Итоатсиз, хулқсиз, дини заъиф аёлни талоқ қилиш
- Бўлим: Талоқ
- Пайшанба, Июн 16 2022
- 343 марта кўрилди
Шариат кўрсатмаларига амал қилмайдиган, амалсиз, хулқсиз бўлиб, куфр ва ширк расм-русмлардан ўзини йироқ тутмайдиган, хурофот ва бидъатларга берилиб, эрига итоат қилмайдиган, муттасил равишда намоз ва рўзани тарк қиладиган аёлларга ҳам талоқ қўйиш вожиб эмас. Яхшиси унга тушунтириш ишлари олиб борилади. Агар итоатсизликда ҳаддан ошиб кетса, эр аёлини яхши кўрган даражада аёл эрини яхши кўрмаса, балки аксинча эридан нафратланса, аёлга қилган хатоларини тушунтириш мушкул бўлса, бундай ҳолатда эр аёлига талоқ бериш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, аёл ўзининг қайнота ва қайноналарини ҳурмат қилмай, уларга чексиз ташвиш туғдирса ва ота-оналар эрни аёлига талоқ қўйишга мажбур қилсалар, бас бундай ҳолатда ҳам эр аёлини талоқ қилиши мумкин. Заруратсиз талоқ қўйиш саҳиҳ қавлга кўра манъ қилинган. “Дуррул мухтор” матнида бу ҳақда шундай дейилган:
“Саҳиҳи у(талоқ)ни манъ қилиниши. Лекин ҳожат бўлса, жоиз... Азият (эрга ё бошқаларга сўзи ё феъли билан) берувчи, фарз намозларни тарк қилувчи аёлга талоқ қўйиш мустаҳаб. Унинг маъноси шуки, намоз ўқимайдиган аёл билан яшаш гуноҳ эмас. “Азият берувчи бўлса” деган (мусаннифнинг) қавли – ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам сўз билан ёки феъл билан азият берувчиларни ўз ичига олиши учун у(“азият берувчи” деган сўзни)ни мутлоқ қилиб келтирилди” (Дуррул мухтор)[Дуррул мухтор. Ж. IV. Б. 427-428.].
Бад феъллиги шубҳа асосида эмас, балки равшан тарзда бошқа эркаклардан сақланмайдиган ё номаҳрамлар билан аралаш юришга бепарво бўладиган аёлга талоқ қўйиш гуноҳ эмас. Балки, ғурурли кишиларнинг рашки бундай аёлларга талоқ қўйишга ундайди. Бундай аёлнинг эрини хотинини жуда яхши кўргани сабабли талоқ қўйишга қалби чидамаса ё фарзандларнинг парвариши, тартиб-интизомида парокандалик юзага келиш хавфи бўлса, талоқ қўймай аёлига тушунтириш ишлари олиб боради. Имкони борича тарбиялашга ҳаракат қилади. Агар, ўзи тарбия бера олмаса, аёлнинг қариндош-уруғлар воситасида тушунтиришга ҳаракат қилади ва натижада эр-хотинлик алоқалари тикланса, бундай ҳолатда аёлга талоқ бериш вожиб эмас.
“Эр фожира аёлига талоқ бериши вожиб эмас” [Дуррул мухтор. Ж. IV. Б. 143.].
Абдуллоҳ ибн Аббос Розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Ушлагувчини қўлини қайтармайдиган аёлим бор” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни талоқ қил” дедилар. У киши: “Уни яхши кўраман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалла): “Ундай бўлса, уни тутиб тур” дедилар”[Мушкотул масобиҳ. Ж. II. Б. 287.].