close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ҳавойи орзу-ҳаваслардан халос этади

Ҳар бир инсоннинг орзу-умидлари, қалбига тугиб қўйган мақсадлари бўлади, маълум бир ишни қилишни режалаштиради. Шунга қараб олдинга интилади. Бироқ орзудан орзунинг фарқи бор. Одам боласи қисқа умри давомида хайрли ишларни қилиши, умр дафтарини эзгу амаллар билан безаши жуда яхши. Лекин кимда-ким ҳавойи нарсалар ортидан қувиса, унинг ҳузур-ҳаловати бўлмайди. Чунки орзу-ҳаваслари кўп одам фақат пул топиш, бойлик орттириш, обрў-эътибор қозониш ҳақида ўйлайди. Бориб-бориб одамгарчиликни ҳам унутади, Парвардигорига ибодат қилишга бўйни ёр бермайди.
Кучли орзу-ҳавас одамни қинғир йўлларга бошлайди. “Орзулари осмон” кимса ниятига етиш учун янаям кўпроқ пул топишга ҳаракат қилади. Бунинг учун ҳаром-ҳаришдан тийилмайди, топганини сарфламай йиғади. Зиқналик, имонсизлик мана шундан келиб чиқади.
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) Сиз уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) ташнароқ эканларини кўрасиз. Уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайди. Ҳолбуки, узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб турувчидир” (Бақара сураси, 96-оят).
Бу оятда яҳудийларнинг дунё ҳаётига мушриклардан ҳам баттар ўчликлари айтилмоқда. Аслида Макка мушриклари илоҳий китобга эга эмасдилар. Шунинг учун охиратга ишонмас, қайта тирилиб ҳисоб беришни тан олмасдилар, бор эътиборларини мана шу беш кунлик дунёга қаратишганди. Яҳудийлар бўлса Тавротни ўқишарди, охират ҳақ эканини билишарди, “Жаннатга фақат яҳудийлар киради, биз Аллоҳнинг севимли бандаларимиз”, деб кўкрак керишарди. У ҳолда нега ҳаётга бунчалик ташна бўлишган, узоқроқ яшашга уринишган, ўлимдан қўрқишган?
Гап шундаки, яҳудийлар қиёматдаги ҳисоб-китобга ишонсалар-да, Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмас, шариат кўрсатмаларига амал қилишмасди. Охиратда уларни оғир азоб-уқубатлар кутиб турганини яхши билишарди. Шунинг учун имкон қадар узоқроқ яшаш пайида бўлишган. Лекин, шунча узоқ умр кўрганлари билан азобдан қутулармидилар? Йўқ, албатта. Агар улар имондан юз ўгиришса, ёмон ишларни бас қилишмаса, минг йил умр кўрсалар ҳам муқаррар жазодан қочиб-қутула олмайдилар. Охиратда нажот топиш учун имон керак, солиҳ амал керак. Қуруқ даъво билан иш битмайди.
Бошқа ўринда Қурайш мушриклари ҳақида шундай дейилган: “Ҳали (қиёмат куни) кофир кимсалар мусулмон бўлишни истаб қоладилар. (Эй Муҳаммад,) уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Яқинда (бу қилмишлари оқибати нима бўлишини) билиб оладилар” (Ҳижр сураси, 2-3-оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Макка мушриклари қиёмат куни жаҳаннамга ташланганида, “Дунёда мусулмон бўлганимизда...” деб орзу қилиб қолар экан.
Ҳадисда айтилишича, жаҳаннам аҳли билан айрим мусулмонлар бир жойга тўпланганида, кофирлар мусулмонлардан сўрашади:
– Сизлар мусулмон бўлмаганмидингиз?
– Мусулмон эдик.
– Унда Ислом сизларга фойда бермабди-да. Нега биз билан жаҳаннамга тушдингиз?
– Бизнинг гуноҳларимиз кўп эди. Шунинг учун азобга гирифтор бўлдик!
Аллоҳ уларнинг бу гапини эшитиб, мусулмонларни жаҳаннамдан чиқаришни буюради. Буни кўрган кофирлар:
– Э воҳ, қанийди мусулмон бўлганимизда, биз ҳам уларга ўхшаб дўзах ўтидан қутулардик! – деб орзу қилиб қолишади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase