close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръонни ҳажр қилманг!

Арабча “ҳажр” сўзи “узоқлашиш”, “тарк этиш”, “юз ўгириш” маъноларини англатади. Бизда бу сўз (яъни, “ҳажр”, “ҳижрон” калимаси) кўпроқ “айрилиқ” маъносида қўлланади .
Қуръони каримда шундай дейилган: “Пайғамбар: “Эй Парвардигорим, ҳақиқатан, менинг қавмим бу Қуръонни ҳажр қилди”, деди” (Фурқон сураси, 30-оят).
Қурайш қабиласи Қуръонни тарк этди, Аллоҳнинг Каломи эканини тан олмади, уни “сеҳр”, “шеър”, “аввалгилардан қолган афсоналар”, деб туҳмат қилди. Бу ҳам етмаганидек, улар одамларни Қуръон эшитишдан тўсишди. Ўзлари ҳам кўп ҳолларда бунга хоҳиш билдиришмади. Нима қилиб бўлсаям Қуръондан юз ўгириш пайида бўлишди.
Уламолар айтишича, Қуръонни ҳажр қилиш, деганда:
1. Қуръонни инкор этиш;
2. Қуръон ўқимаслик;
3. Қуръон эшитмаслик;
4. Қуръон маъноларини тушунишга ҳаракат қилмаслик;
5. Қуръонда буюрилган амалларни тарк этиш, Қуръон қайтарган гуноҳлардан тийилмаслик;
6. Қуръон билан даволанмаслик тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон ўқинглар! Унда ғулувга кетманглар , ундан узоқлашманглар , (Қуръон) орқасидан еманглар, (Қуръон) сабабидан кўпайтирманглар ”.
Бу ерда Қуръон ўқишни тарк этмаслик, Қуръонни мол-дунё кўпайтириш воситаси қилиб олмаслик таъкидланмоқда.
“Унда ғулувга кетманглар, ундан узоқлашманглар!” жумласи Қуръон ўқиш бобида ҳам ўртача бўлиш кераклигини билдиради. Бундан чиқди, Қуръон ўқиш учун маълум вақт ажратилади. Туну кун қироат билан машғул бўлиш ҳам, йиллаб Қуръон ўқиймай юриш ҳам маъқул эмас. Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир. Мўмин банда Қуръон ўқишда меъёрни билади. Лекин, Қуръонни кўп ўқиш билан қироатда ғулувга кетиш орасида фарқ бор. Қуръонни кўп ўқиш имкони бўлди дегунча кўпроқ тиловат билан машғул бўлишдир. Бошқа муҳим ишларни (тирикчиликни, оиласи таъминотини) тарк этиш ҳисобига Қуръон ўқиган одам ғулувга кетган бўлади. Бу нарса кишининг касб-корига халал беради. Расулуллоҳ ҳар соҳада мўътадил бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Сочига оқ оралаган мусулмонни, ғулувга кетмаган, (Каломуллоҳдан) юз ўгирмаган Қуръон ҳомилини, адолатли султонни ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлаш сирасига киради”, дейилган .
Ҳар бир мўмин-мусулмон банда Қуръонни ўқиб-ўрганиши талаб этилади. Буни бир-икки марта эмас, кунда-кунора қилинади. Чунки Қуръон банданинг ҳаётий дастуридир. Банда Қуръон ўқиб, нима яхшию нима ёмонлигини билиб олади. Қуръонни ҳажр қилган кимса улуғ ажр-савобдан қуруқ қолади, қалб хотиржамлигидан, жаннатдаги юқори мартабадан мосуво бўлади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase