close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

072. Жин сураси

Сурада бир гуруҳ жинлар тоифаси Расул (а.с.) ҳузурига келиб, Қуръон тиловатини тинглаб, сўнг имон келтирганлари, умуман, жинлар билан инсонлар ўртасидаги муносабатлар, уларнинг самовий ваҳийларга алоқаси ва бошқа маълумотлар ўз ифодасини топган.
Маълумки, Муҳаммад (а.с.) инсонларга ҳам, жинларга ҳам баробар пайғамбар этиб юборилганлар. Бинобарин, жинлар ичида ҳам мўминлари ва кофирлари, яхшилари ва ёмонлари бор. Энг ёвузлари шайтонлар деб аталади. Жинлар тутунсиз оловдан, фаришталар эса, соф нурдан яратилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (тиловатимни) эшитиб, (ўз қавмларига бориб) дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик.
2. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Раббимизга ҳеч кимни сира шерик қилмагаймиз.
3. Албатта, буюклиги олий бўлмиш Рабби-миз бирорта хотин ҳам, фарзанд ҳам тутган эмасдир.
4. Албатта, бизнинг ичимиздаги аблаҳ (иблис) Аллоҳ шаънига («Унинг хотини ва фарзанди бор», – деб) тутуриқсиз сўз айтар эди.
5. Яна инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига сира ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик.
6. Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар.
7. Албатта, улар (инсонларнинг кофирлари) ҳам худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ бирор кимсани қайта тирилтирмас, деб гумон қилганлар.
8. Бизлар (фаришталардан ваҳийни эшитиб олиш учун) осмонга дахлдор бўлган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта)лар ва (жинларга отилувчи учар) юлдузлар билан тўла эканини кўрдик.
9. Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга (фаришталар сўзларини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач) кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар.
10. Биз ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз.
11. Албатта, бизнинг орамизда яхшилар ҳам бор ва (шунингдек) орамизда ундан берироқлар (ёмонлар) ҳам бордир. Биз (бундан илгари) турли-туман йўлларда эдик.
12. Бизлар яна (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, Ер (юзи)да Аллоҳни ожиз қолдира олмасмиз ва Ундан (жазосидан) қочиб қутила олмасмиз.
13. Биз Ҳидоятни (Қуръонни) эшитдиг-у, унга имон келтирдик. Бас, кимки Парвардигорига имон келтирса, демак, у (яхшиликларнинг) камайиб қолишидан ҳам, (ёмонликларнинг) ортиб кетишидан ҳам хавфи бўлмас.
14. Орамизда мусулмонлар ҳам бор, (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас, кимки мусулмон бўлса, демак, айнан ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар.
15. Аммо (йўлдан) озганларга эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир».
16. Албатта, агар улар (тўғри) йўлда устувор турганларида, албатта, Биз уларни сероб қилган бўлур эдик.
17. Бу билан уларни синаган бўлур эдик. Кимки Парвардигорининг зикридан (Қуръондан) юз ўгирса, (У) уни қаттиқ азобга йўллар.
18.Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!
19. Яна Аллоҳнинг бандаси (Муҳаммад) Унга ибодат қилиб турганида, улар (жинлар Қуръон эшитиш учун) унинг устида ғуж-ғуж бўлиб йиғила бошладилар.
20. (Эй, Муҳаммад! Кофирларга) айтинг: «Мен фақат Раббимгагина ибодат қилурман ва Унга ҳеч кимни шерик қилмасман».
21. Айтинг: «Мен сизларга зарар ва (ёки) тўғри йўл (бериш)га молик эмасдирман».
22. Айтинг: «Албатта мени Аллоҳдан (яъни азобидан) бирор кимса ҳимоя қила олмас ва мен Ундан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман.
23. (Мен) фақат Аллоҳ томонидан етказишга ва Унинг элчилик вазифаларигагина (эгадирман). Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, албатта, унга жаҳаннам олови бордирки, (улар) ўша жойда мангу қолурлар.
24. Ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрганларидан кейингина кимнинг ёрдамчиси заифроқ ва саноғи ҳам озроқ эканини билажаклар».
25. (Эй, Муҳаммад! Кофирларга) айтинг: «Сизларга ваъда қилинаётган азоб яқинми ёки Раббим унга (узоқроқ) муҳлат қилганми, билмасман».
26. (У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас.
27. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар). Бас, албатта, У (Аллоҳ) (ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи (фаришта) йўллар.
28. Токи (пайғамбарлар) Парвардигорларининг элчилик вазифаларини (умматга) етказганликларини билиш (синаш) учун (шундай қилур). У (пайғамбарлар) ҳузуридаги (бор) нарсани (илм ва амалларни) иҳота қилиб олгандир ва (борлиқдаги) ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоблаб қўйгандир».

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase