close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

002. Бақара сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, Лом, Мим.
Изоҳ: Алиф, Лом, Мим. қуръонда 27 та сура шу каби ҳижо (алифбо) ҳарфлари билан бошланади. Уларни "Ҳуруфи муқаттаот", яъни, таркибдан ажратилган ҳарфлар деб аталади. Бу ҳарфларнинг мазмуни ёки нималарнинг аломати эканлиги тўғрисида баҳс юритиш ман этилган. Уларнинг маъносини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади деб эътиқод қилиш зарурдир. Лекин баъзи муфассирлар ўз тафсирларида уларни Изоҳлашга ҳам уринганлар.
2. Ушбу (илоҳий) Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким,
3. улар ғойиб (диний хабарлар)га имон келтирадиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир.
4. Яна, улар Сиз (Муҳаммад)га ва Сиздан илгари (ўтган пайқамбарларга) нозил қилинган нарса (илоҳий китоблар)га имон келтирадиган ҳамда охират (қиёмат)га қатъий ишонч ҳосил қиладиганлардир.
5. Айнан улар Парвардигорлари томонидан (ато этилган) ҳидоят узрадирлар ва айнан улар нажот топувчилардир.
6.Ҳақиқатан, куфр (имонсизлик)ни танлаганлар - уларни огоҳлантирсангиз ҳам, огоҳлантирмасангиз ҳам, уларга барибир - имон келтирмайдилар.
7. Уларнинг диллари ва қулоқларига Аллоҳ муҳр уриб қўйган. Кўзларида эса парда (бор). Улар учун улкан азоб (тайёрлаб қўйилгандир).
8. Одамлар орасида шундайлар ҳам борки, улар "Биз Аллоҳга ва охиратга имон келтирдик", - дейдилар. Ваҳоланки, ўзлари мўмин эмаслар.
9. Улар (бу билан) Аллоҳни ва имон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Лекин, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайдилар.
10. Уларнинг дилларида хасталик (шубҳа ва кибр касали) бор. Аллоҳ уларга (шу) хасталикни зиёда қилди. (Мўминмиз, деб) ёлғон гапирганлари учун уларга (охиратда) аламли азоб бордир.
11. Уларга: "Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилманглар!", - дейилса, улар: "Албатта, биз асл ислоҳчилармиз", - дейдилар.
12. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар.
13. Уларга: "Сизлар ҳам (ана у) одамлардек имон келтиринглар", - дейилса, "Биз (шу) нодонларга ўхшаб имон келтирамизми?!" - дейдилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг ўзлари нодондирлар, лекин (буни ўзлари) билмайдилар.
Изоҳ: Билол, Суҳайб каби қуллар ва бошқа баъзи бечораҳол кишилар имон келтирганларида, мунофиқлар уларга ҳақорат назари билан боқиб, уларнинг сафига қўшилишдан ор қилганлар.
14. Имон келтирган кишиларга дуч келиб қолганларида: "Биз ҳам имон келтирдик", - дейдилар. Ўз шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: "Биз, албатта, сизлар билан биргамиз, фақат биз (мўминларни) мазах қилувчилармиз, холос", - дейдилар.
15. Аллоҳ уларни "мазах қилади" ва уларнинг шу (ҳаддан ошган) туғёнларида адашиб юришларига қўйиб беради.
Изоҳ: Аллоҳнинг "мазах қилиши" уларнинг қилмишларига яраша жазо беришидир. Туғён ҳолатларида давом этишлари эса берилажак жазонинг ортишига сабаб бўлади. Аллоҳ уларни шу ҳолатда давом эттириши уларнинг зараригадир.
16. Ҳидоят (тўғри йўл) ўрнига залолат (нотўғри йўл)ни сотиб олганлар ўшалардир, (лекин) бу савдолари фойда қилмади ва ҳақ йўлга юрувчи ҳам бўлмадилар.
17. Улар бамисоли бир олов ёққан кимса (йўловчи)га ўхшайдилар: олов унинг атрофини ёритганида, Аллоҳ (бехос) нурларини кетказиб, уларни зулматлар ичра (ҳеч нарсани) кўролмайдиган ҳолда қолдиргани кабидир.
18. (Улар) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайтмагайлар.
Изоҳ: Уларнинг карлиги - ҳақ гапларни тингламасликлари, соқовликлари - ҳақ гапни гапирмасликлари, кўрликлари эса ҳақ нарсани кўриб, тасдиқ этмасликларидир.
19. Ёки (яна бир ўхшатиш) осмондан жала келтирувчи булут кабики, унда зулмат, момақалдироқ ва чақмоқ бўлиб, (улар остида) яшин тегиб ўлишдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олурлар. Аллоҳ эса кофирларни (ҳар томондан) қуршаб олувчидир.
20. Чақмоқ уларнинг кўзларини кўр қилгудек бўлади. (У) ҳар гал ёритганида (озгина) юриб оладилар, уларга қоронғи туширганида эса (жойларида) туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, уларни қулоқ ва кўзларидан (момақалдироқ овози ва чақмоқ ёруғлиги билан) жудо қилган бўлур эди. Зеро, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Изоҳ: Мунофиқлар тўғрисида нозил қилинган оятларда Аллоҳ таолонинг уларга нисбатан айтган қаттиқ гаплари чақмоққа ўхшатилмоқда.
21. Эй, инсонлар, сизларни ва сизлардан олдингиларни тақволи бўлишларингиз учун яратган Раббингизга ибодат қилингиз!
22. У сизлар учун Ерни пояндоз, осмонни "бино" қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар ундирди. Бас, билиб туриб Аллоҳга (ибодатда) бошқа (сохта маъбуда)ларни тенглаштирмангиз!
23. Агар бандамиз (Муҳаммад)га туширган нарсамиз (қуръон)дан шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг - агар ростгўй бўлсангиз.
24. Бордию (бу ишни) қилмасангиз - зинҳор қила олмайсиз ҳам - у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тошлардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!
Изоҳ: Одамлар ва тошлар, яъни кофирлар ва тошдан ясалган санамлар. Демак, санам ва бутларга сиғинувчилар ўз маъбудалари билан бирга ёнишлари тасвирланмоқда.
25. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун остиларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар (жаннатлар) бор. Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: "Бу илгари бизга ризқ қилиб берилган меваларнинг худди ўзику", - дейдилар. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Яна улар учун у ерда покиза жуфтлар бордир ва улар у ерда абадий қолувчилардир.
Изоҳ: Жаннат аҳли ноз-неъматлардан ҳар гал тановул қилганларида, уларнинг бир хиллик ва олий сифатликда бир-биридан фарқсиз ҳолда кўриб, "бу олдинроқ еган нарсаларимизнинг ўзи-ку," - деб таажжуб қилар эканлар. Иккинчи хил тафсири шуки, жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди фоний дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Тановул қилмай туриб: "Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!" - дер эканлар.
26. Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам юқори нарсалар мисолида зарбул-масал айтишдан уялмайди. Имонли кишилар-ку, у (масал)ни ҳақиқатан уларнинг Рабби томонидан (юборилган) ҳақиқат деб биладилар. Кофирлар эса: "Бу масал билан Аллоҳ нима демоқчи, ўзи?" - дейдилар. У (масал) билан Аллоҳ кўпларни адаштиради ва у билан кўпларни (тўғри йўлга) ҳидоят қилади. Лекин, (Аллоҳ) у билан фақат фосиқ кимсаларни адаштиради,
Изоҳ: Бу оят икки хил таъвил этилади. Биринчидан - Аллоҳ чивин ва ундан катта нарсалар мисолида зарбул-масал айтишдан уялмайди, деб ҳам тушуниш мумкин. Иккинчидан - чивин ва ундан ҳам кичик нарса мисолида зарбул-масал айтишдан уялмайди.
27. қайсики, (улар) Аллоҳ аҳдини унинг битимидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер (юзи)да бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албатта, зиён кўрувчилардир.
Изоҳ: Боғланишига буюрган нарсалар деганда, қавм-қариндошлар билан боғланиб, уларга силаи раҳм қилиш, мўмин-мусулмонлар билан яхши муносабатда бўлиш, пайғмбарларни айирмай ҳаммасига баробар имон келтириш каби ишлар назарда тутилади.
28. Ўлик эканингизда сизни тирилтирган, сўнг сизга (яна) ўлим берадиган, кейин сизни тирилтиргач, сиз ҳузурига қайтариладиган Аллоҳни қандай инкор этасиз?!
29. У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди. Сўнгра само сари "турди-да," уни етти осмондан иборат қилиб қўйди. У барча нарсани билувчи (доно)дир.
30. Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: "Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман", - деганида, (улар) айтдилар: "Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: "Мен сизлар билмаган нарсани биламан".
Изоҳ: Одамзот яратилса, у ер юзида бузғунчилик ишларини қилишини фаришталар қаердан билишди, деган табиий саволга "Мадорик" тафсирида шундай жавоб қилинади: уларга Одам ҳақида Аллоҳ таолонинг ўзи хабар бериб, унинг сифатларини ҳам баён қилган ёки "Лавҳул-маҳфуз" дан ўқиб, билиб олганлар ёхуд одамзотни ҳам жинларга таққослашган, зеро, Одам Ато яратилишидан илгари жинлар яратилганда, улар итоатсизлик билан кўпёвуз ишларни қилган эканлар. Фаришталар инсни жинга таққослаб, мазкур эътирозни билдирганлар.
31. (Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди. Сўнг уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: "Агар ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!"
32. (Улар) дедилар: "Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен илм ва ҳикмат эгасидирсан".
33. (Аллоҳ) айтди: "Эй, Одам, уларга номлари билан айтиб бер". Уларга номлари билан айтиб берганида, (У) деди: "Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?!"
34. Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Биз фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" - деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, кибр қилди ва кофирлардан бўлди.
Изоҳ: Бу оятни "кофирлардан эди" деб таржима қилиш ҳам мумкин. Унда "Иблис - Аллоҳнинг билишича - олдиндан қалбида куфрни яшириб юрар эди",- деган маъно чиқади.
35. Биз яна айтдик: "Эй, Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз".
 Изоҳ: Таъқиқланган дарахт-узум ё анжир ёки олмо ёхуд буғдой экани ҳақида ривоятлар бор.
36. Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан тойдириб, турган жойларидан (жаннатдан) чиқарди. Биз (уларга) айтдик: "Бир-бирингизга (келажак зурриётингиз билан ўзаро) душман бўлиб, (Ерга) тушингиз! Маълум вақтгача (ажал етгунча) сизлар учун Ерда барқарорлик ва (ундан) фойдаланиш (бордир).
37. Бас, Одам Раббидан (тавбага доир) калималарни қабул қилганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини ижобат этди. Албатта, У тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдир.
38. "У ердан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз", - дедик. Бас, сизларга Мендан ҳидоят келганда, ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
 Изоҳ: Бу ерда иккита сўзни изоҳ қилиш лозим. Бири - "ҳаммангиз". Одам билан Ҳаво икки киши бўлса, нега уларга кўплик шакли ишлатилди, дейилса, жавобига тафсирларда у иккисидан кейинчалик пайдо бўладиган авлоду зурриётлари назарда тутилганлиги айтилади. Иккинчиси - "жаннатдан чиқингиз!" дейилмасдан, "тушингиз!" дейилишидан жаннатнинг юқорида эканлигига ишорат этилган. Дўзах пастда бўлгани учун унга "кириш" сўзидан кўра, "тушиш" лафзи кўп ишлатилиши ҳам шу эътибор биландир.
39. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар унда (дўзахда) абадий қолурлар.
40. Эй, Исроил авлоди, сизларга инъом этган неъматимни эслангиз, аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!
Изоҳ: Исроил авлоди кимлар? Исроил Яъқуб алайҳиссаломнинг лақаби. Араб тилида Бану Исроил дейилади. Яҳудийларга нисбатан шу иборани ишлатиш одат бўлган.
41. Ўзларингиздаги нарса (Таврот ва Инжил)ни тасдиқ этувчи ҳолда нозил қилган нарсам (қуръон)га имон келтирингиз. Уни биринчи бўлиб инкор этувчи бўлмангиз. Оятларимни озгина баҳога сотмангиз ва Мендангина қўрқингиз.
42. Ҳақни ноҳақлик билан қориштирмангиз ҳамда била туриб, ҳақиқатни яширмангиз.
 Изоҳ: Ҳақиқатни яширганлари - қўлларидаги Тавротда ёзилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари ёзилган оятларни йўқ қилиб юборганликларидир. Яҳудийлар охирги пайғмбар ўзларидан чиқмасдан араблардан чиққанлигига ҳасад қилиб, шундай ёмон ишларга қўл урганлар.
43. Намозни мукаммал адо этингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилингиз.
44. Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизлар-у, ўзларингизни унутасизларми?! Ақлни ишлатмайсизларми?!
45. (Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангизлар. Дарҳақиқат, у (намоз) оғирдир. Илло, итоатлиларга (оғир) эмас.
46. Улар (итоатлилар) Раббиларига (охиратда) юзма-юз бўлишларини ва Унга қайтажакларини (ҳақ деб) билурлар.
47. Эй, Исроил авлоди, сизларга инъом этган неъматимни ва сизларни оламлар узра афзал қилганимни Эслангиз.
Изоҳ: Ўз замонларидаги бошқа кишилардан устун қилгани ҳақида эслатмоқда. Яъни, уларга илм, имон, амали солиҳ каби сифатлар ато этгани ва улар ичидан пайғмбарлар ва одил подшоҳларни чиқаргани, улар шундай яхши ҳолатдан ёмон ҳолатга ўзгариб кетганларини танқид қилмоқда.
48. Бирор жон бирор нарсада бошқа жоннинг ўрнига ўтмайдиган, ундан шафоат ҳам қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) бадал ҳам олинмайдиган ҳамда уларга ёрдам берилмайдиган кундан (қиёмат кунидан) қўрқингиз!
49. Сизларни (Мусо қавмини) оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни қатл этиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн навкарларидан қутқарганимизни ҳам эслангиз. Бунда Раббингиздан сизларга улкан синов бордир.
50. Сизлар сабабли денгизни (ўн иккига) бўлиб, сизларни қутқарганимиз, кўз ўнгингизда Фиръавн лашкарини ғарқ қилганимизни ҳам эслангиз.
Изоҳ: Денгиздан ўн иккита йўл очиб, Мусо лашкарини ўтказиб юборганидан кейин, уларни қувиб келаётган Фиръавн лашкари денгиз ўртасигача кириб келишгач, Аллоҳ таоло сувни юргизиб юборгани ва Фиръавн ўз лашкари билан ғарқ бўлиб, ҳалок бўлганини баён этмоқда. Нима учун айнан ўн иккита йўл очилди, деган табиий савол туғилади. Жавобига тафсирларда Исроилга мансуб ўн икки "сибт" - авлод бўлган. Шу ададнинг эътибори билан ўн икки рақами қайд этилган, дэйилади. Мусо алайҳиссалом ўз қавми сув сўраганда ҳам тошни уриб, ўн икки чашма чиқарганлари шу муносабат биландир.
51. Мусо билан қирқ кеча ваъдалашганимиз, ундан (ҳузуримизга кетганидан) кейин, сизлар (ўзларингизга) зулм қилган ҳолингизда бузоққа сиғинганингизни эслангиз.
52. Сўнгра, ўшандан кейин ҳам шукр қиларсиз, деб, сизларни афв этдик.
53. Тўғри йўлга тушарсизлар, деб, Мусога Китоб (Таврот)ни ва (ҳақ билан ноҳақни ажратувчи) Фурқонни берганимизни эслангиз.
54. Мусонинг ўз қавмига: "Эй, қавмим, сизлар бузоққа сиғиниш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилингиз. Яратувчингиз наздида шу (қатл) сизлар учун яхшироқдир", - деган сўзини эсланг. Шундай қилиб, Аллоҳ тавбангизни қабул этди. Албатта, У кечиримли ва раҳмлидир.
55. "Эй, Мусо, Аллоҳни ошкора кўрмагунимизча, сенга ҳеч ҳам ишонмаймиз" - дэйишингиз билан кўз ўнгингизда сизларни чақмоқ урганини ҳам эслангиз.
56. Сўнгра шукр қилурсизлар, деб, ўлганингиздан кейин яна сизларни тирилтирдик.
57. Шунингдек, устингизга булутларни соябон қилдик, самовий ноз-неъматлар ва (пиширилган) беданалар нозил этиб, "Сизларга ризқ сифатида берилган пок нарсаларни енглар" (дедик). Улар (Исроил авлоди) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларигагина зулм қилдилар.
Изоҳ: Самовий ноз-неъматлар деб таржима қилинган бу сўзнинг арабчаси Қуръонда "манн" лафзи билан келтирилади. Русча "манна", яъни ун.
58. Биз сизларга: "Ушбу қишлоққа (Қудсга) кирингизлар ва унда хоҳлаган жойларингизда лаззатланиб, еб-ичингизлар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кириб, (Аллоҳга) "афв эт" денглар, (шунда) Биз хатоларингизни кечирамиз ва эзгулик қилувчиларга (ажру савобни ҳам) зиёда қилурмиз", - деганимизни эслангиз.
59. Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўзни бошқа сўзга алмаштирдилар. Бас, қилган бу бузғунчиликлари туфайли Биз зулм қилганлар устига осмондан жазо туширдик.
 Изоҳ: Уларга "ҳитта" сўзини айтиш буюрилганда, улар "ҳинта" деб масхара қилишган. Яъни, кечирим сўрангиз дэйилса, улар буғдой бер деб, Аллоҳнинг буйруғига мухолиф иш қилишган.
60. Эсланг (эй, Исроил авлоди,) Мусо ўз қавми учун сув сўраганида, "Асоингни тошга ур" дедик. Бас, ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. (Ўн икки уруғдан) ҳар бир
гуруҳ ўз сувини билиб (тақсимлаб) олди. "Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингизлар, Ер юзида бузғунчилик қилмангизлар".
61. Яна эсланг, "Эй, Мусо, биз бир (хил) таом (эйиш)га сабр қила олмаяпмиз. Раббингдан дуо қилиб сўра, бизга Ер (ўзидан) ундириб чиқарадиган бодринг, саримсоқ, мош-ловия, пиёз каби сабзавотлардан етиштириб берсин", - деганингизда, у: "Яхши нарсани паст нарсага алмаштирмоқчимисизлар, (бирор) шаҳарга тушингиз ,(у ерда) сизлар учун сўраган нарсангиз бор", - деган эди. Уларга (бу ношукрликлари туфайли) хорлик ва мискинлик битиб қўйилди ҳамда Аллоҳнинг ғазабига учрадилар. Бунга уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва пайғмбарларни ноҳақ қатл этганлари сабаб бўлди. Яна бошқа сабаби эса уларнинг итоатсизликлари ва тажовузкорликларидир.
62. Албатта, мўминлар, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан кимки (аввалги ақидасидан қатъий назар) Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса ҳамда солиҳ амалларни қилса, уларга Раббиларидан ажр бордир, уларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.
Изоҳ: Собиийлар - яҳудий ва насроний динларидан воз кечиб, фаришталарга сиғинувчи тоифа кишилари. Баъзи олимлар уларни юлдузларга сиғинувчилар деб ёзадилар.
63. Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) Биз аҳду паймонингизни олган эдик ва тепангизда Тур ("Мусо тоғи" деб аталувчи Миср ҳудудидаги Қизил денгизга туташ тоғ)ни кўтариб туриб: Сизга келтирган нарсамиз (Таврот)ни маҳкам тутинг ва ундаги нарсани зикр этинг - шояд (шунда) тақволи бўлсангиз", - деган эдик.
Изоҳ: Мисрнинг Синай ярим оролидаги Қизил денгизга туташ тоғ.
64. Кейин, ўшандан сўнг (вафосидан) юз ўгирдингиз. Агарда сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолар эдингиз.
65. Шанба (куни)да сизлардан тажовуз қилганларни билдингиз. Биз уларга: "қадрсиз маймунларга айланингиз", - дедик.
Изоҳ: Исроил авлодининг бир тоифасига Аллоҳ томонидан синов учун шанба куни балиқ ови билан шуғулланмаслик, балки фақат ибодат билан машғул бўлишлик буюрилган эди. Шанба куни улар яшайдиган Айла деган қишлоқ ёнидаги денгизнинг махсус ов жойига балиқлар кўп келадиган бўлади. Улар ҳийла ишлатиб, шанба куни балиқ тутмасалар-да, бир неча ҳовуз ковлаб, сув келадиган ариқларни очиб қўядилар. Балиқлар шанба куни оқиб келиб ҳовузларга тушиб қолади. Якшанба куни бемалол уларни оладилар. Бу ҳийла Аллоҳга хуш келмайди.
66. Биз буни улардан олдинги ва кейинги давр учун (ибратли) жазо, тақволи кишилар учун эса насиҳат (манбаи) қилдик.
67. Эсланг, Мусо ўз қавмига: "Аллоҳ сизларга (бир) сигир сўйишликни буюрди", - деганида, улар: "Бизни истеҳзога тутяпсанми?"- дедилар. (Мусо) деди: "Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин".
Изоҳ: Сигир қиссаси шундай бўлган: Мусо алайҳиссалом замонида бир бой киши бўлиб, унинг ягона қашшоқ амакиваччасидан бошқа меросхўри бўлмайди. Унинг ўлимини пойлаб юриб, охири тоқати тоқ бўлади ва бойни ўлдириб, мурдани қўшни қишлоққа элтиб ташлайди. Ўзи эса бир неча бегуноҳ одамларга туҳмат қилиб, гўё бойни ўшалар ўлдирган, деб даъво билан Мусо (а.с)га арз қилади. У зот Аллоҳдан муаммони ҳал қилишда ёрдам сўрайдилар. Аллоҳ таоло уларга бир сигирни сўйиб, унинг бир бўлагини олиб, бойнинг мурдасини у билан урсалар, у тирилиб, ўз қотилини айтиб беради, деб буюради.
68. Улар дедилар: "Раббингдан дуо қилиб сўра, у (сигир) нималигини баён қилсин". (Мусо) деди: "(У) айтмоқдаки, у қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёш сигирдир. Бас, сизларга буюрилган нарса (иш)ни қилинглар!"
69. Улар дедилар: "Раббингдан дуо қилиб сўра, унинг рангини баён қилсин". (Мусо) деди: "У айтмоқдаки, у ярқироқ, сариқ рангли сигир бўлиб, кўрганларни шод этур".
70. Улар дедилар: "Раббингдан дуо қилиб сўра, унинг қанақалигини баён қилсин, зеро, бизга сигирлар бир-бирига ўхшаш туюлди. Худо хоҳласа биз, албатта, тўғри йўлни топувчилармиз".
71. (Мусо) айтди: "У айтмоқдаки, у шундай сигирки, ер ҳайдашга ҳам, экинларни суғоришга ҳам ўргатилмаган бўлиб, нуқсонсиз, унда (сарғиш рангидан бошқа) ранг йўқ". Улар: "Энди ҳақиқатни келтирдинг", - деб уни (ўша сифатларга эга сигирни зўрға топиб) сўйдилар, ваҳоланки, (бу ишни) қила олмасликларига сал қолган эди.
72. Эсланг, бир инсонни ўлдириб қўйиб, шу (можаро) сабабли жанжаллашиб қолган эдингизлар, ҳолбуки, Аллоҳ сизлар яширган нарсаларни (сирларни юзага) чиқарувчидир.
73. Дедик: "Уни (ўлдирилган одамни) унинг (сўйилган сигирнинг) бир бўлаги билан уринглар". Аллоҳ ўликларни (худди) шу каби (осонгина) тирилтиради ва ақл ишлатишларингиз (фикр юритишларингиз) учун сизларга ўз аломатларини кўрсатади.
74. Сўнгра, шундан (мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, улар тош кабидир, балки ундан ҳам қаттиқроқдир. Зеро, шундай тош ҳам борки, ундан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайи ҳам борки, ёрилиб ундан сув чиқади ва яна шундайи ҳам борки, Аллоҳдан қўрқиб (жойидан) қулайди. Аллоҳ сизларнинг кирдикорларингиздан ғофил эмасдир.
75. Улар (Исроил авлоди)нинг сизларга ишонишидан умид қиласизларми (эй, мусулмонлар?!) Ваҳоланки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб, англаб олганларидан сўнг, била туриб, уни ўзгартирар едилар.
76. Улар имонли кишилар билан учрашганларида: "Имон келтирдик", - деб, ўзлари холи қолганларида эса (бир-бирларига): "Раббингиз ҳузурида Сиз билан баҳслашишлари учун улар (мусулмонлар)га Аллоҳ сизларга очган (Тавротда билдирган) нарса (Муҳаммад ҳақидаги башорат) тўғрисида гапиряпсизларми? Ақлни ишлатмайсизларми?!" - дэйишар эди.
77. Аллоҳ уларнинг яширган ва ошкора қилган нарсаларини билиб турувчи эканини билмайдиларми?!
78. Уларнинг ичида ёзувни билмайдиган, фақат хаёлот гумонсирабгина юрадиган омийлари ҳам бор, албатта.
79. Аммо, ўз қўллари билан китобни ёзиб, сўнгра уни арзимаган баҳога сотиш учун: "Бу китоб Аллоҳ ҳузуридандир", - дэйдиган кимсаларнинг ҳолига вой! Бас, ўз қўллари билан ёзганлари ҳам, топган (фойда)лари ҳам ўзларига фалокат бўлур.
80. Улар (яҳудийлар) дэйдилар: "Бизларга дўзах ўти саноқли (оз) кунлардагина тегар". (Уларга) айтинг: "Аллоҳ ҳузурида (шунга) аҳд қабул қилганмисизки, Аллоҳ аҳдига хилоф қилмаса ёки Аллоҳ номидан билмаган нарсаларингизни гапирмоқдамисиз?!"
81. Йўқ, асло! Кимки ёмонлик касб этса ва ўз гуноҳларига ботса, бас, ана ўшалар дўзах
аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир.
82. Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир.
83. Эсланг, Исроил авлодидан: "Фақат Аллоҳгагина сиғинасизлар, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни мукаммал адо этинг, закот беринг", - деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз (ушбу аҳддан) юз ўгирдингиз.
84. Эсланг, сизлардан "Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (ҳеч кимни) юртингиздан бадарға қилмайсиз", - деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз.
85. Сўнгра сизлар яна ўша, бир-бирларингизни ўлдираяпсиз, бир қисмингизни юртларидан чиқариб юбораяпсиз, уларга қарши гуноҳ ва зулм ила ҳамкорлик қилмоқдасиз. Сизга (уларнинг душманларига қарашли) асирлар келса, товон билан қутқариб юбормоқдасиз, ваҳоланки, уларни чиқариб юбориш сизларга тақиқланган эди. Ёки китоб (Таврот)нинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор этасизми? Сизлардан ким шундай қилса, унинг жазоси шу дунёда шарманда бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга гирифтор қилинишдир. Аллоҳ (бу) қилмишларингиздан ғофил эмасдир.
86. Улар, ҳақиқатан, охират ўрнига (фоний) дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Шундай экан, уларга бериладиган азоб-уқубатлар енгиллаштирилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.
87. Ҳақиқатан, Биз Мусога китоб (Таврот)ни бериб, унинг ортидан (бир неча) пайғмбарлар юбордик. Исо ибн Марямга ҳам ҳужжатларни бердик ва уни Руҳул-қудус (Жаброил) билан қувватладик. Ҳар гал бирор пайғмбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар)ни келтирса, кибр қилиб, бир қисмини ёлғончига чиқариб, бир қисмини қатл қилаверасизми?!
88. "Дилларимиз (Ислом учун) берк", - дэйдилар. Йўқ, балки куфрлари сабабли уларни Аллоҳ лаънатлаган. Бинобарин, уларнинг озчилик қисмигина имон келтирадилар.
89. Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарса (Таврот)ни тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди) шу китоб (воситаси) билан ёрдам сўраб юрар эдилар - ўзларига таниш зот (Муҳаммад) келганда, (уни инкор этиб) кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!
90. Аллоҳ ўз бандаларидан хоҳлаганига фазли (ваҳийси)дан юборишига ҳасад қилиб, Аллоҳ нозил қилган нарса (Қуръон)ни инкор этдилар. Ўзларини сотган бу нарсалари на қадар ёмон?! Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. Кофирларга хор этувчи азоб муқаррардир.
91. Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага имон келтиринглар", - дэйилса, "Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага имон келтирамиз", - дэйдилар ва кейин келган, улардаги нарса (Таврот)ни тасдиқ этадиган Ҳақ (Қуръон)ни инкор этадилар. Уларга айтинг (эй, Муҳаммад): "Агар мўмин бўлсангизлар, нега олдиндан Аллоҳнинг пайғмбарларини ўлдирар эдингиз?"
Изоҳ: Яъни ота-боболарингиз нега пайғмбарларни ўлдирганлар? Булар қотиллик қилмаган бўлсаларда, ота-боболарининг эътиқодида турганликлари ва уларнинг қилмишларига рози эканликлари туфайли жиноятларига ҳам қисман шерикдирлар.
92. Мусо сизларга ҳужжатлар (оятлар ва мўъжизалар)ни келтирганидан кейин (ҳам) золим бўлиб (куфрга ботиб) бузоққа сиғиндингиз.
93. Эсланг (эй, Исроил авлоди,) Биз (ўшанда) аҳду паймонингизни олгач, тепангизда Тур (тоғи)ни кўтариб (туриб): "Келтирган нарсамиз (Таврот оятлари)ни маҳкам тутинг ва эшитинг", - деганимизда, "эшитдик ва (лекин) бўйсунмадик", - дедилар. Куфрлари туфайли диллари бузоққа (сиғиниш ҳаваси билан) суғорилган эди. Айтинг: "Агар мўмин бўлсангизлар, имонингиз сизларни бунча ҳам ёмон нарсага буюради?!"
94. Айтинг (эй, Муҳаммад): "Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри (жаннат) одамларга эмас, фақат сизларга хос бўлса ва (бу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар, (тезроқ) ўлишни орзу қилинглар!"
95. Ўз қўллари тақдим этган нарса (гуноҳ) сабабли улар уни (ўлимни) сира орзу қила олмайдилар. Аллоҳ золимларни (яхши) билувчидир.
96. Уларни одамлардан ва мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) ҳирс қўйганроқ ҳолда топасиз. Баъзилари минг йил умр кўришни хоҳлайди. Ваҳоланки, умрининг узунлиги уни азобдан узоқлаштирувчи эмас. Аллоҳ (еса) уларнинг қилмишларини кўриб турувчидир.
97. Айтинг (эй, Муҳаммад): "Ким Жаброилга душман бўлса, ахир, у уни (Қуръонни) қалбингизга Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги (илоҳий китоблар)ни тасдиқ этадиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар ҳолида нозил қилди-ку!
Изоҳ: Яҳудийлар Жаброил (а.с.)ни ўзларига душман деб билишар эди. Зеро, у Муҳаммад (а.с.)га келтирган ваҳийларида, уларнинг сир-асрорларини фош қилар, улара ёқмайдиган аҳкомларни келтирар эди. Уларнинг бу улуғ фариштани ёқтирмаслигига бошқа сабаблар ҳам бор.
98. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, (билиб қўйсинки,) Аллоҳ ҳам (ундай) кофирларга душмандир".
99. Ҳақиқатан, Биз Сизга аниқ оятларни нозил қилдик. Уларни фақат фосиқларгина инкор этурлар.
100. Ҳар гал бирор аҳд-паймон қилсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими? Аслида уларнинг аксарияти имон келтирмаслар.
101. Аллоҳ томонидан улардаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар (Муҳаммад) келиши билан, китоб (Таврот) берилганлардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни худди билмагандек ортларига улоқтирдилар.
102. (Улар), яна Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир эмас эди, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. (Икки фаришта): "биз фақатгина синов (воситасимиз, бизга ишониб) кофир бўлиб қолма", - деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин, улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас,) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. (Аллоҳнинг китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!
103. Қани энди улар имонга келиб, тақво йўлини тутганларида, Аллоҳ тарафидан бериладиган савоб яхшироқ бўлишини билсалар эди!
104. Эй, мўминлар, "Роино" демай, "Унзурно" деб айтингизлар, ҳамда (Муҳаммад сўзини) тинглангизлар. Кофирларга эса аламли азоб бордир.
 Изоҳ: Расулуллоҳ мўминларга ваъз-насиҳат қилганларида: "Роино", - деб илтимос қилар эдилар. Яъни, "Бизнинг ҳолатимизни риоя қилинг, шариат аҳкомларини осонлаштириб тушунтиринг", - деган маънода мурожаат қилиб турар эдилар. Яҳудийлар тилида "Роино" сўзи сўкишганда ишлатиладиган сўз бўлиб, тасодифан бир хил талаффуз ҳосил бўлганидан фойдаланиб, улар ҳам масхара қилиш нияти билан Расулуллоҳ гапирганларида шу сўзни айтиб турадиган бўлдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу сўз ўрнига "унзурно", яъни, "Ҳолимизга боқинг!" - деган маънодаги сўзни айтишга буюрди.
105. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар)нинг кофирлари ва мушриклар сизларга Раббингиз тарафидан бирор яхшилик (ваҳий) тушишини асло ёқтирмайдилар. Аллоҳ эса раҳматига Ўзи хоҳлаган (киши)ни хос этади. Аллоҳ буюк фазл соҳибидир.
106. (Эй, Муҳаммад,) бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак, ундан яхшироғини (умматингизга муносиброғини) ёки ўшанинг (айнан) ўзига тенг (бошқа оят)ни келтираверамиз. Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир эканини билмадингизми?!
 Изоҳ: Ҳақиқатан, Қуръон оятлари таҳлил қилинса, жуда кўп оятлар мазмуни бошқа ердаги баъзи оятлар мазмунига қарама-қаршидек туюлади. Аслида эса, Аллоҳ таоло ўз бандаларининг ҳол-аҳволлари, дунёқарашлари, имкон ва эҳтиёжларини билгани учун вақти-вақти билан ўз ҳукм ва буйруқларини ўзгартириб турган. Масалан, Одам Ато замонида эркаклар ўз опаси ёки синглисига уйланиши мумкин эди. Кейин бу ман этилди. Нуҳ (а.с.)га барча ҳайвонот гўшти ҳалол қилинган эди. Мусо (а.с.)дан бошлаб баъзи ҳайвонлар гўшти ҳаром қилинди. Ароқ ҳам бирданига ҳаром қилинмади. Уч босқич билан, яъни, мусулмонларни секин-аста кўниктириш йўли билан ман этилди.
107. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга хос экани ва сизлар учун Аллоҳдан бошқа бирор дўст ёки ёрдамчи йўқ эканини билмас эдингизми?!
108. Ёки (Эй, мўминлар,) илгари Мусодан сўралганидек, пайғамбарингиздан ҳам сўрашни хоҳлайсизми? Ким имонни куфрга алмаштирса, тўғри йўлдан адашиши муқаррардир.
109. Аҳли китобларнинг кўпчилиги, имон келтирганингиздан кейин ва уларга ҳақиқат равшан бўлгандан сўнг ҳам ҳасад юзасидан сизларни (яна) куфрга қайтаришни истайдилар. Бас, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча уларни афв этиб, (хатоларидан) ўтинг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
110. Намозни мукаммал адо этингиз ва закот берингиз! Ўзингиз учун нимаики яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
111. Улар: "Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради", - дедилар. Бу уларнинг орзулари. Айтинг (уларга): "Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг!"
 Изоҳ: Яъни, яҳудийлар: "Фақат биз кирамиз", - дЭсалар, насронийлар: "Улар эмас, биз кирамиз",-дер эдилар.
112. Йўқ, кимки юзини (ўзини) Аллоҳга бўйсундирса, Рабби ҳузурида унга ажр муҳайёдир. Уларга хавф ҳам йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
113. Яҳудийлар: "Насронийлар ҳеч нарсада йўқ" - дЭсалар, насронийлар: "Яҳудийлар ҳеч нарсада йўқ" - дейдилар, ваҳоланки, улар (ҳар икки тоифа) китоб ўқийдиган (саводхон) эдилар. Шунингдек, (ўқишни) билмайдиганлар (бошқа сохта динларга мансуб кимсалар) ҳам уларнинг гапига ўхшаш гапни айтдилар. Уларнинг (бу каби) келиша олмаган нарсалари юзасидан қиёмат куни Аллоҳ ҳукм қилур.
Изоҳ: Яъни, ҳар икки томон бир-бирларининг динларини инкор этадилар.
114. Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр этилишига қаршилик қиладиган ва уларни хароб қилишга уринувчилардан ким ҳам золимроқдир?! Ахир, бу (каби) кимсалар учун у ерлар (Каъба ёки Байтул-Мақдис)га фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари мумкин эди. Улар учун бу дунёда расволик, охиратда эса, буюк азоб (бордир).
115. Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг "юзи" мавжуддир. Албатта, Аллоҳ (фазли) кенг, доно зотдир.
116. "Аллоҳнинг фарзанди бор", - дедилар. У (Аллоҳ) эса (уларнинг иддаосидан) пок зотдир. Балки, осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир.
 Изоҳ: Яҳудийлар: "Узайр (а.с.)ни Аллоҳнинг ўғли", - деган бўлсалар, насронийлар: "Исо (а.с.) Аллоҳнинг ўғли", - дедилар.
117. (У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) "Бўл!" дЭса, бас, у бўлади.
118. Билмайдиган (нодон) кимсалар: "Аллоҳ бизга (бевосита) гапирса эди ёки бирор аломат келса эди", - дейдилар. Улардан олдингилари ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтган эдилар: дилларида ўхшашлик бор. Биз чинакам ишонадиган кишилар учун оятларни баён қилдик.
119. Албатта, Биз Сизни ҳақ билан (Қуръон, тавҳид, Ислом билан) хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Дўзах аҳли учун Сиз жавобгар бўлмайсиз.
120. Яҳудий ва насронийлар, то уларнинг динларига кирмагунингизча, Сиздан сира рози бўлмайдилар. Айтинг: "Аллоҳнинг йўли тўғри йўлдир". Қасамки, агар Сизга келган (тўғри) маълумотлардан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан Сизга бирор дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам йўқдир. .
121. Биз китоб (Таврот, Инжил ёки Қуръон) берган кишилар (мўминлар) уни тўғри (бузмай) тиловат қиладилар. Улар унга (Муҳаммадга ва Китобга) имон келтирадилар. Ким уни инкор этса, ана ўшалар зиён кўрувчилардир.
122. Эй, Исроил авлоди, сизларга инъом этган неъматимни ва сизларни (бутун) оламлар узра афзал қилганимни Эслангиз!
123. Биров бирор нарсада ўзганинг ўрнига ўта олмайдиган, (гуноҳкор учун) бадал ҳам олинмайдиган, унга шафоат ҳам фойда бермайдиган ҳамда уларга ёрдам ҳам берилмайдиган кун (қиёмат)дан қўрқингиз!
124. Эсланг: Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): "Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан", - деди. (Иброҳим) "Зурриётимдан ҳамми?" - деб сўради. (Аллоҳ) айтди: "Менинг аҳдим золимларга тегишли эмас".
 Изоҳ: Имтиҳон сўзлари: мўйлабни қисқартириб туриш, оғиз ва бурунни чайиш, мисвок билан тиш тозалаш, тирноқларни, қўлтиқ ва қовуқ юнгларини олиб туриш, хатна қилдириш ва сув билан истинжо (мустаҳаб) қилиш. Ибн Аббос (р.а.) уларни ўттизта сифат билан изоҳлаганлар. У сифатлар Бароат (тавба), Аҳзоб ва Маориж сураларида чин мўминларнинг сифатлари шаклида берилган, деб исботлайдилар.
125. Эсланг: Байт (Каъба)ни одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик. "Иброҳим мақоми"ни намозгоҳ қилиб олинглар! Иброҳим билан Исмоилга: "Тавоф, эътикоф ва рукуъ-сужуд қилувчилар учун Байтимни поклангиз!" - деб буюрдик.
 Изоҳ: "Иброҳим мақоми" Каъба дарвозасидан тахминан 20 қадам нарида бир махсус жой бўлиб, Иброҳим (а.с.) шу ерда туриб дуо қилганлар. Ҳозиргача ўша жой осори атиқалардан саналиб, бир тош устига Иброҳим (а.с.) оёқ излари рамзий акс эттирилган ва ойнали қубба билан ёпиб қўйилган. Эътикоф - бу Каъбада ёки бошқа масжидларда махсус тартибда ибодат билан машғул бўлиб ўтириш. Одатда Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигида эътикофда бўладилар.
126. Эсланг: Иброҳим: "Эй, Раббим, бу (Макка)ни тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларга (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин", - деганда, Аллоҳ: "Кофирларни Эса бир оз ризқлантириб, сўнг дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир", - деди.
127. Эсланг: Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан биргаликда Уй (Байтуллоҳ)нинг пойдеворини кўтарар эканлар, (шундай дуо қилдилар): "Эй, Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул эт. Албатта, Сен эшитувчи ва доно зотдирсан!
128. Эй, Раббимиз, бизни ўзингга бўйин сунувчи қилгин ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)! Шунингдек, бизга (ҳажга доир) ибодатларимизни кўрсатиб бер ва тавбаларимизни қабул эт! Албатта, Сен тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдирсан.
129. Эй, Раббимиз, уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юборгин! Албатта, Сен қудрат ва ҳикмат эгасидирсан".
130. Иброҳимнинг динидан фақат ўзини қадрламайдиган (пасткаш) кишиларгина юз ўгирадилар. Дунёда Биз уни (пайғамбмарликка) танлаб олдик ва у охиратда (ҳам), албатта, солиҳ (банда)лардан бўлур.
131. Эсланг, Рабби унга: "Бўйин сун!" - деганида, у: "(Барча) оламларнинг Раббига бўйин сундим", - деган.
132. Иброҳим ўз ўғилларига, шунингдек, (набираси) Яъқуб ҳам шу динни васият қилиб дедилар: "Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмонлик ҳолингиздагина дунёдан ўтингиз!"
Изоҳ: Иброҳим (а.с.) ўғиллари нечта бўлганлиги ҳақида турли ривоятлар бор. Баъзилар иккита - Исмоил ва Исҳоқ десалар, айрим олимлар тўртта - яна Мадян ва Мадоин деган фарзандлари ҳам бўлган, дейдилар. Бошқа манбаларда 8 ёки 14 нафар ўғиллари бўлган, дейилади. Яъқуб (а.с.)нинг ўғиллари 12 нафар: Рубин, Шамъун, Ловий, Яҳудо, Яшнухун, Забулун, Завобий, Нафтуний, Кудо, Авшиз, Бинёмин, Юсуф. Манбаларда бу номлар бошқача ҳам берилган (Хозин, Қозий ва Абул-Лайс тафсирларига қаралсин).
133. (Эй, Исроил авлоди!) Ёки Яъқубга ўлим келганда, ўғилларига: "Мендан кейин нимага сиғинасизлар?" - деганида, улар: "Сенинг илоҳинг ва боболаринг - Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқ илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга сиғинамиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйин сунувчилармиз", - деб жавоб берганларига гувоҳ бўлганмисизлар?
134. Улар ўтиб кетган уммат(лар)дир. Уларнинг аъмоллари ўзларига ва сизларнинг аъмолларингиз ўзларингизга. Сизлар уларнинг қилган ишлари учун жавоб бермайсиз.
135. (Яҳудийлар ва насронийлар): "Яҳудий ёки насроний бўлинг, шунда ҳидоят топасиз", - дедилар. Сиз (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Асло йўқ, биз тўғри йўлдан тойилмаган, мушриклардан бўлмаган Иброҳим динига эргашамиз".
136. Айтингиз (Эй, мўминлар): "Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз".
137. Агар улар (аҳли китоблар) сизлар имон келтирган нарсаларга имон келтирсалар, тўғри йўлни топган бўладилар. Бордию юз ўгирсалар, у ҳолда, демак, сизларга нисбатан адоватлари бордир. Сизни улардан (ҳимоя этишга) Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур. У эшитувчи ва донодир.
138. Аллоҳнинг "бўёғи"га (динига кирингиз!) Аллоҳникидан яхшироқ "бўёқ" (дин) борми?! Биз Унгагина сиғинувчилармиз.
Изоҳ: Насронийлар (христианлар) янги туғилган фарзандни махсус сариқ сувга ботириб оладилар ва бу маросимни "маъмудия" - "чўқинтириш" (крешение) деб атайдилар. Уларнинг эътиқоди кўра чўмилтиришдан кейин бола ҳақиқий насроний саналади. Бу оятдаги бўёқ ўша одатга муқобил равишда дин ёки имон маъносида келган. Ривоятларга қараганда, Усмон (р.а.) ўз мусҳафининг шу оятлар битилган саҳифасини ўқиб турганларида, қилич тиғи билан шаҳид бўлганлар. Тошкентда сақланаётган Усмон мусҳафининг 37-38-оятлари ёзилган бетидаги қон доғлари қўлёзманинг асл эканлигидан далолат беради. Бунга келажакдаги илмий тадқиқотлар натижаси аниқлик киритиши мумкин.
139. Айтинг (Эй, Муҳаммад): "Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Раббингиз бўлмиш Аллоҳ ҳақида биз билан тортишасизми?! Бизнинг аъмолларимиз - бизга, сизнинг аъмолларингиз - сизга. Биз фақат Унгагина ихлос қилувчилармиз".
140. Ёки сизлар (Исроил авлоди): "Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди (ҳаммаси) яҳудий ёки насроний бўлган" дейсизми? Айтинг (Эй, Муҳаммад): "(Уларнинг динларини) сизлар билувчироқми ёки Аллоҳми? Гувоҳликни Аллоҳдан яширган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!" Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
141. Улар ўтиб кетган умматдир. Уларнинг қилган аъмоллари (ишлари) ўзларига, сизларнинг қилган аъмолларингиз ўзингизгадир. Сизлар уларнинг қилмишлари учун жавоб бермайсизлар.
142. Одамларнинг нодонлари: "Улар (мусулмонлар) илгари юзланган қиблаларидан воз кечишларига боис нима экан?" дейишади. Айтинг: "Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга бошлайди".
 Изоҳ: Мусулмонларнинг қибласи ҳижратгача Байтул-Мақдис еди. Қибла Макка шаҳридаги Каъба томонга ўзгаргандан кейин яҳудийлар, мушриклар ва мунофиқлар таъна тошини отдилар. Бунинг жавобига Аллоҳ таоло ҳамма томон Ўзининг қўлида, қиблани ўзгартирган бўлса, бу Унинг иши деб билиш зарурлигини баён қилмоқда.
143. Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилиб қўйдик. Сиз илгари қараган қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.
 Изоҳ: Ўрта уммат - умматларнинг яхшиси демакдир. Зеро, "Ҳар бир нарсада ўрта ҳоллик яхшидир" деган ҳикматли сўзга ҳеч ким эътироз билдирган эмас. Яна бир маъноси - қиблаларингни Ер куррасининг ўрта қисмида қилганимдек, ўзларингни ҳам ўртаҳол уммат қилдим. Яъни, яҳудийлардек Марямни зинокорга ҳам чиқармайдиган, насронийлардек Исони Аллоҳнинг ўғли деб илоҳийлаштирмайдиган ўрта, адолат мақомида бўлурсизлар. Яна бошқача таъвиллар ҳам бор. Бошқа одамларга, яъни умматларга гувоҳ бўлишингиз, деган оятнинг таъвили шуким, қиёмат куни бошқа пайғамбарларнинг умматлари ўз пайғамбмарларини тан олмасдан: "Бизга Аллоҳни танитмаган, буйруқларини етказмаган", - деб даъво қилар эканлар. Шунда Аллоҳ таоло Муҳаммад (а.с.) умматидан сўраганда: "Биз гувоҳлик берурмизки, ўтган ҳамма пайғамбмарлар Аллоҳнинг буйруқларини ўз умматларига мукаммал етказганлар", - дер эканлар. "Сизлар буни қаердан билурсизлар?" - дейилганда, улар: "Бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) Қуръон орқали етказганлар" - деб Расулуллоҳни гувоҳ қилиб кўрсатар эканлар. Оят мазмуни шу таъвилни тақозо этади.
 Изоҳ(а): Аллоҳ таолонинг қиблани ўзгартириши сабабларидан бири - чин мўминларни синаш эканлиги баён қилинмоқда. Зеро, шу воқеадан кейин кўп мунофиқлар асл қиёфаларини кўрсатиб, диндан қайтиб кетдилар. Пайғамбарга эргашиб, унинг юзланган қибласига ҳеч иккиланмай ўгирилганларнинг чин мусулмон эканлиги аён бўлди. Қиблани қайта тикладик, деб изоҳ берилишининг боиси, Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) Маккада дастлаб Каъбага қараб намоз ўқир эдилар. Мадинага ҳижрат қилган биринчи кунларида Байтул-Мақдис томонига қараб ўқишга буюрилдилар. Бундан яҳудийлар мамнун бўлиб юрдилар. Сўнгра қибла яна Каъбага кўчирилди. Бу Аллоҳнинг иродаси билан бўлгач, ҳақиқий мўминлар эътироф этдилар, мунофиқлар эса фош қилиндилар.
 144. Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг,) Сизни ўзингиз рози бўладиган қибла (Каъба)га (юз) ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар бу - Парвардигорларидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яхши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир.
145. Қасамки, агар Сиз аҳли китобларга ҳар қандай ҳужжат келтирсангиз ҳам, улар қиблангизга ергашмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қиблаларига эргашувчи эмассиз. Улар (яҳудийлар ва насронийлар) бир-бирларининг қиблаларига тобе эмаслар. Бордию, Сизга келган илм (ваҳий)дан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига эргашиб кетсангиз, у ҳолда, албатта, Сиз золимлардандирсиз.
146. Биз китоб берган ўша (золим) кимсалар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар ва улардан бир гуруҳи била туриб, (китобларидаги) ҳақиқатни сир тутадилар.
147. Ҳақиқат бу - Раббингиздан (бўлганидир). Бас, (Сиз) шубҳаланувчилардан бўлманг!
148 Ҳар бир (диндор) учун ўзи юзланадиган тарафи (қибласи) бор. Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз! Қаерда бўлмангиз, Аллоҳ ҳаммангизни (маҳшаргоҳга) келтиради. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
149. Қайси жойдан (сафарга) чиқсангиз ҳам, (намозда) юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба томон)га ўгиринг! Ушбу (буйруқ) Парвардигорингиз томонидан (айтилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
150. Қайси жойдан (йўлга) чиқсангиз, юзингизни (намозда) Масжиди Ҳаром томонга ўгиринг! (Эй, мўминлар) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша (Каъба) томонга ўгирингизлар! Токи ғаразли одамларда сизларга қарши ҳужжат бўлмасин. Магар, улар ичида золимлари (Ҳам) борки, сизлар улардан қўрқмангиз, балки Мендан қўрқингиз. Бу сизларга неъматларимни (янада) мукаммал қилиб беришим ва ҳидоят йўлини топиб олишларинг учундир.
151. Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикмат (ҳадис)ни таълим беради ва билмаганларингизни билдиради.
152. Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик
қилмангиз!
153. Эй, имон келтирганлар! сабр ва намоз (ўқиш) билан (Мендан) ёрдам сўрангизлар! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.
154. Аллоҳ йўлида қатл этиладиган (шаҳид)лар ҳақида: "(Улар) ўликдирлар", - демангиз! Йўқ, (улар) тирикдирлар, лекин сизлар (буни) сезмайсизлар.
155. Сизларни бироз хавф, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (Эй, Муҳаммад)!
156. Уларга мусибат етганда: "Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз", - дейдилар.
157. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир.
158. Албатта, Сафо ва Марва (тепаликлари) Аллоҳнинг шиорларидандир.* Бас, ким Ҳаж ёки умра қилганида у иккисини тавоф этса, унга гуноҳ йўқдир. Ўз ихтиёри билан бирор хайрли иш (нафл ҳаж ёки умра) қилса, албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва доно зотдир.
Изоҳ: Сафо билан Марва тепаликлари қадимдан тавоф қилинар эди. Лекин бу тавоф жоҳилият ақидасига мувофиқ равишда ширк аралаш адо қилинар эди. Ислом дини бўйича мусулмонлар ҳаж пайтида бу икки тепалик ўртасида юриб саъй қилишга буюрилганда, улар гуноҳкор бўлиб қолмасмиканмиз, деб, иккиланиб турганларида, шу оят нозил бўлиб, Ислом шариати бўйича саъй қилиш жорий қилинди.
159. Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) сир тутганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) Ҳам лаънатлагайлар.
160. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (Ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул етурман. Мен - тавбаларни қабул этувчи, раҲмли зотдирман.
161. Куфрда бўлиб, кофирлик Ҳолида ўлиб кетганларга барчанинг - Аллоҳнинг, фаришталар ва одамларнинг лаънатлари бўлгай.
162. У ерда (дўзахда) абадий қолурлар, азоблари енгиллаштирилмас ва (жазо ҳам) кечиктирилмас.
163. Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) меҳрибон ва раҳмлидир.
164. Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли "ўлик" ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги итоатли булутда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг қудратига далиллар) бордир.
165. Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар Аллоҳдан ўзга (сохта маъбуда)ларни Унга тенг билиб, Аллоҳни севгандек уларни севадилар. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари еса (уларникидан) кучлироқдир. Золимлар (қиёматда) азобни кўрганларида бутун куч-қудрат Аллоҳга хос эканини ва Аллоҳнинг азоби (ўта) қаттиқлигини билсалар эди!
166. (Қиёмат куни) азобни кўриб пешволар ўз эргашувчиларидан тонадилар ва (уларни бирлаштириб турувчи) алоқалар узилади.
167. Эргашганлар: "Қани эди бир бор (дунёга) қайтиш мумкин бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак",- дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилмишларини ўзларига ҳасрат қилиб кўрсатади. Улар дўзахдан чиқувчи эмаслар.
168. Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изларидан эргашманглар! Албатта, у сизларнинг аниқ душманингиздир.
169. У сизларни фақатгина ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънига билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради.
170. Уларга (мушрикларга): "Аллоҳ нозил этган (оятлар)га эргашинглар!" - дейилса, улар: "Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз", - дейдилар. Ота-боболари гарчи ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлсалар-чи?!
171. (Ҳақиқатан ҳам) куфр йўлидаги кимсалар (ваҳийдан таъсирланмасликда) худди ҳайвонларга қичқираётган кишининг овозидан ва ҳайқириғидан ўзга нарсани эшитмаётгани кабидир. (Улар) кар, соқов ва кўрдирларки, (гапни) англамайдилар.
Изоҳ: ҳайвонларга ҳар қанча гапирилса ҳам фақат овоздан бошқа нарсани англамаганлари каби бетавфиқ кишилар ҳам фойдали гапларни тинглаб, англаш ўрнига ночорликдан эшитиб қўя қоладилар.
172. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва Унга шукр қилингизлар!
173. У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмасдан, заруратан (танглик юзасидан) истеъмол қилса, унинг гуноҳи йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
Изоҳ: ҳаром қилинган нарсаларни зарурат тақозоси билан жонни сақлаб қолгудек миқдорда истеъмол қилишга шариат рухсат беради.
174. Аллоҳ нозил қилган Китоб (Таврот)даги нарсани (Муҳаммад васфини) сир тутадиган ва уни озгина баҳога сотадиганлар, албатта, ўз қоринларига олов еган бўлурлар. Аллоҳ қиёмат кунида улар билан сўзлашмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Уларга аламли азоб (берилур).
175. Ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалар ана ўшалардир. Бас, дўзах (азоби)га бунча ҳам "тоқатли" бўлмасалар!
Изоҳ: Бу ибора уларга истеҳзо шаклида айтилмоқда. Зеро, дўзах азобига тоқат қила оладиган жонзот бўлиши мумкин эмас. Залолат билан азобни ихтиёр этганлар охират азобини ўйлаб қўйсинлар, деб танбеҳ
берилмоқда.
176. Бу (жазо) - Аллоҳ Китоб (Таврот)ни Ҳақиқатан нозил қилгани ва бу Китоб хусусида ихтилоф қилувчилар (ҳақиқатдан) жуда Ҳам узоқда бўлганлари учундир.
177. Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар.
178. Эй, имон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди: озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан. Биродари томонидан авф этилса (хун тўлашга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйин суниш ва хунини яхшилаб тўлаш (зарурдир). Бу (ҳукм) Раббингиз томонидан енгиллик ва марҳаматдир. Бас, кимки шундан кейин ҳам ҳаддидан ошса, унга аламли азоб (берилур).
Изоҳ: Яъни шу енгиллик ва илоҳий марҳаматлардан кейин ҳам, қотилдан, бошқалардан ўч олса ёки хун олгандан кейин ҳам қасос олса, охират азобига маҳкумдир.
179. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй, ақл эгалари! (Бу билан) шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар.
Изоҳ: Қасос шариат кўрсатмаларига мувофиқ равишда ижро этилса, кўпчиликнинг қони ноҳақ тўкилишдан сақланиб қолиши назарда тутилмоқда. Зеро, қасос адолатга асосланади. Акс ҳолда, бир инсон қони эвазига икки томондан ҳам бегуноҳ одамлар қурбон бўлиб кетиши мумкин.
180. Қайси бирингизга ўлим ҳозир бўлса (яқинлашса) ва (ўзидан кейин) бирор яхшилик (бойлик) қолдираётган бўлса, ота-она ва қариндошларига маълум миқдорда васият қилишлик битилди (фарз қилинди). Бу тақволи кишилар зиммасидаги бурчдир.
Изоҳ: Бу оятдаги васият қилишнинг фарзлиги мерос ояти нозил бўлгач, бекор қилинган.
181. Кимки уни (васиятни) эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи фақат ўзгартирганларга бўлур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва доно зотдир.
182. Аммо, кимки васият қилувчи томонидан бирор хатолик ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқиб, (васиятни ўзгартириб бўлса ҳам) ораларини ислоҳ қилиб қўйса, унга гуноҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
183. Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, .
184. саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир.
Изоҳ: Саноқли кунлар - бу Рамазон ойи кунларидир. Саноқли сўзи оз миқдорга, саноқсиз сўзи эса кўпга нисбатан ишлатилади. Рамазоннинг 30 куни қолган ўн бир ойга нисбатан озлиги учун саноқли кунлар деб ифода этилган.
Изоҳ (а): Рўза тутиш ёки тутмасдан фидясини тўлаш ихтиёрий бўлган. Лекин бу ҳукм Ҳам кейинроқ бошқа оят нозил бўлиши билан бекор қилинган. Яъни, Рамазон ойида ҳозир бўлган узрсиз кишига рўза тутиш фарзи айнга айланган. Узрли ҳолатлар бундан мустасно.
185. Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунлар) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу - ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишларингиз ва шукр қилишларингиз учундир.
Изоҳ: Ажрим этувчи деганда, ҳақиқат билан сохталик, яхшилик билан ёмонлик, савоб билан гуноҳ ўртасидаги фарқни белгилаб берувчи деб тушуниш керак.
186. Сиздан (Эй, Муҳаммад), бандаларим Менинг ҳаққимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар.
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсизлар. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул қилиб, сизларни авф этди. Энди, улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингизлар. Шунингдек, тонггача, яъни, оқ ипни қора ипдан ажратса бўладиган вақтгача еб-ичаверинглар. Сўнг, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингизлар! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангизлар! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз. Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади.
 Изоҳ: Бу оят нозил бўлгунга қадар Рамазон ойида, ҳатто кечалари ҳам эр-хотиннинг жинсий алоқа қилишлари ман этилган эди.
Изоҳ (а): Масжидда эътикоф нияти билан ўтирган рўзадорга бир неча ишлар ман этилади. Жумладан ҳожат тақозо қилмаганда ташқарига чиқиш, савдогарлик қилиш (молни келтирмасдан савдо қилиши мумкин), сукут сақлаш, беҳуда гапириш, жинсий алоқа қилиш кабилар. Аёл киши ўз уйида эътикоф ўтириши мумкин. Эътикофнинг энг оз муддати бир кундир.
188. Мол(-мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилмангиз.
Изоҳ: Ҳадиси шарифда ҳам айтилган: "Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин". (ал-Бухорий ва Муслим ривоятлари)
189. Сиздан (Эй, Муҳаммад), ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. "Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", -деб айтинг. Уйларга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик – кишининг тақвоси (билан ўлчанур). Уйларга эшикларидан кирингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Шояд (шунда) толе топсангизлар.
 Изоҳ: Улар ойларнинг моҳияти, шакл ва шамоили, сифатлари ҳақида сўраб, Расулуллоҳ илмини синамоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларга ойларнинг вазифа ва фойдалари тўғрисида хабар беришни буюрди. Дарҳақиқат, шариат аҳкомларида кўпинча шакл-шамоил эмас, балки мақсад ва ғояга эътибор бериш тавсия етилади. Масалан, нима учун бир кеча ва кундузда айнан беш вақт намоз ўқиш фарз қилинди, деб сўраш ўрнига намоз ўқишдан ҳосил бўладиган натижа ва савоблар ҳақида билим олишга интилиш ўринлироқдир. "Нега айнан Рамазон ойида рўза тутилади? Нега закот қирқдан бир миқдорда берилади?" каби савол берувчилар, одатда, ўзлари билган илмига амал қилмайдиган ихлоссиз кишилар бўлади.
190. Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди.
Изоҳ: Ислом динида адолат мезонига ҳатто ёв билан жанг қилиш жараёнида ҳам риоя қилинади. Аллоҳ таоло ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаддан ошмасликка буюради. Бу Ҳамма учун жуда ибратли танбеҳдир.
191. Уларни (мушрикларни) қаерда топсангиз, ўлдирингиз ва сизларни чиқарган жойдан (Маккадан) уларни чиқарингиз! Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. Улар бошламагунча, Масжиди ҳаромда улар билан урушмангиз. Агар урушни (ҳарамда) бошласалар, у ҳолда уларни ўлдирингиз! Кофирларнинг жазоси шундайдир.
192. Агар (ширк ва тажовузкорликдан) қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
193. Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз! Агар тинсалар, у ҳолда золимлардан бошқага адоват қилишлик (Исломда) йўқ.
194. (Уруш) ман этилган ой - (уруш) ман этилган ой эвазигадир (уруш очсалар, сизлар ҳам шу ойда уруш очаверингизлар), (топталган) ҳурматлар (жазоси) - қасосдир. Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам ўша меъёрда тажовуз қилинг! Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.
Изоҳ: Уруш ман этилган ҳурматли ой - Зул-қаъда ойи. Бу оятнинг бошқача тафсири ҳам мавжуд. Яъни, "Ҳижратнинг олтинчи йили ҳурматли ойда умра учун борганларингизда, Макка мушриклари йўлларингизни тўсиб, умрага келаси йили келинглар, деганларидан сўнг, еттинчи йили келиб, ҳурматли ойда умрани адо этишларингизда фарқ йўқдир".
195. Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради.
Изоҳ: Бу оятнинг аввалида бахиллик қилиш ҳалокатга сабаб бўлиши уқтирилган бўлса, охирида эҳсон қилувчи сахий кишиларнинг Аллоҳга маҳбуб эканлиги айтилмоқда.
196. Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) йўлингиз тўсилиб қолса, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг. (Ўша) қурбонлик ўз жойига етиб бормагунича, бошларингизни (сочингизни) қирманг! Сизлардан кимдир (Ҳажда) касал бўлса ёки бошидан (бит ёки бирор дарддан) азият чекса (сочини олдинроқ олдириши ёки қисқартириши мумкин), бу билан у рўза ёки садақа ёхуд қурбонлик билан фидя (еваз) тўлайди. Қачонки, (монеъликлардан) хотиржам бўлсангиз, сўнг (ҳаж вақтигача) кимки умра қилиб таматтуъ қилса (эҳромдан вақтинча чиқиб олса), муяссар бўлган қурбонликни қилсин! Ким (бунга имконият) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганларингиздан кейин рўза (тутсин!) Ўша роса ўн кундир. Бу (ҳукмлар) оиласи (яшаш жойи) Масжиди ҳаромда бўлмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир.
197. Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида аёлга яқинлашиши, гуноҳ ишлар ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билади. (ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!
198. Раббингиздан (ҳаж мавсумида тижорат билан) фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни - гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да - Ҳақ йўлга Ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд этингиз!.
199. Сўнгра одамлар тушган ердан (Арафотдан) тушингизлар ва Аллоҳдан мағфират сўрангизлар. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
Изоҳ: Бу ердаги буйруқ Макка аҳлига қаратилган, зеро, улар одатда, Арафотда тўхтаб ўтмасдан Муздалифа деган яқинроқ жойдан қайтар эдилар.
200. (Ҳажга оид) ибодатларингиздан фориғ бўлганларингиздан кейин Аллоҳни гўё ота-боболарингизни (мадҳиялар билан) ёд этганларингиздек, балки ундан ҳам зиёдроқ ёд этингиз! Одамлар орасида шундай кимса ҳам бўладики, у: "Эй, Раббимиз, бизга шу дунёда бергин", - дейди. Ваҳоланки, унга охиратда насиба йўқдир.
201. Яна шундайлари ҳам борки, улар: "Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин", - дейдилар.
202. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб (китоб) қилувчидир.
203. Саноқли (маълум) кунларда Аллоҳни (кўпроқ) зикр қилингиз!* Кимки икки кунда шошилса (ҳаж ишларини тугатиб кетса), унга гуноҳ йўқ. Ким (учинчи кунгача) кечикса, унга ҳам гуноҳ йўқдир, башарти тақволи бўлса. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, сизлар, албатта, Унинг ҳузурига (қиёматда) тўпланурсизлар.
Изоҳ: Саноқли кунлар - ташриқ кунлари. Улар ҳанафий мазҳаби бўйича Зул-ҳижжа ойининг 10,11,12 кунлари, шофеъий мазҳабида эса 11,12,13 кунларидир.
204. Одамлар орасида шундай кимсалар борки, дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги "имони"га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга) душманларнинг ашаддийсидир.
205. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди.
206. Унга "Аллоҳдан қўрққин" дейилса, ғурури уни гуноҳ ишларга ундайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудҳиш жой у!
Изоҳ: Бу оят мунофиқ Ахнас ибн Шариқ хусусида нозил бўлган. У Пайғамбар (а.с.)га ўзини содиқдек кўрсатиб, дилидаги ёвуз ғаразларини яширган пайтда, Аллоҳ таоло Ўз Расулини бундан огоҳ қилгани тўғрисида хабар бермоқда.
207. Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.
208. Эй, мўминлар, ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга очиқ душмандир.
209. Агар сизларга ҳужжатлар (оятлар) келгандан кейин ҳам янглишсангизлар, билингизки, албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
210. Улар (ҳақни инкор этувчилар) балким, соябон булутлар остида Аллоҳ ва фаришталар келганда иш тугашини (қиёматни) кутаётгандирлар. Барча ишлар Аллоҳга оширилажак, албатта.
211. Исроил авлодидан сўранг, уларга қанчалаб аниқ мўъжизалар берибмиз! Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
212. Куфр йўлидагиларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур.
213. Одамлар бир миллат (бир хил динда, яъни, Исломда) эдилар. Сўнг (улар бузилиб кетгач,) Аллоҳ ҳам хушхабар берувчи, ҳам огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Яна улар билан бирга одамлар орасида чиққан келишмовчиликларни ҳал этадиган ҳукмларни чиқарсин деб (илоҳий) Китоб ҳам нозил қилди. Ҳужжатлар (оятлар) келгандан кейин, шу китоб берилганларнинг ўзи ҳадларидан ошиб (ҳасад қилиб,) у тўғрида ихтилоф қилдилар. Лекин, Аллоҳ имон келтирганларни улар ихтилоф қилган нарсалар (ичи)дан Ўз изни билан ҳаққоний йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоятга йўллайди.
 Изоҳ: Бу оятдаги "бир миллат" иборасига турли хил тафсирлар айтилган. Биринчиси - Идрис ва Нуҳ (а.с.)лар замонида одамлар бир хил кофир миллат эдилар. Иккинчиси – Иброҳим (а.с.) замонларида кўпчилик одамлар бир миллат, яъни Ислом динида эдилар. Яна бошқа тафсирда Одам (а.с.) даврида ҳамма мусулмон эди. Ўғли Қобил ўз биродари Ҳобилни ўлдиргандан кейин кофирлар сафи кўпая бошлаган.
214. Ёки (Эй, мўминлар,) сизлардан илгари ўтганларнинг куни (бошларингизга) келмай туриб, жаннатга (осонгина) кирамиз, деб ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар келиб, шунчалик ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва имонли кишилар: "Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?" деганлар (бетоқат бўлишган). Аслида эса Аллоҳнинг ёрдами яқиндир.
215. Сиздан (Эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир".
216. Сизларга (ёв билан) жанг қилиш фарз қилинди, ваҳоланки, у сизлар учун ёқимсиздир. Эҳтимол, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсаларингиз эса (аслида) ёмондир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар.
217. Сиздан "Шаҳри Ҳаром"да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин, одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида яна ҳам каттароқ гуноҳдир. Фитна қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир. Улар имкон топсалар, то динингиздан қайтармагунча, сизлар билан жанг қилаверадилар. Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар.
Изоҳ: Шаҳри Ҳаром – ҳурматли ой. Яъни, Ражаб ойи. Расулуллоҳ бу ой кирмасдан туриб, Қурайш мушрикларидан иборат карвон йўлини пойлаб, ўч олиш учун бир гуруҳ аскарни юборган эдилар. Улар Ражаб ойи кириб қолганидан бехабар мушрикларга ҳужум қилиб, мағлубиятга учратганлар. Бу воқеадан кейин мушриклар таъна қилишиб: "Муҳаммад ҳурматли ойда жанг қилди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол деб билди", - деганларида, Аллоҳ таоло мушрикларнинг қилмишлари мусулмонлар йўл қўйган бу камчиликдан баттар эканлигини баён қилмоқда.
218. Имон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган ва Аллоҳ (тоати) йўлида жидду жаҳд қилган кишилар - айнан ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умид қилурлар. Аллоҳ (эса) кечирувчи ва раҳмлидир.
219. Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (баъзи) фойдалар бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир". Сиздан яна нималарни эҳсон қилиш тўғрисида сўрайдилар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб беринг. Шундай қилиб, Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади, шояд фикр юритсангизлар
Изоҳ: Ароқнинг ман етилиши бирданига бир оят билан ҳал қилинмаган, балки тўрт босқич билан тақиқланган. Биринчи босқич Наҳл сурасининг 67-оятида хурмо ва узумдан олинадиган маст қилувчи ичимликларнинг ҳалоллиги ҳақида Маккада нозил қилинган. Сўнгра Умар ибн Хаттоб (р.а.) ва баъзи бошқа саҳобалар арақ ақл ва бойликни кетказувчи офат эканидан Пайғамбар (а.с.)га шикоят қилганларидан кейин Бақара сурасининг мазкур ояти ваҳий қилинган. Учинчи босқич – Абдураҳмон ибн Авф маст ҳолда имомлик қилганларида, оятни қўпол равишда бузиб қироат қилган. Шундан кейин Нисо сурасининг 43-оятида маст ҳолатда намозга яқинлашмаслик буюрилди. Тўртинчи охирги босқич - Атбон ибн Молик деган саҳоба уйида меҳмондорчиликда маст бўлиб қолган меҳмонлар ўзаро уришиб, жанжаллашиб қолганлар. Шундан кейин Умар ибн Хаттоб (р.а.) Аллоҳга илтижо билан: "Эй, худойим, арақ тўғрисида қониқарли бир ҳукм нозил эт!" - деб дуо қилганларидан кейин Моида сурасининг 90-оятида арақ ичиш қатъий ман этилди.
Изоҳ(а): Ўз эҳтиёжидан ортган бойликни эҳсон қилиб юбориш кўпчиликка қийин эканлигини эътиборга олиб, Аллоҳ таоло закот оятини нозил қилди. Шундан кейин бу оят ҳукми бекор бўлиб, бой одамларгина нисобга етган бойлигининг қирқдан бир қисмини закотга беришлари жорий этилди.
220. дунё ва охират ҳақида. Сиздан, шунингдек, етимлар (ҳақлари) тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: "Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсаларингиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни қийинчиликка солиб қўйган бўлар эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Изоҳ: Етимларнинг ҳаққини ноҳақ йўл билан Эйиш ёки ўзлаштириш улкан гуноҳлардан ҳисобланиши оят ва ҳадисларда баён этилган. Нисо сурасининг 10-оятида бу хусусда қаттиқ ваид (таҳдид) бордир.
221. Мушрика аёлларни, то имон келтирмагунларича, никоҳингизга олмангиз. Зеро, ҳур мушрика аёлдан кўра имонли чўри яхшироқдир, гарчи у (мушрика) сизларга ёқимли туюлса ҳам. Мушрик эркакларга ҳам, то имон келтирмагунларича, (мўмина қизларни) никоҳлаб бермангиз. Зеро, ҳур мушрикдан имонли қул яхшироқдир, гарчи у (мушрик) сизларга ёқимли туюлса ҳам. Улар (мушриклар) дўзахга чорлайдилар. Аллоҳ (эса) ўз изни билан жаннатга ва мағфиратга чорлайди ва эслатма олишлари учун одамларга ўз оятларини баён этади.
222. Сиздан ҳайз тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: "У (эр-хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангизлар! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингизлар (қовушаверингизлар). Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади".
223. Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз ва ўзингиз учун (савобли ишларни) тақдим этингиз. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, сиз У билан мулоқот қилувчидирсиз. Мўминларга (охират мукофотлари ҳақида) хушхабар беринг (Эй, Муҳаммад)!
Изоҳ: Бу ояти каримада Аллоҳ таоло аёлларни зироатгоҳга ўхшатади. Дарҳақиқат, экинзорларга қанақа уруғ экилса, ўша уруғ униб чиқади. Деҳқон ҳосил олиш учун ўз ерининг хоҳлаган томонидан келиб ишлов бериб, дон сепиб, кўчат ўтқазиб деҳқончилик қилаверганидек, эрлар ҳам ўз хотинларидан фарзанд орттириш мақсадида хоҳлаган шаклда яқинлик қилиши мумкин. Лекин 222-оятда айтилганидек, фақат Аллоҳ буюрган тарафдан келиш шартдир. Лекин бу дегани фақат олд томонидан дегани эмас, балки қайси томондан бўлса ҳам зироатгоҳ қасд қилиниши керак. Аллоҳ мулоқотда бўлишни эслатиш билан хотинга нисбатан Лут қавмининг қилиқларини қилмасликка ишорат қилинмоқда.
224. Эзгу иш қилишингиз, тақвода бўлишингиз ва одамлар ўртасини ислоҳ этишингиз борасидаги қасамларингиз учун Аллоҳ (номи)ни кўндаланг қилавермангиз! Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
225. Аллоҳ сизларни (фақат тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур. Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир.
226. Хотинларидан қасам билан воз кечганлар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида) қайтсалар (жоиздир), зеро, Аллоҳ, албатта, кечиримли ва раҳмлидир.
227. Бордию талоқ қилишга азму қарор қилган бўлсалар, (буни ҳам) Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
Изоҳ: Яъни, тўрт ойни ўтказиб юборсалар, ўз-ўзидан талоқ тушади. Тўрт ой ўтмай туриб яқинлик қилиб қўйсалар, тегишли каффорат (жарима) тўланади, лекин талоқ
тушмайди.
228. Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол эмас. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) хоҳласалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар. Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат егасидир.
Изоҳ: Бир ёки икки талоқ қўйган эрлар уч ҳайз муддати, яъни идда чиққунга қадар сўз ёки ҳаракат билан қайтсалар, никоҳни янгиламасдан турмушни давом эттиришлари мумкин. Аммо "боин" (қатъий) талоқ ёки уч талоқ қўйган бўлса, бунда икки масала бор. Биринчиси "боин" талоқда, яъни, талоқ лафзини ишлатмасдан "қўйдим", "менга ҳаромсан", "Кет, сен билан турмуш қилмайман" каби киноялар билан бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса никоҳни янгилаб ярашиб олиш мумкин. Иккинчи масала - уч талоқ ёки ундан ортиқ қўйган бўлса, боин ёки рижъий бўлишидан қатъий назар, эр-хотин ўртасидаги шаръий никоҳ бекор бўлиб, бирга турмуш қуриш мумкин бўлмай қолади. Бундай тақдирда, албатта, шариат пешволарига мурожаат қилиб, маслаҳат олиш зарур бўлади.
Изоҳ(а): Аёлларга нисбатан еркакларга жисмонан ва ҳуқуқ жиҳатидан устунлик берилган. Масалан, мерос олишда, гувоҳликда, имомликда, талоқ қўйишлик ва бошқаларда.
229. Талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажралиш (мумкин). Уларга (хотинларингизга) берган нарсалардан (маҳрларидан) бирор нарсани қайтариб олишларингиз сизларга ҳалол эмас, магар (ер-хотин) Аллоҳнинг (оила тўғрисидаги) буйруқларини бажара олмасликдан қўрқсалар (бу ундан мустасно). Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмаслигидан қўрқсаларингиз (еридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ. Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Улардан тажовуз қилмангизлар! Ким Аллоҳнинг ҳадларидан тажовуз қилса, ана ўшалар золимлардир.
Изоҳ: Бу эвазни шариат тилида "хулъ" дейилади. Эр ажралишни хоҳламаган тақдирда хотини талоқ сўраса, эваз ёки бадални тўлаб, эрни кўндириш шариатда жорий этилган.
230. Агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, (у аёл) то бошқа эр билан ниқоҳланмагунча (ва ундан ҳам талоқ олмагунча), унга ҳалол бўлмайди. Бас, агар (кейинги эр) уни талоқ қилса, (қаралади,) агар Аллоҳнинг буйруқларини бажара олишга ишонсалар, (аввалги эр билан) турмушга қайтишларида гуноҳ йўқдир. Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Уларни англагувчи қавм (одамлар) учун баён қилур.
Изоҳ: Бу ерда никоҳдан мурод ҳанафий мазҳаби бўйича никоҳдан кейин жинсий яқинлик, шофиий мазҳабида эса никоҳнинг ўзи кифоя.
231. Хотинларни талоқ қилганларингизда (идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни ёдингизда тутингиз, Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
 Изоҳ: Бу ердаги ҳикматдан мурод Расулуллоҳнинг суннат (ҳадис)ларидир.
232. Хотинларни талоқ қилганларингизда (идда) муддатига етган бўлсалар, (Эй, ота-она ва қариндошлари), улар ўзаро яхшиликча келишиб олган бўлсалар, эрларига (қайта) никоҳланишларида уларга тазйиқ ўтказмангизлар! Сизлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, (бу гаплар Унга) насиҳат сифатида айтилади. Бу (ҳукм) сизлар учун энг беғубор ва пок (ҳукм)дир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар.
233. Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (ернинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди. Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин! Меросхўрнинг зиммасида ҳам худди шундай (масъулият) бор.* Агар ота-она ўзаро келишиб, маслаҳат билан (болани сутдан) ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни (бегона аёлга) эмиздирмоқчи бўлсангиз, ҳаққини меъёрида тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир.
Изоҳ: Яъни, маҳрам саналмиш меросхўрлар зиммасига марҳумнинг етим болалари ва хотинларининг ҳам нафақаси тушади.
234. Сизлардан вафот этиб хотинларини (бева) қолдирган бўлсалар, (улар) тўрт ойу ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар. (Идда) муддатларини ўтаб бўлсалар, улар ўз (турмушлари) хусусида яхшилик билан қилган ишларида сизлар учун (Эй, маййит эгалари) гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Изоҳ: Яъни, шариат ҳудудидан чиқмаган ҳолда совчиларга ёки куёвликка номзод эркакларга кўриниши, уларни суриштириш каби ишларга қўл уриш мумкин.
235. Бу каби (тул) хотинларга совчиликни ишора қилишингизда ёки (айтмай) ичингизда пинҳон сақлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ, у (хотин)ларга (совчилик ҳақида) гапиришингизни билди. Лекин, улар билан хуфёна ваъдалашмангиз! Фақат (уларга) яхши гап гапиришингиз (мумкин). То битик (идда) ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашга азму қарор қилманг ва билингизки, албатта, Аллоҳ ичларингиздаги нарсани билади. Бас, Ундан эҳтиёт бўлинг ва яна билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир.
236. Агар хотинларингизни, қовушмай туриб ёки уларга маҳр белгиламай туриб, талоқ қилсангиз сизлар учун гуноҳ йўқдир. Лекин, уларни моддий жиҳатдан таъминланг; бой ҳам, камбағал ҳам ўз ҳолларига қараб (таъминласин). Эзгулик қилувчилар зиммасидаги бурч (шудир).
237. Агар уларга маҳрни белгилаб, аммо қовушмай туриб талоқ қилган бўлсаларингиз, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (шу ярмидан ҳам) кечиб юборса ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган зот (яъни, эр ўзига қайтиб бериладиган ярим маҳрдан) воз кечса (маҳрни мукаммал тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқдир. Ўзаро бир-бирингизга фазл (мурувват) қилишни унутмангиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
238. (Барча) намозларни, хусусан ўрта намозни сақланглар (ўз вақтида ўқинглар) ва (намозда) Аллоҳга бўйин суниб (камтарлик билан) туринглар!
Изоҳ: Ўрта ҳамоз қайсилиги тўғрисида турли ривоятлар мавжуд. Унинг аср намози эканига далиллар кўпроқ. Ҳанафий мазҳабида ҳам у аср намози деб хулоса қилинган.
239. Агар (душман ҳужумидан) хавфда бўлсангиз, бас, пиёда ёки уловда (намоз ўқийверингиз). Бехавотир бўлганингизда, билмаганларингизни сизларга қандай ўргатган бўлса, худди шундек Аллоҳни зикр этингиз (намозда).
240. Сизлардан вафот этиб хотинларни қолдирганлар хотинларига бир йилгача (эрининг уйидан) чиқарилмай таъминланадиган миқдордаги нарсани васият қилсинлар. Агар улар (хотинлар) ўзлари (ихтиёрий равишда) чиқиб кетиб, ўзларига тегишли (зийнат, пардоз ва совчиларга кўриниш каби) яхши ишларни қилишса, сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
241. Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларига вожибдир.
Изоҳ: Нафақа аёлнинг иддаси чиққунга қадар тўланади.
242. Шу тариқа Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади, шояд ақлни ишлатсангизлар.
243. Кўрмадингизми (Эй, Муҳаммад), ўлишдан қўрқиб, ўз юртларидан чиқиб кетган минглаб кишиларга Аллоҳ: "Ўлинглар!" - деди. Сўнг (яна) уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу карамлидир. Лекин, кўп одамлар (бунга) шукр қилмайдилар.
Изоҳ: Ўлимдан қўрқиб, деганда жангдаги ёки вабо касаллигидан ўлиш хавфидан қочиш деб тафсир қилинади. Бу Аллоҳнинг ибратомуз ишларидандир. Яъни, қочиш билан ўлимдан қутулишнинг иложи йўқдир. Бу қадимги умматлар қилмишидан ибратланиш учун айтилган қиссадир.
244. Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
245. Аллоҳга чиройли қарз берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, (ризқни) танг ва кенг қиладиган Аллоҳнинг ўзидир ва Унга қайтарилажаксизлар.
246. Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг пайғамбарига: "Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик",- дейишди. "Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз", - деди (пайғамбар). Улар: "Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?" - дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир.
 Изоҳ: Пайғамбарларининг кимлиги тўғрисида турлича тафсир қилинади. Баъзи муфассирлар Шамъун дэсалар, бошқалари Ашмавил дейдилар.
247. Уларга пайғамбарлари: "Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ этиб юборди", - деса, улар: "Унга устимиздан қандай ҳам подшоҳлик бўлсин, ахир ҳукмронликка биз ундан ҳақлироқмиз-ку, (бундан ташқари) унга мол-мулк ҳам мўл-кўл берилмаган", - дейишди. Пайғамбар айтди: "Аллоҳ уни сизларга Ўзи танлаб, уни илмда ва жисмонан зиёда этди. Аллоҳ мулкини Ўзи хоҳлаган кишига беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдондир".
248. Пайғамбарлари уларга айтди: "Унинг подшоҳлик белгиси шуки, сизларга бир сандиқ келади. Унда Раббингиздан таскин ва Мусо ҳамда Ҳорун оилаларидан қолган қолдиқлар жойлашган бўлиб, уни (сандиқни) фаришталар кўтариб турадилар. Агар (чин) мўмин бўлсангизлар, шубҳасиз, бунда сизлар учун белги бор".
 Изоҳ: Таскиндан мурод шуки, сандиқ қаерда бўлса, ўша ердаги одамлар хотиржамлик ва хавфсизликда бўлар эдилар. Ҳатто, ундан ёв билан тўқнашганда ҳам фойдаланар эдилар.
249. Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: "Аллоҳ сизларни дарё билан синаб кўрувчидир. Бас, ким ундан ичса, у мендан (тобеларимдан) эмас ва ким ундан ичмаса, албатта, у мендандир. Магар қўли билан бир ҳовуч олса (жоиздир). Бас, озчиликдан ташқари ҳаммалари ундан ичдилар. У (Толут) мўминлар билан дарёдан ўтгач, (аскарлар) айтдилар: "Бу кун бизда Жолут ва унинг лашкарига тоқат йўқ". (Шунда) Аллоҳга (қиёмат куни) юзма-юз бўлишларига ишонадиган кишилар айтдилар: "Қанчадан-қанча кам сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳлар устидан ғалаба қозонган. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир".
250. Жолут ва унинг лашкарлари билан тўқнашганларида: "Эй, Раббимиз! Бизга сабр (-тоқат)ни ёғдир, қадамларимизни собит қил ва кофирлар қавми устидан бизга ғалаба ато эт!" дедилар.
251. Шундай қилиб, Аллоҳнинг изни билан улар устидан ғалаба қозондилар. Довуд Жолутни ўлдирди ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик ва пайғамбарлик ҳамда Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўргатди. Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан дафъ этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ (барча) оламларга (нисбатан) фазл эгасидир.
252. Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни Сизга (Эй, Муҳаммад), ҳаққоний равишда тиловат қилмоқдамиз. Сиз, албатта, пайғамбарлардандирсиз.
253. Ўша пайғамбарларнинг айримларидан айримларини афзал этдик. Улар ичида Аллоҳ (бевосита) гаплашганлари ва даражасини (Аллоҳ) кўтарганлари бор. Исо ибн Марямга мўъжизалар бердик ва уни Руҳул-қудус (Жаброил) билан қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда эди, (одамлар) пайғамбарлардан кейин, ҳужжатлар келганидан сўнг уришишмаган бўлур эдилар. Аммо, улар ихтилоф қилдилар; улар орасида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганда, уришмаган бўлур эдилар. Лекин, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилур.
254. Эй, мўминлар, на савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин (шу дунёда) сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилинглар! Кофирлар эса, улар золимлардир.
255. Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У ҳамиша) тирик ва абадий турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (ҳеч кимни) Унинг рухсатисиз шафоат қилмас. (У) улар (одамлар)дан олдинги (бўлган) ва кейинги (бўладиган) нарсани билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаганича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ердан (ҳам) кенглик қилур. У иккисининг ҳифзи (тутиб туриши) Уни толиқтирмас. У олий ва буюкдир.
Изоҳ: Бу оятдаги курсий сўзининг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч, курси ва ҳоказо. оятдаги "курсий"дан мурод нима экани ҳақида турли тафсирлар бор: 1. Курсий Аршнинг ўзи. 2. Аршдан кичикроқ алоҳида нарса. 3. Аллоҳнинг илми. 4. Унинг қудрати. 5. Ҳукмронлиги ва ҳоказо. Мазкур оят - "Оятул-Курсий" деб номланади. Бу ояти кариманинг фазлу хислатлари тўғрисида кўпгина ҳадиси шарифлар мавжуд. Жумладан, "Кимки ҳар бир фарз намозидан кейин бу оятни ўқиб юрса, жаннатга кириши учун фақат ўлим тўсқинлик қилиб турган бўлади. Тунда ухлашдан олдин ўқиб ётса, Аллоҳ унинг ўзини ва қўшниларини бало-қазодан асрайди. Бу оят ўқилган уйга сеҳр-жоду таъсир этмайди".
256. Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
257. Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир.
258. Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб,) Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмадингизми?! Қайсики, Иброҳим: "Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам", - деганида, у: "Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман", - деди. Иброҳим айтди: "Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради, сен уни Мағрибдан чиқаргинчи?" Шунда (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламайди.
Изоҳ: Иброҳим (а.с.) билан баҳслашган бу кофирнинг номи Намруд ибн Канъон. У ўз юртининг шоҳи эди. Шон-шавкат ғуруридан ўзини худо деб билар эди. Иброҳим (а.с.)га жавобан: "Мен ҳам тирилтираман, ҳам ўлдираман", - деб, сўзининг исботи учун зиндонда ётган асирлардан тўрт нафарини чиқариб, иккитасини озод қилиб юбориб, "Бу тирилтиришим", - деди. қолган иккитасини қатл қилдириб, "Бу ўлдиришим", - деди. Лекин бу ҳийласини Иброҳим (а.с.) қабул қилмадилар.
259. Ёки бошқа бир киши (Узайр) кабики, (у) томлари йиқилиб, вайронага айланган қишлоқдан (Байтул-Мақдисдан) ўтиб бораркан: "Аллоҳ бу харобага айланган қишлоқ (аҳли)ни қандай тирилтирар экан-а?" - деди. Шунда Аллоҳ уни (Узайрни) юз йил (муддатга) ўлдирди. Сўнгра уни тирилтириб деди: "қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?" "Бир кун ёки ярим кун", - деди у. Аллоҳ: "Йўқ, юз йил турдинг. Таоминг ва ичимлигингга қара, бузилмаган. Энди, эшагингни (чириб кетганини) кўр! (Бу мўъжизаларни) одамларга сени ибрат қилишимиз учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин". қачонки, унга (бу ишлар) аниқлангач: "Мен (энди) биламанки, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир экан",- деди.
260. Эсланг (Эй, Муҳаммад), Иброҳим: "Эй, Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат", - деганида, Аллоҳ: "Ишонмадингми?" - деди. Иброҳим айтди: "Йўғ-е, лекин дилим янада таскин топсин". Аллоҳ айтди: "Тўртта қушни олиб, ҳузурингга жамла (ва уларни майдалаб), сўнг (атрофингдаги) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгинда, кейин уларни чақиргин, (улар тирилиб,) дарҳол ҳузуринга келадилар. Билгинки, албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
 Изоҳ: Тўрт қуш - хўроз, қарға, товус ва каптар.
261. Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга янада кўпайтириб (савоб) беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдондир.
Изоҳ: Аллоҳ таоло бу тамсил билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқчи.
262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.
263. Яхши гап ва кечирим (узр сўраш) кетидан озор келадиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.
264. Эй, имон келтирганлар, молини одамлар кўрсин учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор), устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят этмайди.
265. Молларини Аллоҳ ризолиги ва дилларининг собитлиги учун сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшайди: унга жала теккач, ҳосилини икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
266. Остидан анҳорлар оқиб турувчи, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл бўлган боғи бор одам ўзи кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими? Тафаккур қилурсизлар, деб, Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади.
Изоҳ: Бу мисол савобли ишларни риёкорлик билан амалга оширган кишига нисбатан келтирилган. Не умидлар билан парвариш қилинган боғ-роғидан маҳрум бўлган кишидек, риёкор одам охиратда ажру савобдан маҳрум бўлиши тўғрисида огоҳлантирилмоқда.
267. Эй, имон келтирганлар, ўзингиз касб этган ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (еҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқдир.
268. Шайтон сизларни (хайр-еҳсон қилишда) фақир бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.
269. У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар.
270. Эҳсон қилган ҳар бир нафақангиз (садақангиз) ёки атаган назрингизни, албатта, Аллоҳ билади. (Хайр-еҳсон қилмай ўзига) зулм қилувчиларга эса, ёрдам берувчилар йўқдир.
271. Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию камбағалларга пинҳона берсангиз - ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир.
272. Уларнинг ҳидояти Сизнинг зиммангизда эмас (Эй, Муҳаммад), балки Аллоҳ хоҳлаган кишиларни ҳидоят этур. Неки қилган хайр-еҳсонларингиз бўлса, у ўзларингиз учундир. Фақат Аллоҳнинг "юзи" учунгина эҳсон қилгайсиз. қилган ҳар бир хайр-эҳсонингиз (савоби) сизларга адолатсизлик қилинмаган ҳолда мукаммал қайтарилур.
273. (Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан тиланиб туриб олмайдилар қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир.
274. Мол(-дунё)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишиларнинг Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.
275. Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби - уларнинг: "Байъ (савдосотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи" деган гапларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган. Бас, ким Раббидан насиҳат этгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир.
276. Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб билувчи) кофирни ва (уни давом эттирувчи) гуноҳкорни ёқтирмайди.
277. Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни мукаммал адо этиб, закот берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.
278. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан воз кечингизлар!
279. Мабодо (бу буйруққа итоат) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан (сизларга қарши бўлажак) урушни (азобни) эшитингиз! Агар тавба қилсангиз, дастмояларингиз ўзингизга. Зулм ҳам қилмайсизлар, зулм қилинмайсизлар ҳам.
280. Агар (қарздор) қийналса, бойигунча кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.
281. (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга зулм қилинмас.
282. Эй, имон келтирганлар, бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз беришсангиз, уни ёзиб қўйинглар! Ўрталарингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдиргандек ёзишдан бош тортмасин, албатта, ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши айтиб турсин, Рабби - Аллоҳдан қўрқсин ва ундан бирор нарсани камайтириб ёзмасин! Агар гарданида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш ёки ўта кекса) бўлса, ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги туфайли айтиб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий-вакили адолат билан айтиб турсин! Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёлдир - бири (унутиб) адашганда, иккинчиси эслатади. Гувоҳлар чақирилганда, (келиб гувоҳлик беришдан) бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқ (ҳукм)дир. Лекин, ўрталарингиздаги айланма нақд савдо бўлса, уни ёзмаслигингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Ўзаро савдо-сотиқ қилганда ҳам гувоҳ келтиринг! Котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарарланмасин. Агар шундай қилсангиз (зарарлантирсангиз), бу сизнинг фосиқлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (шундай) таълим беради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.
 Изоҳ: Бу ердаги буйруқ қатъий эмас, балки мандуб - ихтиёрийдир. Олди-соттини гувоҳлар ҳузурида қилишлик ҳар эҳтимолга қарши тавсия этилади.
283. Агар сафарда бўлиб, котиб топа олмасангиз, (қарз эвазига) нақд гаров (берилсин!) Агар бир-бирингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатни қайтарсин ва Рабби - Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким уни яширса, бас, унинг қалби осий (гуноҳкор)дир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни яхши билиб турувчидир.
284. Осмонлару Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур. Сўнг Ўзи хоҳлаган кишини мағфират қилиб, Ўзи хоҳлаган кишини азоблар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
285. Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди. "Ешитдик ва итоат этдик. Эй, Раббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Сенгагина қайтиш (бор)", - дедилар.
286. Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) - ўзига, ва орттиргани (ёмон амали) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) "Эй, Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй, Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!"

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase