073. Муззаммил сураси
- Чоршанба, Авг 03 2022
- 209 марта кўрилди
“Муззаммил” – ўралиб олган, яъни бирор нарсадан қўрққан киши араблар одати бўйича кийим ёки тўшакларга ўралиб олар экан. Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам мушрикларнинг берган азиятларидан хафа бўлиб ўралиб ётганларида, шу суранинг оятлари нозил бўлган.
Унда Расул (а.с.)га Аллоҳ таоло тунги ибодат қоидаларидан таълим беради. Тунни фақат уйқу билан ҳам эмас ёки фақат ибодат билан ҳам эмас, балки ҳар иккисига ҳам маълум вақт ажратиш тўғрисида кўрсатма берилади. Қуръони каримни Жаброил (а.с.) оят-оят, сура-сура шаклида Пайғамбар (а.с.)га олиб келганида уни қабул қилиш жараёни қанчалик оғир кечса, улардаги аҳкомларни ҳаётга татбиқ этиш ундан-да оғир кечар эди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1.Эй, (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!)
2. Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!)
3. Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг!
4.Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!
5. Зеро, Биз Сизга оғир Сўзни (Қуръонни) туширажакмиз.
6. Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш фаолият жиҳатидан оғирроқдир, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир.
7.Албатта, Сиз учун кундузи (пайғамбарлик ишлари билан) давомли машғулот бордир.
8. Раббингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай ажралинг!
9.(У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, Унигина вакил (ҳимоячи) қилиб олинг!
10. Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга (озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарзда тарк этинг!
11. (Сизни) инкор этувчи (ўша) фароғат аҳлини Менга қўйиб беринг ва уларга озгина муҳлат беринг!
12. Ҳақиқатан, Бизнинг ҳузуримизда кишанлар ва дўзах бордир.
13. Яна (томоқдан) яхши ўтмайдиган (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир.
14. У кунда Ер ва тоғлар ларзага келар ва тоғлар тўзиб кетувчи қумтепаларга айланиб қолур.
15. (Эй, Макка аҳли!) Биз сизларга худди Фиръавнга пайғамбар юборганимиз каби устингиздан гувоҳлик берувчи пайғамбарни (Муҳаммадни) юбордик.
16. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш (жазолаш) билан ушладик.
17. Бас, агар сизлар кофир бўлсангиз, (ўз даҳшати билан) болаларни қаритиб, оқсочларга айлантириб қўядиган кун(нинг – қиёматнинг азоби)дан қандай сақланурсиз?!
18. У (даҳшат) сабабли осмон ҳам ёрилувчи, (Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошувчидир.
19. Албатта, ушбу (оятлар) эслатмадир. Бас, ким хоҳласа, (шу эслатмадан таъсирланиб) Парвардигори сари йўл тутар.
20. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверингиз! У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг! Намозни баркамол адо этингиз, закотни (ўз жойига) берингиз ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўрангиз! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.