024. Нур сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12515 марта кўрилди
Сурада Аллоҳнинг Еру осмонлар нури экани ва бу нур ҳақида тафсир берилгани учун унга "Нур сураси" деб ном берилган. Ижтимоий ҳаётнинг иллатларидан бири сифатида зинокорлик Ислом шариати бўйича улкан гуноҳ саналиши, у исботланган тақдирда бу фаҳш ишга қўл урган икки томонга белгиланадиган жазолар, шунингдек, бировни бадном қилиш учун уюштирилган сохта гувоҳлар ўз даъволарини исботлай олмаган тақдирда ўзларининг жазоланиши, инсоннинг иззат ва обрўсини тўкишдан сақланишнинг зарурлиги, никоҳли турмуш қуришнинг аҳамияти ва бошқа муҳим масалалар сурада ўз аксини топган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (Ушбу) Биз нозил қилган ва (ҳукмларини) фарз қилган бир сурадирки, унда сизлар эслатма олишингиз учун аниқ оятларни нозил қилдик.
2. Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра уринглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг дини (ҳукми)да сизларни уларга (зинокорларга) нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг жазоланишига бир гуруҳ мўминлар ҳозир бўлсинлар!
Изоҳ: Юз дарра уриш жазоси уйланмаган эркак ва турмушга чиқмаган аёл учундир. Суранинг шу жойидаги уйланган ва турмушдаги аёлга бериладиган жазо ҳукмига доир оят матни Қуръондан Пайғамбаримиз амри билан олиб ташланган. Демак, мазкур оят ўқилмаса-да, ҳукми боқий қолдирилган. Ҳукм эса уларни тошбўрон қилишдир.
3. Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зино) мўминларга ҳаром қилинди.
4. Иффатли аёлларни (зинокор деб) бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан уринглар ва абадул-абад уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Ана ўшалар фосиқлардир.
5. Магар сўнгра тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолда ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган (ер)ларнинг ҳар бири ўзини шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт (марта) гувоҳлик бериши (вожибдир).
7. Бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати (ёғилишини сўрашидир).
8. "У (яъни эри) албатта ёлғончилардан", - деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши, у (аёл)дан жазони даф қилур.
9. (У аёл)нинг бешинчи (гувоҳлиги эса), агар (ери) ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрашидир.
10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли бўлмаганида ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаганида эди (ер ёки хотин шарманда бўлур эди).
11. Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлмиш бир тўдадир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангизлар, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун эса улкан жазо бордир.
Изоҳ: Бу оятдаги бўҳтон қиссаси бундай бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) бир жангдан Мадинага қайтиб келаётганларида, бир жойда дам оладилар. Шу пайт Оиша онамиз ҳожат учун бир чеккароқ жойга кетадилар. То қайтиб келгунларича карвон кетиб қолган бўлади. Фақат Сафвон исмли бир саҳобий орқадан қолган нарсаларни йиғиб кетаётиб, Оиша онамизни кўриб қолади ва туясига миндириб, карвонга етиб боради. Буни кўрган баъзи мунофиқлар турли миш-мишларни тарқатиб, завжаи мутаҳҳарани бадном қилмоқчи бўлади. Бу қуруқ туҳматдан ҳатто Пайғамбар (а.с.) шубҳаланишга мажбур бўлиб, бир ой мобайнида завжаларидан аразлаб юрадилар. Лекин ёлғоннинг умри қисқалик қилиб, Оиша онамизнинг пок эканлиги тўғрисида алоҳида оятлар нозил бўлади. Бўҳтон тўқувчиларнинг пешвоси Абдуллоҳ ибн Убайга бериладиган жазо ҳам мазкур оятларда қайд этилади.
12. (Ей, мўминлар,) сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар ўзлари (бир-бирлари) ҳақида яхшиликни ўйлаб: "Бу аниқ бўҳтон-ку!" - десалар бўлмасмиди?!
13. Улар (Ойшани бадном қилмоқчи бўлганлар) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, демак, Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар.
14. Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазли бўлмаса эди, албатта, сўзлаган лофингиз сабабли сизларни улкан жазо тутган бўлур эди.
15. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил фаҳмлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир.
16. Уни эшитган пайтингизд: "Бу (миш-мишни) гапириш биз учун жоиз эмасдир. Эй, пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!"-десангизлар бўлмасмиди?!
17. Агар мўмин бўлсангизлар, сира унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга насиҳат қилур.
18. Аллоҳ сизларга (Ўз) оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир.
19. Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида (ёмон гаплар) ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар.
20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ҳамда Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли бўлмаса эди (жазони нақд қилган бўлур эди).
21. Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
22. Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ ёълида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
23. Албатта, (фаҳш ишлардан) бехабар, иффатли мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлурлар. Уларга улкан азоб бордир.
24. (У кун) қилиб ўтган иш (бўҳтон)ларига уларнинг тиллари, қўл ва оёқлари уларнинг зарарларига гувоҳлик берадиган кундир.
25. Ўша куни Аллоҳ уларнинг ҳақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг аниқ ҳақ эканини билурлар.
26. Нопок аёллар нопок эркаклар учун (лойиқ)дир, нопок эркаклар нопок аёллар учун (лойиқ)дир. Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Айнан ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ (жаннат неъматлари) бордир.
27. Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангизлар.
28. Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангизлар, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга "қайтинглар" дейилса, қайтиб кетаверинглар! Шу сизлар учун энг тоза (ёълдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир.
29. (Хусусий) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришларингизда сизларга гуноҳ ёъқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билур.
30. (Ей, Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қўйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (ёълдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир.
31. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қўйи тутсинлар. Ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-инилари, ё оға-иниларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкорқуллар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқаларга кўрсатмасинлар! Яна, яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шояд, (шунда) иқболли бўлсангизлар.
Изоҳ: Кўриниб турадиган зийнатлардан мурод - ҳанафий мазҳабимизда - аёлнинг юзи, икки кафти ва икки оёқларининг тўпуғидан пастки қисмидир. Оятдаги зийнат сўзидан мурод зийнатлантириладиган жойлар, зеро, одатда аёллар юз, қўл ва оёқларини безаб пардозлайдилар. Мазкур жойларни ёпиб юришда аёллар учун ҳараж-қийинчилик бор. Ҳараж эса шаръий узрлардандир.
32. Ўз ораларингиздаги тул (еркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билувчи зотдир.
33. Никоҳ (учун) лозим маблағ) топа олмаган кишилар - то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча - ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар! (Ей, мўминлар!) Қўл остингиздаги (қул)лардан мукотаб бўлишини истайдиганлари бўлса*, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни билсангизлар, уларни мукотаб қилингизлар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан берингизлар! Иффатни истаган чўриларингизни дунё ҳаёти анжомлари куйида зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди, ким уларни мажбур этса, бас, албатта, Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларни) мағфират қилувчи ва (уларга) раҳмлидир.
Изоҳ (а): Мукотаб - хожаси билан маълум миқдорда пул топиб келиш эвазига озод бўлиши келишилган қул. Бу билан у қисман озод бўлиб, бошқа жойларга ҳам кетиб, ишлаб келиш ҳуқуқига эга бўлади.Изоҳ (б): Чўрилар ҳуқуқига доир бу оят ҳам ҳозирда ёъқ бўлиб кетган қулдорчилик даврига доир оятлардандир.
34. (Ей, мўминлар,) дарҳақиқат, Биз сизларга баён этувчи оятларни, сизлардан илгари ўтганлар тўғрисидаги масал(лар)ни ва тақводорлар учун насиҳатни нозил қилдик.
35. Аллоҳ осмонлар ва Ернинг "нури"дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир. (Мазкурлар қўшилганда эса), нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) масалларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир.
Изоҳ: Аллоҳнинг нури унинг ҳидоятидир. Лекин бу оятдаги нур сўзининг чуқур маъноларидан огоҳ бўлишни истаган киши тафсир китобларига ёки Абу Ҳомид Ғаззолий битган "Китоб ан-Нур" китобига мурожаат қилиши мумкин.
36. (У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир. У (масжид)ларда эртаю-кеч Унга тасбеҳ айтадиган
37. кишилар бордир. Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни мукаммал адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар.
38. Улар қилган эзгу амаллари сабабли Аллоҳнинг мукофотлаши ва яна уларга ўз фазли билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур.
39. Куфрда бўлганларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, унинг олдига келгач эса, ҳеч нарса топа олмас ва Аллоҳни унинг (қилган амалининг) олдида топур. Бас, У унинг ҳисоб-китобини мукаммал қилур. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
40. Ёки (кофирларнинг қилган амаллари) устма-уст тўлқин ва унинг устида (қора) булут қоплаб олган денгиздаги зулматларга ўхшайди. (Улар) устма-уст зулматлардир: қўлини чиқариб (қараса) уни кўра олмас. Кимга Аллоҳ нур (имон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур ёъқдир.
41. (Ей, Муҳаммад,) Аллоҳга осмонлар ва Ердаги бор жонзот, саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтишини кўрмадингизми? Ҳар бири ўз дуо ва тасбеҳини билур. Аллоҳ эса, уларнинг қилаётган (барча) ишларини билувчидир.
42. Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳга хосдир. Қайтиш ҳам Аллоҳнинг ҳузуригадир.
43. Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. (Аллоҳ) осмондан - ундаги тоғ (булут)лардан дўл ёғдириб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни кетказгудекдир.
44. Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турар. Албатта, бунда кўз эгалари (оқиллар) учун ибрат бордир.
45. Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрт (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!
46. Дарҳақиқат, Биз баён этувчи оятларни нозил қилдик. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри ёълга бошлар.
47. Улар (яъни, мунофиқлар): "Аллоҳга ва пайғамбарга имон келтирдик ва бўйин сундик", - дейдилару, шундан кейин улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетур. Ана ўшалар мўмин эмасдирлар.
48. Қачонки, ўрталарида ҳукм чиқариш учун Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига чорлансалар, бирданига улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) бош тортувчилардир.
49. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (пайғамбар олдига) бўйин суниб келурлар.
50. Уларнинг дилларида мараз борми ёки Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари улар зарарига ҳукм қилишидан қўрқадиларми?! Ёъқ! Уларнинг ўзлари золимлардир!
51. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи "ешитдик ва бўйин сундик" (демоқдир). Ана ўшаларгина иқболлидирлар.
52. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар.
53. (Мунофиқлар) агар сиз амр этсангиз, албатта, (жиҳодга) чиқишлари ҳақида (жон) жаҳдлари билан қасам ичдилар. Айтинг: "Қасам ичманглар! (Жиҳод) маълум бир тоатдир (қасам ичишга ҳожат ёъқдир). Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир".
54. Айтинг: "Аллоҳга бўйин сунингиз ва Пайғамбарга бўйин сунингиз! Энди, агар юз ўгирсангизлар, бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (Аллоҳнинг буйруғини етказиш) бордир. Сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (унга бўйин суниш) бордир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида фақат (сизларга ҳақ динни) етказиш бордир.
55. Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларга худди илгари ўтган (имонли) зотларни (ер юзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзидаги халифа қилишни ва улар учун ўзи рози бўлган (Ислом) динини мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (Маккадаги кўрган) хавф-хатарларидан сўнг (Мадинада) хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирор нарсани шерик қилмаслар. Кимки мана шу (ваъда)дан кейин ношукрлик қилса, бас, улар фосиқлардир.
56. (Ей, мўминлар,) намозни мукаммал адо этинглар, закотни беринглар ва Пайғамбарга итоат этинглар, зора (шунда) раҳм қилинсангизлар.
57. (Ей, Муҳаммад,) кофир бўлган кимсаларни ер юзида (Аллоҳни) ожиз қолдирувчи (ғолиб)лар деб ўйламанг! Уларнинг (борар) жойлари дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!
58. Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар - бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар,) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ ёъқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб турувчидирсизлар. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
59. Қачонки, гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
60. Хотинлардан ўтириб (кексайиб) қолган, никоҳ (ерга тегиш)ни ўйламайдиганлари бирор зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (ёпинчиқларини) ечиб қўйишларида уларга гуноҳ ёъқдир. Ўзларини пок (ёпинчиқда) тутишлари улар учун яхшироқдир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
61. (Жангга чиқмасликда) кўзи ожиз кишига гуноҳ ёъқдир, чўлоққа ҳам гуноҳ ёъқдир, беморга ҳам гуноҳ ёъқдир. (Ей, мўминлар,) ўз уйларингиздан, ё оталарингизнинг уйларидан, ё оналарингизнинг уйларидан, ё ака-укаларингизнинг уйларидан, ё опа-сингилларингизнинг уйларидан, ё амакиларингизнинг уйларидан, ё аммаларингизнинг уйларидан, ё тоғаларингизнинг уйларидан, ё холаларингизнинг уйларидан, ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан, ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ ёъқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ ёъқдир. Бас, қачонки, уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинглар (яъни, "Ассалому алайкум" денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур.
62. Албатта, мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига имон келтирган зотлардир. Улар (пайғамбар) билан бирор умумий иш устида бўлган вақтларида - то ундан изн сўрамагунларича - кетмаслар. Фақат Сиздан изн сўрайдиган зотлар - айнан ўшаларгина Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирадиган зотлардир. Энди, қачонки, улар Сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан хоҳлаганларингизга изн беринг ва Аллоҳдан уларга мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
63. (Ей, мўминлар,) пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар! Сизлардан беркинган ҳолларида (пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!
64. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги бор нарсалар, албатта, Аллоҳникидир! У сизлар нимада эканингизни (мўмин ёки мунофиқлигингизни) ҳам, ўзига қайтариладиган (қиёмат) кунини ҳам яхши билур. Бас, уларни (ўшанда) қилиб ўтган ишларидан хабардор қилур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир.