ўзларингиздан ўзгалар (мунофиқлар)ни яқин дўст (сирдош) тутмангиз! Улар сизларга нисбатан бузғунчилик қилишда кучларини аямайдилар ва ҳолларингиз забун бўлишини истайдилар. Сизларни ёмон кўришлари оғизлари (сўзлари)дан аён бўлди, дилларида яширган (адоват)лари эса янада каттароқдир. Агар ақлингизни ишлатсангизлар, сизларга оятларни баён қилиб бердик.
119 Эй, сизлар! Уларни яхши кўрасиз, лекин улар сизларни яхши кўрмайдилар. Сизлар ҳамма (илоҳий) китобларга имон келтирасиз ва (улар) сизларга йўлиққанларида: "Имон келтирдик", - дейишади. Ўзлари холи қолишганда эса, аччиқларидан бармоқларини тишлайдилар. "Шу аччиқларингиз билан ўлиб кетинг!" - деб айтинг. Албатта, Аллоҳ диллардаги гапларни (ҳам) билувчидир.
120 Сизларга етган яхшилик уларни хафа қилади. Сизларга етган ёмонликдан эса хурсанд бўладилар. Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилмишларини иҳота қилувчидир.
121 Оила аҳлингизни саҳарлаб тарк этиб, мўминларни жанг жабҳаларига жойлаб юрган (кезлар)ингизни эсланг! Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
Изоҳ: Шу оятдан бошлаб жанг оятлари баён этилади.
122 Сизлардан икки тоифа (мусулмонлар) умидсизликка туша бошлади, ваҳоланки, Аллоҳ уларга ҳомий эди. Мўминлар (ҳар доим) Аллоҳга таваккул қилсинлар!
Изоҳ: Икки тоифанинг бири Мадина шаҳрининг Хазраж қабиласидан бўлмиш Бану Салама маҳалласига мансуб мусулмонлар, иккинчиси - Авс қабиласидан бўлмиш Бану Ҳориса маҳалласига мансуб мусулмонлар эди.
123 (Мана), Бадрда (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқингиз, зора шукр қилсангиз.
 124 Мўминларга "Раббингиз (осмондан) нозил этилган уч мингта фаришта билан сизларга мадад бергани кифоя эмасми?!" - деган пайтингизни эсланг!
 125 Дарҳақиқат, (кифоя қилур)! Агар сабрли бўлиб, Аллоҳдан қўрқсангиз ва улар (душманлар) бехос ҳужум қилиб қолсалар - Раббингиз сизларга беш мингта белгили фаришта билан мадад берур.
Изоҳ:Фаришталарнинг бошқа жангчилардан ажралиб туришлари учун улар минган отларнинг ёллари ва думлари оқ рангда бўлганлиги ривоят қилинади. Бошқа ривоятда фаришталарнинг саллалари сариқ рангда бўлган, дейилади.
126 Бу (мадад)ни Аллоҳ сизларга хушхабар бўлиши ва дилларингиз таскин топиши учун берди. ғалаба эса фақат қудратли ва ҳикматли Аллоҳ ҳузуридангина (келур).
127 Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки зарба бериб, ноумид ҳолда қайтишларига мажбур қилиш учун (мадад берилди).
128 Сиз учун (эй, Муҳаммад,) бу ишда бирор ихтиёр йўқдир. Аллоҳнинг Ўзи уларнинг тавбаларини (балким) қабул қилар ёхуд жазолар. Зеро, улар золимлардир.
129 Осмонлару Ердаги борлиқ Аллоҳникидир. Ўзи хоҳлаган кишини мағфират қилади, хоҳлаган кишини жазолайди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
130 Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама ила еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангизлар.
131 Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингизлар!
132 Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилинг, шояд, шунда раҳм қилинсангизлар.
133 Раббингиздан (келувчи) мағфират ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун
тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилингиз!
134 (У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.
135 Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир.
136 Айнан уларнинг мукофотлари - Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!
137 Сизлардан илгари кўп (ибратли) воқеалар бўлиб ўтган. Ер юзи бўйлаб сайр қилинглар ва (ҳақни) ёлғонга чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар!
138 Бу (Қуръон ёки мазкур гаплар) одамлар учун баёнот ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи)дир.
139 Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз аъло (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз учун) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангизлар.
140 Агар сизларга (Уҳуд жангида) жароҳат (мағлубият) етган бўлса, у қавмга ҳам (Бадр жангида) худди шундай жароҳат (мағлубият) етган. Имонли кишиларни билиш ва сизлардан шаҳидларни саралаб олиш учун (Биз) шу (ғалаба) кунларни (кетма-кет) алмаштириб турамиз. Аллоҳ золимларни севмагай.
141 Аллоҳ мўминларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (мазкур ишларни қилди).
142 Ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (чиндан) жиҳод қилувчи ва ким сабрли эканини имтиҳон қилиб кўрмасдан жаннатга кираверамиз, деб ўйладингизми?
143 Ажалингиз етмай, ўлимни (шаҳидликни) орзу қилар эдингиз. Мана, энди (Уҳудда) уни кўз ўнгизда кўриб турибсиз.
 Изоҳ: Яъни шаҳидликка сизлар эмас, балки Уҳуд жангида шерикларингиз етишганини гувоҳи бўлдингиз.
144 Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортларингиз (куфр)га қайтиб кетасизми?! Кимки ортига қайтса, Аллоҳга сира зарар етказа олмайди. Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар.
145 Ҳар бир жон (эгаси) Аллоҳнинг изни билангина муҳлати белгилаб қўйилган битик (ажал) етганда ўлади. Ким дунё савоби (ўлжа)ни ирода қилса, унга ўшандан берурмиз. Ким охират савобини ирода қилса, унга (ҳам) ўшандан берурмиз. Шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлаймиз.
146 Қайси бир пайғамбар (ўтган бўлса), у билан бирга кўп жамоалар жанг қилганлар. (Лекин) Аллоҳ йўлида уларга етган нарсалар сабабли сустлик, заифлик қилмаганлар, (ёвга) таслим ҳам бўлмаганлар. Аллоҳ (эса) сабрлиларни севгай.
 Изоҳ: Бу оят орқали Аллоҳ таоло Уҳуд жангида сустлик, заифлик ва иродасизлик кўрсатган бир гуруҳ мусулмонларни танқид қилмоқда.
147 Уларнинг гаплари фақат қуйидаги бўлди: "Эй, Раббимиз! Бизларнинг гуноҳларимизни ва ишимиздаги исрофгарчилигимизни кечир, (жанг асносида) қадамларимизни мустаҳкам қил ва бизга кофирлар қавми устидан ғалаба насиб эт!"
148 Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунёнинг савоби (ғалаба ва ўлжа)ни, ҳам охиратнинг чиройли савоби (мағфират ва жаннат)ни берди. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.
149 Эй, мўминлар! Агар кофирларга бўйин сунсангиз, сизларни ортингизга (куфрга) қайтарурлар. (Натижада) зиён кўрувчиларга айланиб қолурсизлар.
150 Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг афзалидир.
151 Аллоҳ ҳужжат нозил қилмаган (бут, санам каби) нарсаларни Унга шерик қилганлари учун кофирларнинг дилларига ваҳима солурмиз. Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Золимларнинг жойи нақадар нохуш!
152 Сизлар Унинг изни билан улар (кофирлар)ни тор-мор қила бошлаганингизда, Аллоҳ ўз ваъдасига содиқ чиқди*. Лоқайдлик қилиб, (Пайғамбар) буйруғидан чиқиб, тортиша бошламагунингизча ва ёқтирган нарсангиз (ғалаба)ни сизларга кўрсатгунга қадар (ютуқ сизлар томонда бўлди). Ораларингизда дунёни ёқтирадиганлар ҳам, охиратни ёқтирадиганлар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни синовдан ўтказиш учун (ғалабангизни мағлубият сари) буриб юборди ва гуноҳларингиздан ўтди. Аллоҳ мўминларга нисбатан фазл соҳибидир.
Изоҳ: Бу ва кейинги оятларда ҳижратнинг учинчи йили кечган Уҳуд жанги тўғрисида маълумот берилади.Мадина ҳудудидаги Уҳуд тоғи этагида рўй берган бу тўқнашувда дастлаб Макка қўшини устидан мусулмонлар ғалаба қила бошлайди. Лекин жанг сўнгида баъзи мусулмонларнинг айби билан мағлубиятга учрайдилар. Расулуллоҳ бир гуруҳ камончиларни ҳозирги "Румот" деб аталадиган тепаликда туришга буюрганларида, улар итоатсизлик қилиб, ижозат бўлишини кутмасдан ўз жойларидан ўлжа томон жилиб кетишади. Ҳарбий интизомнинг бузилиши мусулмонларнинг мағлубиятига сабаб бўлади. Камончиларнинг жойи бўшаб қолганини пайқаган ёв қўшинлари ўша тарафдан ҳужум уюштирадилар ва натижада Расулуллоҳнинг амакилари буюк саркарда Амир Ҳамзадек паҳлавонларнинг ҳам кўпчилиги шаҳид бўлади. Жаноб Пайғамбаримиз (а.с.)нинг ҳам муборак тишлари шу жангда синади.
153 Ўшанда ҳеч кимга қайрилиб боқмай, (жойингиздан) тез жилиб кетдингиз. Пайғамбар эса ортингиздаги (ҳарбий) бўлинмадан (туриб) сизларни чақирганича қолди. Қўлингиздан кетган нарсалар (ғалаба, ўлжалар) ҳамда сизларга етган мусибатлар учун ташвиш тортманг, деб, (Аллоҳ) сизларга ғам устига яна ғам бериб жазолади. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
154 Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир тинч уйқу нозил этдики, у сизларнинг бир қисмингизни мудратиб қўйди. Бошқа бир қисм (мунофиқлар) эса жон талвасасига тушиб, Аллоҳнинг шаънига ноҳақ жоҳилона бадгумонлик қилдилар ва айтдиларки: "Энди бизга бу ишдан бирор нарса (ғалаба) бўлармиди?!" Айтинг: "Барча иш Аллоҳга (оид)дир". Улар ичидаги сирларини Сиздан яширадилар. Айтадиларки: "Агар бизда бу иш юзасидан ихтиёр бўлганда эди, бу ерда қатл қилинмаган бўлур эдик". Айтинг: "Агар уйларингизда бўлганингизда ҳам (тақдирда) қатл қилинишлик ёзилган кимсалар ўзларининг (ўладиган) жойларига бориб қолган бўлар эдилар". Кўксингиздаги (имон)ни синаш ва дилларингизни (шайтон васвасасидан) поклаш учун (Аллоҳ шу мағлубиятни раво кўрди). Аллоҳ кўнгиллардаги кечинмаларни (ҳам) яхши билувчидир.
155 Икки (ҳарбий) бўлинма тўқнашган кунда орангиздан юз ўгириб кетганларни шайтон баъзи қилмишлари туфайли янглиштирган эди. Аллоҳ уларни афв этди ҳам. Зеро, Аллоҳ кечирувчан ва ҳалим зотдир.
156 Эй, имон келтирганлар! Ўзлари кофир бўлиб, Ер (юзи) бўйлаб сафарга ёки ғазот (жанг)га кетган биродарлари ҳақида: "Агар биз билан қолганларида ўлмаган ва қатл қилинмаган бўлур эдилар", - деб, уларнинг дилларига Аллоҳ ҳасрат (надомат) солишини хоҳловчи кишилар каби бўлмангиз! Аллоҳ тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир.
157 Албатта, Аллоҳ йўлида қатл қилинсангиз ёхуд ўлсангиз, Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати (уларнинг) тўплаган (бойликлари)дан афзалроқдир.
158 Қасамки, хоҳ ўлинг, хоҳ қатл этилинг, албатта, Аллоҳ ҳузурига жам этилурсизлар.
159 Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар.
160 Агар сизларга Аллоҳ мадад берса, ҳеч ким сизларга ғолиб бўлмас. Бордию қаровсиз қолдирса, Ундан ўзга сизларга ким ҳам мадад берар эди?! Аллоҳга таваккулни мўминлар қилсин!
161 Пайғамбар (зоти) хиёнат қилиши мумкин эмас. Кимда-ким хиёнат қилса, қиёмат куни ўша хиёнати билан бирга (ҳузуримга) келур. Сўнгра ҳар бир жон (эгаси) Ўз амалларига (яраша) мукаммал жазо олур. Улар (ҳаққи)га зулм қилинмагай.
 Изоҳ: Бу ердаги хиёнат сўзидан урушдан қўлга киритилган ўлжа назарда тутилади. Демак, ҳеч бир пайғамбар ўлжа тақсимида хиёнат қилиб, ундан ўзига ноҳақ йўл билан ўзлаштириб олиши мумкин эмас.
162 Аллоҳнинг ризосини излаган киши билан Аллоҳнинг ғазабига учраган кимса баробар бўлурми?! Унинг (ғазабга учраганнинг) борар жойи - жаҳаннам! Нақадар беҳузур жой у!
163 Улар Аллоҳ ҳузурида (турли) даражалар (соҳибидирлар). Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб турувчидир.
164 Ўзлари ичидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориб, Аллоҳ мўминларга меҳрибонлик қилди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар.
165 Сизларга (Уҳуд жангида) бир мусибат етган бўлса - сизлар (Бадр жангида) уларга икки баробар мусибат етказгансиз. "Бу қаёқдан келди?" - дейсизми?! "Бу (мағлубият) ўзингиздан", - деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
166 Икки (ҳарбий) бўлинма тўқнашган куни сизларга етган мусибат, албатта, Аллоҳнинг изни билан (содир бўлган) ва чинакам мўминларни билиш
167 ҳамда мунофиқларни аниқлаш учун эди. Уларга: "Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (душманни) даф қилинглар!" - дейилса, (улар): "Агар (жиддий) уруш бўлишини билганимизда, ортингиздан борган бўлар эдик", - деган эдилар. Ўша куни улар имондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар дилларида йўқ нарсаларни оғизлари билан гапирадилар. Аллоҳ (эса) яширган нарсаларини яхшироқ билувчидир.
 168 Биродарларига: "Агар (Уҳуд жангида ҳалок бўлган мусулмонлар) бизга бўйин суниб (урушдан чиқиб кетганларида) ўлдирилмаган бўлур эдилар", - деб, (ўзлари жангдан ғолиб) ўтирган кимсаларга айтинг: "Агар гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи?!"
169 Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўлик деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирикдирлар, Парвардигорлари ҳузурида ризқланиб турурлар.
170 (Мазкур шаҳидлар) Аллоҳ ўз фазли билан ато этган (неъматлардан) хушнуд, ортларида (тирик) ғолиб, ҳали уларга қўшилмаган (ғозийлар)га (қиёматда) хавф ва ташвиш бўлмаслиги ҳақида башорат берган ҳолларида (яшайдилар).
171 (Яна бир) башоратлари Аллоҳ берадиган неъмат, фазл ва мўминларнинг мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақидадир.
172 Уларга жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар (буйруқларига) итоат қилган эдилар. Уларнинг чиройли иш қилиб, тақволи бўлганларига улкан мукофотлар бордир.
173 Уларга одамлар: "Сизларга қарши (ҳужум учун маккалик) одамлар (лашкар) тўпладилар. Улардан қўрқингиз!" - деганларида, (бу гап) уларнинг имонларини янада зиёда қилди ва айтдиларки: "Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!"
174 Улар (Бадр жангидан) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар ва Аллоҳнинг ризосини изладилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир.
175 Албатта, ўша шайтон ўз дўстлари (мунофиқлар)ни қўрқитади. Агар (чинакам) мўмин бўлсангизлар улардан қўрқмангиз, (балки) Мендан қўрқингиз!
176 Куфрда тез ҳаракат қилаётганлар Сизни ғамгин этмасин! Улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ уларга охиратда бирор насиба (савоб) бермасликни хоҳлайди. Уларга улкан азоб (муҳайёдир).
177 Албатта, имонни куфрга алмаштирганлар Аллоҳга зинҳор зарар етказа олмайдилар. Уларга аламли азоб (бордир).
178 Кофир бўлганлар, уларга муҳлат бериб турганимизни яхшилик деб ўйламасинлар! Муҳлатни уларга гуноҳлари янада кўпайиши учун берамиз. Уларга хор қилувчи азоб (бордир).
179 Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолатдек ўз ҳолларига ташлаб қўювчи эмас. У ҳали пок киму нопок ким ажрим этади. Аллоҳ сизларни илми ғайбдан хабардор қилмади, лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! Имон келтириб, тақволи бўлсангиз, сизларга буюк мукофот (бордир).
180 Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси устида бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади. Осмонлар ва Ернинг мероси Аллоҳга (қолур). Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
181 "Аллоҳ фақир, биз боймиз" деган одамларнинг гапини Аллоҳ эшитди. Уларнинг (бу) гапларини ҳамда пайғамбарларни ноҳақ қатл этганларини ёзиб қўямиз ва (қиёматда): "Ёнғин азобини тотиб кўринг!" - деймиз.
182 Бу - ўз қилмишларинг маҳсули ва Аллоҳнинг бандаларга зулм қилмаслигидандир.
183 "Бирор пайғамбар келса, (уни синаб кўриш учун) қилган қурбонлигини (осмондан тушган) ўт еб битирмагунча унга ишонмаслигимиз учун Аллоҳ биз билан аҳдлашган", - деган кимсаларга айтинг: "Мендан олдин ҳам сизларга (аждодларингизга) пайғамбарлар ҳужжатлар ва сизлар айтган (қурбонлик каби мўъжизалар) билан келган эдилар. Гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни қатл этгансизлар?"
184 Агар Сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, (хафа бўлманг, зеро,) Сиздан илгари ҳужжатлар, илоҳий битиклар ва нур таратувчи китобларни келтирган (қатор) пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилганлар.
185 Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир.
186 Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир.
187 Эсланг (эй, Муҳаммад,) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Китобни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласизлар, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсизлар, деб аҳд олган эди. Лекин, улар уни ортларига улоқтириб, уни озгина баҳога сотиб юбордилар. Бу савдолари нақадар нохуш!
188 Ўз қилмишларига суюнадиган, қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб, асло ҳисобламанг! Уларга аламли азоб (бордир).
189 Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
190 Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.
191 Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар: "Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!
 Изоҳ: Яъни ақл эгалари бўлмиш мусулмонлар имкониятларига қараб намозларни тик ҳолда, ўтириб, унга ҳам ожиз бўлсалар, ётган ҳолда имо-ишора билан ўқийверадилар. Бошқа бир тафсири шуки, бу ердаги зикрдан мақсад намоз эмас, балки Аллоҳни ёд этиш, дуо ва илтижо, тасбеҳ каби зикрлардир.
192 Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўлурсан. Золимларга эса ёрдамчилар йўқдир.
193 Эй, Раббимиз! Биз "Раббингизга имон келтиринг" деб, имонга чорлаган жарчи (Муҳаммад)ни ешитдик ва дарҳол имон келтирдик. Раббимиз! Гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!
194 Эй, Раббимиз! Яна бизларга пайғамбарларинг воситаси ила ваъда қилган нарсаларингни ато эт ва бизларни қиёмат кунида шармсор қилмагин! Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан".
 Изоҳ: Бу оятдаги "пайғамбарларингга" деган сўзни пайғамбарларингга имон келтирганимизга қилган ваъданг ёки уларнинг тили билан ваъда қилган савобларингни ато эт, деб тушуниш ҳам мумкин.
195 Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди:) "Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг - хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин - амалини зое қилмасман. Ўз (ватанларидан) ҳижрат қилган, (юртларидан) бадарға қилинган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл етилганларнинг гуноҳларини каффорат қилурман ва Аллоҳнинг мукофоти сифатида уларни остиларидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат (боғлари)га киргизурман. Аллоҳнинг ҳузурида эса, (янада) яхшироқ савоб (бордир).
 Изоҳ: Яъни қилган хайрли ишларининг савобини албатта ато қилурман. Умму Салама (р.а.) Расулуллоҳдан: "Нима учун Аллоҳ таоло ҳижрат қилган эркакларни мақтайверади, лекин аёлларни мақтамайди?" - деб сўраганларида шу оят нозил қилинган.
196 Кофир бўлганларнинг шаҳарма-шаҳар сайр этиб (яйраб) юришлари Сизни зинҳор алдаб қўймасин!
197 Арзимас роҳат. Кейин эса борадиган жойлари - жаҳаннам. Нақадар мудҳиш жой у!
198 Лекин, Парвардигорларидан қўрққан (тақволи)лар учун эса остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат (боғлари) бўлиб, (улар) у ерда абадий бўлурлар. Бу Аллоҳ томонидан берилажак зиёфатдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги (махсус савоблар эса) яхшилар учун (ҳаммасидан) афзалдир.
199 Дарвоқе, аҳли китоблар ичида Аллоҳга, сизларга нозил қилинган (Китоб)га ҳамда ўзларига нозил қилинган (Китоб)га ишониб, Аллоҳга итоат ила бош эгувчилар ҳам бор: улар Аллоҳ оятларини озгина баҳога сотиб юбормайдилар. Айнан улар учун Парвардигорлари ҳузурида мукофот муҳайёдир. Аллоҳ ҳисоб-китобда тезкордир!
200 Эй, мўминлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (шунда) толе топсангизлар!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase