ЧАД РЕСПУБЛИКАСИ
- Пайшанба, Авг 18 2022
- 352 марта кўрилди
Майдони: 1 284 000 кв. км., аҳолиси: 8,7 миллион киши, пойтахти: Нжамена, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 14 та волийликдан иборат, йирик шаҳарлари: Сарх, Мунду, Абеше, пул бирлиги: африқо франки. Милоднинг еттинчи-саккизинчи асрларида Чад кўлининг шимоли ва шарқидаги ҳудудларга барбар қабилаларидан ҳисобланган загава халқининг кўчманчи чорвадорлари келиб ўрнашишди. Турмушини яхши йўлга қўйган келгиндилар туб аҳоли бўлмиш афсонавий со халқига ёқиб қолди. Ўтроқ деҳқончилик билан машғул қоратанли со халқи марказлашган давлатига эга бўлмай, ҳимояланган шаҳарларда яшарди. Загава халқининг бир гуруҳи томонидан саккизинчи асрда барпо қилинган Канем давлати Марказий Судандаги энг қудратли ва барқарор давлат тузилмасига айланди. Канемнинг ҳукмрон Сайфува сулоласи аъзолари со аёлларига уйланишди ва натижада ўн учинчи асрга келиб тахтга қоратанли ҳукмдорлар келишди. Сайфува сулоласи нафақат Канемга, балки унинг вориси бўлган Борну давлатига ҳам 1846 йилгача ҳукмронлик қилди. 11-асрда Канем ҳукмдорлари Исломни қабул қилганидан кейин у Марказий Суданнинг мусулмон маданияти марказига айланди. Йигирманчи аср бошларида мамлакатдаги ички низо ва тўқнашувлардан фойдаланган франсузлар бу ерга бостириб кириб, аввал ўз мустамлакасига, кейинчалик «денгизорти ҳудуди»га айлантиришди. 1960 йил 11 августда Чад мустақил давлат деб эълон қилинди. Аммо шундан кейин ҳам мамлакатга тинчлик-осойишталик насиб этмади: мустамлакачилар уюштирган фитна-ҳийлалар туфайли мамлакатда бошланиб кетган фуқаролик урушлари, исён ва қонли тўқнашувлар ҳозиргача тинмаётир. Мамлакат аҳолисининг салкам 60 фоизини мусулмонлар ташкил этади, қолганлари насронийлар ва мажусийлардир. Мусулмонларнинг асосий қисми Аҳли сунна вал жамоанинг моликия мазҳабига мансуб. Бир неча тасаввуф тариқатлари ҳам бор. Чад Ислом Конференсияси Ташкилотининг аъзосидир.