Зиҳорнинг ислом шариатида собит бўлиши
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 125 марта кўрилди
Жоҳилият замонасида зиҳор талоқдан ҳам қаттиқ ҳисобланиб, эр-хотинни бир-бирига абадий ҳаром қиладиган ва у иккисини ўзаро алоқасини буткул узуш воситаси деб тушунилган. Жоҳилият даврида араблар талоқдан кейин аёлларини қайтариб олар эдилар. Лекин, зиҳордан кейин аёлини қайтариб олишни сира иложи йўқ эди. Чунки, улар зиҳорни эр-хотин ришталарини узадиган бир восита халос деб тушунмаганлар. Балки, жоҳилия пайтида зиҳор сабабли аёл она каби бўлиб, онанинг никоҳи ўз ўғли учун доимий ҳаром бўлгани каби зиҳор қилинган аёл ҳам эри учун абадий ҳаром бўлади деб тушунганлар. Ислом аввалида унга тегишли бирор ҳукм нозил бўлмаган эди. Лекин, кейинчалик ушбу мавзуга доир бир воқеа юз берди.
Авс ибн Сомит розияллоҳу анҳу ғазаб устида аёли Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳога “Сен мен учун онамнинг бели каби ҳаромсан” деб юборди. Бироз вақт ўтгач иккалалари ўтган ишга афсус қилдилар. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо чора излаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Чунки, ҳали ҳануз бу борада самовий ҳукм нозил қилинмаган эди. Олдин ривож топган жоҳилият анъаналарига мувофиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Менинг фикримча эрингга ҳаром бўлибсан”, дедилар. Шунда Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо дод-вой солиб: “Аллоҳим Ўзингга шикоят қиламан” деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юзланиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули менинг ёшлигим эрим хонадонида ўтди. Қариб қолганимда эрим мени зиҳор қилди. У билан ажрашсам хонадоним барбод бўлиб, болаларим қандай ҳаёт кечирадилар” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Унга ҳаром бўлибсан”дан бошқа гапни айтмадилар ва:
“Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ”, дедилар. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди. Ул зот:
“Унга ҳаром бўлибсан”, десалар, у:
“Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан”, дерди.
Шундай айтишув чоғида Хавла бинти Саълаба:
“Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан қолсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зое бўладилар”, дер ва бошини осмонга кўтариб:
“Эй бор худоё! Ўзингга ёлборяпман. Эй бор худоё! Пайғамбаринг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи (оятларни) тушир”, дерди.
Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:
“Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди”, дедилар. Сўнгра “Қод самиъа Аллоҳу”дан, то “азабун алим”гача ўқиб бердилар.
قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ وَالَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا ذَلِكُمْ تُوعَظُونَ بِهِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ذَلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Сизлардан ўз хотинларидан зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у(хотин)лар оналари эмас. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар. Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчидир. Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор” (Мужодала 1-4 оят).