close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Талбийна ҳақида

Савол: Тиббун Набавий асосида талбийнани шифо учун ишлатилиши ҳақида айтиб бера оласизми?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ...
Талбийна ҳақида жуда кўп саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ўз аҳлларидан бирор киши вафот этадиган бўлса, шу сабабла аёллар тўпланиб тарқаганидан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганда бир декча талбийна қилишга амр этарди. Сўнгра уни нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши:
«Эй аёллар, шуни еб олинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади, деганларини эшитганман», дер эди». (Бухорий ва Муслим)
Бошқа бир ҳадисда: «У киши бемор учун ва вафот этганга маҳзун бўлган учун талбийна амр қилар эдилар ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, талбийна беморнинг юрагини қувватли қилади ва баъзи маҳзунликни кетказади, деганларини эшитганман», дер эди». (Бухорий)
Ушбу икки ҳадисдан маълум бўлишича, талбийна бемор учун ва маҳзунликни кетказиб, бракка қувват берар экан.
Талбийна деб икки қошиқ кепаки ажратилмаган арпа унига бир косача сув қўшиб  паст оловда беш дақиқа давомида пиширилган оби ёвғонга айтилади. Баъзилар унга бир қошиқ асал қўшадилар. Уни талбийна дейилишидан мурод, ранги ва таркибига кўра сутга ўхшаб кетганидир (лабан -сут).
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"Агар талбийнанинг афзаллигини билмоқчи бўлсангиз, унда арпа сувининг афзаллигини ҳам билинг. Аслида уларнинг наздида бу арпа суви бўлган. Талбийна кепакли арпа унидан тайёрланган шўрва бўлиб, у билан арпа сувининг ўртасидаги фарқ шундаки, арпанинг суви бутун, майдаланмаган арпа донидан олинади, талбийна эса арпа унидан тайёрланади. Талбийна арпа янчилганида унинг ўзига хос хусусиятлари ажралиб чиққани боис арпа сувидан фойдалироқдир. Юқорида айтдикки, одатда дорилар ва озуқалардан фойдаланиш таъсирлироқ бўлади. Одамлар айни масалада арпанинг донини бутунича эмас, уни янчиб сувини олишга ўрганишган эди. Шунда озуқалик хусусияти кўпроқ, таъсири кучлироқ, фойдаси каттароқ бўлади..." ("Зодул-маод" китобидан)
Ҳофиз ибн Ҳожар роҳимаҳуллоҳ, талбийна ҳақида қуйидагиларни айтган: “
“Бу ўзига яраша ун ва кепакдан тайёрланадиган таомдир, унига асал ҳам қўшса бўлади. Уни талбийна дейишдан мақсад ранги ва таркибига кўра оппоқ сутга ўхшаб кетади. Унинг фойдаси у юмшқо ва яхши тайёрланади, қаттиқ ҳам эмас хом ҳам эмас” (Фатҳул Борий).
Арпа жуда кўп фазилатларга эгалиги шубҳасиздир, уларнинг баъзилари замонавий тадқиқотларда маълум бўлди, масалан: холестерин миқдорини камайтириш, юракни даволлаш, депрессияга шиофлиги, қондаги баланд миқдордаги қанд, қон босимининг ошиши, ич кетиши ва йўғон ичакни тинчлантиришлар шулар жумласидандир. Яна тадқиқотлардан арпа йўғон ичак саратонининг олдини олишда муҳим вазифа бажариши ҳам аниқланди.
Доктор Саҳба Бундук юқоридаги фойдаларни таъкидлаб бўлганидан сўнг:
“Бу маънода, талбийна юрак ва қон тизимида хосил бўлувчи касалликлардан ҳимоя қилади, хусусан томирларни, айниқса юракнинг асосий томиларини артериосклероздан ҳимоя қилади. У ҳамда ангина ва миокард инфарктидан сақлайди.
Юқорида зикр қилинган касалликларга дучор бўлганлар ҳақида айтадиган бўлсак, талбийна ўзининг саломатликка кўрсатадиган ижобий хусусиятлари билан касалликни янада кучайиб кетиши ва уни даволлашда ҳам мухим вазифани ўташи мумкин.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам “...талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади” деганлар-ку...
Валлоҳу аълам...

islam.qa матеариаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase