close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

022. Ҳаж сураси

Сурада Ҳаж ибодати, Каъба тарихи ҳақида оятлар борлиги учун унга ҳаж сураси деб ном берилган. Сурада охират, қиёмат воқеалари, маҳшаргоҳдаги ҳолатлар, имон, эътиқод, илоҳий ўгитлар кенг ёритилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Эй, инсонлар! Раббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир.
2. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизувчи (она) эмизиб турган (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни "маст" ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.
3. Одамлар орасида ўзи билмаган ҳолда Аллоҳ хусусида мунозара қиладиган ва ҳар қандай итоатсиз шайтонга эргашиб кетадиган кимсалар ҳам бордир.
4. Уни дўст тутган кимсани, албатта, ёълдан оздириш ва дўзах азобига ёъллаш унинг зиммасига ёзиб қўйилгандир.
5. Эй, инсонлар! Агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (Одам наслини) манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра (шаклланиб) битган ва битмаган парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) хоҳлаганимизча - муайян муддатгача бачадонларда қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (дунёга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик ва ёшликда) вафот этадиганлар ҳам бўлур, яна сизлардан билимларни билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (ўта кексаликка) қайтариладиганлар ҳам бўлур. Ерни қўриқ ҳолда кўрурсиз. Бас, қачонки, Биз унинг устидан (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал (наботот) жуфтларини ундирур.
6. Бу Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг ўзи ўликларни тирилтириши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканидандир.
7. Яна аниқки, қиёмат шаксиз келувчидир ва албатта, Аллоҳ қабрдагиларни тирилтирур.
8. Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида мунозара қиладию, лекин ўзи илмсиз, ҳидоят топмаган, бирор нурли Китоби ёъқ,
9. (тўғри ёълдан) бўйин товлаб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ ёълидан оздириш мақсадида юрадиганлар ҳам бордир. Унинг учун бу дунёда расволик бўлур, қиёмат кунида эса унга ёнғин азобини тотдирурмиз.
10. (Унга дермиз): "Бу (азоб) ўз қўлларинг (билан) қилган гуноҳинг сабаблидир. Зеро, Аллоҳ сира бандаларига зулм қилувчи эмасдир".
11. Одамлар орасида Аллоҳга бир ёқлама (тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир: бордию унга яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирор бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур. (У) дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса аниқ зиёндир!
12. У, Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилур. Бу қаттиқ адашишнинг ўзидир!
13. У, зарари фойдасидан яқинроқ бўлган "кимса"ларга илтижо қилур. Улар нақадар ёмон "хожа" ва нақадар ёмон "ошно"дир!
14. Албатта, Аллоҳ имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган (иш)ини қилур.
15. Кимда-ким: "Аллоҳ унга (Пайғамбарига) дунё ва охиратда сира ёрдам қилмас", - деб гумон қилса, бир арқон билан шифтга осилиб, (ўзини) бўғсин, сўнг қарасин, (бу) макри ғазабини кетказармикан.
Изоҳ: Яъни Аллоҳнинг Ўз пайғамбарига кўрсатаётган ёрдамини кўриб, ич-ичидан куйиш ўрнига, яхшиси ҳасадгўй кишилар ўзларини дорга осиб қўяқолсинлар.
16. Биз уни (Қуръонни) мана шундай баён этувчи оятлар шаклида нозил қилдик. Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилур.
17. Дарҳақиқат, имон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар (фаришталарга сиғинувчилар), насронийлар, мажусийлар (оташпарастлар) ва мушрик бўлганлар - аниқки, Аллоҳ қиёмат кунида уларнинг ўртасини ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага шоҳиддир.
18. (Ей, Муҳаммад,) осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўп инсонларнинг (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одам)ларга эса (кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилса, бас, уни азиз қилувчи ёъқдир. Албатта, Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани қилур!(Сажда ояти)
19. Мана шу икки рақиб (мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг дини) хусусида талашдилар. Бас, кофир бўлганлар учун оловдан кийимлар бичилиб, бошларидан қайноқ сув қуюлур.
20. У (сув) билан уларнинг қоринларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур.
21. Улар учун темир гурзилар бордир.
22. Ҳар гал улар (дўзах) ғамидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар, (гурзилар билан урилиб) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): "Ёнғин азобини тотингиз!" (дейилур).
23. Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур.
24. Улар (бу дунёда) хуш сўзга ("Аллоҳ ягонадир", деган сўзга) ҳидоят қилинганлар ва ҳамд эгаси (Аллоҳ) ёълига ёълланганлардир.
25. Албатта, ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ ёълидан ҳамда Биз Макка аҳли учун ҳам, (хориждан) келувчилар учун ҳам баробар қилиб қўйган Масжидул-Ҳаромдан қайтарадиган кимсаларга ва у жойда зулм билан ёълдан чиқмоқчи бўлган кимсага аламли азобдан тотдириб қўюрмиз.
26. (Ей, Муҳаммад,) эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳ ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): "Менга бирор нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (намозда) тикка турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар (яъни, ҳожилар ва намозхонлар) учун поклагин!
27. Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин: улар сен сари пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ ёъллардан келурлар.
28. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар!
Изоҳ: Қурбонликни маълум белгиланган кунлари сўйиш шарт. Масалан, унинг вақти ҳанафий мазҳабимизда қурбон ҳайит кунининг бомдод намозидан сўнг учинчи куннинг шом намози вақти киргунга қадар давом этади.
29. Сўнгра кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва "Қадим Уй" (Каъба)ни тавоф қилсинлар!
30. (Иш) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни эъзозласа (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!
31. Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкур ишларни бажаринг). Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетгандекдир.
32. (Иш) шудир. Кимки Аллоҳ шиорлари (ҳаж қурбонликлари)ни ҳурмат қилса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир.
33. Сизлар учун уларда (қурбонликларингизда) маълум муддатгача манфаатлар бордир (яъни, ёълда уларни қўзилатиб, соғиб, миниб фойдаланиб кетишларингиз мумкиндир). Сўнгра "Қадим Уй" (Каъба) уларни сўйиш жойидир.
34. Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун - қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйин сунингиз ва итоат қилувчиларга хушхабар беринг!
35. Улар Аллоҳ зикр қилинганида диллари қўрқувга тушадиган, ўзларига етган балоларга сабр қиладиган, номозни мукаммал адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қиладиган зотлардир.
36. (Қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз! Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (жонлари чиққанда) улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, тиланчига ва сўраёлмай турган муҳтожга ҳам едиринглар! Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (чорва молларини) сизларга буйсундирдик.
37. Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин, у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!
38. Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур. Албатта, Аллоҳ барча хоин ва ношукрларни суймас.
39. Ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга мазлум бўлганлиги сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.
Изоҳ: Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) Маккада турган йиллари мушрик ва кофирлардан ҳар қанча азият чеккан, мусулмонлар турли тазйиқ ва зулму истибдодларга дучор бўлсалар ҳам куфр ва ширк аҳлига қарши жанг қилишга Аллоҳ рухсат бермаган, балки улар билан муросасозлик қилишга, сабр-қаноатли бўлишга буюрган. Ҳижратдан кейин эса қасос ёъли билан, мусулмонлардан зулман тортиб олинган мол-мулкларининг бир қисмини бўлсада қайтариб олишлари учун жанг қилишга изн берилди. Мазкур оятда шу ҳақда сўз бормоқда.
40. Улар ўз диёрларидан фақатгина "Раббимиз Аллоҳдир", деганлари учун қувилган эдилар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ ўзига (динига) ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва қудратлидир!
Изоҳ: Оятда бир дақиқ масалага ишорат бор. Қайсики, ўзга диндаги кишиларнинг ибодатхоналарини ҳам мусулмонларнинг масжидлари қаторида, ижобий маънода зикр этилмоқда. Хулоса шуки, мусулмонлар диёрида ғайрисломий ибодатхоналар бўлиб, уларда Аллоҳнинг зикри ёдланиб туриши табиий ҳоллардан биридек ифода этилган.
41. Улар (мусулмонлар), агар Биз уларни ер юзига ғолиб қилсак - намозни мукаммал адо этадиган, закотни берадиган, яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган зотлардир. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир.
42. (Ей, Муҳаммад,) агар улар (Макка мушриклари) Сизни ёлғончига чиқарсалар, (билинки) улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончига чиқарганлар.
43. Иброҳим қавми, Лут қавми ҳам худди шундай.
44. Мадян (шаҳрининг) аҳолиси ҳам (шундай қилдилар). Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен кофирларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг қаршилигим қандай бўлди?!
45. Зотан, қанчадан-қанча золим (кофир) бўлган ҳолларида Биз ҳалок қилган, томлари  (йиқилиб) ҳувуллаб қолган қишлоқ (шаҳар)лар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир.
46. Ахир, улар (Макка мушриклари) ер юзида сайр қилмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун онгли диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур.
47. Улар Сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган нақд) азобни қистайдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига сира хилоф қилмас. Дарвоқе, Раббингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисобингиздаги минг йилга баробардир.
48. Қанчадан-қанча золим (кофир) бўлган ҳолларида Мен муҳлат бериб қўйиб, сўнгра (азобим билан) ушлаган қишлоқ (шаҳарлар) бўлган. Менгагина қайтиш(ингиз) бордир.
49. Айтинг: "Ей, инсонлар, мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос".
50. Бас, имон келтирган ва эзгу ишларни қилганлар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир.
51. Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиришга уринган кимсалар эса, улар дўзах аҳлидирлар.
52. (Ей, Муҳаммад,) Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар қачон (ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон уни қироатига (бошқа нарсаларни) ташлаган (қўшган). Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир.
53. (Аллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида иллати бўлган (мунофиқлар), тошбағир кимсалар (кофирлар) учун синов сифатида (пайдо қилур). Дарҳақиқат, золим (кофир)лар узоқ ихтилофдадирлар.
54. Илм ато этилган кишилар эса у (Қуръон)нинг Раббингиз томонидан келган Ҳақиқат эканини билиб, унга имон келтиришлари, диллари у сабабли ихлосли бўлиши учун (Аллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат, Аллоҳ имон келтирганларни Тўғри ёълга ҳидоят қилувчидир.
Изоҳ:  52-53-54-оятлардан шайтоннинг ўтган пайғамбарлар қироатига ёъқ нарсаларни қўшиб чалғитганлиги, Муҳаммад (а.с.)ни эса чалғитолмаслиги маълум бўлади. "Мадорик тафсири"да, Пайғамбаримиз "ВанНажм" сурасини қироат қилаётганларида, чалғиб қироатни бошқача ўқиганлар, деган ривоят нотўғри эканини исботлаб, воқеа аслида бундай бўлгани айтилади: Пайғамбаримиз (а.с.) "Ван-Нажм" сурасини намозда ўқиётганларида 20-оятни ўқиб, бироз тўхталиб қолганлар. Шунда шайтон бир жумлани ўзи тўқиб, Пайғамбаримиз овозига ўхшатиб ўқиб, юборган. Буни эшитган баъзи намозхонлар Пайғамбар янглишди, деб ўйлаганлар. Шайтоннинг овози баъзида эшитилиб туриши исботланган. Масалан, Уҳуд жангида "Муҳаммад ўлдирилди" деб бақириб, мусулмонлар қалбига ғулғула солгани, Бадр жангида ҳам шу каби сўзлар билан фитна чиқармоқчи бўлгани Ислом тарихидан маълумдир.
55. Кофир бўлганлар, то уларга тўсатдан қиёмат келгунича ёки (бу) "туғмас" (туни бўлмас) Куннинг азоби келгунича, (Қуръон)дан шак-шубҳададирлар.
Изоҳ: Туғмас кундан мурод қиёмат куни ёки Бадр жангидаги мусулмонлар ғалабаси куни бўлиши мумкин.
56. У кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳникидир. Унинг ўзи улар ўртасида ҳукм қилур. Бас, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар ноз-неъмат жаннатларидадирлар.
57. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир.
58. Аллоҳ ёълида ҳижрат қилган, сўнгра қатл қилинган ёки вафот топган зотларни, албатта, Аллоҳ гўзал ризқ (мангу жаннат) билан ризқлантирур. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ўзи энг яхши ризқ берувчидир.
59. Албатта, (Аллоҳ) уларни ўзлари рози бўладиган жойга (жаннатга) дохил қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ билувчи ва ҳалимдир.
60. (Иш) шудир. Ким ўзига берилган уқубат баробарида ўч олса, сўнгра яна унга зулм қилинса, албатта, Аллоҳ у (мазлум)га ёрдам қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир.
61. Бунга сабаб Аллоҳ кечани кундузга киритиши (кечани қисқартириб, кундузни узайтириши) ва (аксинча) кундузни кечага киритиши ва ҳақиқатан, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи эканидир.
62. Бунга (яна бир) сабаб Аллоҳнинг ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (бут)лар эса айни ботил экани ҳамда Аллоҳнинг Ўзигина энг олий ва буюк зот эканидир.
63. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдиргач, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингизми?!  Дарҳақиқат, Аллоҳ лутфли ва хабардор зотдир.
64. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир ва ҳақиқатан, Аллоҳнинг ўзигина беҳожат ва ҳамд соҳибидир.
65. Аллоҳ сизларга ердаги нарсаларни ва денгизда Унинг амри билан сузаётган кемаларни бўйин сундириб қўйганини ҳамда ўзи осмонни ерга изнисиз қулаб тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.
66. У сизларга ҳаёт берган, сўнгра ўлим берадиган, сўнгра (қиёматда яна) ҳаёт берадиган зотдир. Дарҳақиқат, инсон ношукрдир.
67. Биз ҳар бир умматга қурбонлик қилиш (амалини) буюрганмиз - улар унга амал қилувчидирлар. Бас, (ей, Муҳаммад,) улар Сиз билан бу ишда сира тортишмасинлар! Сиз (уларни) Раббингизга даъват қилинг! Албатта, Сиз Тўғри ёълдадирсиз.
68. Агар улар Сиз билан мунозара қилсалар, айтинг: "Аллоҳ сизлар қилаётган (ёмон) ишларни жуда яхши билувчидир!"
69. Аллоҳ сизлар ихтилоф қилган нарсалар ҳақида ўртангизда қиёмат куни ҳукм қилур.
70. (Ей, Муҳаммад,) Сиз Аллоҳ осмон ва Ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйилган)дир. Албатта, бу Аллоҳга осондир.
71. Улар (Макка кофирлари) Аллоҳни қўйиб, У бирор ҳужжат туширмаган ва ўзлари ҳам билмаган нарсаларга ибодат қилурлар. Золимлар учун бирор ёрдамчи ёъқдир.
72. Қачонки, уларга Бизнинг аниқ оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлганларнинг юзларида инкор (аломати)ни сезурсиз. Улар, ўзларига Бизнинг оятларимизни тиловат қилаётган зотларга зўрлик қилишгача бордилар. (Уларга) айтинг: "Енди, Мен сизларга бундан ҳам ёмонроқ нарсани хабарини берайми? (У) Аллоҳ кофир бўлганларга ваъда қилган дўзахдир. Нақадар ёмон оқибат у!".
73. Эй, инсонлар, масал айтилди, бас, унга қулоқ тутингиз! - Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларинг, агар барчалари бирлашганда ҳам бир чивинни ярата олмаслар, агар чивин улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб этувчи ҳам, сўралувчи (бутлар) ҳам заифдирлар.
74.Улар Аллоҳнинг ҳаққоний равишда қадрламадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.
75. Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлар, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!
76. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни билур. Ва (барча) ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур.
77. (Ей, имон келтирганлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб яхшилик қилингиз - шоядки, нажот топсангиз.
Изоҳ: Бу оятдаги сажда қилишга қаратилган буйруқ ҳанафий мазҳабимиз бўйича намоздаги саждадир, тиловат саждаси эмас. Зеро, Исломнинг илк даврида мусулмонлар рукуъ ва саждасиз намоз ўқир эдилар."Рукуъ ва сажда қилингиз" деган иборадан "Намоз ўқингизлар" - деган буйруқни англаш ҳам мумкин.
78. Аллоҳ (ёъли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз! Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларларга гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон) да ҳам мусулмонлар деб атади. Бас, намозни мукаммал адо этингиз, закотни берингиз ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг хожангиздир. Бас, у Зот нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase