close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳақиқий тиловат шарти

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимга илми фойда бермаса, илмсизлиги унинг зарарига ишлайди. Сен Қуръон ўқи, у сени (гуноҳдан) қайтарсин. Агар Қуръон ўқиб туриб ҳам гуноҳдан тийилмасанг, унда Қуръон ўқимабсан”, деганлар .
Илм чўққисини забт этиш осон эмас. Илм олиш игна билан қудуқ қазиш билан баравар. Илм олишнинг фойдаси кўп. Лекин кимда-ким заҳмат чекиб илм ўрганса-ю, илмига амал қилмаса, ўзига зиён. Қуръон тиловатида ҳам шундай. Қуръон ўқигандан кейин Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганларидан тийилиш керак. Акс ҳолда қироатдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук йили уловларига суянган ҳолда одамларга хутба қилиб: “Одамларнинг энг яхшиси ва энг ёмони кимлигини айтайми? Одамларнинг энг яхшиси умри охиригача отида ёки туясида ё бўлмаса, пиёда юриб Аллоҳ йўлида амал қиладиган кишидир. Одамларнинг энг ёмони Аллоҳнинг Китобини ўқиб туриб ундаги бирон нарсага риоя этмайдиган фожир кимсадир”, дедилар ”.
Қуръон ўқиш кишининг яхши инсон бўлишига етарли эмас. Қуръон ўқиб туриб ҳам энг ёмон одам бўлиб қолиш мумкин экан. Бунинг сабаби бор, албатта. Банда оламлар Парвардигори Каломига, ундаги ҳукмларга бепарво бўлгани учун шундай аҳволга тушади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳга итоат этса, гарчи намози, рўзаси, Қуръон тиловати кам бўлса ҳам У Зотни эслаган бўлади. Ким Аллоҳга исён қилса, гарчи намози, рўзаси, Қуръон тиловати кўп бўлсаям Парвардигорини унутган бўлади ”.
Аллоҳни эслаш фақат тил билан бўлмайди. Бир одам эртаю кеч Аллоҳни зикр қилса-ю, аммо Парвардигори буюрган ишнинг тескарисини қилса, ҳалиги одам ҳақиқий зокир эмас.
Хуллас, ҳаммаси бир-бирига боғлиқ: аввало, Қуръон ўқиш, ўқиганини уқиш керак. Тушунганини ҳаётга татбиқ этиш матлубдир. Ким мана шу шартларни бажарса, дунёю охиратда мартабаси улуғ бўлади, қиёмат куни Қуръон шафоатига эришади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase