close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон – бахиллик иллатига шифо

Бахиллик кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббат риштасини узади. Зиқна одамнинг бировга сариқ чақаям бергиси келмайди. Бу нарса камбағаллар қалбини хасис кимсага нисбатан чексиз адоватга тўлдиради. Қайси жамиятда бахиллик илдиз отса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувват каби фазилатлар бўлмайди.
Қуръонда шундай дейилган: “Аллоҳ фазлу карами билан ато этган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмондир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралади! Осмонлару ер мерос бўлиб Аллоҳнинг Ўзига қолади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Инсон қўлидаги мол-дунё омонат. Бандага бойликни Аллоҳ беради. Шунинг учун молни Аллоҳ йўлида сарфлаш керак. Кимдир пулини зарур ўринларга сарфламай, закотини бермай йиғаверса, бу иш кўзига чиройли кўрингани билан аслида унинг зарарига ишлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бир кишининг олдига қариндошлари келиб, хайр-эҳсон қилишни сўрашса, у бахиллик қилиб бермаса, жаҳаннамдан катта илон чиқиб, тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралиб олади ”.
Инсон қанча яшамасин, куни келиб дунёни тарк этади, бойлигини ташлаб кетади, йиққан давлатини нариги дунёга орқалаб кетолмайди. Ҳамма нарса Аллоҳга қолади. Аллоҳ бойлик бериб қўйибдими, уни яхши ишларга сарфласа, молнинг ҳақи адо этилган бўлади. Бундай эзгу амал инсоннинг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фойда келтиради.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидир. Агар сизлар имон келтирсангиз, тақводор бўлсангиз, У Зот сизларга ажр-мукофотларингизни беради, сизлардан мол-дунёларингизни(нг барчасини Аллоҳ йўлида сарф қилишни) сўрамайди. Агар (Аллоҳ) сизлардан (мол-дунёларингизнинг ҳаммасини) сўраб, сизларни қийнайдиган бўлса, бахиллик қиласизлар, У Зот (қалбингиздаги) кек-адоватларингизни ошкор қилади. (Эй мўминлар,) мана, сизлар шундай кишиларсиз, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун даъват қилинасиз. (Аниқки,) орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бор. Ким бахиллик қилса, албатта фақат ўз зиёнига бахиллик қилади. Аллоҳ (хайр-эҳсонларингиздан) Беҳожатдир, сизлар эса (У Зотнинг савобига) муҳтожсизлар. Агар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангиз, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяди. Сўнг улар сизларга ўхшаган бўлмайдилар, (Аллоҳга тоат-ибодат қиладилар)” (Муҳаммад сураси, 36-38-оятлар).
Бу дунё оз муддатли ўйин-кулгидан иборат. Ҳаёт кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Аллоҳга имон келтирган, тақво қилган инсонларга Аллоҳ беҳисоб ажр-мукофотлар беради.
Аллоҳ банда қўлидаги бойликнинг ҳаммасини садақа қилиб юборишни буюриб, уни машаққатга қўймайди. Фақат маълум қисмини закот сифатида беришни амр қилади. Зеро, инсоннинг бойликка ўчликлигини Аллоҳ билади. Агар У Зот бойликнинг ҳаммасини садақа қилишни буюрса, банда давлатини яхшилик йўлида сарфлашдан бош тортади. Шунда унинг айблари очилиб қолади, зиқналигини, мол-дунёни яхши кўришини билдириб қўяди.
Ким бахиллик қилса, фақат ўзининг зарарига бахиллик қилибди. Чунки эҳсоннинг савоби охиратга заҳира бўлади. Хасис одам ўзининг захираси кўпайишига зиқналик қилади.
Бир қарашда, бахил киши молини сарфламай, ўзида сақлаб қолганга ўхшайди. Аммо бу билан ўзини охират савобидан маҳрум этади. Садақа берса, ўзига қолади. Йиққан мол-давлати эса вафотидан кейин бошқаларга мулк бўлади...
Бизнинг садақа беришимиз Аллоҳга керак эмас. У – Беҳожат Зот. Садақа қилсак, ўзимизга фойда: бойлигимиз янаям кўпаяди, талафотдан сақланади, ҳақи адо этилади, тоғдек савоблар оламиз, охиратда даражамиз юқори бўлади. Биз бераётган закот, фитр садақаси, ихтиёрий инфоқ-эҳсонларнинг Аллоҳга зиғирча фойдаси йўқ. Бунга ўзимиз муҳтожмиз. Шунинг учун садақани ихлос билан берайлик. Закотларни бериб, бир ишни қойиллатиб қўйгандек ўзимизни катта олмайлик, камтар бўлайлик. Бизга бойлик ато этган Аллоҳга ҳамду санолар айтсак, шукр қилсак, Аллоҳ яна кўпайтириб беради.
Бошқа оятда шундай дейилган: “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир” (Ҳашр сураси, 9-оят).
Бахил кимса бойликка қаттиқ ружу қўйгани учун худди камбағалдек яшайди. Чунки минг машаққат билан тўплаган бойлигидан на ўзи, на бошқалар фойдалана олади.
Эй инсон, унутма! Аллоҳ сенга бойлик бериб синаяпти. Аллоҳ сенинг имонингни, одамгарчилигингни, сахийлигингни имтиҳон қилмоқда. Бу имтиҳондан яхши ўтиш учун молингдан ҳақдорларга бер, зиқналик қилма, “Фақат ўзим бўлай”, деб бойликни бир жойга тўплайверма, барибир нариги дунёга олиб кетолмайсан. Тўплаганинг шу ерда қолади, садақа қилганинг ўзинг билан кетади, охиратда савобидан баҳраманд бўласан...

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase