023. Муъминун сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12553 марта кўрилди
Муъминун - мўминлар. Мўмин-мусулмонларга лойиқ сифатлар зикри билан бошлангани учун шундай ном берилган. Унда Муҳаммад (а.с.) нинг Маккадаги даврларида аҳли Исломга мушриклар тарафидан берилган азиятларга сабр қилиш, охират саодати учун бу дунёда қилиш зарур бўлган солиҳ амаллар ва бошқа муҳим илоҳий ўгитлар ёритилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Мўминлар нажот топдилар.
2. Улар намозларида камтардирлар.
3. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар.
4. Улар закотни адо этувчидирлар.
5. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчи кишилардир.
6. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар.
7. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир.
8. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро) аҳдларига риоя этувчи зотлардир.
9. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)лардир.
10. Айнан ўшалар, меросхўрлардир,
11. Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, у ерда улар мангу қолувчидирлар.
12. Қасамки, Биз инсонни (Одамни) лойнинг сарасидан яратдик.
13. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик.
14. Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали - Аллоҳ баракотлидир!
Изоҳ: Оятдаги ҳомиланинг ривожланиш босқичларини ҳозирги илмий кашфиётлар ҳам тасдиқ этмоқда. Бу тўғрида Ғарбнинг йирик олимлари талай илмий изланишлар натижасида, Қуръони каримнинг илоҳий мўъжиза эканлигини яна бир бор тасдиқ этдилар.
15. Сўнгра, албатта, сизлар (эй, инсонлар,) мана шундан кейин, албатта, вафот этувчидирсизлар.
16. Сўнгра сизлар, албатта, қиёмат куни қайта тирилурсизлар.
17. Дарвоқе, Биз устингизда етти ёълни (етти қават осмонни) яратдик. Биз яратувчиликдан ғофил бўлмадик.
Изоҳ: Етти ёъл-осмонлараро ўтган фаришталар ёъли.
18. Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик ва Биз уни кетказишга ҳам, албатта, қодирдирмиз.
19. Сўнгра Биз сизлар учун у (сув) билан хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғ)ларда кўп мевалар бўлур ва сизлар улардан ейсизлар.
20. Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик).
21. Албатта, сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир: сизларга уларнинг қорнидаги нарса (сути)дан ичирурмиз, яна сизлар учун уларда кўп фойдалар бордир, шунингдек, улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар.
22. Яна, (қуруқликда) уларга ва (денгизларда) кемаларга миниб юрасизлар.
23. Дарвоқе, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: "Эй, қавмим! Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. Ахир, қўрқмайсизларми?" - деди.
24. Шунда унинг қавмидан кофир бўлган зодагонлар: "Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ сўзлари)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз.
25. У (яъни, Нуҳ) фақат бир жинни одамдир. Бас, уни бир (оз) вақтгача кузатиб туринглар", - дедилар.
26. (Нуҳ) айтди: "Эй, Раббим! Уларнинг менга нисбатан инкорига қарши Ўзинг менга ёрдам қилгин".
27. Бас, Биз унга ваҳий қилдик: "Бизнинг ҳимоямизда ва ваҳиймиз билан бир кема ясагин. Бас, қачонки, Бизнинг амримиз келиб, таннурдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтида, у кемага ҳар (жонивор)дан бир жуфтдан ва оилангни солгин. Лекин кофирлардан ким ҳақида Бизни сўзимиз (ғарқ бўлиши ҳақидаги ҳукмимиз) кечган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда улар ҳақида (нажот сўраб) Менга хитоб (илтижо) қилмагин. Улар, албатта, ғарқ қилинувчидирлар!
28. Энди, қачонки ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кемага жойлашиб олгач, айтгин: "Бизларни золимлар қавмидан қутқарган Аллоҳга ҳамд (айтамиз)".
29. Яна айт: "Эй, Раббим! Мени бир муборак манзилга туширгин. Сен (манзилга) туширувчиларнинг яхшисидирсан".
30. Албатта, бунда (Нуҳ ва унинг қавми воқеасида) аломатлар бордир. Биз имтиҳон қилувчидирмиз.
31. Сўнгра Биз улардан кейин бошқа авлодни (Од қабиласини) пайдо қилдик.
32. Бас, уларга ўзларидан бир пайғамбарни (Ҳудни) юбордик. (У айтди): "Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ ёъқдир. Ахир, қўрқмайсизларми?!"
33. Унинг қавмидан кофир бўлган, охират мулоқотини инкор этган ва Биз дунё ҳаётида бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: "Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади.
34. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат қилсангизлар, у ҳолда сизлар, албатта, зиён кўрувчидирсизлар.
35. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин, албатта, (қабрларингиздан) чиқарилувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами?
36. Сизларга ваъда қилинаётган нарса (ақлдан) жуда-жуда узоқдир!
37. Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак, (бошқаларимиз) яшайверамиз. Биз қайта тирилувчи эмасмиз.
38. У (Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган шахсдир. Бизлар унга имон келтирувчи эмасмиз".
39. (Шунда Ҳуд) айтди: "Эй, Раббим! Мени ёлғончи қилганлари боис менга ёрдам қилгин".
40. (Аллоҳ) деди: "Озгинадан кейин улар, албатта, пушаймон қилувчиларга айланиб қолурлар".
41. Бас, ҳақиқатан ҳам уларни (мудҳиш бир) қичқириқ тутди. Биз эса уларни хазонга айлантирдик. Золимлар қавмига ҳалокат бўлгай!
42. Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик.
43. Ҳеч бир уммат ўз ажалидан ўзиб ҳам кета олмас, (уни) ортга ҳам сура олмас!
44. Сўнгра пайдар-пай пайғамбарлар юбордик. Ҳар гал бирор умматга (ўз) пайғамбари келса, уни инкор этдилар. Бас, Биз уларни бирин-кетин (ҳалок) қилдик ва уларни (одамлар оғзида юрадиган) гапга айлантириб қўйдик. Бас, имон келтирмайдиган қавмга ҳалокат бўлгай!
45. Сўнгра Биз Мусо ва унинг биродари Ҳорунни мўъжизаларимиз ва аниқ ҳужжат билан юбордик.
46. Фиръавн ва унинг зодагонларига (пайғамбар қилиб юбордик). Улар эса кибр-ҳаво қилдилар. Улар мутакаббирлар қавми эдилар.
47. Бас, айтдилар: "Худди ўзимизга ўхшаган икки кишига имон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми (Исроил авлоди) бизларга қулдирлар".
48. Бас, иккисини ёлғончига чиқаришиб, ҳалок қилинувчилардан бўлдилар.
49. Дарҳақиқат, Мусога ҳидоят топишлари учун Китоб (Таврот)ни ато этдик.
50. (Кейин) Марямнинг ўғли (Исо)ни ва унинг онасини аломат қилдик ва иккисини бир оқин сувли баланд қароргоҳга жойладик.
51. (Пайғамбарларимизга шундай дедик): "Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан енглар ва эзгу (иш) қилинглар! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман.
52. Албатта, у (яъни, динингиз) бир миллат (яъни, Исломдир). Мен эса сизларнинг Раббингиздирман, бас, Мендан қўрқингиз!"
53. Сўнг (одамлар) ишларини (динларини) турларга бўлиб юбордилар. Ҳар бир гуруҳ ўз олдиларидаги нарса (дин) билан мамнундирлар.
54. Бас, (эй, Муҳаммад,) Сиз уларни (маълум) вақтгача ўз ғафлатларида қолдиринг!
55. Биз уларга бераётган бойлик ва фарзандларни
56. ўзлари учун яхшиликларни тезлатишимиз (белгиси) деб ҳисоблайдиларми?! йуқ, улар (бунинг ҳикматини) сезмайдилар!
57. Албатта, Парвардигорларидан қўрқиб, хавфда турувчилар,
58. Парвардигорларининг оятларига имон келтирадиганлар,
59. Парвардигорларига ширк келтирмайдиганлар,
60. шунингдек, садақаларини (қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар,
61. айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда ўзувчидирлар.
62. Биз ҳеч бир жон (егаси)ни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган битик бордир. Уларга зулм қилинмас.
Изоҳ: Битик - Лавҳул-Маҳфуз ёки ҳар бир кишининг номаи аъмоли.
63. йуқ, (кофирларнинг) диллари бундан ғафлатдадир. Улар учун бундан бошқа ўзлари қилувчи бўлган (бефойда) ишлар бордир.
64. Токи Биз уларнинг тўқ (мағрур) яшайдиганларини (бирор) азобга гирифтор қилганимизда, бехос улар фарёд қилурлар.
65. "Бугун энди фарёд қилмангиз! Албатта, сизларга Биз (томон)дан ёрдам берилмас.
66. (Чунки) сизларга оятларим тиловат қилинганида, сизлар ортингизга қараб юрган эдингиз.
67. ("Байтуллоҳ ҳарамидамиз", деб) у билан мутакаббирлик қилиб, тунги суҳбатларингизда (Қуръон хусусида) беҳуда сўзларни айтар эдингизлар".
68. Ахир, улар бу Сўзни (Қуръонни) тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими?!
69. Ёки ўз пайғамбарларини танимай уни инкор қилувчи бўлдиларми?!
70. Ёхуд: "Унда (Муҳаммадда) жиннилик бор", - дейдиларми?! йуқ! (У) уларга ҳақиқатни келтирди. Уларнинг аксарияти эса, ҳақиқатни ёмон кўрувчилардир.
71. Агар Ҳақ (Аллоҳ) уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса эди, албатта, осмонлар, Ер ва улардаги бор жонзот бузилиб (ҳалок) бўлган бўлур эди. йуқ, Биз улар учун эслатма келтирдик, улар эса, ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгирувчидирлар.
72. (Эй, Муҳаммад,) ёки Сиз улардан харж (ҳақ) сўрамоқдамисиз! Раббингизнинг харжи (ажри) яхшироқдир. У энг яхши ризқ берувчидир!
73. Албатта, Сиз уларни фақат тўғри ёълга даъват қилурсиз.
74. Охиратга имон келтирмайдиганлар ёълдан озувчидирлар.
75. Агар Биз уларга раҳм қилсак ва улардаги нарсани (қаҳатчиликни) аритсак, шаксиз, улар яна ўз туғёнларида гангиб юришган бўлур эдилар.
76. Мана, Биз уларни азобга тутдик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на (тавба) тазарру қилдилар.
77. То қачонки, Биз уларга қаттиқ азоб (қаҳатчилик) эшигини очиб қўйганимизда эса, бехос улар ноумид бўлувчидирлар.
78. У (Аллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган зотдир. (Сизлар бунга) жуда кам шукр қилурсизлар.
79. У сизларни ер юзида (яратиб, сўнгра) таратган зотдир. Сизлар (қиёмат куни) Унинг ҳузурига тўпланурсизлар.
80. У тирилтирадиган ва ўлдирадиган зотдир. Кеча ва кундузнинг ўзгариб туриши ҳам Унга (боғлиқ)дир. Ахир, ақл юргизмайсизларми?!
81. йуқ, улар ҳам худди аввалгилар айтган сўзларни айтдилар.
82. Дедилар: "Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланганимизда, яна қайта тирилувчимизми?!
83. Дарвоқе, бизларга ҳам, ота-боболаримизга ҳам олдин мана шу ваъда қилинган эди. Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир!"
84. (Эй, Муҳаммад, уларга) айтинг: "Агар билувчи бўлсангизлар (айтинглар-чи), Ер ва ундаги бор жонзот кимники?"
85. Улар: Албатта, "Аллоҳникидир", - дерлар. Айтинг: "Бас, (шундан) эслатма олмайсизларми?!"
86. Айтинг: "Етти осмоннинг Рабби ҳамда улуғ Аршнинг Рабби кимдир?"
87. Улар: "(Булар ҳам) Аллоҳникидир",- дерлар. Айтинг: "Ахир қўрқмайсизларми?!"
88. Айтинг: "Агар билсангизлар (айтингларчи), барча нарсанинг ҳукмронлиги "қўли"да бўлган, ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши ҳомийлик қилинмайдиган зот кимдир?"
89. Улар: "(Булар ҳам) Аллоҳникидир", - дерлар. Айтинг: "Бас, (унда) нечук сеҳрланмоқдасизлар?!"
90. йуқ! Биз уларга (қайта тирилишлари ҳақидаги) ҳақиқатни келтирдик. Улар эса ҳануз ёлғончидирлар.
91. Аллоҳ фарзанд тутган эмас ва У билан бирга бирор илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эдилар (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган сифатлардан покдир.
92. У махфий (сир) ва ошкора (гап ва ишлар)ни билувчидир. Бас, келтираётган ширкларидан У олий (пок)дир.
93. Айтинг: "Эй, Раббим, менга (кофирларга) ваъда қилинаётган нарса (азоб)ни, кўрсатсангчи?!
94. Эй, Раббим! (ўшанда) мени у золимлар қавми ичида қилмагин!"
95. Албатта, Биз уларга ваъда қилаётган нарса (азоб)ни Сизга кўрсатишга қодирдирмиз.
96. Сиз (улар қилаётган) ёмонликни гўзал (сўзлар) билан даф этинг! Биз улар сифатлаётган нарсани яхши билувчидирмиз.
97. Айтинг: "Эй, Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман.
98. Яна мен Сендан эй, Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман".
99. Токи улардан (мушриклардан) бирортасига ўлим келганида: "Эй, Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтаринглар.
Изоҳ: Бу ердаги илтижода Аллоҳга кўплик лафзини ишлатишлик Уни бирдан кўп дейиш учун эмас, балки муболаға учун кўп марта "Аллоҳ" лафзини айтиш ўрнида ишлатишдир.
100. Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам", - дер. йуқ! (У асло қайтарилмас). Бу ҳақиқатан у айтувчиси бўлган сўздир. Уларнинг ортида, то қайта тириладиган кунларигача, (икки дунё ўртасини тўсиб турадиган) бир тўсиқ бордир.
Изоҳ: Бу дунё билан охират ўртасини ажратиб турадиган макон ва замон араб тилида "барзах" дейилади.
101. Бас, қачонки, сур чалинганида (қиёмат бошланганида,) ана ўша куни уларнинг ўрталарида (ҳеч қандай) насаблар қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар.
102. Бас, кимнинг (яхшилик) мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар иқболлидирлар.
103. Кимнинг мезонлари енгил бўлса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчидирлар.
104. Юзларини ўт куйдиргач, улар у ерда бадбашара бўлиб қолувчидирлар.
105. (Уларга): "Сизларга менинг оятларим тиловат қилинар, сизлар эса уларни ёлғонга ёъйган эмасмидингизлар?!" (дейилганида),
106. улар дейдилар: "Эй, Раббимиз! Бадбахтлигимиз бизларга ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз.
107. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда биз шаксиз (ўзимизга) зулм қилувчидирмиз".
108. (Аллоҳ) айтади: "(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!
109. Дарвоқе, Менинг бандаларим ичида бир гуруҳ бор эди. Улар: "Эй, Раббимиз! (ўзингга) имон келтирдик. Бас, бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла. Сен ўзинг раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан", - дер эдилар.
110. Бас, сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар (бу кулиш) сизларга Мени эслашни унуттирди. Сизлар улардан кулган эдингиз.
111. Мен бугун уларни сабр қилганлари сабабли мукофотладим - улар ҳақиқатан ютуққа эришувчидирлар".
112. "Ерда йиллар ҳисоби бўйича қанча турдингизлар?" - дейди (Аллоҳ).
113.Улар айтадилар: "Бир кун ёки ярим кун. Санаб турувчи (фаришталар)дан сўрагин!"
114. (Аллоҳ) дейди: "Агар сизлар биладиган бўлсангизлар, (дунёда) жуда оз турдингизлар.
115. Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!"
116. Зотан, ҳаққоний Подшоҳ - Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ ёъқдир ва (У) улуғ Аршнинг раббидир.
117. Кимки ўзида ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа (бирор) "илоҳ"га илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Парвардигорнинг ҳузуридадир. Албатта, кофир бўлганлар нажот топмаслар!
118. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Эй, Раббим! (гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан!".