close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намоз қалбни поклайди

 

 

 

Намоз – Диннинг устуни, мўминнинг меърожи. Бу ибодатнинг фазилати жуда улуғ, ҳикмати кўп. Намознинг инсон қалбига, танасига фойдалари бисёр.
Намоз инсонга руҳий озуқа беради, қалбини поклайди. Намоз ўқиган инсон – онадан туғилган чақалоқдек – гуноҳлардан фориғ бўлади. Намоз ўқиб дили покланган одам ёмон ишлардан йироқ юради, яхшиликка мойил бўлади.
Намознинг энг катта ҳикматларидан бири айнан қалбни поклашидир. Намоз кирланган қалбимизни ювиб, артилган ойнадек топ-тоза қилади.
Аллоҳ таоло шундай амр қилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан (оятлар)ни тиловат қилинг, намозни тўкис адо этинг! Албатта намоз бузуқликдан, ёмонликдан тўсади. Аниқки, Аллоҳни зикр қилиш (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб туради” (Анкабут сураси, 45-оят).
Намозни ҳаммаям ўқийверади. Бироқ асл намозхон шариат ман этган ишлардан қайтади. Кимда-ким намоз ўқиб туриб ёмонликдан тийилмаса, намози ҳақиқий бўлмайди. Тўкис адо этилган намозгина инсонни гуноҳ ишлардан, бузуқ йўллардан сақлайди. Ихлос билан ўқилган намоз инсон қалбини нурга тўлдиради, дилини поклайди, имонини мустаҳкамлайди, тақвосини кучайтиради.
Ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Фалончи туни билан намоз ўқиб чиқади. Аммо кундузи одамларникига ўғриликка тушади, – деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
– (Намоз) уни ўғриликдан қайтаради, – деб марҳамат қилдилар .
Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоз кимни фаҳшдан, ёмон ишлардан қайтармаса, унинг учун намоз йўқ”, деганлар .
Абул Олия айтади: “Намозда учта хусусият бор: ихлос, қўрқув, Аллоҳни зикр этиш. Кимнинг намозида мана шу хислатлар бўлмаса, ўқиган намози намоз эмас. Ихлос бандани яхшиликка буюради. (Аллоҳдан) қўрқиш гуноҳдан тўсади. Аллоҳни эслаш эса яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради ”.
Намоз қалбни манманликдан, кибру ҳаводан поклайди. Пешонасини саждага қўйиб, Парвардигорига бўйин эгган банда ўзининг ожизлигини тан олади, Аллоҳга нақадар муҳтожлигини қалбдан ҳис этади.
Биз намоз ўқимоқчи бўлсак, аввал яхшилаб таҳорат қиламиз. Эътибор берганмисиз, одам таҳорат қилганидан кейин ўзини анча енгил ҳис қилади. Нега? Чунки таҳорат гуноҳ-маъсиятларга каффорат бўлади. Юз-қўлимизни юваётганимизда гуноҳларимиз тўкилиб кетади. Бошимизга масҳ тортганимизда, оёғимизни ювганимизда гуноҳдан тўлиқ покланамиз. Намозга киришдан олдинги таҳоратнинг ўзида шунча фойда бор. Қолаверса, намозхоннинг либоси ҳам, ибодат қиладиган жойи ҳам тоза бўлиши керак. Кўряпсизми, намоз инсонни қанчалик поклайди, танасини ҳам, руҳини ҳам кирлардан тозалайди.
Намоз ўқишдан олдин фикрни бир ерга жамлаб, “Аллоҳу акбар!” деб қулоқ қоқилади. Намозга кирар экансиз, дилингизни ҳасаддан, кибру ҳаводан, гина-кудуратдан покланг. Чунки намозда Аллоҳ билан юзма-юз турасиз. Аллоҳ қалбингизда нима борлигини билади. Қиблага юзландингизми, қалбингиз билан ҳам Аллоҳга юзланинг. Юзингиз қиблага қараб, хаёлингиз бошқа жойларга кетиб қолмасин. “Анави иш нима бўлдийкин”, “Нархи тушдими-кўтарилди?” деган ўй-хаёллар одамни намоздан чалғитиб қўяди. Сиз холис ниятда ибодат қилаётган экансиз, ўн-ўн беш дақиқа бўлса ҳам Аллоҳ олдида турганингизни ҳис этинг. Зеро, “Аллоҳга севимли банда бўлай”, “Ибодатим ҳусни қабул бўлсин”, деган инсон намозга кираётганида фикрини бир жойга жамлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади, Аллоҳнинг улуғлигини ҳис этади, ўзининг ожизлигини эслайди. Шундан кейин намозни бошласа, ибодатдан лаззат олади.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз эшиги олдидан оқиб ўтадиган ариқда кунига беш маҳал чўмилса, (баданида) кир қоладими?” деб сўрадилар. Шунда: “Йўқ, ҳечам кири қолмайди”, дейилди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ (намоз) сабабидан гуноҳларни кетказади”, дедилар .
Намоз уйимиз олдидан шариллаб оқиб турган ариққа ўхшайди. Инсон бир кунда беш маҳал чўмилса, танасида кир қолмайди, бутун бадани топ-тоза бўлади. Беш маҳал намозни тўкис адо этган инсоннинг ҳам қалби тозаланади, дилидаги ғуборлар ювилади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase