close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қироати мақталган саҳобалар

 

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим саҳобалар тиловатини мақтаганлар. Пайғамбаримиздан мақтов эшитган қори саҳобалар Ислом умматининг юлдузлари, ҳар соҳада ибратли инсонлар бўлишган. Улар ҳақидаги ривоятлар оғиздан-оғизга ўтиб, тилларда достон бўлган. Жумладан, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй, Абу Мусо! Сенга Довуд оиласи найларидан бири берилган экан!” деб айтганлар .
Довуд алайҳиссаломнинг овози жуда чиройли бўлган. Ривоят қилинишича, у зот Забурни ўқиганида ўзи ҳам йиғлаб, атрофдагиларни ҳам юм-юм йиғлатарди. Қуруқликдаги, денгиздаги барча жонзотлар жим туриб қироатини эшитар, кўз ёш тўкарди .
Довуд алайҳиссалом қироати ҳақида Қуръонда шундай дейилган: “Тоғларни, қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчимиз” (Анбиё сураси, 79-оят ).
Аллома Ибн Касир айтади: “Довуд алайҳиссалом Забурни жудаям чиройли овозда ўқирди. Забурни тиловат қилса, осмонда учиб кетаётган қушлар жойида тўхтаб қолиб унга соме бўлар, пурвиқор тоғлар Довуд алайҳиссаломга ижобат этарди. Шу сабаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу кечаси Қуръон ўқигаётганини эшитиб: “Бу кишига Довуд оиласи найларидан (яъни, чиройли овозидан) берилгани экан!” деб айтганлар ”.
Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда қироатимни эшитибдилар. Тонг отганда: “Эй, Абу Мусо! Кечаси қироатингни тингладим. Сенга Довуд оиласи найларидан бири берилган экан!” дедилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, ўша ердалигингизни билганимда, янаям чиройли ўқирдим!” деб айтдим ”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, одамлар Абу Мусонинг уйида тўпланишди. У Қуръон ўқий бошлади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Ё Расулуллоҳ! Абу Мусо уйида қизиқ иш қиляпти. Одамлар унинг атрофини ўраб олишган. Абу Мусо уларга Қуръон ўқиб беряпти!” деб хабар қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч ким кўрмайдиган жойга ўтириш имкони борми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ уйларидан чиқдилар. Ҳалиги одам у зотни ҳеч ким кўрмайдиган жойга ўтқазди. Набий алайҳиссалом Абу Мусонинг қироатини тингладилар. Кейин: “У Довуд оиласи найларидан бирида ўқияпти”, деб қори ҳақига мақтов айтдилар .
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусони кўриб қолса: “Эй, Абу Мусо! Бизга Парвардигоримизни эслат”, дерди. Абу Мусо унинг олдида Қуръон ўқирди .
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Тунларнинг бирида хуфтон намозидан сўнг бироз ҳаяллаб қолдим. Кейин уйга қайтдим. Расулуллоҳ:
– Қаерда эдинг? – деб сўрадилар.
– Саҳобаларингиздан бирининг қироатини эшитаётгандим. Унинг қироатига ўхшаш (гўзал) қироатни бирон кишидан эшитмаганман, – дедим.
Шунда Расулуллоҳ турдилар. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги киши тиловатига қулоқ солдилар. Кейин:
– Бу Абу Ҳузайфанинг озод қилган қули Солим. Умматим орасида шундай кишиларни чиқарган Аллоҳ ҳамду санога энг муносиб Зотдир! – дедилар .
Исломнинг адолат дини эканини қаранг! Аввал қул бўлиб, кейин озод этилган одам Қуръонни чиройли ўқигани учун Аллоҳнинг суюкли Пайғамбари алайҳиссалом олқишига сазовор бўлмоқда...
Ривоят қилинишича, Ҳазрат Абу Бакр билан Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни нозил қилинганидек (асл ҳолида) ўқишни истаса, Ибн Умму Абднинг қироатига мувофиқ ўқисин!” деганларини эшитишган. Кейин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг уйига бориб, унга хушхабарни етказишган .
Бу воқеа тафсилотини Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан эшитамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мен ҳамда Абу Бакр бирга кетаётганимизда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Қуръон ўқиётгани эшитилди. Расулуллоҳ тиловатни тингладилар. Шундан кейин Абдуллоҳ руку, сажда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Абдуллоҳга):
– Сўра, сенга берилади. Дуо қил, тилагинг бажо этилади, – дедилар .
Пайғамбар алайҳиссалом шундан сўнг кетдилар. Кейин:
– Қуръонни нозил қилинганидек ўқиш кимни хурсанд қилса, Ибн Умму Абд қироатига мувофиқ ўқисин! – дедилар.
Атроф зим-зиё бўлишига қарамай Расулуллоҳ айтган гапни Абдуллоҳга етказиб, кўнглини кўтариш учун йўлга чиқдим. Бориб эшигини тақиллатдим. Овозимни эшитиб:
– Нима учун шу маҳалда келдинг? – деб сўради.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган башоратни етказиш учун.
– Абу Бакр сендан аввал келиб менга хабар берди.
– Агар шундай бўлса, яна ўзиб кетибди. Биз қайси бир амалда беллашмайлик, нуқул Абу Бакр ғолиб чиқаверади! – дедим.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase