Замзам суви кристалларининг шакли сизни ҳам ҳайратга солади. Замзам суви черковларда чалинадиган қўнғироқ овозидан қораяди, азон айтилганда ёки Қуръони карим ўқилганда эса тиниқлашади. Чўлнинг ўртасида тўрт минг йилдирки, бузилмай, ифлосланмай, ичида бегона ўтлар ўсмасдан оқаётган бу муқаддас сув ҳар йили умра ва ҳажга келган миллионлаб мусулмонни тўйдирмоқда. Жаннатдан оқиб келган деб эътиқод қилинадиган Замзам суви ҳақида ТРТ телеканали ҳужжатли фильм тайёрлади.
Ушбу фильмни суратга олиш мобайнида Замзам ва унинг кристаллари ҳақида тадқиқот ўтказган ғайримусулмон олимлар бу булоқнинг сирларидан воқиф бўлдилар. Олмон доктори Кнут Пфайффер (Dr. Knut Pfeiffer) ана шундай олимлардан биридир. Райн дарёси сувидан ичган кишининг куч-қуввати камайганини ҳужжатлар билан тасдиқлаган доктор Пфайффер Замзам сувини тадқиқ этиш натижасида бу сувдан ичган кишининг роҳатланишини исботлади.
Замзам сувининг бир пиёласи бир челак сувни тозалайди. Тадқиқотларини чуқурлаштирган олмон доктори ўзини ҳам қаттиқ ажаблантирган бир ҳолни кашф этди. Пфайффер буни шундай изоҳлайди: «Замзам суви ҳар қандай шароитда асл ҳолатини ўзгартирмайди, аммо бошқа нарсаларни ўзгартиради». Олмон олими қуйидагиларни таъкидлайди: «Жуда ажойиб тажриба қилдим. Бир томчи Замзам сувига юз томчи оддий сувдан аралаштирдим. Қарасам, бу сув бутунлай Замзам сувига айланибди.
Кейин бир томчи Замзам сувига минг томчи оддий сувдан аралаштирдим. Бунда ҳам оддий сувнинг ҳаммаси Замзам сувига айланганини кўрдим. Овозлар Замзам сувини ўзгартиради. Тадқиқотларга кўра, Замзамнинг илк отилиб чиққан ердаги иссиқлиги 37°С даражадир.
Қайси ният билан ичилса, ўша дардга шифо бўладиган ва 66 номга эга бўлган Замзам суви овозларга кўра ўзгариб туради. Буни япон олими Доктор Масура Эмото (Masura Emoto) исботлаган. Замзам суви кристалларини илк марта микроскопда тадқиқ этган Доктор Эмото Замзам сувига турли овозларнинг таъсирини ўрганган. Замзам сувининг молекуляр (кристалл) тартибининг фарқли овозларда ўзгариб туришини ўрганган япон олими бу сув рангининг черковларда чалинадиган қўнғироқ овозидан қорайишини, азон ва Қуръони карим ўқилганда эса тиниқлашишини тасдиқлади.
Тадқиқотларда сувнинг ҳар бир кристали Каъба шаклига ўхшаши ҳам маълум бўлди. Замзам суви ҳақида ёзган китоби Японияда энг кўп сотилган китоблар орасидан ўрин олган Доктор Эмотонинг фикрича, Замзам суви физикавий ва кимёвий хусусиятлари жиҳатидан дунёдаги бутун сувлардан фарқлидир.
Доктор Эмотонинг айтишича, Замзам суви ўзининг атрофидаги бутун жараёнларни ҳофизасига олади. Унинг таркиби бошқа сувлардан жуда ҳам фарқлидир. Бу унинг дунёдаги бошқа моддалардан устунлигига далолат қилади. «Мусулмонлар хаста одамни даволашда нега Қуръони каримни ўқиб, сувга дам уришларини энди яхшироқ тушунмоқдаман», дейди олим.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосаси
Бу хулосага кўра, Замзам суви ичишга яроқли ва соғлиқ учун фойдали сувдир. Америкада ўтказилган тадқиқотларга кўра, дунёдаги микроорганизм ва бактериялар бўлмаган ягона сув Замзам сувидир. Оврўпадаги лаборатория тадқиқотлари эса юқумли касалликларга қарши таъсирчан бўлган Замзам сувида углеводород ва олтингугурт моддаларининг бошқа сувлардагига нисбатан камроқ миқдорда эканлигини ва бу сувнинг тўйдириш хусусияти жуда катта эканлигини кўрсатган.
«Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан