close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кофирун ва Наср суралари фазилати

 

 

 

“Кофирун” сўзи “кофирлар” маъносини билдиради.
Ислом дини кучайиб кетаётганидан хавотирга тушган кофирлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Эй Муҳаммад, кел, биз сенинг худойингни тан олиб, унга ибодат қилайлик, сен ҳам бизнинг бутларимизга сиғин”, деган таклифни ўртага ташлашди. Уларга жавобан Кофирун сураси нозил қилинди.
Сурада ғайридинларнинг бундай найрангларига учмаслик лозимлиги таъкидланган, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирилган.
“Наср” сўзи “ёрдам” маъносини англатади.
Наср сурасида Ислом равнақ топиб, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб динга кириши Аллоҳнинг улуғ неъматларидан экани баён этилган. Бунинг учун Аллоҳга шукрона сифатида ҳамд, тасбеҳ, истиғфор айтишга тарғиб қилинган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобадан:
– Эй фалончи, оила қурдингми? – деб сўрадилар.
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, уйланишга имконим йўқ, – деб жавоб берди у.
– Ихлос сурасини биласанми?
– Ҳа.
– Бу сура Қуръоннинг учдан бири(га тенг).
– Наср сурасини биласанми?
– Ҳа, биламан.
– У Қуръоннинг тўртдан бири(га тенг).
– Кофирун сурасини биласанми?
– Ҳа.
– Бу сура Қуръоннинг тўртдан бири(га тенг).
– Залзала сурасиниям биласанми?
– Ҳа, биламан.
– Залзала Қуръоннинг тўртдан бири(га тенг). Шундай экан, уйлан, уйлан .
Демак, Залзала, Кофирун, Наср суралари Қуръоннинг тўртдан бирига, Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг экан.
Бу ерда Қуръон сураларини келинга ўргатиб қўйишни маҳр этиб уйланиш хусусида сўз кетмоқда. Расули акрам – маҳр беришга қурби етмайдиган – айрим саҳобаларни шундай йўл тутишга ундаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Залзала сурасини ўқиса, (савоби ёки маъноси) Қуръоннинг ярмига тенг бўлади. Ким Кофирун сурасини ўқиса, Қуръоннинг тўртдан бирига тенг бўлади. Ким Ихлос сурасини ўқиса, Қуръоннинг учдан бирига тенг бўлади”, деб марҳамат қилганлар .
Тийбий айтади: “Қуръонда яратилиш, қайта тирилиш хабари келган. Залзала сурасида қайта тирилиш баён этилган. Шу сабаб мазкур сура Қуръоннинг ярмига тенг ”.
Кофирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг эканини қуйидагича тушунамиз: Қуръонда тавҳид, нубувват, дунёда содир бўладиган ишлар ҳукми, охират аҳволи зикр этилган. Кофирун сурасида тавҳид масаласи баён қилинган.
Ихлос сураси ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикр айтилган. Қуръон илмлари учта: тавҳид илми, шариат ҳукмлари илми, ахлоқни сайқаллаш илми. Ихлос сураси тавҳид илмини қамраб олган.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase