Аргентиналик футболчи, 1986 йилда жаҳон чемпиони, тарихдаги энг яхши футболчи номига доимий даъвогар Диего Марадона 60 ёшида юрак хуружидан сўнг вафот этди. 1980 йилларда ўзининг шуҳрат чўққисида у дунёдаги энг юқори ҳақ тўланадиган спортчилардан бири бўлиб, йилига бир неча миллион доллар даромад топарди. Бироқ, футболчилик фаолиятини якунлагач, Марадона бир неча бор жанжалли турмуш тарзи ва гиёҳвандлик билан бир қаторда молиявий қийинчиликларга ҳам дуч келди.
Марадонанинг "нархи"
Celebrity Net Worth Марадонанинг соф активларини у вафот этган пайтга келиб 500 минг долларга баҳолади. Бу собиқ футболчининг молиявий ҳолатига баҳо берадиган интернетдаги ягона манбадир. Ресурснинг таъкидлашича, унинг баҳолари «қатъий методология ва ўз алгоритми»га асосланади, бироқ New York Times бунинг ортида ҳеч қандай жиддий таҳлил йўқ деб, Celebrity Net Worth ҳисоб-китобларини шубҳа остига қўяди. Нима бўлганда ҳам, маълумотлар узуқ-юлуқлиги, футболчининг қарзлари билан ноаниқлик ва ўзининг зиддиятли баёнотлари туфайли Марадонанинг активларини Forbes ёки Bloomberg миллиардерларга нисбатан қандай бўлса, шундай баҳолашнинг имкони йўқ.
Таққослаш учун, Forbes маълумотларига кўра, замонавий футбол юлдузлари Лионел Месси ва Криштиану Роналду фақат охирги йилнинг ўзида (2019 йил ўрталаридан 2020 йил ўрталаригача) ҳар бири 100 млн доллардан ортиқ ишлаб олган.
2005 йил Италия солиқ органлари Марадонага 1984-1991 йиллар давомида, «Наполи» жамоаси шарафини ҳимоя қилган пайтларида тўланмаган солиқлар учун €37 млн жарима солмоқчи бўлди. Марадона ўзини оқлаш учун унинг иши футбол ўйнаш бўлгани, солиқ масалалари билан эса клуб шуғулланганини айтади. 2005 Италия солиқ полицияси Марадона маҳаллий телешоуда олиши лозим бўлган гонорарни мусодара қилади, 2006 йил у Неаполга ташриф буюрганида нархи 10 минг евро бўлган иккита Rolex соатини олиб қўяди. 2016 йилга келиб, Марадона номидан юристлар Италияда судлашишни давом эттирдилар, солиқ органларининг бу вақтга келиб 40 миллионга етган даъволарига қарши чиқдилар. 2017 йилда "Napoli" клуби футболчининг солиқ хизмати билан низоси ҳали ҳал бўлмаганини айтиб ўтди. Шундан сўнг, матбуот бу ишнинг силжиши ҳақида хабар бермади. Аммо, Италия қонунларига кўра, меросхўрлар марҳумнинг қарзлари учун жавоб беришда давом этади.
Футболчи ва мураббийнинг даромадлари
"Napoli" да ўйнаб юрган пайтлари Марадона йилига 3 млн долларгача маош ва реклама шартномаларидан яна 8-10 млн доллар даромад олган, деб ёзганди The New York Times Magazine журнали 1990 йилда. Бугунги пулларга ҳисоблаганда, унинг йиллик даромади 1989 йилдан бери доллар инфляцияси ҳисобига кўра, камида $25 млн бўлар эди. Футболчи сифатида фаолиятини якунлагач, Марадона мураббий сифатида пул топишда давом этди. Масалан, 2018-2019 йилларда Мексиканинг "Dorados de Sinaloa" клубига мураббийлик қилган, бу ерда у Goal портали маълумотларига кўра у ойига 150 минг доллар маош олган. Шартнома муддати (11 ой) эканидан келиб чиқиб, Марадона 1,6 млн доллар ишлаб топиши мумкин эди.
Бунгача Марадона БАА клублари - Al Wasl (2011–2012 йиллар) ва Al-Fujairah (2017–2018 йиллар) мураббийи бўлиб ишлаган.
2017 йил Марадона FIFA расмий элчиси бўлди ва бу лавозимда бепул ишлади. Daily Telegraph маълумотлрига кўра, унинг шартномасида у ташкилот элчиси сифатида иштирок этадиган ҳар бир тадбирда £10 минг тўланиши кўзда тутилган эди. 2018 йил FIFA Россиядаги жаҳон чемпионатида номуносиб хулқ-атвори туфайли уни лавозмидан бўшатди.
Ҳомийлик шартномалари
Марадона меҳнат даромадидан ташқари ҳомийлик ва реклама шартномаларидан ҳам яхшигина мукофотлар олган. 1982 йилда футболчининг расмий ҳомийси Германиянинг спорт поябзаллари ишлаб чиқарувчи Пума эди. Марадона учта Жаҳон чемпионатида (1982, 1986 ва 1990) Пума бутсасида ўйнаган. 1995 йилда у Япония спорт бренди Mizuno билан шартнома имзолади, лекин 1996 йилда яна Пума брендини тарғиб қилишга қайтди. Марадонанинг немис ишлаб чиқарувчиси билан шартномаси тафсилотлари ошкор қилинмади, аммо тахминларга кўра, шартнома умрбод муддатга тузилган, дея қайд этди Footy Headlines портали.
Шунингдек, футболчи Coca-Cola, Швейцариянинг соат ишлаб чиқарувчи Hublot компанияси ва Япон видеоўйинлари ишлаб чиқарувчи Konami билан реклама шартномаларига ҳам эга бўлган. 2017 йилда Konami Марадона билан Pro Evolution Soccer симуляторлари сериясидаги ўз имиджидан 2020 йилгача фойдаланишга келишиб олганини эълон қилди. Молиявий шартлар ошкор қилинмади.
Марадона Аргентина, Венесуела ва Кубада кўчмас мулкка эгалик киларди. Гаванада унга бир меҳмонхона тегишли эди. Бундан ташқари, Марадона бир неча ҳашаматли автомобил, шу жумладан, нархи €300000 бўлган Rolls-Royce га эгалик киларди, тез-тез қимматбаҳо совғалар оларди: мисол учун, 2018 йилда, Марадона қисқа муддатга Беларуснинг Динамо Брест клуби Кенгаши раиси бўлганида инвестордан қимматбаҳо тошли узук олди.
Марадонанинг расмий меросхўрлари 1984 йилдан 2003 йилгача давом этган биринчи никоҳидан туғилган иккита қизи ҳисобланади. 2019 йил Марадона Кубада бошқа аёллар билан муносабатларидан яна учта болани юридик тан олиш ниятини билдирган.