close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исми аъзам қайси сураларда келган?

 

 

 

“Исми аъзам” бирикмаси “энг улуғ исм” маъносини англатади. Аллоҳ таоло исмларининг энг улуғи исми аъзам, дейилади. Кимда-ким исми аъзам билан Аллоҳга илтижо қилса, дуоси мустажоб бўлади.
Исми аъзам ҳақида турли ривоятлар бор. Жумладан, Асмоъ бинти Язид розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг исми аъзами мана шу икки оятдадир: Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қойювм ва илааҳукум илааҳув вааҳид”, деб айтганларини эшитганман ”.
Оятул курсий Бақара сурасининг 255-ояти. “Илааҳукум илааҳув-вааҳид” эса мазкур суранинг 163-оятидир. Бу оятларда “Ал-Ҳайй”, “Ал-Қайюм”, “Ал-Алий”, “Ал-Азим”, “Ар-Раҳмон”, “Ар-Раҳим” сифатлари зикр этилган.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг исми аъзами учта сурада: Бақара, Оли Имрон ва Тоҳа ”.
Бу ҳадис ровийси Абу Умома розияллоҳу анҳу Бақара, Оли Имрон, Тоҳа сураларидаги Аллоҳнинг гўзал исмларини қидириб, “Ал-Ҳайюл қайюм” исми аъзам эканини аниқлаган .
Ривоят қилинишича, бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу олдида Бақара билан Оли Имрон сурасини қироат қилди. Шунда Абдуллоҳ: “Сен ўқиган икки сурада Аллоҳнинг исми аъзами бор. Агар ўша исм билан дуо қилинса, сўралган нарса шубҳасиз берилади”, деди .
Абу Муниб амакисидан ривоят қилишича, бир киши Бақара ҳамда Оли Имрон сураларини ўқиди. Намозини тугатганидан кейин Каъб унга шундай деди:
– Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқидингми?
Ҳа.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бу икки сурада Аллоҳнинг исми аъзами бор. Агар ўша исм билан дуо қилинса, сўзсиз ижобат бўлади.
– Ўша исмни менга ҳам ўргат!
– Йўқ, айтмайман. Агар айтсам, мени ҳам, ўзингни ҳам ҳалок этадиган дуо қилиб қўйишинг мумкин .
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон киши Зуннун  наҳанг қорнида туриб, “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуоси билан сўраса, Аллоҳ унга ижобат этади”, дедилар ”.
Ривоят қилинишича, Расули акрам алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Мен сизларга Аллоҳнинг исми аъзами қайси эканини айтайми? Бу Юнуснинг: “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуосидир. Қайси бир мусулмон (банда) ўша (калималар) билан касаллиги вақтида қирқ кун Парвардигорига дуо қилса, унга шаҳидлик ажри берилади. Агар тузалиб кетса, гуноҳлари мағфират этилган ҳолида соғаяди ”.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг: “Аллоҳумма инний асъалука анний ашҳаду аллаа илааҳа иллаа антал аҳадус сомад, аллазий лам ялид ва лам ювлад ва лам якул лаҳув куфуван аҳад”, деб дуо қилаётганини эшитиб: “Сен у билан сўралса бериладиган, у билан дуо қилинса, албатта ижобат этиладиган (Аллоҳнинг) исми (аъзами) билан дуо қилдинг”, дедилар .
Дуонинг таржимаси: “Ё Аллоҳ, Сендан ўзга илоҳ йўқ, фақатгина Сен борлигингга гувоҳлик бераман, Сен Яккаю Ёлғизсан, туғмагансан, туғилмагансан, Сенга ҳеч ким тенг кела олмайди, дея (гўзал исмларинг билан дуо қилиб) сўрайман”.
Мана бу ривоят ҳам эътиборга молик. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Бурайда тунда кўчага чиққанди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни учратиб қолдилар, қўлидан ушлаб масжидга олиб кирдилар. У ерда бир киши қироат қилаётгани эшитилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни риёкор деб ўйлайсанми?” дедилар. Бурайда жавоб бермади. Ўша киши “Аллоҳумма инний асъалука бианний ашҳаду аннака анталлоҳуллазий лаа илааҳа иллаа антал аҳадус сомад, аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якул лаҳув куфуван аҳад”, деб дуо қила бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бу киши у билан сўралса бериладиган, у билан дуо қилинса ижобат этиладиган Аллоҳнинг исми аъзами ила дуо қилди”, дедилар. Эртасига тунда Бурайда яна кўчага чиқди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни учратиб қолдилар, қўлидан ушлаб масжидга олиб кирдилар. Қарашса, ўша киши яна қироат қилаётган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни риёкор деб ўйлайсанми?” дедилар. Бурайда: “Ўзингиз уни риёкор деб ўйлайсизми, ё Расулуллоҳ?” деб сўради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, у дуо қилувчи мўминдир, илтижо этувчи мўминдир!” дедилар. Шу пайт масжид ёнида Ашъарий қироати эшитилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашъарийга (ёки Абдуллоҳ ибн Қайсга) Довуд найларидан бири берилган”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, буни унга айтайми?” деб сўрадим. У зот: “Ҳа, айт”, дедилар. Мен бу хабарни унга етказдим. Шунда Ашъарий: “Сен менинг дўстимсан, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтдинг!” деди ”.
Исми аъзам ҳақида қирққа яқин қавл бор. Ибн Ҳажар Асқалоний: “Улар ичида “Аллоҳу лаа илааҳа илла ҳувал аҳадус сомад, аллазий лам ялид ва лам ювлад, ва лам якул лаҳув куфуван аҳад” санад жиҳатидан рожиҳидир (яъни, афзали, тўғрироғи)”, деб айтган .
Хуллас, уламолар исми аъзам айнан қайси исм экани борасида бир тўхтамга келишмаган. Баъзилар “Аллоҳ” исми аъзам, деса, бошқалар “Ал-ҳайюл қайюм”ни ёки “Робби”ни исми аъзам деб ҳисоблашган. Бунинг ҳикмати айнан бир исмга боғланиб қолиб, қолганларини тарк этмасликда бўлса ажаб эмас.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase