close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

075. Қиёмат сураси

Сурада қиёмат куни рўй берадиган ҳодисалар, қайта тирилишнинг ҳақлиги, ҳисоб-китоб, жазо ва мукофотлар, дунёпарастликнинг салбий оқибатлари, охиратда жаннат ичра Аллоҳ ўзи танлаган солиҳ бандаларига дийдорини кўрсатиши, ширк ва куфрда ўтганларнинг юзлари қорайиб кетиши, ўлим аччиғи ва бошқа маълумотлар баён этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қиёмат куни билан қасамёд этурман,
2. яна маломатчи нафс билан қасамёд этурманки, (қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз)!
3. Инсон унинг (чириб кетган) суякларини сира тўплай (тиклай) олмайди, деб Биздан гумон қилурми?!
4. Йўқ, Биз (ўша куни) унинг бармоқларини (ҳам тиклаб) текислаб қўйишга қодирмиз!
5. Балки, инсон келгусида фужур (гуноҳ ишларни) қилишни истайди.
6. «Қиёмат куни қачон ўзи?» – деб сўрайди.
7. Бас, (қиёмат даҳшатларидан) кўз қамашганда,
8. Ой ҳам тутилганда,
9. Қуёш ва Ой бирлаштирилганда,
10. ана ўша кунда инсон: «(Жазодан) қочадиган жой қаерда?» – деб қолур.
11. Йўқ! Бошпана йўқдир!
12. У кунда (эй, инсон!) Ёлғиз Раббинг (ҳузурида) қарор топишгина бордир.
13. У кунда инсонга (дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва қолдирган (барча) нарсаларнинг хабари берилур.
14. Балки, (у кунда) инсон (аъзолари) ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир.
15. Гарчи (у) узрларини (ўртага) ташласа ҳам.
16. (Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг*.
* Одатда Пайғамбар (а.с.) Қуръон суралари ва оятларини Жаброил (а.с.)дан қабул қилиб олганларидан кейин ўзларини қийнаб бўлса-да, ёддан чиқармаслик учун кўп такрорлар эдилар. Ҳақ таоло ул зотни бу машаққатдан озод этди. Бинобарин, Қуръон оятларини Жаброил (а.с.)дан бир эшитишларида ёд олиш қобилияти ато этилди.
17. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир.
18. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!
19. Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир.
20. Йўқ! (Эй, Макка мушриклари!) Балки сизлар нақд (дунё)ни яхши кўрасиз.
21. Охиратни (унга тайёрланишни) эса тарк этасиз.
22. У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи,
23. Парвардигорларига боқувчидир.
24. Яна у кунда баъзи юзлар буришган ҳолда
25. ўзларига нохушлик бўлишини ўйлаб (кутиб) турарлар.
26. Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганда,
27. (вaфот этaётганга): «Дам солувчи киши борми?» – деб қолинганда,
28. (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда,
29. (жон бериш қийинлигидан) оёқ – оёққа чалишиб қолган бир вақтда
30. ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир.
31. На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди (у) ва на намоз ўқиди.
32. Балки, у (Қуръонни) ёлғон деди ва (имондан) юз ўгирди.
33. Сўнгра гердайганича ўз аҳли томон кетди.
34. (Эй, кўрнамак инсон!) Ҳолингга вой сенинг, яна вой!
35. Сўнгра ҳолингга вой сенинг, яна вой!
36. Инсон ўзини бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими?!
37. Ахир, у (бачадонга) тўкиладиган манийдан иборат бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?!
38. Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, тиклади.
39. Сўнгра ундан жуфтлар – эркак ва аёлни (пайдо) қилди.
40. Ана шу (Аллоҳ қиёмат куни) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта қодир)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase