close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалб ислоҳи йўлида

 

 

 

Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом тилидан шундай дейилган: “У кунда на мол-давлат, на бола-чақа фойда беради. Магар Аллоҳ ҳузурига салим – тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда беради)” (Шуаро сураси, 88-89-оятлар).
Қиёмат куни одамлар ҳисоб қилингани қабрдан чиқади. Ана ўшанда кишига туну кун елиб-югуриб тўплаган бойлиги ҳам, қўша-қўша фарзандлари, казо-казо ота-боболари ҳам фойда бермайди. Ер юзи тўла олтинни садақа қилиб юборса ҳам нафи бўлмайди.
Охиратда кимнинг пули кўплигига, аждодлари қандай одам бўлганига қаралмайди. Бойлик ҳам, насл-насаб ҳам иш бермайди рўзи маҳшарда. Фақат қалбдаги имон, солиҳ амаллар фойда беради. Қалби пок инсон қиёмат куни нажот топади, Аллоҳ розилигига эришади. Шундай экан, зинҳор давлатимизга, фарзандларимизга ишониб қолмайлик, қалб поклигига эътибор берайлик.
Қуръон муфассири, машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Лаа илааҳа иллаллоҳ, деб гувоҳлик берган одамнинг қалби соғлом қалбдир ”.
Ибн Сийрин: “Салим қалб Аллоҳнинг ҳақлигига, қиёмат кунига шубҳа йўқлигига, Аллоҳ ўша куни қабрдагиларни тирилтиришига имон келтирувчи қалбдир”, деган.
Мужоҳид ва Ҳасан Басрий: “Ширкдан саломат қалб салим қалбдир”, деб айтган.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Салим қалб тоза, соғлом бўлади. У чин мўминнинг қалбидир. Чунки кофир ҳамда мунофиқлар қалбида касаллик бор”.
Абу Усмон Нишопурийга кўра, салим қалб бидъатлардан саломат, суннатга мойил қалбдир .
Қалб шифоси – имон. Аллоҳга шубҳасиз имон келтирган, “Аллоҳ бор!”, “Аллоҳ Ягона!” деб ишонган инсон дили пок, нияти холис бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон танасида бир парча эт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар бузилса, тананинг ҳамма аъзоси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир ”.
Банданинг салоҳияти, яхши ёки ёмонлиги унинг қалбига боғлиқ. Зеро, қалб тананинг амиридир. Бошлиқ яхши бўлса, раият ҳам тузук бўлади. Агар бузилса, раиятдан салоҳият кетади.
Бу ерда қалб иши нозик экани, уни ислоҳ қилиш, қалбни поклаш муҳимлигига алоҳида урғу берилмоқда. Руҳий тарбия соҳасида ҳам энг муҳим иш қалбни тозалашдир. Бу, комилликнинг илк босқичи саналади. Қалб поклансагина банда ўзида юксак ахлоқни, мақталган сифатларни жамлай олади. Шу сабаб Динимизда қалб поклигига, руҳий тарбияга алоҳида урғу берилади.
Ҳадисда “қалб”нинг “бир парча гўшт” дейилишига сабаб қалб қолган тана аъзоларига нисбатан кичик, нари борса, одамнинг муштидек келади. Мана шу бир парча эт инсон салоҳиятини белгилаб беради. Мана шу митти аъзони тўғрилай олган инсоннинг бошқа аъзолари ҳам тўғри, соғлом бўлади. Зеро, инсоннинг ҳамма аъзолари қалбга бўйсунади. Ҳалол ризқ топиш, ҳаромдан ҳазар қилишда ҳам қалб поклиги муҳим саналади. Агар қалб тоза бўлса, инсон ҳалолга рағбат қилади, ҳаромдан йироқ юради.
Бир куни одамлар:
– Ё Расулуллоҳ, энг афзал инсон ким? – деб сўрашди.
– Қалби тоза, ростгўй киши, – деб жавоб бердилар ул зот.
– Ростгўй кимлигини биламиз. Қалби тоза одам қандай бўлади?
– Тақволи, покиза, (ҳалок этувчи) гуноҳлардан сақланган, зулмдан йироқ, (дилида) кек-адовати, ҳасади йўқ кишидир .
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ сизларнинг (ташқи) кўринишингизга ҳам, бойликларингизга ҳам қарамайди, қалбингизга, амалингизга қарайди ”.
Аллоҳ таоло бандаларини ҳар хил – бирини оқ танли, бирини қора танли қилиб яратди. Уларнинг миллатини, тилини ҳам турлича қилди. Мана шу миллатлар ичида кимнинг тақвоси кучли, қалби пок бўлса, ана ўша инсон ҳурматга лойиқдир. Демак, ҳамма гап имонда, тақвода, қалбни ислоҳ қилишда экан. Шунинг учун бировнинг кўринишига, юзидаги нуқсонига қараб баҳо берманг, “Пули борми, обрўси баландми, бўлди”, деб ўйламанг. Балки сиз бир қарашда назарга илмаётган инсоннинг Аллоҳ даргоҳидаги мартабаси улуғдир. Балки сиз яхши деб ўйлаган одам энг тубан кимсадир...
Мусулмон одамнинг ташқи кўриниши чиройли, либослари тоза бўлгани яхши, албатта. Ҳалол йўллар билан бойлик орттирса, пешона тери билан топган пулидан ўзига, яқинларига сарфласа, кўп савоб олади. Аммо муҳими бу эмас. Асосийси – қалбни поклаш, амалларни шариат буюрганидек бажариш. Расулуллоҳ бизни қалбни поклашга чақирганлар. У зот кўкракларига уч марта ишора қилиб, “Тақво мана бу ерда бўлади!” деб таъкидлаганлар. Яъни, тақво қалбда бўлади. Киши ўзини одамларга ихлосли қилиб кўрсатган билан тақводор бўлиб қолмайди. Қалбда тақво бўлсин, дили пок бўлсин. Амаллар ҳисоб қилинадиган кунда айнан кўнглида кири йўқ, дили пок инсоннинг юзи ёруғ бўлади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase