close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нафсни поклаш зарурати

Гуноҳ-маъсият, нифоқ, кибр, васваса, ёлғон, ҳасад каби ёмонликлар туфайли нафс кирланади. Уни доим поклаб, тарбиялаб туриш лозим. Руҳий тарбия уламолари таърифига кўра, нафсни турли дардлардан поклаш, юқори мақомларга эриштириш, олий сифатлар ила зийнатлаш нафсни поклаш (риёзатун нафс) дейилади.
Қуръони каримда нафсни поклашга буюрилган, ўзини ислоҳ қилганларгина нажот топиши айтилган: “Ўзини поклаган , Парвардигори номини зикр қилиб, намоз ўқиган банда, албатта нажот топибди! Лекин сизлар дунё ҳаётини устун қўясизлар. Ваҳоланки охират яхшироқ, боқийроқдир” (Аъло сураси, 14-17-оятлар).
Нафсини ширкдан, куфрдан, ёмон хулқлардан поклаган, Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган, У Зотнинг сифатларини, улуғлигини доим ёд этган, беш вақт намозни тўкис адо этган банда муваффақият қозонишига шубҳа йўқ. Бироқ ҳаммаям бу ҳақиқатни англаб етавермайди. Кўп одамлар дунёни охиратдан устун қўяди (Дунёни яхши кўриш, ўткинчи ҳаётга боғланиб қолиш ҳар қандай хатонинг бошидир). Лекин соғлом ақл охират дунёдан афзал, боқийлигига, дунё эса ўткинчи эканига далолат қилади. Ақлли одам ўткинчи нарсани боқий саодатдан устун қўймайди. Оқил мўмин абадий роҳатни ози муддатли лаззатга алмашмайди.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким дунёсини яхши кўрса, охиратига зарар етказибди. Ким охиратини яхши кўрса, дунёсига зиён келтирибди. Шундай экан, ўткинчи (дунё)дан боқий (охират)ни устун қўйинглар ”.
Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таоло охират диёрида берадиган савоби дунёдан яхшироқ, боқийроқдир. Зеро, дунё ўткинчи, паст даражада, охират эса боқий, мартабаси улуғдир. Шундай экан, ақлли киши қандай қилиб ўткинчи нарсани абадийсидан устун қўяди, яқин орада қўлидан кетувчи нарсага қаттиқ эътибор бериб, боқий диёр бўлмиш охиратга бепарво бўлади ?!”
Аллоҳ таоло шундай деган: “Нафс ва уни тиклаган, унга маъсиятни, тақвони билдирган (Зот)га қасамки, (нафсни) поклаган киши, албатта нажот топибди! Уни (гуноҳ қилиш билан) хорлаган кимса, аниқ зиён кўрибди!” (Шамс сураси, 7-10-оятлар).
Аллоҳ таоло инсон нафсини, унинг руҳий оламини мукаммал қилиб яратган, Унга яхшилик қозониш, ҳис қилиш, идрок этиш, камолотга эришиш каби хислатларни сингдирган. Аллоҳ ҳар бир нафсни пок ҳолида, Исломга мансуб қилиб яратган, унга икки йўлни – яхшилик ва ёмонлик йўлини билдирган . Унинг нафсида тақвога рағбат, маъсиятга мойиллик бор. Қайси бирини танлаш банданинг ўзига боғлиқ. Ким нафсини Аллоҳга итоат этиш билан чиркин ахлоқлардан, ёмон одатлардан покласа, хулқини гўзал қилса, албатта нажот топади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Кимда-ким нафсига эрк берса, уни гуноҳ-маъсият, куфру залолат билан булғаса, ҳалок бўлиши муқаррар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase