close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Польша-Ўзбекистон, тарихий йўл!

Халқ тақдири олимларни, ёзувчиларни, шоирларни доимо ҳаяжонга солиши, илҳомлантирмоғи лозим. Зеро, ҳар бир муносиб инсон учун халқ тақдиридаги қувонч шунчаки унинг байрами, халқ тақдиридаги фожиа эса ўзининг руҳий изтироби, дарди, алами ва қайғусидир. Халқ тақдирида содир бўлган тарихий воқеалар ҳар бир инсонни қизиқтирмоғи керак.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга эвакуация қилинган қочқинлар улардан қарийб 600 минг нафари ҳалок бўлган, миллион нафари майиб бўлган, бир неча минг нафари бедарак йўқолган 2 миллион ўғил-қизини урушга жўнатган ўзбек халқининг дард ва изтиробларига шерик бўлди.
Ўзбеклар тарихдаги фожиали дамлар, мустамлака даврида ва большевизм жаҳолатпарастлигида тузатиб бўлмас зарар етказган оғриқ ва азобларга қарамай, бутун дунё халқларига нисбатан инсонпарварлик туйғуларини, умуминсоний ва меҳр-оқибатли муносабатларни сақлаб қолишга ва ўз фарзандларига етказишга муваффақ бўлдилар.
Қалбида меҳр-оқибат, миннатдорлик бор одамлар ўзбек халқининг олижаноблиги ва меҳр-оқибатини яхши эслайдилар ва ҳамиша яхши биладилар, улар ота-боболари сўзлаб берган ўзбек халқининг меҳрибонлиги ва куйинчаклиги ҳақида ажойиб санъат асарлари қолдирдилар, фильмлар яратдилар, романлар ва шеърлар ёздилар
Кўплаб ўзбек қариялари ўз ихтиёрига зид равишда Ўзбекистонга келиб қолган поляклар ҳақида бугунги кунгача билишади. Улар полякларни яхши темирчи, дурадгор, шифокор ва ўқитувчи сифатида эслашади. Баъзи одамлар полякларни ота-оналарининг ҳикояларидан эслашади ва уларнинг барчаси полякларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишади. Буларнинг барчаси оталар ва боболарнинг ҳикояларида авлоддан-авлодга ўтади, шуниси қизиқ-ки, ҳали ҳам полякларга нисбатан яхши ҳис-туйғуларни сақлаб қолган одамлар бор.
Жаҳон адабиётида асирга олинган польшалик аскар ва офицерларнинг тарихи, СССРга ўз ихтиёри билан қолмаган оддий поляк фуқароларнинг аччиқ тақдири ҳақида кўплаб китоблар ва мақолалар ёзилган, ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиш этилган, лекин аянчли тақдири айнан Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган поляклар тарихи Польша-Ўзбекистон муносабатлари тарихининг етарлича ўрганилмаган ва сирли қисмидир!

I. МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ПОЛЯКЛАР

Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан пайтда ҳозирги мустақил давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларида Польша армиясининг асирга олинган аскар ва офицерлари пайдо бўлди.
Ўзбекистонликлар, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод Россия империясининг бошқа асоратга солинган халқлари каби поляк халқи ҳам доимо мустамлакачилик қуллигидан, большевикларга қарамликдан халос бўлишга интилганини унутмаслиги керак. Шунинг учун Ўзбекистонда бўлган полякларнинг шахсини тасдиқловчи барча ҳужжатлар қатъий махфийлик белгиси остида сақланди.
Оддий фуқаролар Ўзбекистонда поляклар ҳақида маълумот берувчи архив материалларини ўрганиши қатъиян ман этилган, бироқ маҳаллий ўзбеклар билан қўшни бўлиб яшаган поляклар тақдирида содир бўлган фожиали воқеалар тарихини ўзбек халқининг тарихий хотирасидан ўчириб ташлаб бўлмайди.
Ўзбекларнинг поляк халқига бўлган қизиқиши ҳар доим поляклар номига айтилган илиқ ва иззат-ҳурматли сўзлар билан бирга келган ва бу ўзбек жамиятида одатий ҳолат ҳисобланади.
Ўзбек халқи азалдан умуминсоний қадриятлар тарафдори, халқлар ўртасидаги эзгулик ва меҳр-оқибат ғояларининг содиқ тарафдори бўлиб келган. Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар бу туйғуларнинг барчаси оилаларга сингиб кетган эди.
Ҳозирги кунда, ўзбеклар мустақил фуқароликка эришгач, яъни ўз давлатчилигига эга халқ бўлгач, вазият ўзгарди. Сўнгги пайтларда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ўлкамизда полякларнинг пайдо бўлиш тарихига катта қизиқиш билдира бошладилар. Қизиқаётганларнинг асосий қисмини ўзбек ёшлари – Ўзбекистон мактаблари, лицейлари, коллежлари ўқувчилари, университет ва институтлари талабалари ташкил этади.
Ўзбекистоннинг ёш авлодига таълим тизимида ўтмиш сабоқлари илмий асосда ўқитилиб, миллий манфаатлардан келиб чиқиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Польшада фашизмга қарши курашган ўзбеклар ҳақидаги мавзулар услубий жиҳатдан ўргатилади.
Польша халқининг мустақил давлатчилигининг шаклланиш тарихига қизиқиш ортиб бораётгани шу билан ҳам боғлиқки, ватанпарвар зиёлилар, асосан, ҳозирги Ўзбекистон ўқитувчилари ўз дарсларида таълим тизимининг педагогик талабларидан фойдаланиб, қатағонга учраган ва Ўзбекистонга келиб қолган халқлар мавзусини ёрита бошлади. Бу Ўзбекистон умумий таълим тизими учун улкан муваффақиятдир. Маълумки, авваллари маҳкумлар, сургунлар ва ҳарбий асирлар мавзуси ёпиқ бўлган.
Тараққийпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ойга ва космосга парвозлар билан эришилмайди. Хусусан, буюклик ГУЛАГ билан, болаларни, қарияларни, аёлларни буюк ғоя учун ўлдириш билан, ўлим концлагерлари билан, Америка ҳиндуларини, Австралия аборигенларини йўқ қилиш билан, икки жаҳон уруши билан намоён бўлмайди, халқнинг буюклиги меҳнатсеварлик, одамларга меҳр-оқибат билан тасдиқланади ва исботланади.
Кимдир биринчи бўлиб космосга ит учирган халқни буюк деб билади, кимдир уруш ҳолатига қарамай, тарихий адоватга эътибор бермай, урушлар пайтида ўз душманларининг минглаб қариялари, аёллари ва болаларини ўлим ва қийинчиликлардан ҳимоя қилишга тайёр бўлган халқни буюк деб билади.
Ҳақиқатни тан олиш керак. Замонавий ўзбек жамиятида Ўзбекистонга ўз ихтиёрига зид равишда келиб қолган поляклар мавзусида профессионал теледастурлар ва ҳужжатли фильмлар яратиш зарурати аллақачон пайдо бўлган.
Польша ва Ўзбекистон кино ва фото ҳужжатли фильм ижодкорлари журналистлар ёрдамида академик маънода асирга олинган польшалик генерал Владислав Алберт Андерснинг шахсига оид маълумотлар мавжуд бўлган тарихий маълумотларни ёритишлари керак.

II. ПОЛЬША АРМИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Айнан Владислав Андерснинг шахсий ташаббуси билан 1942 йилнинг январь ойида, роппа-роса 80 йил аввал ҳозирги мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзининг Польша армияси шакллана бошлади. Генерал Андерс ва унинг жангчилари унинг вакили бўлган Польша армияси том маънода кулдан кўтарилганлиги ҳақидаги жасур воқеани унутмаслигимиз керак.
Иккинчи Жаҳон уруши пайтида асирга олинган, депортация қилинган ва ҳукм қилинган поляклар "Оқ бургут" оқ-қизил байроғи остида генерал Владислав Алберт Андерс қўмондонлигида Польша Республикаси Қуролли Кучларини қайта тикладилар.
Ўзбекистонда генерал-лейтенант Владислав Андерс қўмондонлигида фаолият юритган Польша қуролли тузилмасининг вақтинчалик номи “Генерал Андерс армияси” атамаси билан белгиланди.
1942 йил бошида генерал-лейтенант Владислав Алберт Андерс Ўзбекистонда бўлганида Польша халқини озодликка чақирди ва кўплаб поляклар Сталиннинг турли меҳнат ўлим лагерларидан қутқарилди. Ҳар бир маҳкум ва сургун қилинган поляк генерал Андерс армиясига киришга ҳаракат қилди ва Ўзбекистонга интилди - бу улар учун озодлик сари янги йўл эди. Полякларни Совет Иттифоқи қамоқхоналаридан йиғиш ва уларни эвакуаwия қилиш бўйича барча ҳаракатлар генерал Андерс бошчилигида амалга оширилди.
1942 йил кузига келиб, генерал Андерс аскарлари билан биргаликда бир неча минг поляклар СССРдан Эронга эвакуация қилинди. Ҳарбий контингентнинг катталиги бўйича турли рақамлар келтирилган. Бунга армия билан бирга тинч аҳоли ҳам эвакуация қилингани сабаб бўлган. Тарихий манбаларда 100 мингдан 150 минггача Польша Республикаси фуқароларининг эвакуация қилингани қайд этилган. Бу Польша халқининг халос этилиши эди.
Ўзбекистонда “Генерал Андерс армияси” ҳақида ўзбек тилида маълумотлар жуда кам, академик жиҳатдан эса бу тарихий воқеа тадқиқотчилар учун ҳали тўлиқ ўрганилмаган – бу Польша-Ўзбекистон муносабатлари тарихининг кам ўрганилган ва сирли қисмидир!
Ўзбеклар Сталин ўлим лагерларига ўз хоҳиши билан тушмаган, кейинроқ Ўзбекистонга келиб қолган поляклар тақдири ҳақида ишончли тарихий тафсилотларни ўрганишга маънавий ҳақли. Бинобарин, Ўзбекистонда Польша армияси қандай ташкил этилгани, маҳаллий ўзбеклар асирга олинган поляк аскарлари ва офицерлари билан қандай алоқалар ўрнатганлиги ҳақидаги тарихий воқеаларнинг тўлиқ тасвирини қайта тиклаш адолатдан бўларди.
Дарҳақиқат, Польша Республикасининг давлатчилиги ва қуролли кучларининг тикланиши билан боғлиқ тарихий воқеалар ўзбек халқи учун ҳам муҳим воқеадир. Зеро, поляк халқининг давлатчилигини тиклаш, Польша халқининг давлат атрибутлари ва Польша Республикаси Қуролли Кучларини шакллантириш жараёни ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтди ва халқимиз ушбу тарихий воқеанинг бутун жараёнининг гувоҳи бўлди. Бутун дунё ҳақиқатни билиши ва Ўзбекистонда поляк халқини совет асирлигидан қутқариш қандай ташкил этилгани ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак.
Янги йўл, тўғрироғи оқибати, сталинча қатағонлардан халос бўлиш, “халқлар қамоқхонаси”дан озод бўлиш, жаҳонни фашизмдан озод қилиш учун олиб борилган жангларда Польша армиясининг “Шон-шараф ва шуҳрат” сари тез кўтарилиши Ўзбекистондан, кичкина Янгийўл темир йўл вокзалидан бошланди.
Ажойиб тасодифни қаранг-ки, ҳатто генерал Андерс армияси штаб-квартираси ўрнашган, Польша Республикаси Қуролли Кучлари аскар ва офицерлари жойлашган Ўзбекистон шаҳарчаси номи ҳам рамзий ва муқаддас маънога эга. Янгийўл шаҳри номи ўзбек тилидан таржима қилинганда “янги йўл” деган маънони англатади. Айнан мана шу кичик шаҳарчадан Польша Республикаси байроғи остида, генерал Андерс қўмондонлигида поляк аскарлари озодлик сари янги йўлга, мардлик, шон-шараф ва шон-шуҳрат чўққиларига отландилар.
Генерал Андерс полякларни Сталиннинг ўлим лагерларидан озод қилиш учун курашди. Масаланинг моҳиятини турлича тушунишларига қарамай, ҳақиқат ҳақиқатлигича қолаверади. Айниқса, агар ҳақиқат гувоҳларнинг ҳисоботлари ва архив ҳужжатлари асосида кўплаб муаллифлар томонидан тасдиқланган бўлса.
Сталин лагерларидаги мажбурий меҳнатдан чарчаган поляклар совет қамоқхоналаридаги совуқ ва очликдан заифлашди, аммо бу қийинчиликларга қарамай, улар жанговар руҳини юксалтиришга муваффақ бўлдилар ва большевиклар зулмидан қутула олдилар.
Кейинчалик Италияда фашизмга қарши жангларда ва Польшани озод қилиш учун бўлган жангларда генерал Владислав Алберт Андерс армиясидан бўлган польшалик ватанпарварлар бутун дунёга чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар.

III. ПОЛЬША – УРУШ ҚУРБОНИ

Иккинчи жаҳон уруши Гитлер ва Сталиннинг Польша Республикасига қуролли ҳужуми билан бошланди. Мустақил Польша Республикаси бутунлай босиб олинган ҳамда Гитлер ва Сталин ўртасида бўлинган.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Совет армияси томонидан босиб олинган Польша ҳудудида тинч аҳоли ўртасида ҳарбий жиноятлар ва этник тозалашлар содир этилди.
Польшадан келиб чиққанлиги сабабли интернирланган ҳарбий асирлар ва Польшадан ўз ватанларидан депортация қилинган тинч аҳоли ёппасига Совет халқининг душмани деб эълон қилинган.
1939 йилдан бошлаб Польша Республикасининг фуқаролари босиб олинган ҳудудлардан ҳайдаб чиқарилди ва жазони Сталин меҳнат лагерларида ўташ учун Совет империясига мажбуран жўнатилди, бу ерда маҳкумларни аламли ўлим кутмоқда эди.
ГУЛАГ тизими лагерларига мажбуран жойлаштирилган Польшанинг босиб олинган ҳудудларидан асирлар ва қочқинлар сони ҳар хил. Афсуски, маҳкумлар ва турли сабабларга кўра ўз ватанларидан ҳайдалган поляклар ҳақидаги амалдаги маълумотлар яширилган ёки бузиб кўрсатилган. Баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, СССРда 500 мингдан 1,5 миллионгача поляклар бўлган, уларни Сталин ўлим лагерларида қандай тақдир кутаётганини тушуниш қийин эмас. Совуқ, очлик ва сталинчилар лагерлари томонидан қийноққа солинган, асирга олинган аскарлар ва Польша Республикаси фуқаролари Совет ўлим лагерларида авж олган эпидемиялар пайтида турли касалликлардан вафот этдилар.
НКВД чангалига тушган полякларнинг кўпчилиги дарҳол йўқ қилинди. Катынь фожиаси ҳам ўша большевистик “жанри”дан. Бу энди ҳеч ким учун сир эмас.
Тарихий воқеалар қандай талқин қилинишидан қатъи назар, ҳақиқатнинг моҳияти ўзгармайди. Инсоннинг номаълум нарсани билиш истагини ҳали ҳеч ким бекор қилмаган. Шу нуқтаи назардан, ташқи кучлар мустақил давлатчиликни қандай ва нима учун, қандай вазиятда йўқ қилиши мумкинлиги Польша мисолида билиши адекват одамлар учун қизиқ.

II. ПОЛЬША – ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

2021 йил августида поляк диаспораси ва Ўзбекистон жамоатчилиги “Генерал Андерс армияси” қайта тикланганининг 80 йиллигини байрамона нишонлади, 2022 йилда эса қайта тикланган Польша армияси асосчиси ва қўмондони – тақдири Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган афсонавий генерал Владислав Алберт Андерс (1892-1970) таваллудининг 130 йиллигини нишонлади.
2021 йил 26 ноябрь куни Польша Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг “Ғалаба боғи” мемориал марказида Тошкент шаҳридаги “Шон-Шараф” музейида генерал Владислав Андерснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этилган польшалик аскар хотирасига бағишланган стенднинг очилиш маросими тантанали руҳда бўлиб ўтди. Польша ва Ўзбекистон мадҳияси янгради. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари оркестри ажойиб оркестр мусиқаси билан музей меҳмонларини жўшқин руҳлантиришда давом этди. Поляк ва ўзбек аскарлари шарафига ҳали кўп маротаба шеърлар айтилади, ҳарбий шон-шараф ва жасорат шуҳратига оркестрлар янграйди.
Генерал Андерс армиясига бағишланган стенднинг очилиш маросими олдидан “Шон-шараф” давлат музейи ва Польша Республикасининг Гданьск шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши музейи ўртасида “Ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар тўғрисида”ги шартнома имзоланди.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида ўз ихтиёрига зид равишда Ўзбекистонга келиб қолган полклар шахси ва сонини аниқлаш учун архив ҳужжатларии ўрганиш мақсадида Польша Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Гданьск шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши музейи, “Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ўртасида “Ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар тўғрисида”ги уч томонлама Битимнинг тантанали имзоланиши бўлиб ўтди. Бу воқеа Польша-Ўзбекистон муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа ҳисобланади.
Эндиликда Польша ва Ўзбекистоннинг ватанпарвар олимлари, жамоат арбоблари олдида Ўзбекистонда дафн этилган полякларнинг, Польшада дафн этилган ўзбекларнинг кимлигини ва сонини аниқлаш борасида улкан ишлар турибди.
Польша Республикаси элчихонаси ахборот ресурсидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 17 жойда Польша Республикаси фуқаролари бўлган 2155 нафар польшалик офицерлар, аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари дафн этилган. Ўзбекистонда вафот этган ва дафн этилган полякларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда дафн этилган Польша Республикаси ҳарбийлари ва фуқаролари ўзбек заминида тинч ётибди. Демак, улар аллақачон ўзбекларнинг она тарихига айланган, уларнинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқининг поляклар олдидаги шаъни ва қадр-қимматининг намоёни бўлишидир. Ана шу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда дафн этилган ҳар бир поляк жангчи Польша давлатчилиги тарихини ўзида мужассам этади, улар хотираси ўзбек халқининг поляк халқи вакилларига бўлган самимий меҳр ва ҳурмати рамзи ҳисобланади.
Ўтмиш ҳақида мулоҳаза юритиш, ўз юртининг бугунги мустақиллигини англаш ҳар бир инсон қалбида амалда, сўзда ва фикрда шахсий эркинлик таъмини яратиши мумкин, бунинг учун тарихни ўрганиш лозим.
Ҳар бир юрт фуқаросининг ўз Ватани тарихи, маданияти, анъана ва урф-одатларидан хабардор бўлиши ҳамиша жамият тараққиётига хизмат қилади. Бунинг сабаби шундаки, жамият эволюциясининг ҳар бир тарихий босқичи инсоннинг ўз ватани ўтмишига шахсий муносабатини ижобий англашдан бошланади. Айнан ҳар бир фуқаро ўз она халқи тақдирида рўй берган тарихий воқеаларга ҳушёр ва холисона баҳо берганидан сўнг бутун жамиятнинг маънавий ўзгариши бошланади.

IV. ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ПОЛЯКЛАР ҲАҚИДА

СССР парчаланганидан кейин Польша ва Иккинчи Жаҳон урушидаги польшалик қаҳрамонлар ҳақидаги ахборот ва таҳлилий хабарлар одамларга бузилган шаклда етиб келди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида, афсуски, Польша ва поляк халқи ҳақидаги тасаввурлар Москвадан келган хабарлар ва совет даври фильмларидан олинган кадрлар билан боғлиқ эди.
Тан олиш керакки, баъзи одамлар Польша ва поляк давлатчилиги тарихи ҳақида маълумотни ишончли ва расмий манбалардан олишмаган ва шундай давом этиб келмоқда. Журналистика ва тарихшуносликдаги бу бўшлиқни анча олдин тузатиш керак эди.
Журналистлик амалиёти шуни кўрсатадики, душманлик кайфиятидаги ахборот агентликлари кўп ҳолларда Польша ҳақидаги атайлаб сохта хабарларни ишонувчан оддий одамлар эътиборига салбий тусда тақдим этадилар.
Дунёдаги ҳозирги тушунарсиз геосиёсий вазият туфайли айрим ахборот агентликларининг аксил-ташвиқоти ўтакетган ҳаракатлар характерига эга бўлиши мумкин. Кўпинча ижтимоий тармоқларда улар ножўя провокацион ҳужумларда ифодаланиши мумкин. Ҳар доимгидек, бу масалада провокаторларнинг "севимли мавзуси" тарихий фактларни бузиш ва оммани алдашдир.
Мутахассисларга аёнки, тарихий воқеанинг ҳақиқати бу ҳақда ким ва қандай, қачон айтилган ёки ёзилганига боғлиқ эмас. Турли нуфузли ва таниқли олимларнинг асарларидан бутун жаҳон жамоатчилигига ҳавола қилинган бир хил тарихий воқеага оид ўхшаш фактлар, уларнинг иқтибослари, тезислари, баёнотлари, мулоҳазалари ва баҳолари, аксинча, воқеага бўлган қизиқишни кучайтирмоқда, ва одамлар тасдиқловчи фактлар билан тарихдан шунга ўхшаш воқеаларни излайдилар.
Ўзбекистон фуқароларини Польша халқининг тарихи ва маданияти билан таништириш, шунингдек, Польша ва Ўзбекистон ўртасида дўстона ва яхши муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш муҳимлигини ошириш зарурлигини таъкидлаб, Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Польша Республикасининг Тошкентдаги дипломатик миссиясининг деярли барча иштирокчилари ўз елчиси бошчилигида тизимли ва аниқ ишларни олиб бормоқда ва буларнинг барчаси Тошкентдаги поляк диаспораси вакиллари, поляк маданият марказлари, „Świetlica Polska”, «Polonia», «Klasa polska» фольклор жамоалари билан биргаликда амалга оширилмокда.
Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Радослав Грук раҳбарлигида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда индивидуал ва корпоратив тадбирлар мунтазам ўтказилиб, Польша Республикаси элчихонаси номидан, Ўзбекистон Республикаси кенг жамоатчилиги иштирокида мақсадли йўналтирилган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шухрат Саламов (Тарихчи-публицист)
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase