close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръони карим – Аллоҳнинг каломи!

Имом Таҳовийнинг “Ал-ақидатут таҳовия” номли китобида Қуръонга шундай таъриф берилган: “Қуръон Аллоҳнинг Каломидир. Қуръон У Зотдан сўз бўлиб зоҳир бўлди. Аллоҳ Қуръонни Расулига ваҳий қилди. Мўминлар уни тасдиқладилар, ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг Каломи деб шубҳасиз ишондилар. Қуръон одамларнинг каломига ўхшаб яратилган эмас. Шундай экан, ким Қуръонни эшитса-ю, инсоннинг сўзи деб гумон қилса, аниқ кофир бўлибди. Аллоҳ ундай одамларни маломат қилган, айблаган, уни дўзах билан қўрқитган. Аллоҳ таоло: “Тезда уни сақарга (яъни, дўзахга) киритиб куйдираман ”, деган. “Бу инсоннинг сўзидан бошқа ҳеч нарса эмас ”, деган кимсага Аллоҳ дўзах билан таҳдид қилгач, аниқ ишондикки, албатта Қуръон инсонлар Парвардигорининг Сўзидир, зинҳор инсоннинг сўзига ўхшамайди”.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари Аллоҳ таолонинг Каломи махлуқ (яратилган) эмаслигига иттифоқ қилишган. Қуръон Аллоҳнинг Ўзига хос тарзда гапирган Каломидир .
Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Аллоҳдан эшитди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан ваҳийни қабул қилиб олдилар, кейин саҳобаларга ўқиб бердилар.
Пайғамбар алайҳиссалом қирқ ёшга яқинлашиб қолгандилар. Бунгача эл орасида “Муҳаммад Амин” (ишончли Муҳаммад) деб ном чиқаргандилар. У зотнинг ростгўйликларини ҳамма беш қўлдай биларди. Муҳаммад ёлғон гапирибди, деса биров ишонмасди.
Ҳабибимиз пайғамбар бўлмасларидан уч йил олдин Макка яқинидаги Ҳиро ғорида, йилда бир марта рамазон ойида таҳаннус ибодати (руҳий покланиш) билан машғул бўла бошладилар. Чунки қавмлари эътиқод қилаётган нарсадан кўнгиллари тўлмас, танҳоликни истаб, кўпроқ ибодат қилар, борлиқдаги ажойиботлар ҳақида фикр юритардилар.
Кунларнинг бирида Муҳаммад Амин Ҳиро ғори оғзига чиқишлари билан, “Иқроъ” (Ўқи!) деган гулдурос овозни эшитдилар. Бу овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг бир шуъласи – Қуръони каримнинг биринчи ояти эди. Шу тариқа Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий нозил бўла бошлади. Аввал ўтган пайғамбарларга ваҳий келтирган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад Мустафога Аллоҳнинг илоҳий Каломини олиб келди .
Маълумки, ўша вақтда арабларда сўз усталиги, адабиёт жуда ривожланган эди. Улар Укоз деган жойда шеър айтиш, ваъзхонлик бўйича мусобақалар ўтказишарди. Машҳур шоирлар мусобақа қатнашчиларини баҳолаб борарди. Танловда ғолиб чиққан асарлар Каъба деворига илиб қўйиларди. Араблар бу нодир асарларни ўқиб, ижодкорларини олқишлашарди. Шундай бир пайтда Қуръони карим ўзининг ажойиб услуби билан нозил этилди, тартибсиз ҳолда ҳаёт кечираётган араблар қалбига кириб борди. Ўша вақтда манман деган шоирлар, фасоҳат соҳиблари Қуръон оятлари олдида ҳеч нарса дея олишмади. Қуръонни эшитган пайтда арабларнинг энг моҳир сўз усталари ҳам бошини эгди. Қуръон қаршисида машҳур шоирлар тили калимага келмай қолди. Улар Қуръон фасоҳати, балоғати олдида ип эшолмай қолишди. Чунки улар Қуръон оддий одам боласининг сўзи эмаслигини, унда илоҳий маънолар жамулжам эканини бошқалардан кўра яхшироқ билишарди.
Шундай мусобақа ўтказилаётган вақтда саҳобалардан бири Қуръони каримнинг Кавсар сурасини Каъба деворига илиб қўйган. Бу сурани ўқиб кўрган таниқли шоирлар бир овоздан: “Бу – инсоннинг сўзи эмас”, деб тан олишган. Мана шу биргина воқеанинг ўзи Қуръони карим Аллоҳнинг Каломи эканига очиқ-ойдин далилдир .
Қуръон сўзга чечан, тили ўткир, сўзи кескир арабларни мусобақага чақирди. Уларга – Қуръон сураларига ўхшаш бир сура келтириш – таклиф этилди. Аммо биронта шоир ёки адиб чиқиб, “Мана мен Қуръондан зўр жумла туза оламан!” демади. Бундай дейишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади.
Араблар: “Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, унга бошқалар ёрдам берган”, дейишарди-ю, аммо ҳаммаси бир бўлиб ҳам Қуръоннинг битта оятига ўхшаш оятни келтиришолмасди. Тўғри, Фил сураси нозил бўлганида, ёлғончи Мусайламага ўхшаган кимсалар: “Менга ҳам шундай нарса тушди: Ал-фийл, мал-фийл, ва маа адрока мал-фийл, лаҳув хуртумун товийлун...” деб кўрди. Одиёт сураси тушганида эса, ўзича: “Вал-аажинаати ажнаа, вал-хобизаати хобзаа, вал-лаақимаати лақмаа” деб чиранди. Аммо унинг бу сафарги уриниши ҳам ўхшамади. Одамларга кулги бўлгани қолди .
Бундай уринишлар тарихда кўп бўлган. Кимдир Қуръонга ўхшаш китоб ёзишга ҳаракат қилса, яна кимлардир Қуръондан хато топишга зўр бериб чиранган. Аммо уларнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетган. Чунки Қуръон ожиз банданинг сўзи эмас, оламлар Парвардигори Аллоҳ таолонинг Каломидир. Шунинг учун Қуръонда ҳеч қандай нуқсон-камчилик топилмайди.
Қуръондек ўта ишончли, хатолардан холи китобнинг ўзи йўқ дунёда. Ҳатто самовий китоблар ичида ҳам танҳодир Қуръон. Зеро, Таврот, Забур, Инжил китоблари вақт ўтиши билан одамлар томонидан ўзгартириб юборилган. Мазкур илоҳий китоблардан биронтасининг ҳам асл нусхаси қолмаган. Бундан фарқли ўлароқ, Қуръоннинг биттаям ҳарфига шикаст етмаган. Чунки Қуръонни нозил қилган Зот Каломини ҳар қандай тажовузлардан сақлашга ваъда берган.
Ўтмишда Қуръони каримга қанчадан-қанча хуружлар бўлди: уни йўқотишга уриндилар, ўтда ёқдилар, сувга оқиздилар, ерга кўмдилар. Аммо Қуръон асл ҳолича қолди. Қуръони карим Аллоҳнинг марҳамати билан мўминлар қалбида ҳам, китоб саҳифаларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай нозил қилинган бўлса, шундай сақлаб келинмоқда.
Қуръонни англаш истагидаги инсон уни бир адабий асар эмас, Аллоҳнинг Каломи деган ишонч билан, ихлос билан ўқиса, ҳар бир оят устида фикр юритса, ҳеч қаердан тополмайдиган қимматли маълумотларга эга бўлади. Бу билан инсоннинг илм-маърифати юксалади, қалби хотиржам бўлади, имон-эътиқоди мустаҳкамланади, қийрот-қийрот савоб олади, охиратда мартабаси юқори бўлади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase