093. Зуҳо сураси
- 640 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Сураи каримага ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. Зуҳо–чошгоҳ пайти маъносини англатади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Чошгоҳ билан қасам.
2. Сукунатга чўмган тун билан қасам.
3. Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади.
(Ушбу ояти карима мушриклар, Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди, деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушгандир.)
4. Ва, албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшидир.
5. Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан.
6. У сени етим топиб, жойлаб қўймадими?
7. Ва У сени ҳайрон топиб, ҳидоятга бошламадими?
8. Ва У сени камбағал топиб, бой қилмадими?
9. Аммо етимга қаҳр қилма.
10. Ва, аммо, «соил»га зажр қилма.
(«Соил» келганда–бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак.)
11. Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.