close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

074. Муддассир сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Эй, (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад),
2. туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, 
3. Раббингизни улуғланг, 
4. либосларингизни покланг, 
5. бутлардан йироқ бўлинг,  
6. (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг,
7. Раббингиз учунгина сабр қилинг! 
8. Қачонки, (қиёмат эълони учун) сур чалинганида, 
9. ана ўша кун қийин кундир. 
10. Кофирларга осон бўлмаган (кундир).  
11. (Эй, Муҳаммад,) Мен сўққабош қилиб яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!  
12. Мен унга кенг-мўл бойлик бердим.
13. Ҳозиру нозир ўғилларни ҳам. 
14. Яна унга (ҳаёт неъматларини) муҳайё қилиб қўйдим. 
15. Сўнгра у яна зийода қилишимни тама қилур. 
16. Йўқ! Чунки, у оятларимизга қаршилик қилувчи эди.  
17. Яқинда Мен уни баланд довонга дучор қилажакман.  
18. Чунки, у (Қуръон тўғрисида ёмон) фикр юритди ва ҳисобга олиб қўйди. 
19. Ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?! 
20. Яна ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?! 
21. Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради.  
22. Сўнгра (Қуръондан айб топа олмагач,) юзини тириштирди ва буриштирди. 
23. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр қилди.  
24. Бас, деди: "Бу (Қуръон) сеҳрнинг ўзидир.  
25. Бу айни башарнинг сўзидир". 
26. Яқинда Мен уни Сақар (жаҳаннам)да тоблайдурман. 
27. (Эй, Муҳаммад,) Сақарнинг нима эканлигини қаердан ҳам билар эдингиз?!  
28. У (бирор кофирни) қолдирмас ҳам, қўймас ҳам (балки куйдириб, азоб берур).  
29. (У) териларни қорайтириб куйдирувчидир.     
30. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик қилур).                 
Изоҳ: 19 рақами, шунингдек, бошқа оятларда ҳам учрайдиган турли рақамлардан кейинги вақтда ҳар хил илоҳий мўъжизаларни кашф этишга уринишлар рўй бермоқда.  Биз оятлар зимнида беҳад мазмун ва маънолар борлигини тўла тасдиқ этган ҳолда бизгача ёзилган ишончли тафсирларга тақлид қилган ҳолда рақамлардаги илоҳий сир-синоатлар ҳақида ортиқча сўз юритмадик. 
31. Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик ва Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саноқини (ўн тўққизта) қилдик. Токи китоб берилган кимсалар аниқ билгайлар ва имон келтирган зотларнинг имонлари янада зийода бўлгай ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўъминлар ҳам (бу хусусда) шак-шубҳа қилмагайлар. Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: "Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?" - дегайлар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (фаришталарнинг адади ва сифатини) Унинг Ўзигина билур. У (жаҳаннам) инсонлар учунгина бир эслатмадир.                
Изоҳ: Таврот ва Инжилда ҳам қўриқчи фаришталарнинг сони 19 деб қайд этилганига ишорат қилинмоқда.
32. Йўқ! Ойга қасам,  
33. ўтиб кетган тунга қасам, 
34. ёришиб келаётган тонгга қасамки,  
35. албатта, у (жаҳаннам) улкан (бало)лардан биридир. 
36. Инсонлар учун огоҳлантирувчи ҳамдир. 
37. (Албатта,) сизлардан илгарилаётган ёки чекинаётган кишилар учундир.                 
 Изоҳ: Илгарилаётган, яъни эзгулик сари; чекинаётган, яъни, куфр ва ёвузлик сари.  
38. Ҳар бир жон (эгаси) ўзи (дунйода) қилган амали билан гаровлидир.  
39. Фақат ўнг томон эгаларигина 
40. жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилурлар  
41. жиноятчи (кофир)лар ҳақида
42. (Улар дўзах аҳлига): "Сизларни Сақарга нима киритди?" (деганларида), 
43. улар айтурлар: "Бизлар намозхонлардан эмас эдик,   
44. мискин (бечора)га таом берувчи ҳам бўлмадик. 
45. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнқир эдик.
46. Жазо куни (Қиёмат)ни ёлғонга чиқарар эдик 
47. то аниқ нарса (ўлим) келгунича".  
48. Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас.  
49. Нега улар эслатмадан юз ўгирувчидирлар?!
50. Худди чўчиган эшакларга ўхшаб 
51. шердан қочиб.
52. Йўқ! Улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар. 
53. Йўқ! Балки, улар охиратдан қўрқмаслар.  
54. Йўқ! У (Қуръон) бир эслатмадир.  
55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма олур.  
56  Улар фақат Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма олурлар. У (Аллоҳ) тақвога аҳл (лойиқ) ва мағфират аҳли ҳамдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase