close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Такосур сураси фазилати

 

 

 

“Такосур” сўзи “кўпайтириш” маъносини билдиради. Сурада мол-дунё тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга вақт “тополмай” қолган дунёпараст кишилар қораланган. Улар ҳақиқатни билганларида бундай қилмасликлари айтилган. Шунингдек, ҳар бир банда ўзига берилган неъматлар ҳақида қиёмат куни сўралиши таъкидланган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Орангизда бирон киши ҳар куни Қуръондан минг оят ўқий оладими? – деб сўрадилар.
– Бу иш кимнинг ҳам қўлидан келарди?! – дейишди одамлар. Шунда у зот:
– Биронтангиз Такосур сурасини ўқишга ҳам қодир эмасми? – дедилар .
Бу ҳадис икки хил изоҳланган:
1. Такосур сурасини тиловат қилган одамга минг оятни ўқиш савоби берилади.
2. Бу сура дунё зийнатларини тарк этиш, охиратга – кўзи билан кўриб тургандек – аниқ ишонишда минг оятга тенг .
Такосур сурани қунт билан ўқиган киши фоний дунё матоҳларига берилмайди, бойликка қул бўлмайди, ғафлат уйқусидан уйғонади, сергак тортади, дунё ўткинчи эканини англаб етади, умр сувдек оқиб ўтиб кетишини ёдга олади, ўзига берилган ҳар бир неъмат ҳақида куни келиб ҳисоб беришини эслайди. Шу хусусда фикр юритган одам гуноҳ ишларни тўхтатади, қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳиси пайдо бўлади. Такосур сурасини ўқиган инсон ўлимни эслайди, охират ҳақида ўйлайди, ҳаёт моҳиятини англаб етади.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Мен сизларга Такосур сурасини ўқиб бераман. Ким йиғласа, унга жаннат (вожиб) бўлади, – деб сурани қироат қилдилар. Орамиздан кимдир пиқ-пиқ йиғлади. Бошқаларнинг кўзидан ёш чиққани йўқ. Йиғламаганлар шундай дейишди:
– Ё Расулуллоҳ, биз йиғлашга ҳаракат қилдик. Лекин ҳарчанд уринмайлик, уддасидан чиқолмадик!
– Мен сизларга бу сураси яна бир бор ўқиб бераман. Ким йиғласа, унга жаннат (вожиб) бўлади. Йиғлолмаганлар йиғини ўзига лозим тутсин.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase