Савоб йўллагандан кейин йўлловчига ҳам тўлиқ савоб етади
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан бирортангиз нафл садақа қилса, уни ота-онаси номидан қилсин. Шунда, ота-онасига ҳам унинг ажри бўлади ва унинг ўзига берилган ажрдан ҳам бирор нарса камайтирилмайди” (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадис савоб йўлловчига ҳам тўлиқ савоб етишига далолат қилади. Буни Саҳиҳи Муслимдаги қуйидаги ривоят ҳам қўллаб қувватлайди:
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“.....Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Муслим ривояти).
Бу ҳадис, бошқаларга савоб йўллаш билан савоб йўлловчининг савоби камайиб қолмаслигини қўллаб қувватлайди. Табароний ҳадисида ўзгаларга қасдан савоб йўллаш айтилган бўлса, Муслим ҳадисида қасд қилмасада савоб етиб туришлиги айтилган.
“Нафл тарзда садақа қилаётган киши учун афзали барча мўмин ва мўминаларни ният қилишидир. Чунки, унинг ажридан бирор нарса камаймаган ҳолатда уларга ажр етади” (Раддул муҳтор).
Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу борада шундай деганлар: “Маънавий нарсалар шундайки, аввалги маҳалдан иккинчи маҳалга йўллаш билан аввалги маҳалдан зоил бўлмайди. Бу нарса илм олиш, файз ҳосил қилишда очиқ ойдин кўзга ташланади. Моддий нарсаларнинг хилофи ўлароқ. Уларни ҳиба қилгандан кейин ҳиба қилувчи қўлида ундан бирор нарса қолмайди” (Камолоту ашрафия, Баводирун наводир, Имдодул фатаво).