close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни чиройли тиловат қилиш

 

 

 

Киши Қуръонни иложи борича чиройли ўқишга ҳаракат қилади. Қуръоннинг ўзига хос оҳанги  бор, лекин ёқимли овоз Каломуллоҳнинг таъсирчанлигини янада оширади. Ҳаммага бирдек ёқадиган сас ила қилинган тиловат қалбнинг туб-тубига етиб боради, кишини ўзига мафтун этади, дилини мисоли мумдек эритади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни тағанний қилмаган биздан эмас”, деганлар .
Уламолар “Қуръонни тағанний қилиш”ни қуйидагича тушунтиришган:
1. Қуръон билан кифояланиш, бошқа нарсадан беҳожат бўлиш .
2. Қуръонни маҳзун овозда тиловат қилиш .
3. Қуръонни имкон қадар чиройли ўқиш .
4. Қуръон тиловати, илмлари билан машғул бўлиш.
5. Қуръон қироатидан баҳра олиш.
Жумҳур уламолар “тағанний”дан мурод Қуръонни чиройли овозда ўқиш эканини айтишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ Пайғамбарнинг Қуръонни тағанний қилиб ўқиганини эшитганичалик бошқа нарсани тингламаган ”.
Қироат қилаётган одам, “Аллоҳга Қуръон ўқиб бераяпман”, деб фараз қилсин. Зеро, “Аллоҳ қироатимни эшитиб турибди”, деб ишонган инсон қалбида ихлос пайдо бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қуръонни овозингиз билан зийнатланг ”.
Ҳадисда Қуръонни чиройли тиловат қилиш лозимлиги айтилмоқда. Чунки гўзал Сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Қуръони каримнинг хуш овоз билан ўқилиши одамларда Каломуллоҳни эшитишга қизиқишни орттиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни овозингиз билан зийнатланг! Зеро, гўзал овоз Қуръонни янада чиройли қилади”, деб айтганлар .
Киши Қуръонни имкон қадар чиройли ўқийди, лекин ўзича турли оҳангга солмайди. Аслида тажвид қоидаларига амал қилинса, Қуръоннинг соф илоҳий савти (оҳанги) келиб чиқади. Қуръонни чиройли ўқийман деб, қандайдир оҳангга солиши шарт эмас. Тажвид қоидаларига амал қилиб ўқилса бўлгани.
Уламолар тажвид қоидаларини бузиб, хато ўқишдан қаттиқ қайтаришган. Каломуллоҳни ўқиш қоидаларига амал қилмасдан, ҳар хил қўшиқ ва ғазаллар оҳангида ўқиш гуноҳдир. Ҳанафий мазҳабининг етук уламоларидан бири Мулла Али Қори “Мирқотул мафотиҳ” китобида айтишича, Қуръонни оҳангга солиб тиловат қилиш жоиз эмас.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Овозларингизни Қуръон билан зийнатланг”, дейилган .
Баъзи уламолар бу ҳадисни далил қилиб, “Қуръони карим овоз билан зийнатланмайди, аксинча овоз Қуръон билан зийнатланади”, деб айтишган. Улар, “Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи, ҳар жиҳатдан мукаммалдир. Биз қироат билан овозимизни гўзаллаштирамиз”, дейишган. Бироқ, Қуръонни овоз билан зийнатлаш ҳақида келган ривоятлар чиройли овоз Қуръоннинг зийнатини янада оширишига далилдир .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг зийнати бор. Қуръоннинг зийнати – чиройли овоз ”.
Хулқ-атвор, чиройли сиймо инсон кўрки саналади. Қуръоннинг чиройини янада зиёда қилувчи нарса гўзал овоздир.
Ривоят қилинишича, Ҳайсам Форсий тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрди. У зот: “Қуръонни овози билан зийнатлайдиган Ҳайсам сенмисан?” деб сўрадилар. Ҳайсам: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин!” дея ҳақига дуо қилдилар .
Алқама ибн Қайсдан ривоят қилинади: “Мен Қуръонни чиройли ўқирдим. Аллоҳ менга шундай неъматни берганди. Ибн Масъуд олдимга одам жўнатарди. Унинг олдига бориб Қуръон ўқиб берардим. Қироатни тугатганимда, Абдуллоҳ: “Яна ўқи, ота-онам сенга фидо бўлсин! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чиройли овоз Қуръоннинг зийнатидир”, деганларини эшитганман”, деб айтарди ”.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase