close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хатми Қуръондан кейин яна бошидан ўқиш хосияти

Эътибор берсангиз, муборак рамазон ойида Қуръон хатм қилаётган қорилар Нос сурасини ўқиб бўлиб, Фотиҳа сурасини, кейин Бақаранинг аввалги оятларини тиловат қилишади. Бунинг қандай хосияти борлигини биласизми?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши:
– Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳ учун энг севимли? – деб сўради.
– Манзилга тушиши билан қайта жўнайдиган (одамнинг амали), – дедилар у зот.
– Тушиши билан қайта жўнайдиган (одам) ким?
– Қуръонни бошидан охиригача ўқиб келиб, тугатиши билан қайтадан бошлайдиган (киши)дир .
Бу ҳадис икки хил изоҳланган:
1. Қори Қуръондан бирон сурани ўқиб тугатиши билан дарров кейингисига ўтади;
2. Қуръонни тўлиқ хатм қилгандан кейин яна бошидан ўқишни бошлайди.
Кўпчилик уламолар иккинчи изоҳни маъқуллашган.
Муҳаммад ибн Наср “Қиёмул лайл” китобида келтиришича, тушиши билан қайта жўнайдиган одам кимлиги сўралганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қуръонни аввалидан ўқишни бошлаб, охиригача хатм қилган, охирини ўқиб бўлиб, аввалига улаган кишидир”, деб жавоб берганлар.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нос сурасини ўқиб, кетидан Фотиҳани, сўнг Бақара сурасининг “ва улааика ҳумул муфлиҳувн” деган жойигача қироат қилардилар. Кейин дуо қилардилар .
Қуръон ўқишнинг савоби жуда улуғ. Мусулмон киши доим Қуръон ўқиса, маъноларини тушунса, улуғ фазилатга эришади. Шу сабаб, одатда, Қуръон хатм қилинганда Нос сурасидан кейин Бақара сурасидан беш-ўн оят ўқилади. Бу иш Қуръонни муттасил ўқиш, Қуръонга ошно бўлиш белгисидир. Зотан, Қуръон тиллардан тушмай ўқилар экан, Аллоҳ бандаларидан рози бўлади. Қуръон тиловат қилинадиган юртдан файз-барака аримайди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase