close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўлимни эслаш – қалб жилоси

Руҳий тарбия бобида ўлимни эслашнинг аҳамияти катта. Зеро, ўлимни эслаш қалбни поклайди, хулқни сайқаллайди. Одамнинг нотўғри йўлларга кириб кетишига кўп ҳолларда ўлимни унутиш сабаб бўлади. Ўлимни эсламаган, охиратни ўйламаган одам кўнглига келган ишни қилади. Банда куни келиб дунёдан кўз юмишини, қабрга қўйилишини, мункар ҳамда накир исмли фаришталар томонидан савол-жавоб қилинишини ёдда тутса, қадамини ўйлаб босади, у ёқ-бу ёққа қараб иш қилади. Шунинг учун бўлса керак, Қуръони каримда ўлим бот-бот эслатилган, охиратга тайёргарлик кўришга чақирилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Қиёмат кунида, шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни тўлиқ оласизлар. Шундай экан, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, (бахт-саодатга) эришиши аниқ. Бу дунё ҳаёти алдовчи матодир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Ҳар бир тирик жонзот ўлим таъмини тотади. Шоҳ ҳам, гадо ҳам вақти-соати етиб, дунёни тарк этади. Бу – Аллоҳ белгилаб қўйган қонун. Ўлимни мол-дунё, мансаб-мартаба ёки обрў-эътибор билан қайтариб бўлмайди. Ажални кечиктириш, сал ортга суриш имкони йўқ. Ризқ-насибаси тугагач, фоний дунёни тарк этиш ҳар бир банда тақдирига битилган.
Бошқа оятда шундай дейилган: “Қаерда бўлмангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олади” (Нисо сураси, 78-оят).
Инсонни ўлимдан ҳеч нарса тўсолмайди. Қасрлару саройлар, куну тун қошида гирди капалак минглаб хизматкорлар ҳам уни ўлим чангалидан қутқариб қололмайди. Ажал бандани қаердан бўлса ҳам топади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким боқий (мангу) қолмайди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар ”.
Ўлимни эслаган банданинг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади, кўзига тор кўринаётган дунё кенг, боқий туюлаётган ҳаёт ўткинчидек бўлиб қолади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ўнглайди.
Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳо олдиларига келиб, қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. Оиша онамиз унга: “Ўлимни кўп эсласанг қалбинг юмшайди”, дедилар. Ҳалиги аёл айтилган ишни қилганди, қалби юмшади. Шундан сўнг келиб Оиша розияллоҳу анҳога раҳмат айтди .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Лаззатларни парчаловчи (ўлим)ни кўп эсланглар”, деганлар .
Ўлим ҳақ эканини унутмаган, қилган ҳар битта ишига қиёмат куни жавоб беришини ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилади, қайтарганидан қайтади.
Ривоят қилинишича, Рабийъ ибн Хайсам ҳовлисига қабр қазиб қўйган эди. Унга ҳар куни бир неча бор кириб ётар, шу йўл билан ўлимни эслар, “Агар ўлимни эслаш мени бир лаҳза тарк этса, қалбим бузилади”, деб айтарди .
Халифа Умар ибн Абдулазиз – Анбаса ибн Саидга – шундай насиҳат қилди: “Эй Анбаса! Ўлимни эсла. Зеро, агар ишинг юрмай, ҳаётингда танглик бўлса, ўлимни ёд этиш билан дилинг ёришади, ором оласан. Ҳаёт лаззатига масрур бўлиб, кенгликда турган бўлсанг, ўлимни эслаш билан ҳовурингдан тушасан .
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Оқил ўз нафсини ҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги (ҳаёт) учун амал қилади. Ожиз эса ҳавойи нафсига қул бўлиб, Аллоҳдан “умид” қилади ”.
Ақлли одам ўлимдан кейинги ҳаётини ўйлаб иш қилади, ўзини тергайди, нафсини жиловлайди, Аллоҳ айтганини қилади, охирати учун ҳаракат қилади. Ожиз кимса эса ўлимдан сўнг аҳволи қандай бўлишини ўйламайди, дунё ишларига шўнғийди, орзу-ҳавасларга кўмилади. Лекин, ўзича Аллоҳнинг раҳматидан “умид” қилади. “Аллоҳ меҳрибон Зот. Гуноҳларимни кечириб юборади”, деб маъсиятдан тўхтамайди.
Пайғамбар алайҳиссалом: “Воизликка ўлимнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар .
Қабристон жим-жит, сокин бўлади. У ерда биров хутба қилмайди, маъруза ўқимайди. Шундай бўлса-да, инсон қабристонни зиёрат қилганда жуда кўп ҳақиқатни англайди. Киши мана шу сукунатдан ўзи учун анча-мунча ибрат олади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase