close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Офият сўраб ўқиладиган дуолар

اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ، مُذْهِبَ البَأْسِ، اشْفِ أَنْتَ الشَّافِي، لاَ شَافِيَ إِلاَّ أَنْتَ، شِفَاءً لاَ يُغَادِرُ سَقَمًا.
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма роббан-наас, музҳибал баъс, ишфи анташ-шаафий, лаа шаафия иллаа ант, шифаа-ан лаа юғодиру сақомаа”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, одамлар Парвардигори, (касаллик) шиддатини кетказ, шифо бер. Сендан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган (мукаммал) шифо бер”.
Абдулазиздан ривоят қилинади: “Собит иккимиз Анас ибн Молик олдига кирдик. Собит унга: “Эй, Абу Ҳамза! Менинг тобим йўқ”, деди. Анас сўради: “Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руқялари билан дам солиб қўяйми?” Собит: “Ҳа”, деди. Шунда Анас “Аллоҳумма роббан-наас, музҳибал баъс, ишфи анташ-шаафий, лаа шаафия иллаа ант, шифаа-ан лаа юғодиру сақомаа” деб дам солди ”.

بِاسْمِ اللهِ، تُرْبَةُ أَرْضِنَا بِرِيقَةِ بَعْضِنَا لِيُشْفَى بِهِ سَقِيمُنَا بِإِذْنِ رَبِّنَا.
Ўқилиши: “Бисмиллааҳ, турбату арзинаа бирийқоти баъзинаа лиюшфаа биҳий сақиймунаа би-изни роббинаа”.
Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан (дам соламан). Парвардигоримиз изни ила беморларимиз тузалиши учун еримиз тупроғи, айримларимиз тупуги ила (дам соламан)”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, бирон инсоннинг мазаси йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми безовта қилса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини бундай қилар (Суфён кўрсаткич бармоғини ерга текказиб, кейин кўтарди), “Бисмиллааҳи, турбату арзинаа бирийқоти баъзинаа лиюшфаа биҳий сақиймунаа би-изни роббинаа” деб айтардилар ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсаткич бармоқларини тупуклари билан намлаб, тупроққа текказардилар. Бармоқларига тупроқ ёпишганидан кейин уни жароҳатланган жойга суртардилар. Мана шу вақтда мазкур дуони ўқирдилар .

بِاسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ يُؤْذِيكَ، مِنْ شَرِّ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنِ حَاسِدٍ، اللهُ يَشْفِيكَ بِاسْمِ اللهِ أَرْقِيكَ.
Ўқилиши: “Бисмиллааҳи арқийка мин кулли шайъин юъзийка, мин шарри кулли нафсин ав ъайни ҳаасид, аллоҳу яшфийка, бисмиллааҳи арқийка”.
Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан сенга озор берадиган ҳар қандай нарсадан, ҳар бир нафс (назар-нафас) ёки ҳасадчининг кўзидан (паноҳ истаб) дам соламан. Аллоҳ сенга шифо берсин. Аллоҳнинг исми билан дам соламан”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, тобингиз йўқми?” деб сўради. “Ҳа”, дедилар у зот. Шунда Жаброил: “Бисмиллааҳи арқийка мин кулли шайъин юъзийка, мин шарри кулли нафсин ав ъайни ҳаасид, аллоҳу яшфийка, бисмиллааҳи арқийка” деб дам солди ”.

أَعُوذُ بِاللهِ وَقُدْرَتِهِ مِنْ شَرِّ مَا أَجِدُ وَأُحَاذِرُ.
Ўқилиши: “Аувзу биллааҳи ва қудротиҳий мин шарри маа ажиду ва уҳаазир”.
Маъноси: “Аллоҳнинг қудрати ила ўзим ҳис этаётган, хавотир олаётган нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.
Усмон ибн Абул Ос Сақафийдан ривоят қилинишича, мусулмон бўлганидан бери уни безовта қилаётган оғриқдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Қўлингни оғриётган жойга қўйиб, уч марта “Бисмиллааҳ”, етти марта “Аувзу биллааҳи ва қудротиҳий мин шарри маа ажиду ва уҳаазир” деб айт, дедилар .
Бошқа ривоятда айтилишича, Усмон ибн Абул Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ишни қилганида Аллоҳ таоло унга шифо берган, танасида ҳеч қандай оғриқ қолмаган. Кейин оила аъзоларини ҳам, бошқаларни ҳам шундай қилишга буюрган .

أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ غَضَبِهِ وَشَرِّ عِبَادِهِ وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ وَأَنْ يَحْضُرُونِ.
Ўқилиши: “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин ғозобиҳий ва шарри ъибаадиҳ, ва мин ҳамазаатиш-шаятийни ва ай-яҳзурувн”.
Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан Унинг ғазабидан, бандалари ёмонлигидан, шайтон васвасасидан, (намоз ёки Қуръон ўқиётганимда, зикр қилаётганимда) ҳозир бўлишидан паноҳ тилайман”.
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқув безовта қилганда уларга “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин ғозобиҳий ва шарри ъибаадиҳ, ва мин ҳамазаатиш-шаятийни ва ай-яҳзурувн” деб дуо қилишни ўргатардилар .

أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ.
Ўқилиши: “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”.
Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан У Зот яратган нарсалар ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, кеча мени чаён чақиб олди”, деди. Шунда у зот: “Кеч кирганида “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”, деб айтганингда, сенга зиён етказолмасди”, дедилар .
Бошқа бир ҳадисда: “Ким бирон жойда қўним топиб, “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”, деса, ўша ердан кетгунича унга ҳеч нарса зарар етказолмайди”, дейилган .

بِسْمِ اللهِ الكَبِيرِ، أَعُوذُ بِاللهِ العَظِيمِ مِنْ شَرِّ كُلِّ عِرْقٍ نَعَّارٍ وَمِنْ شَرِّ حَرِّ النَّارِ.
Ўқилиши: “Бисмиллааҳил кабийр, аувзу биллааҳил ъазийми мин шарри кулли ъирқин наъаар, ва мин шарри ҳаррин-наар”.
Маъноси: “Буюк Аллоҳ исми билан бошлайман. Қайнайдиган ҳар бир томир ёмонлигидан, олов иссиқлиги ёмонлигидан Улуғ Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман!”
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга иситмага, барча оғриқларга қарши “Бисмиллааҳил кабийр, аувзу биллааҳил ъазийми мин шарри кулли ъирқин наъаар, ва мин шарри ҳаррин-наар”, деб дуо қилишни ўргатардилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase