close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва имон. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!

Тавҳид қалбнинг давосидир. Зеро, қалб имон билан тирик. Имон нури қалбга ҳаёт бағишлайди, уни чароғон этади, тор дилларни кенгайтиради. Аллоҳга ҳақиқий ишонган, “Раббим Аллоҳ”, деган, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” дея гувоҳлик берган инсон дили пок, кўнгли тоза бўлади.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай амр қилган: “Бас, (эй Муҳаммад,) Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқлигини билинг, ўз гуноҳингиз учун, мўмин-мўминалар (гуноҳи) учун истиғфор айтинг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (охиратда) борар жойларингизни ҳам билади” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни имонда сабот билан туришга, ўзлари, мўмин-мўминалар ҳақига истиғфор айтишга буюрмоқда, бандалар кундуз куни қиладиган ишларини ҳам, кечаси қаерда қўним топишларини ҳам билишини маълум қилмоқда.
Уламолар айтишича, Аллоҳ ўрганишга буюрган илм тавҳид илмидир. Уни билиш ҳар бир инсон учун фарзи айн саналади, бирон киши бўйнидан соқит бўлмайди.
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билиш бир неча йўллар билан бўлади:
1. Аллоҳнинг гўзал исмларини, комил сифатларини ўрганиш, улар ҳақида фикр юритиш.
2. Аллоҳ таоло Яккаю Ягона Яратувчи, махлуқотлар ишларини тадбир қилиб турувчи эканини билиш. Шунда Аллоҳдан ўзгаси илоҳликка муносиб эмаслиги маълум бўлади.
3. Ёлғиз Аллоҳ неъмат берувчи эканини билиш. Мана шу илм қалбнинг Аллоҳга боғланишини, Уни яхши кўришни, фақат Аллоҳга ибодат қилиб, Ўзидангина ёрдам сўрашни тақозо этади.
4. Аллоҳга шерик қилинадиган бут-санамлар сифатларини билиш, улар одамларга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмаслиги, ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини билиш ва ҳоказо.
Имон қалбни ич-ичидан ёритиб турадиган нурдир. Имонли қалбда инсоф бўлади, виждон бўлади. Инсон қалби билан, қалбидаги имони билан тил-забонсиз ҳайвонлардан фарқланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ахир аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнг Биз уни (ҳақ йўлга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (яъни, имонни) берганимиз бир киши зулматларда қолиб кетган, ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга имонлари қандай чиройли кўринса,) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб қўйилди” (Анъом сураси, 122-оят).
Оятдаги “нур”дан мурод Қуръон ва Исломдир.
Имонсиз кимса жонсиз ҳайкалга ўхшайди. Куфр, ширк дилни вайрон қилади, қалбни ўлдиради. Эътиқодсиз шахс Аллоҳдан эмас, оддий махлуқотлардан қўрқади, Хожадан эмас, бандасидан умид қилади.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига имон-эътиқодни, эзгу ишларни чиройли қилиб кўрсатади. Худди шунга ўхшаб залолат аҳлига шайтон томонидан гуноҳлари чиройли кўрсатилади.
Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўяди. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини – худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек – тор ва танг қилиб қўяди. Шунингдек, Аллоҳ Ўз азобини имонсиз кимсаларга (жазо) қилади” (Анъом сураси, 125-оят).
Банданинг Аллоҳга имони қанча кучли бўлса, қалби шунча очилиб-кенгайиб бораверади. Имони мустаҳкам инсон кундалик турмуш ташвишлари билан банд бўлса-да, дили Аллоҳга боғланади, охират ғами билан яшайди. Қўлида мол-давлат бўлса-да, дунё муҳаббати қалбини забт этолмайди.
Аллоҳ суйган бандасининг қалбини очиб қўяди, уни тўғри йўлга бошлайди, солиҳ амалларни қилишга тавфиқ беради. Бундай банда қалби ихлосга тўла бўлади, ҳар қандай савобли ишни фақат Аллоҳ розилиги учун қилади.
Қалби очиқ инсон Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилади, намозида хушуъни топади, рўзадор ҳолида тили, қўли, кўзи – барча аъзоларини ҳаромдан тияди, Ёлғиз Аллоҳдан қўрқади, фақат Аллоҳдан умид қилади, Унга суянади. Аллоҳ қалбини нурга тўлдирган инсон У Зотнинг буйруғига сўзсиз бўйсунади, нафсига эмас, Парвардигорига қуллик қилади.
Аллоҳни танимаган кимса қалби Аллоҳдан бошқасига боғланади. Шундан кейин ўзга нарсаларга кўнгил қўйиб, ўткинчи дунё ғамида сарсон-саргардон бўлади, ҳузур-ҳаловат нималигини билмайди. Зеро, Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга муҳаббат инсон қалбини жароҳатлайди, машаққат домига тортади. Аллоҳни таниш, улуғлигини қалбдан ҳис этиш, У Зотни яхши кўриш эса дилга чексиз қувонч бағишлайди, қалбни хотиржам қилади.
Аллоҳ таоло шундай деган: “(Бандага) бирон мусибат етмайди, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етади). Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилади. Аллоҳ барча нарсани Билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).
Мусибат киши бошига фақат Аллоҳнинг изни-иродаси, тақдири билан тушади. Банда яхшиликни жалб этиш, ёмонликни даф қилиш учун қўлидан келган чораларни кўради. Бироқ натижа Аллоҳнинг иродасига ҳавола этилади. Шундай экан, бошига мусибат тушган одам маҳзун бўлмай, бу Аллоҳнинг тақдири эканига имон келтирса, чиройли сабр қилса, Аллоҳ унинг қалбини Ўзининг амрига бўйсунадиган, қазои қадардан рози бўладиган қилиб қўяди, энг чиройли сўзлар айтишга, гўзал амаллар қилишга тавфиқ беради. Зеро, ҳидоятнинг асли қалбда бўлади. Тана аъзолари қалбга бўйсунади. Агар қалб тўғриланса, қолган аъзолар ҳам тўғриланади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase