close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръони карим қандай китоб?

Юқорида келтирилган маълумотлардан билдикки, Қуръон ота-боболардан қолган афсоналар тўплами ҳам, хаёлий асар ҳам эмас. Қуръон Аллоҳнинг Каломидир. Қуръон ҳар бир инсон учун йўлбошчидир. Қуръон нозил бўлганига бир минг тўрт юз йилдан ошди. Лекин қанча замонлар ўтса ҳам, илм-фан ҳозиргидан юз баравар ривожланиб кетса ҳам, Қуръон ҳечам эскирмайди, бандаларни қиёматгача энг тўғри йўлга бошлайди.
Биз ҳозир ҳаётимизни техникасиз тасаввур қилолмаймиз. Бир-икки соат электр токи бўлмаса ёки қўл телефонимиз ишламай қолса, дунё кўзимизга қоронғи кўриниб кетади гўё. Чиндан ҳам, бугун турмуш тарзи шиддат билан ўзгариб бормоқда. Аммо инсоннинг фитрати – асл табиати минг йил олдин қандай бўлса, шундайлигича турибди. Сира ўзгаргани йўқ. Яна эллик-юз йилдан кейин ҳам инсон инсонлигича қолади.
Айтмоқчи бўлганимиз, Қуръон бу – шифо. Ҳам танамиз, ҳам қалбимиз учун илоҳий малҳамдир. Илм-фан қанча ривожланмасин, инсон қалбини Қуръондан бошқа нарса билан даволаб бўлмайди. Қилни қир ёрадиган олимлар минг кашфиёт қилмасинлар, қалбни иллатлардан тозалайдиган Қуръондан яхшироқ шифони яратолмайдилар. Қалбни Аллоҳнинг Каломи билан даволамаса, ожиз банда “яратган” воситалар мукаммал шифо бўла олмайди.
Маълумки, бизнинг юртларда мусибат етган хонадонга фотиҳа ўқишга келишади, маййит эгаларига таъзия билдиришади, Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлашади. Бундан ташқари вафот этганларга атаб қилинадиган эҳсонларда ҳам Қуръон ўқилади. Шунинг учун бўлса керак айрим одамлар онгига “Қуръон – ўтиб кетганларга бағишлаб ўқиладиган Китоб” деган нотўғри тушунча сингиб қолган. Аслида Қуръон фақат маълум маросимларда ўқиш учун туширилмаган. Қуръон юраги дукиллаб уриб турган, қалби тирик, басират кўзи очиқ инсонларни огоҳлантириш мақсадида нозил қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (Муҳаммадга) шеър ўргатмадик, (шоирлик) унинг учун дуруст эмас. (Муҳаммад алайҳиссалом тиловат қилаётган нарса) фақат тирик кишиларни огоҳлантириш учун, кофирлар устига сўз (яъни, азоб) ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир эслатма, очиқ-равшан Қуръондир” (Ёсин сураси, 69-70-оятлар).
Қуръон фақат масжид имомлари ёки бола-чақадан қутилиб, қарилик гаштини сураётган кексалар ўқийдиган китоб эмас. Қуръон ҳар бир мусулмоннинг Китобидир. Ирқи, жинси, ёши, касб-кори, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қалбида имон жўш уриб турган ҳар бир инсоннинг Китобидир Қуръон!
Одатда, иши юришмаётган ёки бахти очилмаётганларга: “Домлага бориб, ўзини бир ўқитвор. Яхши бўп кетасан”, дея маслаҳат беришади. Шариатда – маълум шартларга кўра – дам солиш жоиз. Масалан, кўз текканда, кўнгил безовта бўлганда ёки бирон дардга чалинганда, киши ўзига ўзи дам солиши мумкин. Фотиҳа, Оятул курсий, Ёсин, Кофирун, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб дам урилса, Аллоҳнинг изни билан фойдаси бўлади. Агар бу ишнинг уддасидан чиқолмаса, тақводор (ишончли, дуоси мустажоб) инсонга дам солдирса ҳам бўлади. Лекин унутмайлик, Қуръон фақат дам солиш ёки қайтарма қилдириш учун туширилмаган. Каломуллоҳнинг нозил этилишидан кўзланган асосий мақсад бошқа.
Гап шундаки, Қуръон бизнинг қалбимизни ислоҳ қилиш учун туширилган. Қуръон бизни энг тўғри йўлга бошлаш учун нозил этилган. Илм-фан тараққий этган, айни дамда кўпчилик тушкунликка тушиб қолаётган бир паллада Қуръонни ўқиб-ўрганишга жуда муҳтожмиз. Нега десангиз, шикаста қалбимизга руҳий далда керак. Бугун қалбимиз маънавий тарбияга эҳтиёж сезмоқда. Мана шу кемтикни Қуръон билан тўлдириш мумкин. Зеро, Қуръон инсон дилини поклайди, руҳини тетиклаштиради, хулқини гўзал қилади. Қуръон билан ҳамнафас инсон икки дунё саодатига эришади. Бунинг учун Парвардигоримиз Каломини ўқиб-ўрганиб, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшасак бўлгани.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase