«Саратон бу – кўпчилик ундан қўрқадиган қоп-қора маҳлуқдир. Онкологик касалликлар энг зарарли ҳисобланади: шиш тўқималар ва органларни ишдан чиқарган, ҳаётни қисқартирган ҳолда ўсиб боради. Шуниси қувонтирадики, бу йил тиббиёт бўйича Нобель мукофоти саратон касаллигини тадқиқ этувчи олимларга насиб бўлди», - дейди муаллиф.
Уларнинг ишлари туфайли келажакда шишни фақат операция қилиш ёки радиация ва кимёвий терапия таъсирига учратиш билан чекланиб қолинмайди. Олимлар улардан ташқари тўртинчи йўлни ҳам топдилар: «уларнинг тадқиқотларига кўра, инсон иммунитетини саратон ҳужайраларига қарши кўрашга йўналтириш мумкин – айрим ҳолатларда бу шу қадар самарали натижа берадики, организм уларнинг ўсишини тўхтатишдан ташқари умуман шишдан халос бўлишга ҳам эришади", хабар беради Die Welt.
Муаллифнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда «фақат Германиянинг ўзида ҳар йили 500 минг кишида онкологик касалликлар аниқланмоқда. Бу кўрсаткичлар шунинг учун ҳам янада ўсиб борадики, аҳоли қариб бормоқда. Бироқ агар 1980 йилгача саратон касалига чалинган беморларнинг учдан икки қисмидан ортиғи бу касалликдан вафот этган бўлса, ҳозирги пайтда даволаниш туфайли уларнинг ярмидан ортиғи умри узайган».
Фахрий мукофот билан тақдирланган олимларнинг ютуқлари кўпчиликка шуни эслатиб юборадики, «касалга чалинганларнинг ярми барибир касалликни енга олмайди. Қора маҳлуқ занжирбанд қилиниши мумкин, лекин у ҳужум қилишда давом этади ва азобли ўлим сабабчиси бўлиши мумкин", - деб ёзадли мақола муаллифи.
Журналистка шуни ёдга соладики, «тамаки чекиш, ортиқча вазн, спиртли ичимликлар ва гиподинамия риски каби омилларни ҳаётдан чикариб ташлаб» бешта саратон касалидан иккитасининг олдини олиш мумкин. Шунингдек, мунтазам шифокорлар кўригидан ўтиш туришни ҳам канда қилмаслик лозим.
«Агар олимлар уларнинг олдини олиш мумкин бўлмаган ҳолатларни даволаш усулларини такомиллаштирадиган бўлса, қора маҳлуқ чексиз ваҳима солишдан тўхтайди", - хулоса чиқаради муаллиф.
Манба: Die Welt
Абу Муслим таржимаси