close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Истиғфор – қалб жилоси

 

 

 

Гуноҳ-маъсият кўнгил ойнасини қорайтиради. Хатолар йиғилиб-йиғилиб, қалбни бутунлай эгаллаб олади. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган: “Йўқ, (ундай эмас)! Балки уларнинг қалбларини ўзлари қилган гуноҳлари қоплаб олган!” (Мутаффифин сураси, 14-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни огоҳлантириб шундай деганлар: “Агар банда гуноҳга қўл урса, қалбига битта қора доғ тушади. Борди-ю, (ўша ишни) ташласа, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар яна (гуноҳ) қилса, (қора доғ) баттар кўпаяди. Бориб-бориб қалбини бутунлай  чирмаб олади. Бу – Аллоҳ Қуръонда зикр қилган – (қалбнинг) эгаллаб олинишидир ”.
Ҳасан розияллоҳу анҳу: “Гуноҳ устига гуноҳ қилиш билан қалб қораяди. (Шу тахлит давом этаверса, охири) ўлади”, деган .
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалб ҳам мис каби занглайди. Унинг жилоси истиғфордир”, деганлар .
Гуноҳлар асорати қалбни занглатади. Агар дил зангласа, инсон шуури ўтмаслашади, ҳис этиш қобилияти заифлашади. Агар кўп истиғфор айтилса, қалб секин-аста покланади.
Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен сизларга касаллигингиз сабабини, унинг давоси нимадалигини айтайми? Огоҳ бўлинглар, гуноҳлар – сизларнинг касаллигингиз. Унинг давоси истиғфордир”, деганлар .
Одамнинг юраги бирдан санчиб қолганда дори ичса, оғриқ тўхтайди. Лекин қалбимиз оғриса-чи? Бунга қандай чора кўрамиз?
Гуноҳ-маъсият қалбни жароҳатлайди. Лат еган қалбга кўрсатиладиган биринчи ёрдам истиғфордир. “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ”, деб ихлос билан Аллоҳга илтижо қилинса, қалб яраси аста-секин тузалади.
Ривоят қилинишича, Рабийъ ибн Хайсам шогирдларига: “Касаллик нима? Унинг давоси-чи? Шифо нимадалигини биласизларми?” деб савол бериб, кейин: “Касаллик – гуноҳлар. Унинг давоси – истиғфор. Шифо эса гуноҳдан тавба қилиб, бошқа такрорламасликдир”, деб айтган .
Ўткинчи дунё матоҳларига ҳирс қўйиш, мол-дунёга ўчлик, шуҳратпарастлик дилни занглатади. Булар йиғилиб-йиғилиб, қалбни печакдай чирмаб олади. Айнан мана шу иллат инсонни ихлосдан тўсади. Шунинг учун ибодатдан олдин истиғфор айтиш тавсия этилади. Уламолардан бирига: “Тасбеҳ афзалми ёки истиғфор?” деб савол беришибди. Шунда олим: “Агар либос топ-тоза бўлса, унга атир сепиб хушбўй қилинади. Борди-ю кир бўлса, аввал кийимни совун билан иссиқ сувда яхшилаб ювиш керак”, деб жавоб берган экан.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase