ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
- Чоршанба, Авг 17 2022
- 166 марта кўрилди
Майдони: 143,1 кв. км., аҳолиси: 6,2 миллион киши, пойтахти: Душанбе шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 2 та вилоят ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига бўлинади, йирик шаҳарлар: Хўжанд, Қўрғонтепа, Кўлоб, пул бирлиги: сомони. Тожикистон ҳудудида милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг биринчи ярмида қадимий Бақтрия давлати вужудга келган. 6-4-асрларда у форс Ахамонийлари, Македонияли Искандар ҳукмронлиги остида бўлди. 3-асрдан бошлаб Юнон-Бақтрия ва Кўшон подшоҳлиги тасарруфида. Милоднинг 8-асрида келган араб фотиҳлари ўлкада Ислом динини ёйишди. 9-10-асрларда мамлакат Тоҳирийлар ва Сомонийлар давлати таркибида бўлган, тожик халқининг шаклланиши асосан шу даврларга тўғри келади. 10-13-асрларда у Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразм давлатлари ҳукмронлигида бўлди. Кейин мўғуллар босиб олди, сўнгра 15-асргача Темурийлар давлатига қўшилди. 16-асрдан бошлаб Бухоро хонлиги ва майда феодал давлатлар таркибида бўлди. 1868 йилда ҳудудининг бир қисми Россияга қўшиб олинди. 1918 йил охирида бутун мамлакат советлар қўлига ўтди. 1924 йил 14 октябрда Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон АССР ташкил этилди, 1929 йил 5 декабрда СССР таркибида Тожикистон ССР вужудга келди. 1991 йил 9 сентябрда Тожикистон республикаси мустақилликка эришди. Мамлакат аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардир, уларнинг кўпчилиги ҳанафий мазҳабида, 5 фоизи эса шиалар. Тожикистон Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзосидир.